Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси»  |  Март 2014

 АСОСИЙ МАВЗУ

Дунёни ўзгартирган уруш

Дунёни ўзгартирган уруш

Миллионлаб йигитлар бехатар уйларини қолдириб, жон деб урушга кетган пайтдан ҳам мана юз йил ўтди. Бундай йўл тутишга уларни кенг тарқалган ватанпарварлик руҳи ундаган. 1914 йили урушда қатнашган америкалик кўнгилли бир аскар: «Мен бахтиёрман ва келажакда ажойиб кунлар бўлишидан ҳаяжондаман»,— деб ёзган.

Бироқ, кўп ўтмай уларнинг ғайрати сўниб, умидлари пучга чиқди. Чунки шундай катта қўшинлар йиллар давомида Бельгия ва Францияда жанг қилиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Ўша пайтда одамлар буни «Улуғ уруш», деб номлашган. Бугунги кунда биз уни Биринчи жаҳон уруши тариқасида биламиз.

Биринчи жаҳон уруши келтирган зарари бўйича чиндан ҳам улуғ бўлган. Баъзи тахминларга кўра, унда 10 миллионга яқин одам вафот этган, 20 миллион эса жароҳат олган. Бундан ташқари, бу қўпол хатоларнинг натижаси бўлган. Европалик давлат арбоблари халқаро аҳволнинг танглиги умумжаҳон низога айланишини тўхтата олишмаган. Муҳими, эҳтимол шундаки, «Улуғ уруш» ўзидан кейин ҳеч ўчмас доғ қолдирди. Бу уруш дунёни шунчалик ўзгартирдики, ҳозиргача бу бизга таъсир қилиб келмоқда.

 УМИДНИ ПУЧГА ЧИҚАРГАН ХАТОЛАР

Биринчи жаҳон уруши янглишиш сабабли бошланган. Бир китобда тушунтирилишича, европалик раҳбарлар «ойпарастлар насли каби йўл тутиб, 1914 йилги ҳаловатли ёз давомида ўзлари билмаган ҳолда ҳалокатга олиб борувчи чизиқни босиб ўтишди» («The Fall of the Dynasties—The Collapse of the Old Order 1905-1922»).

Бир неча ҳафтадан кейин австриялик эрцгерцогнинг ўлдирилиши, Европанинг давлат арбоблари ўзлари хоҳламаган тарзда урушни бошлаб юборишларига сабаб бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бир неча кун ўтгач, германиялик канцлердан: «Булар қандай содир бўлди?» — деб сўрашган. У эса: «Эҳ, буни кимдир билганида эди»,— дея афсус чекди.

Ушбу раҳбарлар ўзларича уруш бошланишига олиб келган муҳим қарорларни қабул қилишган-у, аммо оқибатда нима бўлиши ҳақида сира ҳам ўйлашмаган. Бироқ хандақдаги аскарлар нималар бўлаётганини кейинчалик англаб етишган. Охири улар, давлат арбоблари умидларини пучга чиқарганини, руҳонийлари эса алдаганини ва генераллари хоинлик қилишганини тушуниб етишган. Қандай қилиб дейсизми?

Давлат арбоблари умидларини пучга чиқаришган, руҳонийлар уларни алдашган ва генераллар уларга хоинлик қилишган

Сиёсий арбоблар, бу уруш янги ва яхшироқ ҳаётга етаклашини ваъда қилишган. Германиянинг рейхсканцлери шундай эълон қилган: «Биз тинчлик давридаги меҳнатимизнинг маҳсули, ўтмишимизнинг мероси ва келажагимиз учун курашяпмиз». АҚШ президенти Вудро Вильсон, «дунёни демократия учун сақлаб қолайлик», деган машҳур шиор пайдо бўлишига ҳисса қўшган. Буюк Британияда ҳам одамлар «бу уруш барча урушларга якун ясайди», деб ўйлашган. Лекин уларнинг ҳаммаси адашган.

Руҳонийлар урушни жон деб қўллаб-қувватлашган. Бир китобда айтилишича, «одамларга Муқаддас Китобни ўргатишнинг ўрнига руҳонийлар урушни ва нафратни қизитишган. Оммавий уруш оммавий нафратга олиб келди» («The Columbia History of the World»). Руҳонийлар нафратни камайтиришнинг ўрнига, уни намоён этишга ундашган. Бошқа бир китобда шундай ёзилган: «Дин арбоблари одамларни тўғри йўл тутишга ундай олишмади, аниқроғи, улар буни исташмади ҳам. Улардан аксарияти осон йўлни танлаб, христианлик билан ватанпарварликни баравар қилиб, барча христиан динига мансуб аскарларга, Худо номи ила бир-бирини ўлдиришни маслаҳат беришди» («A History of Christianity»).

Генераллар тез ва осон ғалабани ваъда қилишган, лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Яқин орада душман қўшинлари мушкул аҳволга тушиб қолишди. Бундан кейин битта тарихчининг тасвирлашича, «миллионлаб аскарлар инсоннинг танаси ва руҳи дуч келиши мумкин бўлган энг шафқатсиз ва кўлами кенг синовга юз тутди». Даҳшатли талафотларга қарамай, генераллар ўз аскарларини шиддатли ҳужумга, яъни тикансимли баррикадалар ва пулемётдан ёмғир каби отилаётган ўқлар томон юборишарди. Шунинг учун, қўзғолонлар бирданига бошланиб кетгани ажабланарли эмас.

Биринчи жаҳон уруши жамиятга қандай таъсир қилди? Бир тарихий манбада бундай даҳшатли воқеаларни бошдан кечирган бир кишининг сўзлари келтирилган: «Уруш... ўша пайтдаги одамларнинг тафаккурини ва хулқини майиб қилди». Аслида, урушнинг натижасида империялар йўқ бўлиб кетган. Бундай қирғинбарот инсоният тарихида энг кўп қон тўкилган асрни бошлаб берди. Шу пайтдан бери инқилоблар ва қўзғолонлар оддий ҳол бўлиб қолган.

Нимага бу уруш дунёни бутунлай ўзгартириб юборди? Бу шунчаки бир тасодиф бўлган холосми? Ушбу саволларга жавоблар келажагимизни ойдинлаштира оладими?