Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

Яҳова сизга ғамхўрлик қилади

Яҳова сизга ғамхўрлик қилади

Тўшакка михланиб қолса, Эгамиз [уларни] парвариш қилади. ЗАБ. 40:4

ҚЎШИҚЛАР: 23, 138

1, 2. Вақти-вақти билан нима ҳақида ташвишланамиз ва Муқаддас Китобдаги қайси воқеалар ёдимизга тушади?

АГАР жиддий касалликка чалинган бўлсангиз, соғайиб кетармиканман, деб ташвишлангандирсиз. Ёхуд севикли оила аъзоингиз ёки дўстингиз касал бўлса, шу касалликдан қутулармикан, деб ўйлагандирсиз. Бундай хавотирлар бўлиши табиий ҳол. Илёс ва Элишай пайғамбар яшаган пайтда иккита шоҳ ҳам худди шу ҳолатни бошдан кечирган. Ахаб ва Изабелнинг ўғли бўлмиш шоҳ Охазиё қаттиқ шикастланганида, шундай дея савол берган: «Мен соғаярмиканман?» Кўп ўтмай Сурия шоҳи Банҳадад ҳам оғир хасталикка йўлиққанда: «Мен шу касалликдан халос бўлармиканман?» — деб сўраган (4 Шоҳ. 1:2; 8:7, 8).

2 Албатта, бизнинг ва биз ғамхўрлик қилаётган кишининг соғлиги яхшиланишига умид қиламиз. Бироқ кўпчиликни, Худо уларга қай йўсин ёрдам бериши ташвишлантиради. Юқорида айтиб ўтилган шоҳларнинг даврида, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ бўлган вазиятларда Аллоҳ мўъжиза кўрсатган. Тангри Яҳова, Ўзининг пайғамбарлари орқали одамларни тирилтирган (3 Шоҳ. 17:17–24; 4 Шоҳ. 4:17–20, 32–35). Хўш, бизнинг  замонамизда ҳам Яҳова ундай ажойибот кўрсатадими?

3–5. Худо ҳамда Исо қандай қудратга эга ва бу борада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Шубҳасизки, Худо одамларнинг соғлиғига таъсир қилиш қудратига эга. Муқаддас Китоб ҳам буни тасдиқламоқда. Масалан Иброҳимнинг давридаги фиръавнни ва кейинчалик Мусонинг опаси Марямни Аллоҳ касаллик билан жазолаган (Ибт. 12:17; Саҳ. 12:9, 10; 2 Шоҳ. 24:15). Агар Исроил халқи садоқатли бўлмаса, Аллоҳ «хасталигу офатларни» уларнинг бошига келтиришини айтиб огоҳлантирган (Қонун. 28:58–61). Бошқа томондан Яҳова хасталикларни йўқ қилган ва касалликлардан сақлай олган (Чиқ. 23:25; Қонун. 7:15). Қолаверса, У одамларни даволай олган. Аюбнинг касаллиги шунчалик оғир бўлганки, у ўзига ўлим тилаган. Аммо Яҳова унга шифо берган (Аюб 2:7; 3:11–13; 42:10, 16).

4 Ҳа, Яҳова касалларни соғайтира олишига асло шубҳа йўқ! Унинг Ўғли тўғрисида ҳам шундай деса бўлади. Исонинг мўъжизавий тарзда мохов, тутқаноғи бор, кўзи ожиз ва шол бўлган одамларни соғайтиргани борасида ўқишимиз мумкин (Матто 4:23, 24 ни ўқинг; Юҳан. 9:1–7). Исонинг ушбу ишлари, янги дунёда ҳам, у бу қудратидан кенг кўламда фойдаланишидан далолат беради. Бу ҳақда ўйлаш бизга умид бағишлайди. Ўшанда «ҳеч кимса, “Мен хастаман”, демайди» (Ишаё 33:24).

5 Бироқ, бугунги кунда Аллоҳ ёки Исо бизга мўъжизавий тарзда шифо беришини кутишимиз керакми? Жиддий хасталикларга қандай нуқтаи назар билан қарашимиз керак ва даволаниш усулини танлашда нималар ҳақида ўйлаш ўринли?

ТЎШАККА МИХЛАНГАНИНГИЗДА ҲАМ ЯҲОВАГА ТАЯНИНГ

6. Биринчи асрдаги масиҳийларда бор бўлган «даволаш кучи» ҳақида нимани билиб оляпмиз?

6 Муқаддас Ёзувлардан, Худо биринчи асрда айрим мойланган масиҳийларга мўъжиза яратиш қудратини ато этганини биламиз (Ҳавор. 3:2–7; 9:36–42). Муқаддас руҳнинг турли «инъомлари» қаторига «даволаш кучи» ҳам кирган (1 Кор. 12:4–11). Бу ва бошқа инъомлар, жумладан турли тилларда гапириш ва башоратгўйлик кейинчалик бекор қилинган (1 Кор. 13:8). Ҳозирги кунда улар мавжуд эмас. Шундай экан, Худо бизни ёки яқинларимизни мўъжизавий тарзда соғайтиришини кутишга ҳеч қандай асосимиз йўқ.

7. Забур 40:4 даги сўзлар бизга қандай тасалли бахш этмоқда?

7 Касаллик билан курашаётган бўлсак, ўтмишда бўлгани каби Худо бизга тасалли ва донолик бериб, қўллаб-қувватлайди. Шоҳ Довуд қуйидаги сўзларни айтган: «Бахтлидир бечорани ўйлайдиганлар, кулфатда қолганларида Эгамиз уларни қутқаради. Эгамиз уларни ҳимоя қилади, ҳаётини асрайди» (Заб. 40:2, 3). Довуднинг даврида бечораларни ўйлайдиган одам абадий яшамагани маълум. Демак, ҳазрати Довуд бундай ғамхўр инсон мўъжизавий тарзда мангу яшашини назарда тутмаган. Ундай бўлса, Яҳова меҳрибон инсонларга қай йўсин ёрдам беради? Довуд ўша инсонлар ҳақида: «Тўшакка михланиб қолса, Эгамиз парвариш қилади, хасталигига Эгамиз шифо беради»,— деб айтган (Заб. 40:4). Яҳова Унинг хизматчиси азоб чекаётганидан хабардор ва уни ҳеч қачон унутмайди. Шунингдек, Худо ато этган тана ўзини ўзи тиклай олгани боис ўша киши дардидан фориғ бўлиши мумкин.

8. Забур 40:5 га биноан Довуд Яҳовадан нимани сўраган?

8 Довуд ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларни айтган: «Шундай илтижо қилдим Сенга: “Эй Эгам, шафқат қил менга, гуноҳ қилдим Сенга, шифо бергин”» (Заб. 40:5). Эҳтимол ушбу сўзларни Довуд бетоб бўлиб, қўлидан ҳеч нарса келмаган пайтда ўғли Абсалом шоҳликни адолатсизларча  қўлга киритмоқчи бўлганида ёзгандир. Худо уни кечирган бўлса-да, Ботшева билан қилган гуноҳини ҳамда бунинг оқибатини Довуд ёдидан чиқармаган (2 Шоҳ. 12:7–14). Шунга қарамай шоҳ, тўшакка михланганида Худо уни парвариш қилишида амин бўлган. Лекин Довуд мўъжизавий тарзда тузалишни ва умри узайишини сўраганми?

9. а) Довуднинг вазияти шоҳ Ҳизқиёникидан қандай фарқ қилган? б) Довуд Худодан нимани кутган?

9 Йиллар ўтгач, «қаттиқ касал бўлиб қолган» ва ўлим ёқасида турган Ҳизқиёни Худо соғайтирди. Ушбу вазиятда Яҳова истисно қилиб, Ҳизқиёни дарддан фориғ этди ва ҳаётини 15 йилга узайтирди (4 Шоҳ. 20:1–6). Довуд эса, мўъжизавий тарзда соғайишни Аллоҳдан сўрамади. Матн таркибидан кўриняптики, Довуд «бечорани ўйлайдиган» инсонга Худо қандай ёрдам берса, унга ҳам шундай ёрдам кўрсатишини сўраган. Бу, киши «тўшакка михланиб қолганда» Аллоҳ уни парвариш қилишини билдиради. Довуднинг гуноҳи кечирилгани сабабли у Худодан тасалли ва мадад ҳамда танасидаги куч уни тузалишига ёрдам беришини сўрай олган (Заб. 102:3). Биз ҳам шундай йўл тутишимиз мумкин.

10. Трофим ва Эпафродитнинг мисолидан қанақа хулосага келишимиз мумкин?

10 Довуд каби Павлуснинг ҳамкорларидан бири Трофим ҳам мўъжизавий тарзда соғайтирилмаган ва умри узайтирилмаган. Павлус беморларни соғайтириш қудратига эга бўлгани ва ҳар доим ҳам бу қудратидан фойдаланмагани бизга маълум (Ҳаворийлар 14:8–10 ни ўқинг). «Публийнинг отаси ичбуруғ касаллигига йўлиқиб, иситмаси чиқиб ётганида» у мана шу қудратидан фойдаланди. Павлус ибодат қилди ва қўлларини унинг «устига қўйиб унга шифо берди» (Ҳавор. 28:8). Аммо Павлус, тарғибот сафарида у билан хизмат қилган Трофимни эса соғайтирмади (Ҳавор. 20:3–5, 22; 21:29). Трофим касал бўлиб, Павлус билан хизматини давом эттира олмаганида ҳаворий уни соғайтирмай, Милетда қолдириб кетди (2 Тим. 4:20). Эпафродит «ўлар ҳолатда касал» бўлганида ҳам, Муқаддас Китобда Павлус бу азиз дўстини мўъжизавий тарзда соғайтиргани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган (Филип. 2:25–27, 30).

ДОНО ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИНГ

11, 12. Луқо ҳақида нимани билиб оляпмиз ва у Павлусга қандай ёрдам берган бўлиши мумкин?

11 Ҳаворийлар китобининг ёзувчиси «севикли табиб Луқо» ҳам Павлус билан саёҳат қилган (Колос. 4:14; Ҳавор. 16:10–12; 20:5, 6). Шубҳасизки, Луқо Павлусга тиббий маслаҳат берган ва унга ҳамда ҳамкорларига тиббий хизмат кўрсатган. Нега Луқо бундай йўл тутган? Сабаби, ҳатто Павлуснинг ўзи ҳам, сафари давомида касал бўлиб қолган (Галат. 4:13). Луқонинг тиббий ёрдам кўрсатгани, Исонинг: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож»,— деган сўзларига мувофиқ эди (Луқо 5:31).

12 Муқаддас Китобда Луқо қачон ва қаерда тиббий маълумот олгани қаламга олинмаган. Эҳтимол, Колосадаги масиҳийлар Луқони таниганлари учун Павлус уларга уни шифокор эканлигини айтиб ўтган. Ўша пайтларда Лаодикияда тиббиёт мактаби бўлган ва эҳтимол Луқо мазкур мактабда таҳсил олгандир. Луқо табиб бўлгани учун бу соҳада маълумотга эга бўлган. Шу сабаб у ўзи баён этган хушхабарда ҳамда Ҳаворийлар китобида тиббиётга оид атамаларни қўллаган. Қолаверса у, Исо бошқаларни соғайтиргани ҳақида кўпгина воқеаларни эслатиб ўтган.

13. Соғлиқ борасидаги маслаҳатларга нисбатан қандай нуқтаи назарга эга бўлиш даркор?

13 Бугунги кунда масиҳийлар бир-бирини соғайтириш учун «даволаш кучига» эга эмас. Аммо айрим имондошларимиз яхши ниятда бизга соғлиқ борасида маслаҳатлар берар. Тўғри, бундай маслаҳатларнинг баъзилари умумий ва амалий бўлиши  мумкин. Масалан, Тимўтий яшаган ҳудудда эҳтимол сув ифлослангани туфайли унинг ошқозони билан муаммолар пайдо бўлган ва шу сабабли Павлус унга маслаҳат берган * (1 Тимўтийга 5:23 ни ўқинг). Аммо биз мулоҳазакор бўлишимиз керак. Сабаби баъзилар соғлигимизга ижобий таъсир қилмайдиган ва ҳатто зиён етказадиган доривор гиёҳларни, дори-дармонларни қабул қилишга ва парҳезлар қилишга ундашади. Улар шундай деб айтиши мумкин: «Қариндошим ҳам шундай касалликка йўлиққан эди. У...[фалончи нарсани] қилди. Мана охири тузалиб кетди». Маслаҳат қанчалик самимий бўлмасин, шуни ёдда тутишимиз керакки, ҳатто кенг тарқалган дори-дармон ва даволаниш усуллари ҳам хавфли бўлиши мумкин (Ҳикматлар 27:12 ни ўқинг).

УЗОҚНИ КЎРА БИЛИНГ

14, 15. а) Баъзи инсонлар бошқаларнинг касаллигидан фойдаланиб нима қилишади? б) Соғлиқ борасида маслаҳатлар беришганда Ҳикматлар 14:15 ни қандай қўлласа бўлади?

14 Соғлом бўлиш истаги масиҳийлар учун табиий, сабаби касал бўлмасак, ҳаётдан завқ олиб, Худога хизмат қилишда тўла иштирок эта оламиз. Ҳали-ҳануз номукаммал эканмиз, касал бўлишга мойилмиз. Касалликка чалинганимизда даволаниш усуллари турлича бўлиши мумкин. Ҳар бир инсон қай бирини танлашга ва қўллашга ҳақли. Минг афсуски, очкўзликка тўлиб-тошган бу дунёда, одамларнинг касаллигидан фойдаланиб пул ишлайдиганлар кам эмас. Айримлар ҳеч қандай фойдаси бўлмаган «даволаниш усулларини» ва «дори-дармонларни» алдаб тақдим этишади. Яна кимдир ёки қайсидир компаниялар мўмайгина даромад олиш мақсадида инсонларни қимматбаҳо маҳсулотларни сотиб олишга чорлашади. Касалликка чалинган лекин дардига даво топишни ва кўпроқ яшашни жуда истаётган одам, бундай «дори-дармонларни» айни муддао, деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Шунинг учун келинг, Худонинг Каломидаги мана бу маслаҳатни унутмайлик: «Содда ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади» (Ҳик. 14:15).

15 Ақлли киши, тажрибага эга бўлмаган одамнинг маслаҳатини қабул қилишга эҳтиёт бўлади. У шундай деб мулоҳаза юритиши мумкин: «Унинг айтишича бу витамин, доривор ўсимлик ва парҳезнинг кимгадир ёрдами теккан экан. Аммо буни тасдиқловчи етарлича маълумотга эгаманми? Одамлар бир-биридан фарқ қилишади. Бу менга ёрдам беришига амин бўлишим учун ишончли далиллар борми? Кўпроқ изланиш олиб боришим ва бу борада мутахассис бўлган киши билан маслаҳатлашишим керакми?» (Қонун. 17:6).

16. Қайси саволлар устида мулоҳаза юритиш «ақли расо» эканлигимизни кўрсатади?

16 Худонинг Каломида «ҳозирги замонда ақли расо» бўлишимиз кераклиги ҳақида айтилган (Титус. 2:12). Ташхис қўйиш ёки даволаниш усуллари шубҳали кўринса «ақли расо» бўлиш ёки соғлом фикр юритиш катта аҳамиятга эга. Биз маслаҳатлашаётган инсон мазкур масала ҳақда батафсил айтиб бера оладими? Уларнинг айтаётгани биз билган нарсалар билан ҳамоҳангми ва мутахассислар бунга қўшилишадими? (Ҳик. 22:29). Ёки бу шунчаки ҳис-туйғуларга асосланганми? Эҳтимол кимдир, даволанишнинг янги усули чет давлатларда қўлланилишини ва шифокорлар бундан ҳали хабардор эмасликларини айтиши мумкин. Лекин бунинг исботи борми? Баъзи ташхис қўядиган мослама ёки даволаниш усулларининг қанақадир яширин кучи ёки  махфий таркиби бўлади деб таърифлашади. Шуни ёдда тутингки, Худо сеҳр-жоду билан шуғулланишни қоралайди (Қонун. 18:10–12).

«САЛОМАТ БЎЛИНГЛАР!»

17. Биз учун қандай истак табиий?

17 Биринчи асрда етакчи кенгаш жамоатларга бир муҳим хат жўнатганди. Хатда масиҳийлар четланиши керак бўлган нарсалар айтиб ўтилгандан кейин, якунида шундай сўзлар ёзилган: «Бу нарсалардан ўзингизни астойдил сақласангиз, эсон-омон бўласизлар. Саломат бўлинглар!» (Ҳавор. 15:29). Охирги сўзлар, хайрлашиш тариқасида айтилган бўлса-да, бу бизга яхши соғлиққа эга бўлиш хоҳиши табиий эканлигини кўрсатмоқда.

Аллоҳга хизмат қилаётиб, эсон-омон бўлишни истаймиз (17- хатбошига қ.)

18, 19. Биз нимани сабрсизлик билан кутяпмиз?

18 Ушбу ёвуз дунёнинг охири келмагунига қадар, номукаммалигимиз туфайли касалликка чалинишимиз турган гап. Биз мўъжизавий тарзда соғайишни кутмаймиз. Ваҳий 22:1, 2 да бутунлайин соғайишимиз ҳақида айтилган. Ҳаворий Юҳанно ваҳийда «оби ҳаёт дарёси» ва «ҳаёт дарахтлари» «халқларга шифо бахш этишини» кўрган. Бу ерда, биз ҳозир ёки келажакда олишимиз мумкин бўлган қандайдир доривор гиёҳлар ҳақида гап кетмаяпти. Аксинча, Исо орқали итоаткор инсонларга Яҳова абадий ҳаётни бериши назарда тутилган. Биз эса, бу вақт келишини сабрсизлик билан кутяпмиз (Ишаё 35:5, 6).

19 Бу ажойиб келажакни кутаётиб, ҳатто бетоб бўлганимизда ҳам Яҳова ҳар биримизни севишига амин бўлишимиз мумкин. Касал бўлганимизда Аллоҳ бизни ташлаб кетмаслигига Довуд каби ишончимиз комил. Шунинг учун, Довуднинг мана шу сўзларига қўшиламиз: «Тўғрилигим учун мени сақлайсан, ҳузурингда тоабад мени ўтқазасан» (Заб. 40:13).

^ 13- х.б. Шароб ҳақидаги бир китобда шундай дейилган: «Илмий тажрибага кўра ич терлама (тиф) касаллигини қўзғатувчи ва бошқа хавфли бактериялар шаробга тушганида тезда ўлади» («The Origins and Ancient History of Wine»).