Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

Яҳова ҳамда Унинг Каломи

Яҳова ҳамда Унинг Каломи

Қани қулоқ сол, Мен гапираман. АЮБ 42:4

ҚЎШИҚЛАР: 37, 23

1–3. а) Нега Худонинг тили ва мулоқот қилиш услуби инсонларникидан устунроқ туради? б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

ТАНГРИ ТАОЛО онгли мавжудотларни яратиб, улар билан ҳаёт ва бахтни баҳам кўрган (Заб. 35:10; 1 Тим. 1:11). Ҳаворий Юҳанно Аллоҳнинг илк ҳамкори ҳақида «Калом» ва «Худонинг ижодларидан биринчиси», деб айтган (Юҳан. 1:1; Ваҳ. 3:14). Худованд Яҳова тўнғич Ўғли билан Ўз фикрию туйғуларини ўртоқлашган (Юҳан. 1:14, 17; Колос. 1:15). Ҳаворий Павлус «фаришталар тиллари» ҳақида айтган. Бу тил, инсонларникидан устунроқ турадиган мулоқот шаклидир (1 Кор. 13:1).

2 Яҳова ҳам ер юзидаги, ҳам самодаги миллиардлаб онгли мавжудотларнинг ҳаммасини яқиндан билади. Ҳар онда сон-саноқсиз инсонлар Унга турли тилларда ибодат қилишлари мумкин. Тангри Таоло бу ибодатларни тинглабгина қолмай, бир вақтнинг ўзида фаришталарга ҳам йўл-йўриқ бериб, улар билан фикр алмашади. Ўзингиз ўйланг, буларнинг барини амалга ошириш учун Унинг фикрлари, тили ва мулоқот қилиш услуби инсонларникидан ниҳоятда устун бўлиши керак эмасми?! (Ишаё 55:8, 9 ни ўқинг). Шубҳасизки, Яҳова инсонлар билан мулоқот қилаётиб, улар тушуна олиши учун Ўз фикрларини соддароқ тарзда изҳор қилади.

 3 Бу мақолада, мислсиз донолик соҳиби бўлмиш Аллоҳ, тарих давомида хизматчилари билан тушунарли тарзда мулоқот қилиш учун қандай қадамлар қўйганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, эҳтиёжу вазиятларга қараб, У қай йўсин мулоқот тарзини мослаштириб борганини ҳам билиб оламиз.

ХУДО ИНСОНЛАРГА АТО ЭТГАН КАЛОМ

4. а) Мусо, Шомуил ва Довудга гапирганда, Яҳова қайси тилни қўллаган? б) Муқаддас Китобда нималар ҳақида ўқишимиз мумкин?

4 Яҳова Адан боғида Одамато билан суҳбатлашганида, инсонлар тилида гапирган. Эҳтимол бу пайтда, Аллоҳ иброний тилининг қадимий шаклини қўллагандир. Вақт ўтиб, Яҳова Ўз фикрларини Мусо, Шомуил, Довуд каби Муқаддас Китобнинг ибронийзабон ёзувчиларига очган ва улар бу фикрларни ўзларига хос сўзлару услубда изҳор этишган. Худонинг сўзларидан ташқари, улар Унинг одамлар билан қилган муносабатини қаламга олишган. Қолаверса, ўзларининг имони, севгиси, камчилигу садоқатсизлиги ҳақида очиқ-ойдин ёзишган. Ушбу маълумотларнинг барчаси, бугунги кунда ниҳоятда фойдали (Рим. 15:4).

5. Худо инсонлар билан мулоқотда фақатгина иброний тилидан фойдаланганми? Тушунтиринг.

5 Вазият ўзгаргани сайин, Худо инсонлар билан мулоқотда фақатгина иброний тилидан фойдаланмаган. Бобил асирлигидан сўнг, Тангри хизматчиларининг баъзилари учун оромийча кундалик тилга айланган. Эҳтимол, нималар содир бўлишини билдириш ниятида, Яҳова Дониёр ва Еремиё пайғамбарни ҳамда руҳоний Эзрани ўз китобларининг айрим қисмларини оромийчада ёзишга илҳомлантирган *.

6. Нега Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китоблари юнон тилига ўгирилган?

6 Искандар Мақдуний қадимги дунёнинг катта қисмини босиб олгач, койне, яъни умумий юнон тили халқаро тилга айланган. Кўпгина яҳудийлар бу тилда гапира бошлашгани боис, Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китоблари юнон тилига ўгирилган ва «Септуагинта» номи билан танилган. Унинг устида 72 та таржимон ишлаган деб ҳисобланади. У, Муқаддас Китобнинг илк таржимаси бўлиб, энг муҳимларидан биридир *. Шу қадар кўп таржимонлар меҳнат қилишгани сабабли, ўгиришнинг турли, яъни сўзма-сўз ва ҳатто эркин тарзда таржима қилиш усуллари қўлланилган. Бунга қарамай, юнонзабон яҳудийлар ва кейинчалик масиҳийлар ҳам «Септуагинта»ни Аллоҳнинг Каломи деб билишган.

7. Исо шогирдларига таълим бераётиб қайси тилда гапирган?

7 Исо ер юзида яшаганида, ҳойнаҳой иброний тилида гапириб, таълим берган (Юҳан. 19:20; 20:16; Ҳавор. 26:14). Биринчи асрда иброний тилига оромийча таъсир қилгани учун, Исо айрим оромий ибораларни қўллагани эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо у, Мусо ва бошқа пайғамбарлар сўзлашган қадимий иброний тилини ҳам билган. Уларнинг китоблари ҳар ҳафта ибодатхоналарда ўқиларди (Луқо 4:17–19; 24:44, 45; Ҳавор. 15:21). Устига-устак, Исроилда юнон ва лотин тилларида ҳам гапиришган. Муқаддас Китобда, Исо бу тиллардан фойдалангани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

8, 9. Нега Муқаддас Ёзувлардаги айрим китоблар юнончада ёзилган ва бу, Яҳова ҳақида нимани очиб беряпти?

 8 Исонинг илк издошлари иброний тилни билишган, бироқ унинг ўлимидан сўнг шогирдлари бошқа тилларда гапира бошлашган (Ҳаворийлар 6:1 ни ўқинг). Хушхабар тарқалгани сари, масиҳийлар ўзаро мулоқотда асосан юнончадан фойдаланишган. Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно Исонинг таълимотларию ишлари ҳақида баён этган хушхабар юнон тилида кенг тарқалган эди. Ўша пайтда, шогирдлар ибронийчага қараганда юнончани кўпроқ ишлатишган *. Қолаверса, ҳаворий Павлуснинг мактублари ва Муқаддас Китобнинг бошқа қисмлари ҳам юнончада ёзилган.

9 Шуниси қизиқки, Инжил ёзувчилари Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китобларидан оятлар келтиришганида, уларни одатда «Септуагинта»дан олишарди. Гарчи бу парчалар асл ибронийчадан бироз фарқ қилса-да, номукаммал таржимонларнинг ушбу меҳнат маҳсули ҳозирги пайтда, Аллоҳ Каломининг бир қисмига айланган. Агар хулоса қилсак, Худо бир маданият ёки тилни бошқасидан устун қўймайди (Ҳаворийлар 10:34 ни ўқинг).

10. Худонинг инсонлар билан мулоқот қилиш услубидан нимани билиб оляпмиз?

10 Худонинг инсонлар билан қандай мулоқот қилишини қисқача кўриб чиққач, У буни эҳтиёжу вазиятларга қараб қилишига амин бўлдик. Аллоҳ Уни ёки ниятларини билишимиз учун муайян тилни ўрганишимизни талаб қилмайди (Закариё 8:23; Ваҳий 7:9, 10 ни ўқинг). Яҳова Муқаддас Китоб ёзувчиларини илҳомлантирган бўлса-да, ҳар бир ёзувчи ўзига хос услубни қўллашига йўл қўйган.

ХУДО ЎЗ КАЛОМИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН

11. Нима учун турли тиллар Худонинг инсонлар билан мулоқот қилишига тўсиқ бўлмаган?

11 Худо Каломининг ёзилишию таржимасида турли тил ҳамда услубдан фойдаланилгани, Унинг инсонлар билан мулоқот қилишига тўсиқ бўлганми? Йўқ. Мисол учун, Исонинг она тилида айтган сўзларидан бир нечтагинаси бизга аён (Мат. 27:46; Марк 5:41; 7:34; 14:36). Аммо Яҳова Исонинг сўзлари юнончага, вақти келиб эса, бошқа тилларга ўгирилишига ғамхўрлик қилган. Кейинчалик, яҳудийлар ва масиҳийлар Муқаддас Китоб қўлёзмаларидан қайта-қайта нусха кўчиришгани туфайли, хушхабар сақланиб қолган. У кўплаб тилларга таржима қилинган. Мил. IV–V асрларда яшаган бир ёзувчининг айтишича, унинг даврига келиб, Исонинг таълимотлари Сурия, Миср, Эфиопия, Ҳинд, Форс ва кўплаб бошқа халқларнинг тилларига таржима қилинган.

12. Муқаддас Китобнинг кенг тарқалишига қандай қаршилик кўрсатилган?

12 Тарих давомида, Худонинг Каломига  ва уни ўгириб, ёйишга интилган кишиларга қаттиқ қаршилик кўрсатилган. Масалан, мил. 303 йилда яшаган Рим императори Диоклетиан Муқаддас Китобнинг барча нусхаларини йўқ қилишни буюрган. Аммо уринишлари пучга чиққан. 16 асрда эса, Муқаддас Ёзувларни иброний ва юнон тилларидан инглизчага таржима қила бошлаган Уильям Тиндал, ўз замонасидаги ўқимишли кишиларга шундай деган: «Худо умримга умр қўшса, ҳатто даладаги кетмончи ҳам Каломни сизлардан яхшироқ билишига эришаман». Тиндал Муқаддас Китобни таржима қилиш ва чоп этиш учун Англиядан Европага қочишига тўғри келган. Христиан оламининг руҳонийлари Аллоҳ Каломининг қўлга тушган барча нусхаларини омма олдида ёқишганига қарамай, бу таржима кенг тарқалиб улгурган эди. Охир-оқибат, Тиндални душманлар қўлига тутиб беришган ва устунга боғлаб ёқиб юборишган. Лекин унинг таржимаси омон қолган ва «Қирол Жеймс Библияси»ни тайёрлашда, бу таржимадан фойдаланилган (2 Тимўтийга 2:9 ни ўқинг).

13. Қадимий қўлёзмаларни тадқиқ қилиш натижасида нима аниқланган?

13 Тўғри, Муқаддас Ёзувларнинг бизгача етиб келган қадимий қўлёзмаларида арзимаган хато ва фарқни кузатиш мумкин. Илоҳиётшунослар минглаб қўлёзма, парча ва қадимий таржималарни солиштириб, синчковлик билан ўрганиб чиқишган. Бу тадқиқотлар натижасида, Муқаддас Китобнинг бир нечтагина ояти ўзгаргани, аммо у ердаги хабар шундайлигича қолгани аниқланган. Шу каби изланишлар туфайли, самимий масиҳийлар Муқаддас Китоб ёзувчиларини Яҳова илҳомлантирганига ишонишади (Ишаё 40:8) *.

14. Бугунги кунда Муқаддас Китоб қанчалик кенг тарқалган?

14 Душманларнинг аёвсиз таъқибларига қарамай, Худованд Яҳова Каломи инсоният тарихидаги энг кўп тилларга ўгирилган китоб бўлишига ғамхўрлик қилган. Аксарият одамлар Аллоҳга ишонмаса-да, Муқаддас Китоб жуда кенг тарқалган китоб бўлиб, тўлиқ ёки қисман 2 800 дан зиёд тилга ўгирилган. Бу борада ҳеч бир китоб унга тенг келолмайди. Муқаддас Китобнинг баъзи таржималарида аниқлик етишмаган ёки бироз тушунарсиз бўлган тақдирда ҳам, уларнинг барчасидан абадий ҳаётга бўлган умид ҳақида билиб олишимиз мумкин.

ЯНГИ ТАРЖИМАГА ЭҲТИЁЖ

15. а) Ҳозирги пайтда маънавий озуқа тарқалиши учун қандай ғайрат кўрсатиляпти? б) Нега адабиётларимиз аввал инглизчада ёзилади?

15 Ўтган асрнинг бошларида жонкуяр Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларидан айримлари «ишончли ва ақлли хизматкор» этиб тайинланганда, «уйидагилар» билан асосан инглиз тилида мулоқот қилишган  (Мат. 24:45). Ушбу «хизматкор» маънавий озуқа борган сари кўпроқ тилларда мавжуд бўлиши учун астойдил ғайрат кўрсатмоқда ва ҳозир адабиётларимиз 700 дан ошиқ тилларда чиқариляпти. Биринчи асрдаги юнон тили каби бугунги кунда инглиз тилидан савдо-сотиқ ва таълим соҳасида кенг фойдаланишади. Шунинг учун, адабиётларимиз аввал инглизчада ёзилиб, сўнг бошқа тилларга таржима қилинади.

16, 17. а) Худонинг халқи нимага муҳтож эди? б) Бу эҳтиёж қандай қондирилди? в) Норр биродаримиз нимага умид қилган?

16 Маънавий озуқанинг манбаи — Муқаддас Китобдир. 20 аср ўрталарида, «Қирол Жеймс Библияси»нинг 1611 йилги нашридан кенг фойдаланишган. Бироқ ундаги тил эскириб қолган эди. Қолаверса, қадимги қўлёзмаларда Худонинг исми минглаб маротаба қўлланилган бўлса, унда бор-йўғи бир нечта жойда учрарди. «Қирол Жеймс Библияси»да айрим таржимавий хатолар бўлиб, қадимги қўлёзмаларда бўлмаган оятлар қўшиб қўйилганди. Шу сингари, Муқаддас Китобнинг инглиз тилидаги бошқа таржималарида ҳам камчиликлар бор эди.

17 Худонинг халқи Муқаддас Китобнинг тушунарли ва аниқ таржимасига муҳтож эди. Шундай қилиб, «Янги дунё таржимаси» қўмитаси ташкил этилди. 1950–1960 йиллар ичида бу қўмита томонидан Муқаддас Китоб таржимаси олти қисмга бўлиб нашр этилди. 1950 йил 2 августда биринчи қисм чиққанини эълон қилаётиб, Нейтан Норр биродаримиз анжуманга келганларга шундай деган: «Борган сари, замонавий тилдаги таржимага эҳтиёж сезилаётган эди. Зеро, ойдинлашиб бораётган ва ҳали очилиши керак бўлган ҳақиқатга мувофиқ ҳамда асл матнга уйғун таржимага зарурат бор. Масиҳнинг шогирдлари қаламга олган ёзувлар уларнинг давридаги оддий ва камтарин ўқувчилар учун аниқ-равшан бўлгани каби, замонавий ўқувчиларга ҳам тушунарли бўладиган таржима керак эди». Биродаримиз, бу таржима миллионлаб кишиларнинг маънавий эҳтиёжини қондиришига умид қилган.

18. Нима туфайли Муқаддас Китоб таржимаси янада тезлашди?

18 Бу умид 1963 йили, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми» яна олти тилда, яъни испан, итальян, немис, нидерланд, португал ва француз тилларида чиққанида амалга ошди. 1989 йили Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши, Бош идорада Муқаддас Китоб таржимасига кўмаклашадиган бўлимни ташкил этди. 2005 йили эса, Муқаддас Китобни «Қўриқчи минораси» журнали чиқадиган тилларга ўгириш асосий мақсадга айланди. Натижада, ҳозир «Янги дунё таржимаси» тўлиқ ёки қисман 130 дан ошиқ тилларда мавжуд.

19. Қайси муҳим ҳодиса 2013 йили юз берди ва келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

19 Тил ўзгариб бораётганини инобатга олган ҳолда, инглизча «Янги дунё таржимаси»ни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи пайдо бўлди. 2013 йил 5, 6 октябрда бўлиб ўтган «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва букламалар жамияти»нинг (Пенсильвания) 129- йилги мажлис дастурини 31 та мамлакатдан бўлган 1 413 676 киши тинглаган. Етакчи кенгаш аъзоларидан бири, инглиз тилидаги «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўрилган нашри чиққанини эълон қилганида, ҳамма қувончга тўлди. Ўшанда, бу нашрнинг нусхасини олган аксарият кишиларнинг кўзлари ёшланди. Оятлар ушбу нашрдан ўқилганида, тингловчилар янги таржимани ўқиш ва тушуниш осонроқ эканини англашди. Келаси мақолада, бу нашр борасида кўпроқ тафсилотларни ҳамда у бошқа тилларга қай йўсин ўгирилишини муҳокама қиламиз.

^ 5- х.б. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида Эзра 4:8–6:18; 7:12–26; Еремиё 10:11 ва Дониёр 2:4б–7:28- оятлар оромий тилида ёзилган.

^ 6- х.б. «Септуагинта» «етмиш» деган маънони англатади. Маълумотларга кўра, у мил. авв. учинчи асрда Мисрда таржима қила бошланган ва эҳтимол мил. авв. 150 йили тамомланган. Бу таржима ҳали ҳам муҳим, чунки унинг ёрдамида олимлар ноаниқ иброний сўзлар ва оятлар маъносини тушуна олишяпти.

^ 8- х.б. Айримларнинг фикрича, Матто хушхабарни иброний тилида ёзган ва кейинчалик юнончага ўгирилган. Эҳтимол таржимани Маттонинг ўзи қилган.

^ 13- х.б. «Ҳаммабоп Китоб» рисоласининг 7–9- саҳ. «Бу китоб қандай қилиб сақланиб қолди?» номли мақолага қ.