Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» ЯНВАРЬ 2014

 ОИЛАВИЙ БАХТНИНГ СИРЛАРИ

Ўсмир фарзандингиз билан баҳс-мунозарасиз мулоқот қилинг

Ўсмир фарзандингиз билан баҳс-мунозарасиз мулоқот қилинг

«Қизим 14 ёшда бўлганида менга гап қайтариб, қўрс муомала қилишни бошлаганди. Уни тушликка чақирганимда: “Қачон хоҳласам, шунда ейман”,— деб менга жавоб берарди. “Уйларни йиғиштирдингми?” — деб сўраганимда эса, одатда у: “Уй ишларингиз билан жонга тегдингиз!” — дея айтарди. Бир-биримизга кўп марта баланд оҳангда ўшқириб турардик» (МАКИ *, ЯПОНИЯ).

Агар фарзандингиз ўсмирлик ёшига етган бўлса, у билан мулоқот қилиш чиндан ҳам маҳорат ва сабрни талаб қилади. Бразилиялик Мария исмли аёл 14 яшар қизи ҳақида: «Қизим обрўйимни шубҳа остига солганда, қоним қайнаб кетади,— дейди.— Асабларимиз шунчалик таранглашадики, бир-биримизга ҳатто бақириб кетамиз». Италиялик Кармела исмли аёл ҳам худди шундай қийинчиликни бошдан кечиряпти. «Ўғлим билан гаплашганимизда иккаламиз ҳамиша қизишиб кетамиз,— дейди у.— Охири, у эшикни тарақлатиб, хонасига кириб кетади».

Нега баъзи ўсмирлар бундай қўзғолончи бўлишади? Бунда тенгдошлари айбдорми? Эҳтимол. Муқаддас Китобда айтилишича, ҳам яхши, ҳам ёмон мулоқот одамга қаттиқ таъсир қилиши мумкин (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33). Бундан ташқари, бугунги кунда ўсмирлар учун мўлжалланган ўйин-кулгиларнинг аксарияти итоатсизлик ва ўзбошимчаликни тарғиб қилиб келмоқда.

Лекин муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа омиллар ҳам бор. Бундай омиллар фарзандингизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини тушунсангиз, фарзандингиз билан яхши мулоқот қила оласиз. Келинг, бир нечта омилни кўриб чиқайлик.

«ФАҲМУ ФАРОСАТНИ» РИВОЖЛАНТИРИШ

Худонинг хизматчиси бўлмиш Павлус шундай деб ёзган: «Мен болалигимда, бола каби гапирар, бола каби ўйлар, бола каби фикр билдирар эдим. Вояга етгач эса, болаликка хос нарсаларни қолдирдим» (1 Коринфликларга 13:11). Ушбу сўзлардан кўриниб турганидек, болалар ва катталар ҳар хил фикрлашади. Хўш, бу нимада намоён бўлади?

 Болалар одатда «оқ-қора» тушунчалар билан фикр юритишгани боис узил-кесил жавоб беришади. Катталар эса хулосалар ва қарорлар чиқараётиб, кўпинча ҳар хил икир-чикирларни инобатга олиб, чуқур фикр юритишга қодир. Масалан, катталар ахлоқ-одобни инобатга олган ҳолда, хатти-ҳаракатлари бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги борасида ўйлашади. Катталар бундай йўл тутишга ўрганиб қолишган. Ўсмирлар эса бунга ҳали ўрганишлари керак.

Шунинг учун Муқаддас Китоб ёшларни «фаҳму фаросатли» бўлишга ундаяпти (Ҳикматлар 1:4). Аслини олганда, Муқаддас Ёзувларда Яҳова Шоҳидларининг ҳаммаси «ақлини ишга солиши» керак, деб айтилган (Римликларга 12:1, 2; Ибронийларга 5:14). Лекин баъзида ўсмир фарзандингиз ақлини ишга солиб, сиз билан ҳатто арзимаган нарсалар борасида ҳам баҳслашиши мумкин. Ёки уни тинглаётиб, адашаётганини аниқ кўришингиз мумкин (Ҳикматлар 14:12). Бундай вазиятларда у билан баҳслашмай, тинч ҳолатда музокара қилишингизга нима ёрдам беради?

МАСЛАҲАТ. Шуни ёдда тутингки, ўсмир фарзандингиз эҳтимол, фаҳму фаросатли бўлишга уриниб кўраётгандир, ва агар у қандайдир фикр билдираётган бўлса, у бунда юз фоиз амин эканлигини ҳали англатмайди. Ўз гапларига жавоб бераётганини тушуниш учун мана бу усулдан фойдаланиб кўринг. Авваламбор уни мақтанг. («Баъзи бир гапларингга қўшила олмасам ҳам, фикр юритаётганинг менга ёқяпти».) Кейин унинг фикрлаш жараёнини анализ қилишга ёрдамлашинг. («Нима деб ўйлайсан, ҳозир сен айтган гаплар ҳар доим ҳам тўғри бўлиб чиқадими?») Балки, қизингиз ёки ўғлингиз ўз нуқтаи назарини қайтадан кўриб чиқишидан ва ҳатто гапингизга қўшилишидан ҳайрон қолишингиз мумкин.

Кичкина бир огоҳлантириш: ўсмир фарзандингиз билан музокара қилаётиб, ҳақ эканингизни исботлашингиз керак, деб ўйламанг. Ҳатто деворга гапиргандай бўлиб туюлса ҳам, фарзандингиз ўзи тан олмаган ҳолда ҳойнаҳой суҳбатдан ўзига кўп нарса чиқариб олишига амин бўлинг. Агар бир неча кундан кейин эҳтимол, у ҳатто сизнинг нуқтаи назарингизни ўзиники қилиб кўрсатиб ҳимоялашни бошласа, бундан ҳайрон қолманг.

«Баъзида ўғлим билан арзимаган нарсалар дастидан, масалан, мен унга тежамкор бўлиш керак, сингилга тегажонлик қилмаслик керак, деб гапирганимда уришиб кетардик. Аммо кўп ҳолларда, ҳозир буни тушунганимдай, мен унинг фикри билан қизиқишимни, уни тушунишга ҳаракат қилиб: “А-а, гап шундами?!” ёки “Шуни ўйлаяпман дегин!” — деб айтишимни кутган экан. Ўтмишга боқиб шундай хулосага келдим: бунга ўхшаш нарсаларни айтганимда кўп тушунмовчиликларга йўл қўймаган бўлардик» (Кэндзи, Япония).

ШАХСИЯТНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

Доно ота-оналар ўсмир фарзанди фикрини бемалол айта оладиган муҳитни яратишади

Ўсмир фарзандни тарбиялаётиб, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш ўта муҳимдир, ахир бир кун эмас бир кун у туғилиб ўсган уйни тарк этади-ку (Ибтидо 2:24). Шундай экан, унинг шахсияти шаклланишига диққат қаратиш зарур. Яъни, у қанақа инсон эканини аниқлайдиган фазилатлар, эътиқод ва қадриятларни ривожлантиришига аҳамият бериш керак. Қандай инсон бўлишни қарор қилган ўсмир бирон-бир ёмон иш қилиш васвасасига дуч келганда, оқибатлардан ташқари кўпроқ нарсани ўйлайди. У ўзига шундай саволларни беради: «Қандай инсонман? Қадриятларим қанақа? Бундай қадриятларга эга бўлган киши бу вазиятда қандай йўл тутарди?» (2 Бутрус 3:11).

Муқаддас Китобда шахсиятини шакллантирган Юсуф исмли ёш йигит ҳақида ёзилган. Масалан, хўжайини Пўтифарнинг хотини Юсуфга жинсий алоқа қилишни таклиф этганда: «Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!» — деб айтди у (Ибтидо 39:9). Гарчи исроилликларга ўша пайтда зино қилмаслик кераклиги тўғрисида қонун берилмаган бўлса-да, бу борада Худонинг нуқтаи назарини Юсуф тушунган. Боз устига, унинг «қандай қилиб мен... Худога қарши гуноҳ қиламан» деган сўзлари шундан далолат беряптики, у Худонинг нуқтаи назарини қабул қилгани боис бошқача фикр юрита олмас эди (Эфесликларга 5:1).

Хуллас, фарзандингизда шахсиятини шакллантириш жараёни юз беряпти. Бу эса яхши, сабаби, унинг шаклланган фикрлаш тарзи тенгдошларнинг таъсирига қарши туришга ёрдамлашади (Ҳикматлар 1:10–15). Бошқа томондан эса унинг шаклланаётган шахсияти уни сизга қарши туришга ундаши мумкин. Бундай вазиятларда қандай йўл тутса бўлади?

МАСЛАҲАТ. Баҳс-мунозара қилишдан кўра мана буларни қўллаб кўринг: унинг фикрларини ўз сўзларингиз билан такрорланг. («Сени тўғри тушунаётганимга ишонч ҳосил қилиш учун сен... деяпсан.») Кейин унга шундай саволлар беринг. («Сени бунга нима ишонтирди?» ёки «Нега бундай хулосага келдинг?») Уни суҳбатга чорлашга ҳаракат қилинг. У ўз фикрлари билан бўлишсин. Агар савол муҳим бўлмаса ва гап шахсий танлов ҳақида кетаётган бўлса,  ҳатто сиз унинг фикрига қўшилмаётган тақдирда ҳам, унинг нуқтаи назарини ҳурмат қилаётганингизни кўрсатинг.

Шахсият билан бирга шахсий нуқтаи назарни ривожлантириш нафақат табиий, балки ўта муҳим жараёндир. Чунки Муқаддас Китобда ёзилишича, художўй кишилар «ҳар турли таълимотнинг шамолидан тўлқинланиб, у ёқдан бу ёққа тебранадиган гўдаклардай бўлмасликлари» лозим (Эфесликларга 4:14). Шундай экан, ўсмир фарзандингизнинг шахсияти шаклланишига халақит қилманг, аксинча, фикрлаш тарзини ривожлантиришга унданг.

«Қизларимга уларни тинглашга тайёр эканимни кўрсатганимда, улар ҳатто гапларимга қўшилишмаса ҳам, сўзларимга диққатли бўлишади. Уларга босим ўтказмасликка ҳаракат қиламан, чунки улар мустақил равишда фикр юритишга ўрганишларини истайман» (Ивана, Чехия).

ҚАТЪИЙ, АММО ЁНДАШУВЧАН БЎЛИНГ

Кичкина болалар каби баъзи ўсмирлар қўярда-қўймай сўраб олиш ва нолиш маҳоратидан яхши фойдаланишади. Агар оилангизда бундай ҳолат юз бераётган бўлса, бу сиз учун огоҳлантиришдек бўлсин. Тўғри, баъзан боланинг хоҳиши билан иш тутиш осонроқ бўлиши мумкин, лекин шундай пайтда бола истаган нарсасини олиш мақсадида меҳрибонлигингизни суиистеъмол қилишни ўрганади. Хўш, қандай йўл тутса бўлади? Исо алайҳиссалом шундай маслаҳат берган: «“Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг» (Матто 5:37). Ўсмирлар, ота-оналари гапларидан қайтмаслигини билишса, камроқ баҳс-мунозара қилишга мойил бўлишади.

Шунингдек, ёндашувчан ҳам бўлишингиз керак. Масалан, қандайдир вазиятларда одатдагидан кўра ўсмир нима учун кечроқ келиши мумкинлигини ҳисоблаётганини тушунтириб беришига рухсат беринг. Шундай йўл тутиб, сиз унинг айтганига эмас, балки қуйидаги маслаҳатга риоя қилган бўласиз: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин» (Филиппиликларга 4:5).

МАСЛАҲАТ. Бутун оилани йиғиб, оиладаги қоидаларингизни муҳокама қилинг. Барча тилакларни тинглаб, инобатга олишга тайёр эканингизни кўрсатинг. «Агар Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлмаса, ота-оналар фарзандларига ён беришга тайёр эканини билиш ўсмирлар учун жуда муҳим»,— дейди бразилиялик Роберто исмли ота.

Албатта, мукаммал ота-онанинг ўзи йўқ. Муқаддас Китобда: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз»,— деб ёзилган (Ёқуб 3:2). Агар орангизда баҳс-мунозара юз бергани учун ўзингизда ҳам айб бор эканлигини кўрсангиз, кечирим сўрашдан уялманг. Хатоларингизни тан олиб, фарзандингизга камтарлик намунасини кўрсатган бўласиз ва кейинчалик у ҳам шундай йўл тутиши осонроқ кечади.

«Бир куни қаттиқ бир баҳс-мунозарадан кейин тинчланганимда, ғазабга берилганим учун ўғлимдан кечирим сўрадим. Бу эса унинг тинчланишига ва мени тинглашига ёрдам берди» (Кэндзи, Япония).

^ 3- х.б. Бу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

ЎЗИНГИЗДАН СЎРАНГ...

  • Қандай ҳаракатларим ўсмир фарзандим билан баҳс-мунозарага олиб келиши мумкин?

  • Ушбу мақоладаги маслаҳатлар боламни яхшироқ тушунишимга қандай ёрдам беради?

  • Фарзандим билан баҳс-мунозарасиз мулоқот қилишимга нима кўмаклашади?