Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2015

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Худо ва ойим билан муносабатларим яхши бўлди

Худо ва ойим билан муносабатларим яхши бўлди

«НЕГА аждодларимизга сиғинмоқчи эмассан?» — деб сўради ойим. Кейин давом этиб: «Ахир сен улар туфайли бу дунёга келгансан-ку! Шуми раҳматинг? Ота-боболаримизнинг урф-одатларини оёқ ости қилишга қандай ҳаддинг сиғди? Уларга сиғинишдан воз кечиб, топинишимиз бефойда демоқчимисан?» — деди ва ўзини тутолмай йиғлаб юборди.

Шу кунгача ойим ҳеч қачон бундай оҳангда гапирмаганди. Бундан ташқари, ойимнинг ўзи Муқаддас Китобни ўрганишни хоҳламаган бўлса-да, ўрнига мен тадқиқ қилишимга рухсат берганди. Мен ойимга ҳамиша итоатли эдим, лекин бу гал ойимнинг гапига қулоқ солиш қийин кечди. Сабаби, мен кўпроқ Яҳовани хурсанд қилгим келганди. Албатта, мен буни Унинг ёрдамисиз эплай олмасдим.

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИНИ ТУТИШИМ

Япониядаги аксарият одамлар сингари биз ҳам буддавий эдик. Бироқ, икки ой давомида Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, бу ҳақиқат эканига амин бўлдим. Самовий Отам борлигини билиш, мени У ҳақда кўпроқ билим олишга ундади. Ўрганган нарсаларимни ойим билан бўлишардим. Якшанба куни Йиғилиш Залида ўтадиган учрашувларга ҳам қатнай бошладим. Ҳақиқат тўғрисида билимим ошгани сайин, буддавийларнинг удумларига бошқа амал қилмоқчи эмаслигимни ойимга айтдим. Афсуски, унинг муносабати бирданига ўзгарди. Шунда ойим: «Вой шарманда-я, шу оиланинг аъзоси бўла туриб, аждодларга ҳурмат кўрсатмасанг!» — деб айтди. У мендан Муқаддас Китобни тадқиқ қилмаслигимни ва йиғилишларга бошқа бормаслигимни талаб қилди. Ойим менга бундай сўзларни айтишини хаёлимга ҳечам келтирмагандим! Ўшанда ойим худди бошқа бир инсон бўлиб қолгандай эди.

Буниси етмаганидек, дадам ҳам ойимнинг тарафини эгаллади. Лекин Яҳова ота-онамга бўйсунишимни хоҳлашини Эфесликларга 6- бобдан билиб олдим. Шу сабабли, агар мен ота-онамга қулоқ солсам, улар ҳам менга ён беришади ва оиламизда яна тинчлик бўлади, деб ўйлагандим. Бундан ташқари, юқори синфга ўтиш имтиҳонлари ҳам яқинлашиб қолганди ва мен уларга тайёргарлик кўришим керак эди. Хуллас, мен ота-онамга қулоқ солиб, уч ой давомида йиғилишларга бормай туришимни айтдим. Аммо уч ойдан кейин, яна йиғилишларга бораман деб, Яҳовага ваъда бердим.

Афсус, менинг қарорим нотўғри бўлиб чиқди. Биринчидан, мана шу уч ой мобайнида ҳис-туйғуларим ўзгармайди, деб ўйлагандим.  Аммо акси бўлиб чиқти. Мен тезда маънан сусайиб, Яҳовадан узоқлашаётганимни сеза бошладим. Иккинчидан эса, ота-онам мени қўллаб-қувватлашнинг ўрнига, янада кўпроқ босим ўтказиб, ҳақ топиниш билан боғлиқ ҳар қандай ишларни йиғиштириб қўйишимни хоҳлади.

КЎМАК ВА ҚАРШИЛИК

Йиғилиш Залида мен оила аъзолари томонидан қаршиликка учраган кўп одамлар билан танишдим. Улар, Яҳова мени албатта қўллаб-қувватлашига ишонтиришди (Мат. 10:34–37). Бундан ташқари, улар оиламизнинг қутқарилиши менга боғлиқлигини тушунтириб беришди. Шунинг учун, мен Яҳовага умид боғлаб, сидқидилдан ибодат қилишни бошладим.

Оилада турли хил қаршиликларга дуч келдим. Ойим ёлвориб, фикримни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Одатда мен жим турардим. Чунки оғиз очишим биланоқ, икковимиз ҳам ўз нуқтаи назаримизни маъқуллаб, баҳслашишни бошлардик. Ўшанда ойимнинг ҳис-туйғуларини ва эътиқодини тушунганимда, балки вазият шундай тус олмаган бўлармиди?! Ота-онам мени кўчага чиқармаслик мақсадида, уй ишлари билан кўмиб ташлашарди. Баъзида эса, улар мени устимдан қулфлашарди ёки ейишга овқат ҳам беришмасди.

Устига-устак, ойим бошқаларни ҳам ёрдамга чақирди. У мактабдаги устозимга мурожаат қилди, лекин устозим тарафкашлик қилмади. Кейин ойим мени бошлиғининг олдига олиб борди ва у менга барча динларнинг фойдаси йўқлигини уқтирмоқчи бўлди. Бу ҳам камлик қилганидек, уйга келганда, ойим қариндошларимизга қўнғироқ қилиб, дод солиб уларни ёрдамга чақирди. Бу менга роса оғир ботди, бироқ йиғилишларда оқсоқоллар ойим ўзи билмаган ҳолда, барчага шоҳидлик бераётгани ҳақида ўйлашга ундашди.

 Кейинги синов — олий ўқув юртига кириш бўлди. Ота-онам менга ўзлари яхши деб билган ҳаётни беришмоқчи эди. Шунинг учун улар яхши иш топа олишимга умид қилишарди. Биз ҳеч бир масалани тинчгина ҳал қила олмаганимиз туфайли мақсадларимни тушунтириш ниятида уларга бир нечта хат ёздим. Шунда, дадамнинг жаҳли чиқиб: «Агар иш топа оламан, деб ўйласанг, эртагача топ, йўқса бу уйдан чиқиб кет»,— деб дўқ қилди. Бу муаммони Яҳовага айтдим. Эртаси куни эса, хизматга чиққанимда иккита опамиз уларнинг фарзандларига репетиторлик қилишимни сўрашди. Дадам бундан хурсанд бўлмади. Қайтанга, у мен билан умуман гаплашмай, ҳатто назар-писанд ҳам қилмай қўйди. Бир марта эса ойим менга, Яҳованинг Шоҳиди бўлганимдан кўра, фоҳиша бўлганим яхшироқ, деб айтди.

Яҳова фикрлаш тарзимни ўзгартирди ва қайси йўлдан юришим кераклигини кўришга ёрдам берди

Баъзида шундай ўйлаб қолардим: «Наҳотки Яҳова ота-онамга қарши чиқишимни хоҳлайди?» Лекин кўп ибодат қилиб, Муқаддас Китобдан Яҳованинг севгиси ҳақида билиб олганимда, синовларга ижобий қарай бошладим. Шунингдек, бу қаршиликлардан ота-онам менга қайғураётганини тушундим. Ҳа, Яҳова фикрлаш тарзимни ўзгартирди ва қайси йўлдан юришим кераклигини кўришга ёрдам берди. Бундан ташқари, хизматда қанча кўп қатнашсам, шунча кўп қувонч ҳис қилардим. Шу йўсин, кашшофлик хизматини мақсад қилиб олдим.

КАШШОФЛИК ХИЗМАТИ

Кашшоф бўлиб хизмат қилишни хоҳлаётганимни билган айрим опа-сингиллар, ота-онам тинчлангунича, кутиб туришни маслаҳат беришди. Мен Яҳовадан донолик сўрардим, тадқиқ қилиб, ниятларимни текширардим ва маънан етук имондошлар билан суҳбатлашардим. Ўшанда Яҳовани кўпроқ мамнун этишим кераклигини тушундим. Қолаверса, кашшофлик хизматини орқага сурсам, бу, ота-онамнинг муносабати ўзгаришига кафолат бермаслигини англадим.

Мактабни тугатишимга бир йил қолганида, кашшофлик хизматини бошладим. Бироз вақтдан сўнг, эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилишни ўзимга мақсад қилиб қўйдим. Лекин ойим билан дадам уйдан кетишимни хоҳлашмасди. Шу сабабли, 20 ёшга тўлишимни кутдим. Кейин, ойимни хавотирга солмаслик учун, мени қариндошларимиз яшайдиган жойга, жанубий Японияга хизматга тайинлашларини филиалдан сўрадим.

Яҳова бу хизматимга барака ёғдирди. Мен кўпларга ҳақиқатни қабул қилишга ёрдам бердим ва улар сувга чўмишди. Шунингдек, хизматимни кенгайтириш учун инглиз тилини ўрганишни бошладим. Жамоатимизда иккита махсус кашшоф биродар хизмат қиларди. Мен уларнинг шижоатини ва бошқаларга бўлган севгисини кўриб, махсус кашшофликни мақсад қилиб олдим. Бу вақт ичида ойим икки марта оғир касал бўлиб қолди. Шу сабабли, унга ғамхўрлик қилиш учун икки марта уйга бориб келдим. Бундан ойим роса ҳайрон қолди ва менга бўлган муносабатини ўзгартирди.

БАРАКА УСТИГА БАРАКА

Етти йилдан сўнг, юқорида айтиб ўтилган иккита махсус кашшофдан бири — Атсушидан хат олдим. У турмуш қуриш нияти борлигини айтиб, ҳозирги вазиятим ва ҳис-туйғуларим ҳақида сўради. Лекин Атсушига нисбатан ишқий туйғуларим умуман йўқ эди ва у мени ёқтиради, деб ҳам ўйламагандим. Бир ой ўтгач эса у билан яқинроқ танишишни истаётганим ҳақида ёзишга қарор қилдим. Биз кўпгина ўхшаш томонларимиз борлигини билиб олдик. Масалан, икковимиз ҳам Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишни хоҳлардик. Вақт ўтиб, турмуш қурдик. Тўйимизга ойим, дадам ва бошқа қариндошларимиз келганидан қанчалар қувонганимни билсангиз эди!

Непал

Биз ҳали доимий кашшоф бўлиб хизмат қилиб юрганимизда, Атсушини туман нозирининг  ўринбосари этиб тайинлашди. Кўп ўтмай, Яҳова яна барака ёғдирди. Бошида махсус кашшоф сифатида хизмат қилдик, кейин эса Атсушини туман нозири қилиб тайинлашди. Барча жамоатларга ташриф буюрганимиздан сўнг, филиалдан қўнғироқ қилишди. Нега дейсизми? Бизга кўчма нозирлик хизматини Непалда давом эттиришни таклиф қилишди.

Бир нечта мамлакатда хизмат қилганимда, Яҳовани янада яхшироқ билиб олдим

«Ота-онам шундай узоқ жойга боришимга қандай қарашар экан?» — деб хаёлимдан ўтказдим. Сўнг, уларга қўнғироқ қилдим. Шунда дадам: «Сизлар ажойиб жойга кетяпсизлар»,— деб айтди. Негаки, бундан бир ҳафта олдин дадамнинг бир дўсти унга Непал ҳақида китоб берганди ва дадам у ерга албатта бориш керак, деб ўйлаганди.

Хурсандчилик ила непалликлар билан хизмат қилганимизда Яҳова бизга яна барака берди. Непалдан кўп жиҳатлари билан ажралиб турадиган, лекин ундан унча узоқ бўлмаган Бангладеш ҳам ҳудудимизга қўшилди. Бу ерда ваъзгўйлик фаолияти ўзгача эди. Беш йилдан сўнг эса яна Японияга қайтиб, туман нозири сифатида хизматимизни давом эттирдик. Хизматимиздан жуда хурсандмиз.

Япония, Непал, Бангладеш каби мамлакатларда хизмат қилганимда, Яҳовани янада яхшироқ билиб олдим! Ҳар бир мамлакатнинг келиб чиқиши, маданияти ва у ердаги ҳар бир инсон ўзгачадир. Яҳова инсонларга шахсан Ўзи ғамхўрлик қилганини, уларни эшитганини, ёрдам берганини ва уларга барака ёғдирганини кўрдим.

Яҳова менга Ўзини танитиб, қизиқарли топшириқ ва зўр умр йўлдош бериб, Ўз марҳаматини кўрсатди. Худо тўғри қарорлар қилишимга кўмаклашди ва ҳозир Яҳова ҳамда оилам билан муносабатларим яхши. Яҳова туфайли ойим билан олдингидек яқин дугоналармиз. Мен Худо ва ойим билан муносабатларим яхши бўлганидан жудаям хурсандман!

Кўчма нозирлик хизмати бизга катта қувонч бахш этяпти