Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

2013 йилги «Янги дунё таржимаси»

2013 йилги «Янги дунё таржимаси»

КЎП йиллар давомида инглиз тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» бир неча маротаба қайта кўриб чиқилган. Аммо 2013 йилги нашрга янада кўпроқ ўзгаришлар киритилди. Масалан, илгариги нашр билан солиштирганда, янги нашрда сўзлар деярли 10 фоизга камайди. Муқаддас Китобдаги баъзи асосий атамалар қайта кўриб чиқилди. Муайян боблар шеърий услубга ўзгартирилиб, қўшимча маълумотлар эса изоҳларга туширилди. Албатта, бу мақолада барча ўзгаришларни муҳокама қилиш имконсиз, лекин улардан айримларини кўриб чиқсак бўлади.

Муқаддас Китобнинг қайси асосий атамалари ўзгартирилди? Ўтган мақолада таъкидланганидек, «Шеўл», «Ҳадес» ҳамда «жон» атамалари қайта кўриб чиқилди. Қолаверса, кўпгина бошқа атамалар ҳам ўзгартирилди.

Масалан, Исонинг қандай қатл этилганини нотўғри тушунмаслик учун инглизча «санчиб тешмоқ» ибораси «устунга михлаш» ибораси билан алмаштирилди (Мат. 20:19; 27:31). «Бузуқ хулқ» ўрнига «ахлоқсиз хулқ» ибораси ишлатиладиган бўлди. Чунки бу янги ибора юнончадаги беадаб деган маънони жуда яхши етказиб беради. Илгариги нашрдан «узоқ сабрлилик» иборасини ўқиган киши, узоқ вақт давомида азоб чекиш назарда тутиляпти, деб ўйлаши мумкин эди. Шунинг учун, ҳозирги нашрда тўғри маънони етказувчи «сабр-тоқат» сўзи қўлланилган. «Кайф-сафо» сўзи бугунги кунда кўпчиликка таниш бўлган «айш-ишрат» сўзига алмаштирилди (Галат. 5:19–22). «Меҳр-иноят» сўзи фикрни аниқроқ етказиб бермагани учун «меҳр-садоқат»га ўзгартирилди. Мазкур ибора Муқаддас Китобда тез-тез қўлланиладиган «садоқат» сўзига ҳамоҳангдир (Заб. 35:6; 88:2).

Илгари баъзи атамалар изчиллик билан битта иборада ўз ифодасини топган бўлса, ҳозир матн таркибига қараб таржима қилинди. Масалан, «абадий» деган маънони ўз ичига олувчи ибронийча ола́м сўзи илгари «чексиз вақт» деб таржима қилинган. Бу, таржимага қандай таъсир қилганини кўриш учун Забур 89:3 билан Михо 5:2 ни солиштиринг.

Муқаддас Китобда ибронийча ва юнончадан «уруғ» деб таржима қилинган сўз тез-тез учрайди. Мазкур атама ҳам деҳқончиликда, ҳам маъжозий маънода «зурриёт» сўзини етказишда қўлланилган.  Бу сўз «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг олдинги нашрларида, шу жумладан Ибтидо 3:15 да изчиллик билан «уруғ» деб таржима қилинган. Аммо инглиз тилида «уруғ» сўзи «зурриёт» маъносида кенг қўлланилмаётгани учун, қайта кўриб чиқилган нашрда Ибтидо 3:15 ҳамда у билан боғлиқ оятларда «зурриёт» сўзи ишлатилган (Ибт. 22:17, 18; Ваҳ. 12:17). Бошқа вазиятларда бу сўз матн таркибига қараб ўгирилган (Ибт. 1:11; Заб. 21:31; Ишаё 57:3).

Нима учун том маънода таржима қилинган аксарият гаплар ўзгартирилди? 2013 йилги қайта кўриб чиқилган нашрнинг А иловасида яхши таржима ҳақида шундай дейилган: «Том маънода таржима қилинган сўз ёки ибора мазмунни бузса ёки тушунарсиз қилиб қўйса, маънони етказиш керак». Агар асл матндаги иборалар таржима қилинаётган тилларда маънога эга бўлса, уларни борича ўгириш мумкин. Бундай ёндашувга амал қилиб, Ваҳий 2:23 даги «юракларни текширади» иборасини том маънода таржима қилса, кўп тилларда тушунарли бўлади. Аммо шу оятдаги «буйракларни текширади» деган иборани тезда тушуниш қийин бўлгани учун «буйраклар» сўзи «ички кечинмалар» иборасига ўзгартирилди. Бу билан асл нусхадаги маънони етказиб беришга эришилди. Шу сингари, Қонунлар 32:14 даги том маънода «буғдойнинг буйрак ёғи» деган ибора «олий навли буғдой» деб тушунарли тарзда таржима қилинди. Худди шу усул «лабларим суннат қилинмаган» иборасига ҳам қўлланди ва кўп тилларда «яхши гапира олмайман-ку» деган маънони етказишга ҳаракат қилинди (Чиқ. 6:12).

Нега «Исроил ўғиллари» ва «отасиз қолган ўғиллар» ибораси эндиликда «Исроил халқи» ҳамда «етим болалар» деб таржима қилинадиган бўлди? Иброний тилида эркак ёки аёлга нисбатан алоҳида кишилик олмоши ишлатилади. Аммо эркакларга қўлланиладиган айрим аталамалар ҳам эркакларни, ҳам аёлларни назарда тутиши мумкин. Масалан, баъзи оятларнинг матн таркиби «Исроил ўғиллари» ибораси эркак ва аёлларга бирдай ишора қилаётганини кўрсатяпти. Шу сабабли, бу ибора «Исроил халқи» деб таржима қилинадиган бўлди (Чиқ. 1:7; 35:29; 4 Шоҳ. 8:12).

Шунга ўхшаб, Ибтидо 3:16 даги ибронийча «ўғиллар» атамаси «Янги дунё таржимаси»нинг илгариги нашрларда «болалар» деб таржима қилинган. Аммо Чиқиш 22:24 даги худди шу ибора қайта кўриб чиқилиб: «Болаларингиз [ибронийча «ўғилларингиз»] етим бўлиб қолади»,— деб таржима қилинган. Бошқа вазиятларда ҳам худди шу принципга амал қилиб, «отасиз қолган ўғил» ибораси «отасиз бола» ёки «етим» деб таржима қилинди (Қонун. 10:18; Аюб 6:27). Шунингдек, «Септуагинта»да ҳам бу принципга риоя қилинган. Қолаверса, Воиз 12:1 даги «йигитлигингда» иборасининг ўрнига «ёшлигингда» сўзи қўлланилди.

Нима учун ибронийча аксарият феъллар соддалаштириб таржима қилинди? Иброний тилида феълнинг иккита асосий шакли мавжуд: 1) ҳаракатнинг давомийлигини англатувчи феъллар; 2) ҳаракатнинг тугалланганини кўрсатувчи феъллар. Илгариги «Янги дунё таржимаси»нинг нашрларида ибронийча феълнинг ҳаракат давомийлиги ва такрорланишини англатувчи шаклини етказиш учун, кўмакчи феъллардан фойдаланилган. Масалан, «шундай қилишни давом этди» ибораси қўшиб қўйилганди. «Албатта», «керак» ва «шубҳасиз» каби таъкидловчи сўзлар ҳаракатнинг тугалланганини кўрсатиш учун ишлатилган эди.

2013 йилги нашрда, бундай кўмакчи феъллар ҳеч қандай маънони бермаса ишлатилмади.  Мисол учун, Ибтидо 1:3 да Худо: «Ёруғлик бўлсин»,— деб қайта-қайта айтганини таъкидлашнинг ҳожати йўқ. Шу сабабли, «айтди» феъли ҳаракатнинг давомийлигини англатувчи шаклда таржима қилинмади. Аммо Яҳова Одаматони бир неча марта чақиргани аниқ бўлгани боис, Ибтидо 3:9 даги «қайта-қайта чақирди» деган феъл ҳаракатнинг давомийлигига урғу беряпти. Феълларнинг соддалаштириб таржима қилингани асосий эътиборни ибронийча феълларнинг қайси шакли қўлланганига эмас, балки тўғридан-тўғри ҳаракатга қаратади. Бунинг яна бир фойдали томони, иброний тилида бўлгани каби фикр қисқа ва лўнда ифода этилишидадир.

Муқаддас Китобнинг асл нусхасида бўлгани каби кўпгина боблар шеърий услубда тузилди

Нима учун кўп боблар шеърий услубда тузилди? Асл нусхада Муқаддас Китобнинг кўпгина қисмлари шеърий тарзда ёзилган. Замонавий тилларда шеърият кўпинча қофия билан англашилади. Аммо иброний шеъриятида параллелизм ва тескари қиёслаш услуби муҳим аҳамият касб этади. Иброний шеъриятида фикрларнинг мантиқий тартиби туфайли қофияга эришилади.

«Янги дунё таржимаси»нинг илгариги нашрларида Аюб ва Забур китоблари асл матнда куйлаш ёки овоз чиқариб ўқишга мўлжалланганини кўрсатиш мақсадида шеърий услубда тузилган эди. Бундай услуб шеърий тарзда ниманидир таъкидлаш учун қўлланилган ҳамда оятларни эслаб қолишга ёрдам берган. 2013 йилги нашрда Ҳикматлар, Гўзал қўшиқ ҳамда Пайғамбарлар китобларининг кўпгина боблари ҳам шу услубда тузилди. Шу йўсин, асл матнда оятлар шеърий тарзда ёзилганига, параллелизм ва тескари қиёслаш қўлланганига диққат қаратилди. Масалан, Ишаё 24:2- оятдаги ҳар бир сатрда тескари қиёслаш бор бўлиб, ҳеч ким Худонинг ҳукмидан қутула олмаслигини таъкидлаш учун сатрлар устма-уст жойлаштирилган. Киши Муқаддас Китобдаги шу каби парчаларни ўқиётиб, ёзувчи сўзларни шунчаки такрорлаётганини эмас, балки шеърий услубдан фойдаланиб, Худонинг хабарига урғу бермоқчи эканини тушунади.

Иброний тилида наср ва назм ўртасидаги фарқ доим ҳам яққол кўринмаслиги мумкин. Шу сабабли, Муқаддас Китобнинг турли таржималарида муайян парчалар шеърий ёки ҳикоя тарзда баён этилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Таржимон қайси оятлар шеърий услубда ёзилганини аниқлашда мулоҳазакор бўлиши лозим. Фикр тезда илғаб олиниши учун баъзи оятларда мажозий тил, сўз ўйини ва параллелизмдан моҳирона фойдаланиб, ҳикоя тарзида ёзилган бўлиши мумкин.

Янги нашрда яна бир қулайлик томони бор. Ҳар бир китобнинг бошида унинг қисқача мазмуни келтирилган. Бу, айниқса, Сулаймоннинг Гўзал қўшиқ китобида тез-тез алмашиб турадиган қаҳрамонларни аниқлашда асқатади.

Асл нусхадаги қўлёзмаларни ўрганиш қайта кўриб чиқилган нашрда қандай акс этди? «Янги дунё таржимаси»нинг илк нашри ибронийча Масорет матнига ҳамда машҳур Весткотт ва Хортнинг юнонча матнига асосланган. Қадимий қўлёзмаларни узоқ вақт мобайнида тадқиқ қилиш натижасида, асл матндаги муайян оятларнинг маъноси янада ойдинлашди. Боз устига, Ўлик денгиз ўрама битикларининг нусхаларидан фойдаланиш имкони пайдо бўлди. Кўпгина юнонча қўлёзмалар ўрганиб чиқилди. Илгари эътибордан четда қолган ва унчалик кенг танилмаган қўлёзмаларни айни пайтда электрон шаклда ўқиш мумкин. Бу туфайли, турли қўлёзмаларни бир-бири билан солиштириб таҳлил қилиш анча осонлашди. Натижада ибронийча ва юнонча матнларнинг қай бири маънони яхшироқ етказаётгани аниқланди. «Янги дунё таржимаси»нинг қўмитаси ҳам муайян оятларни тадқиқ қилиш мақсадида бундай қулайликлардан фойдаланиб, баъзи ўзгаришлар киритди.

Масалан, «Септуагинта»да 2 Шоҳлар 13:21 да қуйидаги сўзлар учрайди: «Бироқ Омнўн унинг тўнғичи бўлиб, уни яхши кўргани боис, уни хафа қилгиси келмади». «Янги дунё таржимаси»нинг олдинги нашрларида эса бу сўзлар йўқ. Негаки, Масорет матнида бу сўзлар учрамайди. Аммо Ўлик денгиз ўрама битикларида бу сўзлар мавжуд бўлиб, улар 2013 йилги қайта кўриб чиқилган нашрга киритилди. Худди шу принципга асосланиб, 1 Шоҳлар китобида Худонинг исми бешта жойда тикланди. Шунингдек, юнонча матнларни ўрганиб чиқиш натижасида Матто 21:29–31 да фикрлар тартиби ўзгарди. Кўриниб турганидек, баъзи ўзгаришлар фақатгина кенг тан олинган юнонча матнга эмас, балки қўлёзмалардаги рад этиб бўлмас далилларга асосланган.

Бу мақолада 2013 йилги «Янги дунё таржимаси»да қилинган ўзгаришларнинг бир нечтасини кўриб чиқдик. Улар туфайли Аллоҳнинг ҳадяси бўлмиш Муқаддас Китобни ўқиш ва тушуниш янада осонлашди.