Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

Қалбларни забт этаётган «Янги дунё таржимаси»

Қалбларни забт этаётган «Янги дунё таржимаси»

Худонинг каломи жонли. ИБРОН. 4:12

ҚЎШИҚЛАР: 1, 43

1. а) Худо Одаматога қандай топшириқ берган? б) Ўшандан бери, Яҳованинг халқи гапириш қобилиятидан қай мақсадда фойдаланиб келган?

ТАНГРИ ЯҲОВА инсониятга мулоқот қилиш қобилиятини ато этган эди. Аллоҳ Одаматони Адан боғига жойлаштиргач, ҳайвонларга ном бериш вазифасини топширди. Уларнинг ҳар бирига мос ном бериш учун Одамато ижодкорлик ҳамда ақл-заковатни ишга солди (Ибт. 2:19, 20). Ўша замонлардан бери, Яҳованинг халқи тил ёки гапириш қобилиятидан Уни шарафлаш ва иродасини бошқаларга танитиш мақсадида фойдаланиб келган. Сўнгги йилларда эса, тил воситасида пок топинишни олға суришнинг муҳим йўли, Муқаддас Китобнинг таржимаси бўлиб келмоқда.

2. а) «Янги дунё таржимаси» қўмитаси қайси учта принципга амал қилган? б) Бу мақоладан нимани билиб оламиз?

2 Ҳозирги кунда Муқаддас Китобнинг минглаб таржималари мавжуд. Аммо улар асл матндаги хабарни аниқ етказишда бир-биридан фарқ қилади. 1940 йилларда «Янги дунё таржимаси» қўмитаси қўйидаги учта асосий принципни ўрнатди: 1) Худонинг исмини муқаддас тутиш учун, Муқаддас Китобнинг асл нусхасида турган жойларда уни тиклаш (Матто 6:9 ни ўқинг). 2) Асл матндаги хабарни иложи  борича том маънода таржима қилиш, аммо сўзма-сўз ўгириш маъносини бузиб кўрсатса, мазмунини тўғри етказишга интилиш. 3) Ўқиш ва тушунишга осон тилни қўллаш * (Нахимиё 8:8, 12 ни ўқинг). Бу учта принципга 130 дан ошиқ тилларда амал қилинган. Келинг, 2013 йилги «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўрилган инглизча нашрида ва бошқа тиллардаги таржималарда ушбу принципларга қандай амал қилинганини билиб олайлик.

ХУДО ИСМИНИ УЛУҒЛАШ

3, 4. а) Тетраграмматон қайси қадимий қўлёзмаларда учраган? б) Муқаддас Китобнинг кўплаб таржимонлари Худо исмига нисбатан қандай йўл тутишган?

3 Ўлик денгизда топилган ўрама битиклар каби қадимий иброний қўлёзмаларни тадқиқ қилганлар, у ерда Худонинг исми кўплаб маротаба тетраграмматон, яъни тўртта иброний ҳарф шаклида учраганига гувоҳ бўлишган. Илоҳий исм нафақат ушбу иброний қўлёзмаларда, балки мил. авв. 2–мил. 1 асрларгача бўлган даврга мансуб «Септуагинта»нинг айрим нусхаларида ҳам учрайди.

4 Худонинг шахсий исми Муқаддас Китобда туриши кераклигининг аниқ далиллари мавжудлигига қарамай, кўпгина таржимонлар бу исмни бутунлай олиб қўйишган. 1950 йили «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми» нашр этилди. Бундан икки йил ўтиб, 1901 йилги «Америка таржимаси»нинг қайта кўрилган нашри ҳам дунё юзини кўрди. Ушбу нашрда, аввалгисида амал қилинган меъёрларга зид равишда Худонинг исми олиб қўйилган эди. Аммо нега? Сабаби, бу китобнинг таржимонлари Худонинг исмини қўллаш «бутунлай ноўрин», деган фикрда бўлишган. Кейинчалик чиққан инглизча ва бошқа тиллардаги Муқаддас Китоб таржималарига ҳам бу фикр таъсир қилган.

5. Муқаддас Китобда Худонинг исми бўлиши нега муҳим?

5 Муқаддас Китоб таржимасида Аллоҳнинг исми бўлиши чиндан ҳам муҳим. Масалан, моҳир таржимон муаллифнинг мақсадини тушуниш ниҳоятда муҳимлигини билади ва бу, ўгириш пайтида чиқарадиган қарорларига таъсир қилади. Муқаддас Ёзувлардаги кўплаб оятлар Худонинг исми ва унинг улуғланиши катта аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда (Чиқ. 3:15, изоҳга қ.; Юҳан. 17:6, 26; Ҳавор. 15:14). Муқаддас Китоб Муаллифи бўлмиш Худованд Яҳова, ёзувчилар Унинг исмини кенг қўллашлари учун илоҳий руҳи ила раҳбарлик қилган (Чиқ. 6:2, 3, изоҳга қ.). Қадимги қўлёзмаларда минглаб маротаба учраган исмни олиб қўйиш, унинг Муаллифига кўрсатилган ҳурматсизлик эмасми?

6. Нима учун «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўрилган нашрида Худонинг исми яна олтита жойда учрайди?

6 Бугунги кунда Худо исмини қўллашимиз кераклигининг далиллари кўпайиб бормоқда. 2013 йили чиққан «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўрилган нашрида бу исм 7 216 марта, яъни 1984 йилги нашрга қараганда 6 марта кўпроқ учрайди. Аллоҳнинг исми яна бешта оятда, 1 Шоҳлар 2:25; 6:3; 10:26; 23:14, 16 да тикланди. Боиси, Ўлик денгиз ўрама битикларида ушбу оятларда «Яҳова» исми мавжуд. Бу битиклар ибронийча Масорет матнига қараганда, 1 000 дан зиёд йил аввалроқ мавжуд бўлиб, қайта кўрилган нашрни тайёрлашда улардан фойдаланилган. Шунингдек, бошқа қадимги қўлёзмаларни тадқиқ қилиш натижасида Ҳакамлар 19:18 да ҳам Худонинг исми тикланди.

7, 8. «Яҳова» исми қанчалик кенг маънога эга?

7 Масиҳийлар учун Худонинг исми  муҳим аҳамиятга эга. 2013 йилги қайта кўрилган нашрнинг иловасида бу мавзуга оид янгиланган маълумот бор. «Янги дунё таржимаси» қўмитаси, илоҳий исм ибронийча хава́х феълининг орттирма нисбати бўлиб, «У бўлдиради» * деган маънони англатишини тушунади. Олдин адабиётларимизда Худо исмининг маъносини тушунтираётиб, Чиқиш 3:14 даги мана бу сўзларга ишора қилинарди: «Мен ким бўлишни хоҳласам, Ўша бўламан». Шу сабабли, 1984 йилги нашрда Худонинг исми «У Ўз ниятларининг бажарувчиси бўла олишини» * англатиши ҳақида айтилган эди. Бироқ 2013 йилги нашрнинг 1 731- саҳифасидаги иловада қуйидаги фикрлар ёзилган: «“Яҳова” исмининг маъноси фақатгина Унинг Ўзи Ким бўлишни исташи билан чегараланиб қолмайди. У, шунингдек Ўз хоҳишига мувофиқ ижодлари воситасида иродасини бўлдиради».

8 Яҳова ижодларига таъсир қилиб, Ўзи истаганидай бўлишига туртки бўлади. Худо Ўз исмига мувофиқ тарзда Нуҳ моҳир кемасоз, Базалил уста, Гидўн жасур жангчи ва Павлус ўзга халқлар ҳаворийси бўлишига сабабчи бўлган. Чиндан ҳам, Аллоҳнинг исми хизматчилари учун катта аҳамиятга эга. Шунинг учун, «Янги дунё таржимаси» қўмитаси Муқаддас Китобдан бу исмни олиб қўйиб, унинг муҳимлигини асло пасайтирмоқчи эмас.

9. Муқаддас Китобни иложи борича кўпроқ тилларга ўгиришга катта аҳамият берилаётганининг сабаби нимада?

9 «Янги дунё таржимаси» 130 дан ошиқ тилларда нашр этилган ва уларда Худонинг исми асл матндагидай қўйилиб, бу исмга муносиб ҳурмат кўрсатилган (Мал. 3:16). Дунёда эса бунинг акси, Муқаддас Китоб таржимасидан илоҳий исмни олиб ташлаб, унинг ўрнига «Раб» унвони ёки маҳаллий динда мавжуд бирон худонинг исмини қўйиш кенг тарқалган. Айнан шу сабабли, Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши иложи борича кўпроқ инсонларга Худонинг исми мавжуд бўлган Муқаддас Китобни етказишга интилмоқда.

АНИҚ ВА ТУШУНАРЛИ ТАРЖИМА

10, 11. «Янги дунё таржимаси»ни бошқа тилларга ўгиришда қандай қийинчиликлар юзага келган?

10 Асл матнни кўплаб тилларга таржима қилиш жараёнида анчагина қийинчиликлар юзага келган. Мисол учун, авваллари «Янги дунё таржимаси» қўмитаси ўгириш пайтида бошқа инглизча Муқаддас Китоб нашрларидаги намунага амал қилиб, Воиз 9:10 каби оятларда ибронийча «Шеўл» сўзини сақлаб қолишга интилган. Бошқа тилларга таржима қилаётганлар эса, қуйидаги муаммога дуч келишган: Уларнинг аксарият ўқувчиларига «Шеўл» ибораси нотаниш бўлиб, луғатларида ҳам учрамайди ва бу сўз жуғрофий жойнинг номидай эшитилади. Шунинг учун, «Шеўл» ҳамда унинг юнонча маънодоши «Ҳадес» сўзининг ўрнига маъносини бериб «қабр», «мозор» деб таржима қилишга рухсат берилди.

11 Ибронийча нефеш ҳамда юнонча психе сўзлари инглизчада «жон» маъносига эга сўз билан ўгирилгани, баъзи тилларда тушунмовчиликлар келтирган. Нега? Чунки кўпинча, «жон» инсоннинг ўзи эмас, ўлимдан кейин танадан чиқиб кетадиган руҳ деган таассуротни уйғотиши мумкин. Шу боис, «Янги дунё таржимасининг Инжил қисми»даги иловага мувофиқ «жон» сўзини матн таркибига қараб ўгиришга рухсат берилди. Асосий эътибор матнни  ўқиш ва тушунишга осон қилишга қаратилиб, иброний ва юнон сўзлари ҳақидаги маълумотлар кўп ҳолларда изоҳга туширилди.

12. «Янги дунё таржимаси»нинг 2013 йилги нашрига яна қандай ўзгаришлар киритилган? (Ушбу сондаги «2013 йилги “Янги дунё таржимаси”» номли мақолага қ.)

12 Таржимонлар юборган саволлардан, шунга ўхшаш тушунмовчиликлар бўлиши мумкинлиги кўринди. Шунинг учун, 2007 йил сентябрда Етакчи кенгаш инглиз тилидаги Муқаддас Китобни қайта кўриб чиқиш қарорига келди. Бу жараён давомида Муқаддас Китоб таржимонларидан келган минглаб саволлар кўздан кечирилди. Инглизчадаги эскирган иборалар алмаштирилди ва аниқликни қурбон қилмаган ҳолда матнни янада осон ва тушунарли қилишга кўп куч сарфланди. Бошқа тилларда қўлланилган усуллар инглизча матнни янада яхшилашга ҳисса қўшди (Ҳик. 27:17).

ЧЕКСИЗ МИННАТДОРЧИЛИК

13. «Янги дунё таржимаси»нинг 2013 йилги нашри тўғрисида қандай фикр билдиришди?

13 Инглизча қайта кўриб чиқилган нашр ҳақида ўқувчилар қандай фикр билдиришди? Яҳова Шоҳидларининг Бруклиндаги Бош идорасига миннатдорчилик билдирилган минглаб мактублар келди. Бир опамизнинг қуйидаги таърифи кўпчиликнинг фикрини акс эттиради: «Муқаддас Китоб қимматбаҳо тошларга лиқ тўла сандиққа ўхшайди. 2013 йилги нашрдан Яҳованинг сўзларини ўқиб тушунишни эса, ҳар бир тошнинг турли қирралари, тиниқлиги, ранги ва гўзаллигини томоша қилиш билан солиштирса бўлади. Барчаси содда тилда ёзилгани Яҳовани яқиндан танишимга ёрдам берди. Яҳова худди ота каби мени тиззасига ўтқизиб, тасалли бахш этувчи сўзларни ўқиб бераётгандай ҳис қиламан».

14, 15. Бошқалар ўз тилида «Янги дунё таржимаси»ни ўқиб, қандай фикр билдиришган?

14 Бошқа кишилар ҳам ўз тилида «Янги дунё таржимаси»ни ўқиб миннатдорчилик билдиришган. Софиялик (Болгария) қария бир киши болгар тилидаги нашр ҳақида шундай деди: «Муқаддас Китобни анча йиллардан бери ўқийман, аммо тезда тушуниб, юракка тўғри етиб борадиган таржимани ҳали кўрмаган эдим». Шу сингари, албаниялик бир опа «Янги  дунё таржимаси»нинг тўлиқ нашрини олгач: «Худо Каломининг албан тилида янграши бирам ёқимли! Яҳова она тилимизда мурожаат қилаётгани нақадар катта шараф!»

15 Кўп мамлакатларда Муқаддас Китоб жуда қиммат туради ва уни топиш ҳам осон эмас. Шунинг учун, Аллоҳнинг Каломига эга бўлиш катта барака ҳисобланади. Руандадан келган ҳисоботда шундай дейилган эди: «Узоқ вақт давомида имондошларимиз тадқиқ ўтказган кўплаб кишилар Муқаддас Китоби бўлмагани учун маънан ўсмаётган эди. Маҳаллий черковга тегишли нашрни сотиб олишга уларнинг қурби етмасди. Қолаверса, улар муайян оятларнинг маъносини кўпинча тушунишмасди. Бу эса уларнинг маънан улғайишига тўсқинлик қиларди». Бу тилда «Янги дунё таржимаси» чиққанида, вазият бутунлай ўзгарди. Тўртта ўсмир фарзанди бор руандалик бир оила шундай бўлишди: «Яҳовага ҳамда ишончли ва ақлли хизматкорга ушбу Муқаддас Китоб учун бағоят миннатдормиз. Биз жуда камбағалмиз ва оиламизнинг ҳар бир аъзосига Муқаддас Китоб сотиб олишга пулимиз йўқ. Бироқ ҳозир ҳаммамизнинг китобимиз бор. Яҳовага миннатдорчилик сифатида бутун оиламиз билан уни ҳар куни ўқияпмиз».

16, 17. а) Яҳова халқи учун нимани хоҳлайди? б) Олдимизга қандай мақсад қўйсак оқилона бўларди?

16 Вақти келиб, «Янги дунё таржимаси»нинг қайта кўрилган нашри янада кўпроқ тилларда чиқади. Шайтон бунга тўсқинлик қилишга уриняпти. Лекин аминмизки, Тангри Яҳова бутун халқи Унинг сўзларини аниқ ва тушунарли тилда эшитишини хоҳлайди (Ишаё 30:21 ни ўқинг). «Сувлар тўлдирганидай денгизни, ер юзи тўлиқ билади Эгамизни»,— деган сўзлар амалга ошадиган вақтлар албатта келади! (Ишаё 11:9).

17 Яҳова тақдим этаётган ҳар қандай ҳадядан, жумладан Унинг исмига ҳурмат кўрсатилган таржимадан тўлиқ фойдаланишни мақсад қилайлик. Яҳова Каломи орқали сизга ҳар куни насиҳат қилишига йўл очинг! Чексиз имкониятлари туфайли У барча ибодатларимизни диққат билан тинглай олади. Бундай мулоқот Яҳовани яқиндан танишимизга ёрдам бериб, Унга бўлган севгимизни оширади (Юҳан. 17:3).

«Яҳова она тилимизда мурожаат қилаётгани нақадар катта шараф!»

^ 2- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2008 йил 1 май сонидаги 18–22- саҳ. қ.

^ 7- х.б. Бу тушунча айрим луғатларга киритилган бўлса-да, ҳамма илоҳиётшунослар ҳам уни маъқулламайди.

^ 7- х.б. Кўп тилларга таржима қилинган «Худонинг Каломини ўрганишга кўмаклашадиган харита ва схемалар» номли рисоланинг 5- саҳ. қ.