Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

Тил қудратидан Худони шарафлаш учун фойдаланинг

Тил қудратидан Худони шарафлаш учун фойдаланинг

Оғзимдан чиққан сўзлар... Сенга [Яҳовага] маъқул бўлсин. ЗАБ. 18:15

ҚЎШИҚЛАР: 21, 35

1, 2. Нега олов тил қудратини тасвирлашга мос келади?

ҚЎШМА ШТАТЛАР. 1871 йил октябрнинг бошларида, мамлакат тарихидаги энг даҳшатли ёнғин содир бўлди. Висконсин штатининг шимоли-шарқидаги ўрмонларни бутунлай аланга қамраб олди. Олов авжига чиққани сайин, ёнғин ва унинг тафтидан 1 200 дан зиёд одам нобуд бўлди ва 2 миллиард дарахт куйиб кулга айланди. Поезд ғилдиракларидан чиққан учқун ёнғинга сабаб бўлгандир. Ёқуб 3:5 даги: «Қаранг, кичик бир учқун, катта ўрмонни ёндиришга қодир-а!» — деган сўзлар ҳақиқат бўлиб чиқяпти. Нега Муқаддас Китоб ёзувчиси бундай деган?

2 Чунки Ёқуб мазкур бобнинг 6- оятида: «Тил гўё оловдир»,— деб айтяпти. Тил гапириш қобилиятимизни назарда тутади. Олов сингари тилимиз улкан зарар келтириши мумкин. Беҳудага Муқаддас Китобда: «Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир»,— дейилмаган (Ҳик. 18:21). Зиён етказишидан қўрқиб, оловдан фойдаланишдан воз кечмаганимиз каби, тилимиз билан ранжитишдан қўрқиб, умуман гапирмай қўймаймиз-ку!? Ҳамма гап назоратда. Оловдан тўғри фойдаланиб овқат тайёрлашимиз, исинишимиз ва қоронғи кечаларни ёритишимиз мумкин. Агар тилимизни жиловласак,  унинг қудратини Худони шарафлаш ва бошқаларга фойда келтириш учун қўллай оламиз (Заб. 18:15).

3. Тилдан фойдаланиш борасида қайси учта нарсани кўриб чиқамиз?

3 Овоз чиқариб гапирамизми ёки имо-ишора биланми, фикрлару ҳис-туйғуларимизни ифодалаш, Яҳовадан бўлган ажойиб ҳадядир. Бу ҳадядан қандай қилиб жароҳатлаш эмас, балки мустаҳкамлаш учун фойдалансак бўлади? (Ёқуб 3:9, 10 ни ўқинг). Бу мақолада: қачон, нима ҳақида ва қандай оҳангда гапириш тўғрисида учта муҳим нарсани муҳокама қиламиз.

ҚАЧОН ГАПИРАЙЛИК?

4. Сукут сақлашнинг ўз вақти борлигини кўрсатувчи вазиятларни айтиб ўтинг.

4 Нутқ кундалик ҳаётимизнинг бир қисмидир. Аммо бу, нуқул гапириш кераклигини англатмайди. Зеро Муқаддас Китобда: «Сукут сақлашнинг ҳам... ўз вақти бор»,— деб айтилган (Воиз 3:7). Биров гапириб турганда, сукут сақлаш — ҳурмат белгисидир (Аюб 6:24). Сир сақлаш керак бўлганда тилимизни тийсак, мулоҳазакор ва фаросатли эканимиз кўринади (Ҳик. 20:19). Жаҳлимиз чиққанда тилни тийиш, доноликдан далолат беради (Заб. 4:5).

5. Гапириш қобилияти учун Яҳовадан миннатдор эканимизни қандай намоён эта оламиз?

5 Бошқа томондан, Аллоҳнинг Каломида: «Сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор»,— деб ёзилган (Воиз 3:7). Масалан, дўстингиз сизга бирон-бир совға берса, сиз уни чеккага олиб қўймайсиз-ку, ахир!? Аксинча, совғадан оқилона фойдаланиб, дўстингиздан миннатдор эканингизни кўрсатасиз. Шу сингари, Яҳованинг бизга туҳфа қилган гапириш қобилиятидан донолик ила фойдалансак, Ундан миннатдор эканимизни намоён этамиз. Буни ҳис-туйғуларимизни ифода этганда, дардлашганда, далда берганда ва Худони шарафлаганда қилишимиз мумкин (Заб. 50:17). Унда, гапиришнинг вақтини қандай аниқласак бўлади?

6. Гапиришнинг вақтини танлаш муҳимлиги ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

6 Ҳикматлар 25:11 да: «Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир»,— деб айтилган. Бу сўзлар гапиришнинг вақтини танлаш муҳим эканини яққол тасвирлаб беряпти. Ёқут тошнинг ўзи бетакрор кўринишга эга. Аммо уни тилла узукка қўйса, чиройига чирой қўшилади. Шу каби, қачон гапириш ва қачон сукут сақлашни яхши билсак, нутқимиз янада ёқимли ва таъсирчан бўлади. Қандай қилиб?

7, 8. Япониялик имондошларимиз тирилиш умиди ҳақида ўз вақтида гапириб, Исонинг ўрнагига қандай тақлид қилишди?

7 Тўғри, сўзларимиз тингловчилар учун айни муддао бўлиши мумкин. Аммо қачон гапириш кераклигини эътиборга олмасак, сўзларимиздан ҳеч қандай наф бўлмайди (Ҳикматлар 15:23 ни ўқинг). Масалан, 2011 йил март ойида Япониянинг шарқида қаттиқ зилзила ва ҳалокатли цунами юз берди. Оқибатда, бу ҳудуддаги кўпгина шаҳарлар бутунлай вайрон бўлди. 15 000 дан зиёд одам ҳаёти билан видолашди. Гарчи Яҳованинг Шоҳидлари қўни-қўшнилари қатори бу фалокат дастидан жабр кўрган бўлишса-да, улар қайғу чекаётган инсонларга Муқаддас Китобдан далда бериш имконини қўлдан бой беришмади. Маҳаллий аҳолининг аксарияти будда динига чуқур эътиқод қилади ва Муқаддас Китоб таълимотлари ҳақида оз-моз ёки умуман тушунчага эга эмас. Имондошларимиз цунами бўлганига ҳеч қанча вақт ўтмасдан, яқинларидан жудо бўлганларга тирилиш умиди ҳақида гапиришнинг мавриди эмаслигини фаҳмлашди. Шунинг учун, улар Муқаддас Китоб ёрдамида нега бегуноҳ инсонлар билан бундай даҳшатли  нарсалар содир бўлаётганини тушунтириб, атрофдагиларга далда беришди.

8 Исо нафақат сукут сақлашнинг, балки қачон гапиришнинг вақтини ҳам билган (Юҳан. 18:33–37; 19:8–11). Бир сафар у шогирдларига: «Сизларга айтадиган кўп гапларим бор-у, аммо ҳозир ҳаммасини тушуна олмайсизлар»,— деган эди (Юҳан. 16:12). Япониялик имондошларимиз Исонинг ўрнагига эргашишди. Цунамидан икки ярим йил ўтгач, улар бутун дунё бўйлаб ўтказилган кампанияда иштирок этиб, «Шоҳлик ҳақида хушхабар» туркумидаги «Ўлганлар яна яшаши мумкинми?» номли букламалар тарқатишди. Ўшанда кўп инсонлар тирилиш ҳақида хушхабарни эшитиб, таскин топишди ва аксарият уй эгалари бажонидил букламаларни олишди. Маданият ва диний қарашлар бир-биридан кескин фарқ қилар экан, қачон гапириш кераклигини фаҳмлаб олишимиз даркор.

9. Қайси вазиятларда гапиришнинг тўғри вақтини танлаш нутқимизни янада таъсирчан қилади?

9 Шундай вазиятлар бўладики, қачон гапириш кераклигини аниқ билишимиз лозим. Масалан, кимдир яхши ниятлар ила гапириб, бизнинг кўнглимизни ранжитиши мумкин. Бундай вазиятда унга бирон нарса айтишдан олдин, масала қанчалик жиддий эканлиги борасида ўйлаб кўрсак оқилона бўларди. Мабодо гапиришга қарор қилсак, аммо ҳали ҳис-туйғуларимиз совимасдан туриб, хафа қилган кишининг олдига борсак, ўйламасдан бирон гап айтиб қўйишимиз ҳеч гап эмас (Ҳикматлар 15:28 ни ўқинг). Имондошимиз бўлмаган қариндошларимиз билан ҳақиқат тўғрисида гаплашганда ҳам, мулоҳазакор бўлиш талаб этилади. Албатта, улар Яҳовани таниб-билишларини истаймиз, бироқ сабрли ва фаросатли бўлишимиз даркор. Ўз вақтида айтилган тўғри сўзлар уларнинг қалбларини забт этади.

НИМА ҲАҚДА ГАПИРАЙЛИК?

10. а) Нега сўз танлашда эҳтиёткор бўлишимиз керак? б) Зарарли нутққа нималар киради? Мисол келтиринг.

10 Тил ҳам шифо беради, ҳам жароҳатлайди (Ҳикматлар 12:18 ни ўқинг). Шайтон дунёсида тил билан уриш одатий ҳол бўлиб қолган. Ўйин-кулги олами кўпчиликни «тилини шамширдай қайрашга» ҳамда «нишонга олиб, заҳарли сўзларни ўқдай отишга» ундайди (Заб. 63:4). Масиҳийлар бундай зарарли таъсирдан қочишлари керак. Киноя заҳарли сўзларнинг бир тури бўлиб, бошқаларни ерга уриш, камситиш ва чақиб олиш мақсадида ишлатилади. Киноя кўпинча ҳазил-мутойиба сифатида айтилади, аммо у тезда ҳақоратомуз ва ҳурматсиз сўзларга айланиши ҳеч гап эмас. Аччиқ киноя ҳақоратли сўзларнинг бир тури бўлиб, масиҳийлар буни ўзларидан «соқит қилишлари» даркор. Ҳазил-мутойиба нутқимизни мазали қилади, аммо бошқаларни ранжитиш ёки ерга уриб истеҳзоли танбеҳ бериш билан одамларнинг кулгисини келтиришдан қочишимиз керак. Муқаддас Китобда эса шундай деб ёзилган: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларга фойда келтириш учун, зарур бўлганда уларни мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар» (Эфес. 4:29, 31).

11. Тўғри сўз танлашда, қалбимиз қандай аҳамиятга эга?

11 Исо: «Ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку»,— деб ўргатган (Мат. 12:34). Демак, тўғри сўзларни танлаш юракдан бошланади. Нутқимиз кўпинча бошқаларга нисбатан қандай муносабатда эканимизни аён қилади. Агар қалбимиз севги ва меҳр-шафқатга тўла бўлса, нутқимиз ижобий ва руҳлантирадиган бўлади.

12. Тўғри сўзларни танлашимизга яна нима ёрдам беради?

12 Тўғри сўзларни танлаш, шунингдек,  ақлни ишга солиб, мулоҳазакор бўлишни ўз ичига олади. Ҳаттоки доно шоҳ Сулаймон ҳам «маъқул келадиган сўзлар топишга ҳаракат қилиб, ҳақиқат сўзларини очиқ ёзиш» учун мулоҳаза юритиб, чуқур изланиш олиб борган (Воиз 12:9, 10). Сиз учун «маъқул келадиган сўзларни топиш» доим ҳам осон эмасми? Унда, сўз бойлигингизни янада оширишга тўғри келади. Масалан, Муқаддас Китоб ҳамда адабиётларимизда қандай сўзлар танланганига эътибор беришингиз мумкин. Нотаниш ибораларнинг маъносини ўрганинг. Энг муҳими, бошқаларга ёрдам бериш учун сўзларни қандай танлаш мумкинлигига диққат қаратинг. Яҳова ҳамда Унинг тўнғич Ўғли билан ўртасидаги муносабатлар ҳақида қуйидагини ўқиймиз: «Толиққанларга сўз билан мадад берсин, деб Эгам Раббий менга [Исога] доно тил берди» (Ишаё 50:4). Агар бирон нарса айтишдан олдин мулоҳаза юритсак, тўғри сўзларни танлай оламиз (Ёқб. 1:19). Ўзимизга шундай саволлар берайлик: «Ушбу сўзлар айтмоқчи бўлган фикримни етказиб берадими? Танлаган сўзларим тингловчиларга қандай таъсир қилади?»

13. Нега тушунарли қилиб гапириш муҳим?

13 Исроилда халқни қароргоҳга йиғиш, уй-уйига тарқатиб юбориш ҳамда жангга чақириш мақсадида карнайлардан фойдаланишган. Шу сабабли Муқаддас Китобда карнай садоси мисоли келтирилиб, нутқ тушунишга осон бўлишига урғу берилган. Мабодо карнай садоси ноаниқ бўлса, бутун лашкар фалокатга йўлиқиши мумкин эди. Шу сингари, нутқимиз ҳам мужмал бўлса, тингловчи чалкашиб кетиши ёки нотўғри фикрга бориши ҳеч гап эмас. Аммо тушунарли қилиб гапиришга интилиб, қўпол бўлишдан ёки ҳурматсизлик кўрсатишдан эҳтиёт бўламиз (1 Коринфликларга 14:8, 9 ни ўқинг).

14. Исо тушунарли нутқдан фойдаланганини кўрсатувчи мисол келтиринг.

14 Исо сўз танлашда аъло ўрнак кўрсатган. Матто 5–7- боблардаги қисқа, лекин жуда таъсирчан нутқини олайлик. У баландпарвоз, кинояли ё бўлмаса қўпол ва дилни оғритадиган сўзларни ишлатмаган. Аксинча, тингловчиларнинг қалбини забт этиш учун, аниқ ва оддий ибораларни танлаган. Масалан, Исо одамларни кундалик ризқ-рўз ҳақида ҳаддан ташқари ташвишмасликка чорлаб, диққатни Яҳова қушларга қандай ғамхўрлик қилаётганига қаратган. Сўнг тингловчиларини қушлар билан солиштириб, шундай деган: «Сизлар эса улардан анча афзалроқ эмасмисиз?» (Мат. 6:26). Ҳа, Исо оддий ва тушунарли сўзлар билан одамларнинг қалбини забт эта олган! Келинг, тилдан фойдаланиш борасида учинчи муҳим нарсани кўриб чиқамиз.

ҚАНДАЙ ГАПИРАЙЛИК?

15. Нега сўзларимиз ёқимли бўлиши керак?

15 Қандай оҳангда гапириш, нима ҳақда сўзлашдек муҳим аҳамиятга эга. Исо она шаҳри Носирадаги ибодатхонада нутқ сўзлаганида, одамлар «унинг нақадар ёқимли сўзлар айтганидан ҳайрон қолишган» (Луқо 4:22). Ёқимли сўзлар нутқимиз қудратини заифлаштирмай, аксинча юракларга малҳамдек бўлади. Дарҳақиқат, мулойим сўзлар нутқимизни янада ишончли қилади (Ҳик. 25:15). Биз ҳам меҳрибон ва хушмуомала бўлиб, бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олсак, Исонинг ўрнагига эргашган бўламиз. Одамлар унинг сўзларини тинглашга ошиқаётганини кўриб, Исо уларга ачинди ва «кўп нарсаларни ўргата бошлади» (Марк 6:34). Қолаверса, у ҳақоратга ҳақорат билан жавоб бермаган (1 Бутр. 2:23).

16, 17. а) Оила аъзолар ва жамоатдаги яқин дўстларимиз билан гаплашганда, Исонинг ўрнагига қандай тақлид қилсак бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Мулойим нутқ фойдали эканини кўрсатувчи мисол келтиринг.

16 Оила аъзоларимиз ҳамда жамоатдаги  яқин дўстларимиз билан мулойим ва хушмуомала тарзда гапириш қийин кечиши мумкин. Уларга хаёлимизга келганини тўғридан-тўғри гапиришга мойилмиз. Исо шогирдлари билан яқин дўст бўлса ҳам, бетга чопарлик қилиб гапиришни ўзига эп кўрганми? Асло. Шогирдлар ўзаро ким буюк экани борасида баҳслашганда, Исо кичкина боланинг мисолини келтириб, уларни мулойимлик ила тузатган (Марк 9:33–37). Оқсоқоллар ҳам Исога тақлид қилиб, «мулойимлик билан» маслаҳат беришади (Галат. 6:1).

17 Кимдир кўнглимизни ранжитиб гапирса ҳам, мулойимлик ила жавоб қайтарсак, бу яхши натижа келтириши мумкин (Ҳик. 15:1). Мисол учун, опамизнинг ўсмир ўғли икки хил ҳаёт тарзини олиб борган. Бу опамизга битта имондошимиз куюниб: «Болангизни тарбиялаш фурсатини бой берганингиз чакки бўлибди-да»,— деб айтган. Опамиз бироз мулоҳаза юритгач, шундай деган экан: «Ҳа, ҳозир вазият кўнгилдагидек эмас, аммо мен уни ҳали-ҳануз тарбиялаяпман. Опажон, бу Армагеддондан кейин билинади. Ўшанда бир тўхтамга келармиз». Бундай юмшоқ жавоб опалар ўртасида нафақат тинчлик сақланишига, балки бу суҳбатни тинглаган ўғлига ҳам ҳаётини ўзгартиришга ёрдам берди. Ўғли онаси ундан умидини узмаганини тушунди ва у ёмон дўстлари билан орани очиқ қилди. Вақт ўтиб, у сувга чўмди, кейинчалик эса Байтилда хизмат қилишни бошлади. Демак, оила, имондош ва ҳатто нотаниш кишилар даврасида бўлсак ҳам, нутқимиз доимо «ёқимли ва мазали бўлсин» (Колос. 4:6).

18. Нутқимиз борасида Исодан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

18 Фикр ва туйғуларимизни сўзлар билан изҳор этиш қобилияти — мўъжизанинг ўзгинаси. Исодан ўрнак олиб, гапиришнинг вақтини билишга ҳамда тўғри сўзларни танлаб, мулойим тарзда суҳбатлашишга ҳаракат қилайлик. Шунда нутқимиз тингловчилар қалбига малҳамдай бўлиб, бизга гапириш қобилиятини ато этган Яҳовани мамнун қиламиз.