Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2015

Ўсмир болангизни Яҳовага хизмат қилишга ўргатинг

Ўсмир болангизни Яҳовага хизмат қилишга ўргатинг

Исо ўсиб-улғаяр ва борган сайин донолиги ошарди. Тангрининг ва одамларнинг назарида илтифотга сазовор бўларди. ЛУҚО 2:52

ҚЎШИҚЛАР: 41, 11

1, 2. а) Боласи ўсмир ёшга етганда, айрим ота-оналар нимадан ташвишланишади? б) Масиҳий ёшлар ўсмирлик чоғида қай жиҳатдан ривожланишлари мумкин?

МАСИҲИЙ ота-она учун, фарзанди сувга чўмишини кўриш ниҳоятда қувончлидир. Тўртта боласи 14 ёшга кирмай туриб сувга чўмган Береника опамиз қуйидагича бўлишди: «Бу, барчамиз учун ҳаяжонли эди. Албатта, болажонларимизда Яҳовага хизмат қилиш истаги пайдо бўлганидан миннатдормиз. Лекин шу билан бирга, ўсмир фарзандларимиз анчагина муаммоларга дуч келишларини ҳам билганмиз». Ҳа, агар болангиз ўсмир ёки бу ёшга яқинлашиб қолган бўлса, Берениканинг фикр-мулоҳазаларини тушуна оларсиз.

2 Ушбу давр, ота-оналару ўсмирлар учун бирдай қийин кечишини тушунган ҳолда, бир руҳшунос шундай фикр билдирди: «Ўсмирлик — “телбалик” ёки “норасолик” палласи эмас. Аксинча бу, улар ҳиссан ривожланиши, ўзгалар билан дўстлашиши ва ижодий қобилиятлари юзага чиқиши учун муҳим деб ҳисобланадиган даврдир». Фарзандларингиз ўсмирлик чоғида, Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантириши, хизматда арзигулик мақсадлар қўйиб, уларга эришиши ва сувга чўмиб, бунга мувофиқ яшашга интилишлари мумкин. Улар балоғат ёшига  ўтиш даврни, маънан улғайиш учун ўта қулай пайт деб билишар. Зеро, ҳатто Исо ҳам ёш бўлганида, худди шундай қилган (Луқо 2:52 ни ўқинг). Сиз ота-оналар, ушбу энг муҳим жараёнга қандай ҳисса қўшсангиз бўлади? Келинг, Исо вояга етгач, севги, камтарлик ва фаҳм-фаросатни қай йўсин намоён этганини кўриб чиқайлик. Қолаверса, қандай қилиб ушбу фазилатлар ёрдамида ўсмир болангиз Яҳовага хизмат қилишига кўмаклаша оласиз?

ЎСМИР БОЛАНГИЗНИ СЕВГИНГИЗГА ИШОНТИРИНГ

3. Нега Исо ҳаворийларини дўстлари деб атаган?

3 Қадимда, хўжайин учун ўз фикрлари ва ҳиссиётларини қуллари билан бўлишиш одатий ҳол эмас эди. Бироқ Исо, садоқатли ҳаворийлари учун нафақат хўжайин, балки дўст эканини ҳам исботлаган. Чунки улар билан бирга вақт ўтказган, туйғуларини баҳам кўрган ва улар юрагидагини тўкиб-солишганда, диққат ила тинглаган (Марк 6:30–32). Шу сингари меҳрга тўла суҳбатлар, Исо билан ҳаворийлари ўртасида яқин муносабатларга замин яратган ва Худонинг хизматидаги бўлажак масъулиятли вазифалар учун уларни тайёрлаган. Ҳа, Исо меҳрибон ва содиқ дўст бўлган (Юҳанно 15:15 ни ўқинг).

4. Қандай қилиб сиз ота-она сифатида ҳурматингизни йўқотмай, болангизга дўст бўла оласиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

4 «Тўғри, болаларимизнинг тенгдоши бўла олмаймиз, бироқ уларнинг дўсти бўлишимиз мумкин»,— деб айтди иккита фарзанднинг отаси Майкл. Маълумки, дўстлар биргалашиб вақт ўтказишади. Болаларингиз билан кўпроқ вақт ўтказиш учун, ишингиз ёки бошқа қизиқишларингиз борасида қандай ўзгаришлар киритиш кераклиги тўғрисида ибодат ила мулоҳаза юритинг. Қолаверса, дўстлар бир хил нарсалар билан қизиқишади. Шу боис, ўсмир болангизга нима ёқишини, яъни севимли мусиқа, кино ёки спорт ўйинларини аниқлаб, бундан биргаликда завқланинг. Италияда яшовчи Илариа шундай деди: «Ота-онам, мен тинглайдиган мусиқа билан қизиқишарди. Биласизми, дадам энг яқин дўстимга айланган, биз ҳатто нозик масалалар ҳақида ҳам у билан бемалол гаплаша олардик». Ўсмир фарзандингизга дўст бўлиш, ота-она сифатида ҳурматингизни йўқотиш дегани эмас, аксинча Яҳова билан ҳам яқиндан дўстлашишига кўмаклашасиз (Ҳик. 3:32). Дарҳақиқат, унга севги ва ҳурматингизни кўрсатиб, у сизга осонликча мурожаат қилишига имкон яратасиз. Шунингдек, болангиз ўз ташвишларини ҳам сиз билан бўлишиши эҳтимолдан йироқ эмас.

5. Қандай қилиб Исо, шогирдлари Яҳованинг хизматида банд бўлиб, қувончга тўлишларига ёрдам берган?

5 Исо, суюкли шогирду дўстлари Яҳованинг хизматида банд бўлиб, бундан қувончга тўлишларини истаган. Исо, улар маънавий ишларда ҳамда шогирд тайёрлаш фаолиятида ғайрат ила қатнашишларини хоҳлаган. У, шогирдларини муваффақият қозонишга кўмаклашишида севги ила ишонтирган (Мат. 28:19, 20).

6, 7. Нега меҳрибон ота-оналар маънавий ишларни ташкил этиб, улар билан банд бўлишади?

6 Шубҳасизки, балоғат ёшидаги болангиз маънан соғлом бўлишини истайсиз. Аллоҳ ҳам фарзандларингизга «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини уларга пайванд қилишингизни» хоҳлайди (Эфес. 6:4). Шундай экан, Худо сизга ато этган масъулиятдан фойдаланиб, маънавий ишларни ташкил этинг ва улар билан банд бўлинг. Масалан, болангиз учун мактабда таълим олиш ўта муҳимлигини биласиз ҳамда ўқишга нисбатан меҳр боғлашини хоҳлаб, унга таълим беришга жон куйдиряпсиз. Худди шундай, меҳрибон ота-оналар боласига Яҳованинг фикрлаш тарзини пайванд қилиш фойдали эканини тушуниб, жамоатлар ва бошқа маънавий дастурлар орқали унга таълим беришга интилишади. Ҳа, илоҳий таълим ниҳоятда муҳим экан, фарзандингиз маънавий нарсаларни севишига ва доноликни қадрлашига жон куйдириш арзийди (Ҳик. 24:14).  Исо шогирдларига ёрдам берганидай, болангиз хизматда муваффақиятли бўлиши учун Худонинг Каломидаги таълимотларга нисбатан севгисини оширишга ва воизлик хизматини яхши кўришларига ҳисса қўшишга урининг.

7 Маънавий ишлар билан доим банд бўлиш ёшларга қандай ёрдам беради? Жанубий Африкадаги Эрин қуйидагича деди: «Биз болалар Муқаддас Китоб тадқиқи, йиғилишлар ва хизматдан тез-тез нолиб турардик. Оилавий топинишимиз бўлмасин, деб баъзида атайин бир нимани ўйлаб топардик. Бироқ ота-онамиз асло бўш келмасди. Бундай таълим-тарбия туфайли матонатли бўлишга ўргандим. Ҳозир эса, маънавий ишларим билан боғлиқ бирон нима амалга ошмай қолса, имкон борича уни дарров қилишга уринаман. Фикримча, ота-онам маънавий ишлар билан мунтазам банд бўлишимизга шунчалик қатъий туришмаганида, бундай тиришқоқликни ривожлантира олмасдим. Улар бўш келишганида эди, учрашувларга бормаслик ёки бошқа маънавий ишларни қилмаслик мен учун ҳеч гап бўлмай қоларди».

ЎРНАГИНГИЗ БИЛАН КАМТАРЛИККА ЎРГАТИНГ

8. а) Исо имкониятлари чегараланганини қай йўсин тан олган? б) Исонинг камтарлиги шогирдларига қандай таъсир қилган?

8 Исо мукаммал бўлганига қарамай, имкониятлари чегараланганлигини тан олиб, Яҳовага таянган (Юҳанно 5:19 ни ўқинг). Камтарлиги туфайли, шогирдларининг унга нисбатан ҳурмати камайганми? Асло. Дарҳақиқат, Исо қанча кўп Яҳовага таянган бўлса, улар шунча кўп унга ишонишган. Кейинчалик, улар устозининг камтарлигига тақлид қилишган (Ҳавор. 3:12, 13, 16).

9. Камтарлик ила кечирим сўраб, имкониятларингиз чегараланганини тан олсангиз, ўсмир болангизга бу қандай таъсир қилади?

9 Бизнинг ҳам кўпгина жиҳатдан имкониятларимиз чегараланган ва Исодан фарқли равишда, биз гуноҳкормиз ва хатолар қилиб турамиз. Буни камтарлик ила тан олиб, хатоларингизда иқрор бўлинг (1 Юҳан. 1:8). Ахир, сиз кимни кўпроқ ҳурмат қиласиз: адашса тан оладиган бошлиқними ёки ҳеч қачон кечирим сўрамайдиганиними? Шу каби, ўсмир фарзандингиз қилган хатоингиз учун кечирим сўзларини эшитса, сизга бўлган ҳурмати ошиши турган гап. Ўшанда, у ҳам ўз қилмишларини тан олишга одатланади. Учта болани катта қилган Розмари шундай деди: «Хатоларимизни тан олишга ҳаракат қилганмиз. Бу туфайли, жигарбандларимиз муаммоларга дуч келишганда, буни очиқчасига айтишарди. Имкониятларимиз чегараланганини тушунганмиз, шу боис болаларимизга муаммоларининг энг яхши ечимини қаердан топиш мумкинлигини ўргатганмиз. Улар ёрдамга муҳтож бўлишганда, биз доим уларни адабиётларимизга йўналтирардик ва бирга ибодат қилардик».

10. Исо издошларига бирон нима буюрганда, қай йўсин камтарликни намоён этган?

10 Исо издошларига бирон нима буюришга ҳақли бўлса-да, у йўл-йўриқ берганда, кўпинча бунинг сабабларини ҳам камтарлик ила келтирарди. Масалан, у шогирдларига Самовий Шоҳлик ва Худонинг адолати ҳаётларида биринчи ўринда бўлишини айтибгина қолмай: «Ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади»,— деб қўшиб қўйган. «Ҳеч кимни ҳукм қилманглар»,— дегандан сўнг эса, Исо қуйидаги сабабни келтирган: «Сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади» (Мат. 6:31–7:2).

11. Ўринли бўлганда, ўрнатган қоида ёки чиқарган қарорингизнинг сабабларини тушунтириш нега яхши?

11 Ўринли бўлганда, ўрнатган қоида ёки чиқарган қарорингизнинг сабабларини тушунтиринг. Ўсмир болангиз ўша масала борасида нуқтаи назарингизни фаҳмласа, сизга чин юракдан бўйсуниши эҳтимолга яқинроқ. «Сабабларни айтиш, ўсмирлар сизга кўпроқ ишонишларига кўмаклашади. Чунки улар, сиз қарорларни ўзингизча ёки ўжарлик ила эмас, пухта ўйлаб чиқарганингизни  тушунишади»,— деди тўртта болани вояга етказган Бэрри. Шунда ўсмирлар ҳам катта бўлгани сари ўз «ақлини ишга солишни» ўрганишади (Рим. 12:1). Бэрри: «Ўсмир болалар ҳис-туйғуларга эмас, ақлга асосланиб доно қарорлар чиқаришга ўрганишлари лозим»,— деб тушунтирди (Заб. 118:34). Ўз қарорларингизнинг сабабларини камтарлик билан айтинг. Шунда, ўсмир фарзандингиз улғайиб бораётганини тушунаётганингизни кўрсатасиз ва у ақлини ишга солиб, шахсий қарорлар чиқаришга одатланади.

ЎСМИР БОЛАНГИЗНИ ТУШУНИШДА ФАҲМ-ФАРОСАТЛИ БЎЛИНГ

12. Исо Бутрусга ёрдам бериш мақсадида фаҳм-фаросатни қандай ишга солган?

12 Исо фаҳм-фаросатли бўлиб, шогирдлари қандай ёрдамга муҳтож эканини тушунарди. Масалан, ҳаворий Бутрус яхши ниятлар ила Исо тирик қолиши учун, ўзига раҳм қилишга ундаган. Аммо у, Бутрус нотўғри фикрлагани учун бундай гапларни айтганини тушунган. Унга ва бошқа шогирдларига ёрдам бериш мақсадида, Исо тўғридан-тўғри маслаҳат бериб, худбинлик оқибатларини ва фидойилик баракаларини таъкидлаб ўтган (Мат. 16:21–27). Натижада, Бутрус сабоқ олган (1 Бутр. 2:20, 21).

13. Болангизнинг маънавийлиги қай аҳволда эканини қандай аниқлай оласиз?

13 Яҳовадан фаҳм-фаросатли бўлишингизни сўранг, шунда ўсмир жигарбандингиз қанақа ёрдамга муҳтож эканини тушунасиз (Заб. 31:8). Мисол учун, болангизнинг маънавийлиги қай аҳволда эканини қандай аниқлай оласиз? Эҳтимол, унинг кайфияти ёмон, имондошларини танқид қиладиган ёки одамови бўлиб қолгандир. Болангиз икки хил ҳаёт кечиряпти ва ҳатто жиддий гуноҳга қўл урган, деб хулоса қилишга шошманг *. Бошқа томондан, бундай аломатларга кўз юмманг ёки ўсмирнинг яккаланиб қолиши вақтинча деб бепарво бўлманг.

Болангиз жамоат ичидан дўстлар орттиришига имконият яратинг (14- хатбошига қ.)

14. Қандай қилиб фаҳм-фаросат ила ўғил ёки қизингизни тушуниб, чинакам ёрдам бера оласиз?

14 Исо каби меҳр ва ҳурмат ила саволлар беринг. Агар челак қудуқ ичидан тезда тортиб олинса, сувнинг анчагинаси тўкилиб кетади. Шу сингари, ўсмирларга кучли босим ўтказсангиз, фикр-мулоҳазаларини билиб олишдек қулай фурсатни қўлдан бой  бериб қўясиз (Ҳикматлар 20:5 ни ўқинг). Юқорида эслатилган Илариа шундай деди: «Ўсмирлик чоғимда, ҳақиқат йўлида юриш ва кўпроқ вақтни синфдошларим билан ўтказиш истаги орасида сарсону саргардон эдим. Ичимдаги ушбу кураш кайфиятимга таъсир қилган ва ота-онам буни пайқаб қолган. Бир сафар, тушкун аҳволда эканимни сезиб, улар бунинг сабабини суриштиришди. Мен ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юбордим ва вазиятни тушунтириб, ёрдам беришларини сўрадим. Улар мени қучоқлаб олиб, барчасини тушунаётганларини айтишди ва қўллаб-қувватлашга ваъда беришди». Иларианинг ота-онаси унга дарҳол ёрдам беришга киришиб, жамоатда янги ҳамда яхши дўстлар орттиришига ҳисса қўшишган.

15. Исо бошқалар билан муомала қилаётганда, фаҳм-фаросатни қандай намоён этганини тушунтиринг.

15 Исо шунингдек, шогирдларига қандай ёрдам кераклигини ва уларнинг кучли тарафларини ҳам кўришда фаҳм-фаросатли эди. Масалан, Натанаил Исонинг носиралик эканини эшитганида: «Носирадан ўзи бирон яхшилик чиққанми?» — деб айтган (Юҳан. 1:46). Хўш, Натанаилни қандай баҳолайсиз? Уни танқидчи, юз-хотирчи ёки имони суст дейсизми? Исо фаҳм-фаросатни намоён этган ва Натанаилнинг яхши томонларини кўриб, у ҳақида: «Ҳақиқий исроиллик, унда ҳечам айёрлик йўқ»,— деган (Юҳан. 1:47). Исо юракларни кўра билган ва шу туфайли бошқаларнинг яхши томонларини аниқлай олган.

16. Ўсмир болангиз яхши фазилатларни ривожлантиришига қандай кўмаклаша оласиз?

16 Тўғри, сиз юракларни кўра олмайсиз, лекин Аллоҳнинг кўмаги билан фаҳм-фаросатни намоён этишингиз мумкин. Сиз ҳам ўсмир болангизнинг яхши томонларини кўришга ҳаракат қиляпсизми? Ҳеч биримиз «бузғунчи» тамғасини олишни истамаймиз. Шундай экан, на ўй ва на сўзда ўғил ёки қизингизга «қўзғолончи» ёхуд «тўполончи» каби тамғаларни асло босманг. Ҳатто у ўзини яхши тутмаётган бўлса-да, унинг имкониятларию чин дилдан яхшилик қилиш истаги борлигидан хабардор эканингизни унга билдиринг. Улғайиш ҳамда ривожланишнинг ҳар қандай белгиларни назардан четда қолдирманг ва уни мақтаб туринг. Имкон бўлганда, унга кўпроқ масъулият топшириб, яхши фазилатлари равнақ топишига кўмаклашинг. Исо Масиҳ ҳам шогирдлари билан худди шундай йўл тутган. Натанаил (бошқача исми Бартолмей) билан бўлган учрашувдан тахминан бир ярим йил ўтгач, Исо уни ҳаворий сифатида танлаган ва у ғайратли масиҳий эканини тасдиқлаган (Луқо 6:13, 14; Ҳавор. 1:13, 14). Мақтов ва далдали сўзларингиз, жигарбандингиз ўзини кераксиздай эмас, аксинча Яҳованинг йўлида қобилиятли масиҳий сифатида билишига ёрдам беради.

ЧЕКСИЗ ҚУВОНЧ КЕЛТИРАДИГАН ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ

17, 18. Ўсмир болангиз Яҳовага хизмат қилиши учун қатъий ҳаракатларингиз қандай натижа келтиради?

17 Бола тарбиялар экансиз, ўзингизни гоҳида ҳаворий Павлус каби ҳис этишингиз мумкин. Зеро у ҳам бисёр кишилар учун худди отадай бўлган. Павлус «ниҳоятда қайғуриб, юрак изтиробга» дуч келган, сабаби Коринфдаги болаларидай бўлиб қолган имондошларини «қаттиқ севган» (2 Кор. 2:4; 1 Кор. 4:15). Иккита ўғил ва битта қизни катта қилган Виктор шундай деб бўлишди: «Болаларимизнинг ўсмирлик чоғлари осон кечмади. Шундай бўлса-да, биз дучор бўлган қийинчиликларни яхши дамлар қоплаб кетди. Яҳованинг кўмагида фарзандларимиз билан қалин дўстларга айланганмиз».

18 Жигарбандларингизни Яҳовага хизмат қилишга ўргатаётиб, тинмай меҳнат қилишда давом этинг. Уларни қаттиқ севишингизни билдирсангиз, улар Худога хизмат қилаётгани ва «ҳақиқат йўлида юраётган» маънавий болалар қаторида эканини кўриб бениҳоя қувонасиз (3 Юҳан. 4).

^ 13- х.б. Ота-оналар, «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» китобининг (рус) 1- жилди, 317- саҳ. ҳамда 2- жилди, 136–141- саҳ. қараши мумкин.