Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси»  |  Январь 2014

 ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР

У «ишлари туфайли одил деб тан олинган»

У «ишлари туфайли одил деб тан олинган»

РАҲОБА уйининг деразасидан қараб турибди. Тонгги шафақнинг илк нурлари Ерихо шаҳри яқинидаги текисликни ёритяпти. Ўша ерда, Исроилнинг забт этувчи қўшини жойлашиб олган. Исроилликлар такроран Ерихо шаҳрининг атрофида юришни бошлашганда, ҳавога чанг кўтарилиб, теварак-атрофда эса бурғунинг товуши эшитиляпти.

Ерихо — Раҳобанинг она шаҳри бўлгани учун, унинг кўчалари, уйлари, гавжум бозорларию дўконлари унга яхши танишдир. Шу шаҳардаги одамларни эса у янада яхшироқ билади. Кунда бир марта шаҳар атрофини айланиб, исроилликлар ғалати маросимини ўтказишаётгани сабабли, Раҳоба ҳамшаҳарларнинг қўрқуви кундан-кунга ошиб бораётганини кўриб турибди. Шаҳар кўчаларию майдонларида бурғу товушларининг садоси жаранглаётганда, Ерихонинг аҳолиси сезаётган қўрқув ва чорасизлик ҳис-туйғуси Раҳоба учун бегонадир.

Еттинчи куннинг тонгида Раҳоба қараса, исроиллик аскарлар шаҳарни айланишни бошлашган экан. Забт этувчи қўшиннинг орқасида эса Худованд Яҳованинг зоҳир бўлишининг рамзи бўлган аҳд сандиғини кўтариб кетаётган ва бурғу чалаётган руҳонийлар кетишяпти. Раҳоба шаҳар деворининг ташқи томонидаги деразасидан осилиб турган қирмизи рангли арқонни ушлаб турганини тасаввур қилишимиз мумкин. Ушбу арқон Раҳоба учун шаҳар йўқ қилинадиган пайтда оиласи билан бирга омон қолиш умиди борлигини эслатяпти. Хўш, Раҳоба бу билан хоинлик қилганми? Бўлиши мумкин, лекин Тангри Яҳованинг назарида эмас! Худованд Яҳова бу аёлни кучли имони учун қадрлаган. Келинг, Раҳоба тўғрисидаги ҳикоянинг бошига қайтиб, ундан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ФОҲИША РАҲОБА

Раҳоба фоҳиша бўлган. Шундай «уятли» маълумот қадимда баъзи илоҳиётшуносларни саросимага солганлиги учун, улар Раҳобани шунчаки карвонсарой бекаси бўлган, деб таъкидлашарди. Лекин Муқаддас Китобда ҳамма нарса ўз номи билан ёзилгани боис, ушбу қалтис тафсилот ҳам олиб ташланмаган (Ёшуа 2:1; Ибронийларга 11:31; Ёқуб 2:25). Канъонликлар орасида Раҳобанинг касби ҳурматга сазовор бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо маданият ва урф-одатлар виждон овозини ҳар доим ҳам ўчира олмайди. Зеро Худованд Яҳова ҳаммамизга ушбу ички туйғуни яхшилик билан ёмонликни фарқлашга ёрдам бериш учун туҳфа қилган (Римликларга 2:14, 15). Ҳойнаҳой, Раҳоба ўз ҳаёт тарзидан уялгандир. У, бугунги кунда бундай йўлга кирганларнинг кўпчилиги каби, эҳтимол, оиласига ғамхўрлик қилиш учун бошқа чораси йўқ, деб ўйлагандир.

Шак-шубҳасизки, Раҳоба яхшироқ ҳаёт ҳақида орзу қилган. Унинг она юрти шафқатсизликка, қариндошлар ва ҳайвонлар билан жинсий алоқа қилиш каби ахлоқсиз ишларга тўлиб-тошган (Левилар 18:3, 6, 21–24). Бундай қабиҳликларнинг кенг тарқалишининг орқасида дин турган. Маъбадларда фоҳишаликни ўз ичига олган диний маросимлар равнақ топарди; Баал ва Мўлах каби иблисона худоларга сиғиниш, тириклайин ҳолда болаларни қурбонлик сифатида келтириб, қурбонгоҳда ёндиришдан иборат эди.

Тангри Яҳова Канъонда бўлаётган нарсаларга кўзини юммаганди. Канъонликларнинг қабиҳ ишларини кўриб, Худованд Яҳова шундай деди: «Натижада бутун юрт ҳаром бўлиб кетди. Мен юртни жазоладим, юрт эса у ердаги халқларни қусиб юборди» (Левилар 18:25). Қизиқ, Аллоҳ канъонликларни қандай жазолаган? Исроил халқига: «У [Яҳова]  ўша халқларни сизларнинг олдингиздан оз-оздан ҳайдайди»,— деб айтилганди (Қонунлар 7:22). Бундан бир неча аср олдин «ёлғон гапирмайдиган Худо» Яҳова бу юртни Иброҳимнинг авлодларига беришни ваъда қилган (Титусга 1:2; Ибтидо 12:7).

Лекин Тангри Яҳова ўша юртнинг айрим халқлари тамомила қирилиб битирилиши кераклиги ҳақида аниқ айтган (Қонунлар 7:1, 2). «Бутун оламнинг Ҳокими» Яҳова ўша одамларнинг юракларини кўрган ҳамда фосиқлик ва гуноҳ уларда қанчалик чуқур ўрнашиб олганини яхши билган (Ибтидо 18:25; 1 Солномалар 28:9). Хўш, йўқ қилинишга маҳкум этилган ушбу шаҳарда яшаб, Раҳоба нималарни ҳис қилган? Исроилликлар ҳақида ҳикоялар эшитиб, ичида қандай кечинмалар бўлаётганини фақат тахмин қилишимиз мумкин. Бу аёл, илгари қул бўлган бу халққа Исроил Худоси, ўша даврда энг кучли бўлган Миср қўшини устидан ғалаба қозонишга ёрдам берганини билиб олган. Энди эса исроилликлар Ерихо шаҳрини забт этишмоқчи! Аммо шунга қарамай, бу шаҳарнинг аҳолиси гуноҳга қўл уришда давом этарди. Шунинг учун, Муқаддас Китобда канъонликлар тўғрисида «итоат этмаганлар» деб айтилган (Ибронийларга 11:31).

Бироқ Раҳоба умуман бошқача эди. Эҳтимол, у исроилликлар ва уларнинг Худоси Яҳова тўғрисидаги ҳикоялар борасида кўп мулоҳаза юритгандир. Бу Худо канъонлик худолардан қанчалик фарқ қиларди-я! Бу, Ўз халқига жабр-зулм ўтказмай, у учун жанг олиб борган Худо эди; У хизматчиларини ахлоқсизликка ундамасди, аксинча, улар учун юқори ахлоқий меъёрлар ўрнатарди. Бу Худо аёлларни жуда қадрларди, канъонликларнинг динида эса аёллар жинсий алоқа қилиш учун яратилган деб билишарди: аёлларни сотиб, харид қилишарди, диний қабиҳ маросимларда улардан фойдаланишарди. Раҳоба Исроил қароргоҳи Иордан олдида жойлашиб, ҳужумга тайёр эканлигини эшитганда, унинг халқи учун бу нимани англатишини мумкинлигидан ваҳимага тушиб қолгандир. Қизиқ, Тангри Яҳова Раҳобага эътибор бериб, унинг яхши томонларини кўрдими?

Бугунги кунда ҳам Раҳобага ўхшаган инсонлар кам эмас. Улар ўзларини тузоққа илингандай ва гуноҳга ботиб кетгандай ҳис қилишади. Бунинг дастидан улар худди ҳурматини йўқотиб, қувончдан маҳрум бўлишган ва ҳеч кимнинг улар билан иши йўқ, деб ўйлашади. Аммо бундай инсонлар учун Раҳобанинг мисоли тасалли тариқасида хизмат қилади: бундан Худо ҳар бир киши билан қизиқишини кўришимиз мумкин. Ўзимизни қанчалик хўрлангандай ҳис қилмайлик, Худованд Яҳова «ҳар биримизга яқиндир» (Ҳаворийлар 17:27). У ҳамиша яқин бўлиб, Унга ишонганларга умид бериши мумкин. Хўш, Раҳобада ҳам шундай имон бўлганми?

У АЙҒОҚЧИЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАН

Бир куни, исроилликлар Ерихо атрофини ҳали айланишни бошлашмаганида, Раҳобанинг уйи олдида иккита нотаниш эркак пайдо бўлди. Улар ҳеч кимнинг кўзига ташланмасликка умид қилишган, лекин бундай нотинч вақтда аҳолининг аксар қисми Исроил қароргоҳидан шаҳарга бирорта жосус кириб қолмасин, дея огоҳ турган. Кузатувчан Раҳоба унинг меҳмонлари ким бўлганини дарҳол тушунган бўлса керак. Унинг олдига илгари ҳам нотаниш эркаклар келишган, аммо бу иккитасига эса фоҳишанинг хизмати керак эмасди, улар фақат тунаб қолишни исташган.

Бу чиндан ҳам исроиллик айғоқчилар эди. Уларнинг қўмондони Ёшуа Ерихонинг заиф ва кучли томонларини билиш учун уларни жўнатди. Ерихо,  исроилликлар забт этиши керак бўлган канъонлик шаҳарларидан биринчиси бўлиб, энг мустаҳкамланган шаҳар бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Ёшуа ҳамда одамлари нималарга дуч келиши мумкинлигини билмоқчи бўлишган. Айғоқчилар Раҳобанинг уйини бекорга танлашмаган. Чунки унинг уйида қолиш, эътиборни ўзига жалб қилмасликка кўпроқ имконият яратарди. Шунингдек, улар у ерда беғам одамларнинг суҳбатини тинглаб, кўпроқ фойдали маълумот олишни умид қилишгандир.

Муқаддас Китобга кўра, Раҳоба «айғоқчиларни меҳмондўстлик билан қабул қилган» (Ёқуб 2:25). Гарчи Раҳоба айғоқчилар ким эканини ва нима учун келишганини фаҳмлаган бўлса ҳам, у уларни уйига таклиф қилиб, тунаб қолишларига рухсат берди. Эҳтимол у, уларнинг Худоси Яҳова тўғрисида кўпроқ билиб олишни хоҳлагандир.

Шу заҳоти тўсатдан Ерихо шоҳининг хабарчилари пайдо бўлишади! Раҳобанинг уйида исроиллик айғоқчилар тўхтагани ҳақидаги миш-мишлар тарқалиб кетади. Раҳоба энди нима қилади? Агар у ёт халқдан бўлган шу айғоқчиларни яширса, ўзига ва яқинларига муаммо орттирмайдими? Агар Ерихонинг аҳолиси Раҳоба душманларга ёрдам бергани ҳақида билиб қолса-чи, оиласини шафқатсизларча жазоламайдими? Бошқа томондан, ушбу нотаниш кишилар ким эканида Раҳобанинг ҳеч ҳам шубҳаси йўқ эди. Муҳими, ўша пайтда у, Яҳова бошқа худолардан анча устун эканини англаб етган эди. Эҳтимол бу вазият, Унинг томонини эгаллаш учун унга берилган имконият бўлгандир?

Раҳобанинг ўйланиб ўтиришга вақти кам эди, лекин у топқир бўлиб, тез ҳаракат қилди. Раҳоба уларни томга олиб чиқиб, қурисин, деб ёйилган зиғир боғламлари тагига яшириб қўйган эди. Кейин эса у шоҳнинг одамларига шундай деди: «Тўғри, ўша кишилар меникига келган эди, лекин уларнинг қаердан келганини билмагандим. Кеч тушиб, шаҳар дарвозаси ёпилишидан олдин улар чиқиб кетишди. У кишилар қаерга кетганини билмайман. Агар тез орқасидан борсангиз, уларни ушлашингиз мумкин» (Ёшуа 2:4, 5). Ўша одамларнинг юзига қараётган пайтда Раҳобанинг юраги қандай дукиллаб кетганини бир тасаввур қилинг-а! Ахир, улар унинг ҳаяжонланаётганини сезиб қолишлари мумкин эди-ку?

Раҳоба исроилликларнинг Худосига ишонди

Раҳобанинг ҳийласи ишлади! Шоҳнинг одамлари Иордан дарёсининг кечув жойларига боришди (Ёшуа 2:7). Ҳойнаҳой Раҳоба бундан анча енгиллик тортди. Ушбу қон тўкилишини истовчи одамларнинг ҳақиқатни билиш ҳақи йўқ эди, шунинг учун Раҳоба уларни нотўғри йўлдан жўнатиб, бу билан Худованд Яҳованинг содиқ хизматчиларининг ҳаётини сақлаб қолди.

Раҳоба дарҳол томга шошилди-да, иккита айғоқчига ҳаммасини гапириб берди. Бундан ташқари, у уларга муҳим кузатувларини айтиб берди: унинг халқи тушкунликка тушиб, исроилликлар олдида қўрқиб ўтиришганди. Ўша айғоқчиларни бу хабар қанчалик қувонтиргандир-а! Фосиқ канъонликлар исроилликларнинг Худоси Яҳованинг қудратидан титрашарди. Кейин Раҳоба эътиборимизга лойиқ бўлган шундай сўзларни айтди: «Эгангиз Худо ҳам  осмонда, ҳам ерда Худодир» (Ёшуа 2:11). У, Яҳова ҳақида эшитганлари, бир муҳим ҳақиқатни, яъни исроилликларнинг Худоси ишончга сазовор эканлигини англаб етиши учун етарли эди. Шундай қилиб, у ўзини Худованд Яҳованинг қўлига топширди.

Тангри Яҳова Ўз халқига ғалаба беришида Раҳоба ҳеч ҳам шубҳаланмаган. Шунинг учун, у айғоқчилардан унга ва оиласига марҳамат кўрсатишларини ёлвориб сўраган. Айғоқчилар унинг илтимосини битта шарт билан бажаришга рози бўлишди: Раҳоба улар ҳақида ҳеч кимга айтмаслиги лозим эди. Исроиллик лашкарлар Раҳобани ва уйдагиларини қутқара олиши учун, у шаҳар деворида жойлашган уйининг деразасига қирмизи рангли арқонни боғлаб, осилтириб қўйиши керак эди (Ёшуа 2:12–14, 17).

Раҳобанинг мисоли бизга имон тўғрисида битта муҳим нарсани тушунишимизга ёрдам беряпти. Муқаддас Китобда ёзилишича, «каломни эшитгач имон пайдо бўлади» (Римликларга 10:17). Дарҳақиқат, Раҳоба Худованд Яҳованинг кучи ва адолати тўғрисида ишончли ҳикоялар эшитиб, Унга ишонди ва Унинг тарафини эгаллашга қарор қилди. Бугунги кунда Яҳова тўғрисида янада чуқурроқ билимга эга бўлиш имконимиз бор. Хўш, У ҳақида кўпроқ билишга ва Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга мувофиқ тарзда имонимизни ўстиришга интиляпмизми?

МУСТАҲКАМ ШАҲАРНИНГ ҚУЛАШИ

Раҳобанинг маслаҳатига риоя қилиб, айғоқчилар унинг деразасидан осиб қўйилган арқон орқали девордан тушиб, тоғлар томон йўл олишди. Ерихонинг шимолидаги тикка қияликларда кўп ғорлар бор эди. Улар Раҳобадан эшитган хушхабар билан исроиллик қўшинга соғ-саломат қайтиб бориш учун у ерда яширинишлари мумкин эди.

Ҳаётини хавф остига қўйиб, Раҳоба Тангри Яҳованинг иккита хизматчисини зиғир боғламлари тагига яшириб қўйган

Парвардигор Яҳова Иордан дарёсининг сувларини мўъжизавий равишда тўхтатганини ва исроилликларга дарёнинг қуруқ ўза бўйлаб юриб кетишларига рухсат берганини билиб, Ерихонинг аҳолиси даҳшатга тушди (Ёшуа 3:14–17). Раҳоба учун эса бу янгилик, Яҳовага таяниб, тўғри йўл тутганининг яна бир исботи бўлди.

Кейин исроилликлар Ерихонинг атрофида кунда бир марта айланиб чиқишни бошлашди. Бу олти кун давом этди. Лекин еттинчи куни ҳамма нарса ўзгарди. Бошида айтиб ўтилгани каби, исроиллик лашкарлар еттинчи куни эрта тонгда туриб, олдингидай шаҳарнинг атрофини айландилар, бироқ ўша куни етти марта айланишди (Ёшуа 6:14). Қизиқ, уларнинг бу ҳаракатлари нимани англатарди?

Шаҳарни еттинчи марта айланиб чиқишганда, лашкарлар тўхтаб қолишди. Бурғунинг товушлари эшитилмай қолганда, атрофга сукунат чўкди. Шаҳардагилар ҳам қотиб қолишди. Тўсатдан Ёшуанинг буйруғи билан исроиллик лашкарлар шу етти кун ичида биринчи марта баланд овозда хитоб қилишди. Эҳтимол, бўлаётган нарсаларни девордан кузатиб турган Ерихонинг ҳимоячилари бу ғалати жанговар ҳаракатни тушунмай: «Исроилликлар фақат шунга лаёқатли холосми?» — деб ўйлашгандир. Борди-ю, улар шундай ўйлашган бўлса ҳам, кўп ўтмай уларнинг кинояси даҳшатга айланди. Шаҳарнинг мустаҳкам деворлари уларнинг оёғлари тагида силкина бошлаб, пойдеворигача ўпирилиб тушди! Чанг тарқалгач эса, харобалар орасида деворнинг кичкина қисмигина қолган эди. Бу, кучли имони ҳақида далолат бериб турган Раҳобанинг уйи эди. Қодир Тангри Яҳова уни ва оиласини сақлаб қолганини кўриб, Раҳобанинг кўнглида нималар кечганини бир тасаввур қилинг-а! (Ёшуа 6:9, 15, 19, 20) *.

Тангри Яҳованинг халқи ҳам Раҳобанинг имонидан ўрнак олди. Исроилликлар харобалар орасида якка юксалиб турган деворнинг қисмини кўриб, бу аёлни Худованд Яҳова қутқарганини англаб етишди. Ёвуз шаҳар дуч келган ҳалокатдан Раҳоба ва унинг яқинлари қутулишди. Уруш тугагач, Раҳобага исроиллик қароргоҳ олдида жойлашишга рухсат беришди. Вақт ўтиб, Раҳоба Худонинг халқига қўшилиб, Салмўн исмли кишига турмушга чиқди. Кейинчалик уларнинг ўғли Боз ҳам кучли имони билан танилганди. У мўаблик Рут исмли аёлга уйланди (Рут 4:13, 22) *. Айнан шу наслдан шоҳ Довуд, кейинчалик эса Масиҳ бўлмиш Исо келиб чиқди (Ёшуа 6:22–25; Матто 1:5, 6, 16).

Раҳобанинг мисоли Худованд Яҳова ҳар бир кишини қадрлашидан далолат беряпти. У ҳаммамизни кўриб, юрагимизда нималар бўлаётганини билади. Аллоҳ, Раҳоба каби имонга эга бўлган кишиларни топиб роса қувонади. Ушбу аёлнинг имони уни ҳаракат қилишга ундаган. Муқаддас Китобда ёзилишича, Раҳоба «ишлари туфайли одил деб тан олинган» (Ёқуб 2:25). Дарҳақиқат, унинг имонига эргашсак, оқилона йўл тутган бўламиз!

^ 27- х.б. Шуниси эътиборга лойиқки, айғоқчилар Раҳоба билан тузган аҳдга Худованд Яҳова бепарво қарамади.

^ 28- х.б. Рут ва Боз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз, «Қўриқчи минораси» 2012 йил 1 июль ва 1 октябрь (рус) сонининг «Имонларига эргашинглар», номли туркумдаги мақолаларга қаранг.