Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Ноябрь 2015

 ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

«Қуёш остидаги ҳеч нарса сизни тўхтатмасин!»

«Қуёш остидаги ҳеч нарса сизни тўхтатмасин!»

1931 йилнинг баҳори. Париждаги машҳур Плейель концерт залининг вестибюли 23 та мамлакатдан келган кишилар билан лиқ тўла. Кўплаб таксилар дид билан кийинган йўловчиларни залнинг олдида туширишди ва у тез орада тўлди. Деярли 3 000 киши концертга эмас, балки ўшанда ваъзгўйлик ишига бошчилик қилган Жозеф Рутерфордни тинглагани келишди. Унинг таъсирчан нутқлари француз, немис ва поляк тилларига таржима қилиняпти. Рутерфорд биродаримизнинг жарангдор овози бутун зал бўйлаб таралмоқда.

Парижда ўтган бу анжуман, Франциядаги воизлик иши учун кескин ўзгариш пайти бўлган. Рутерфорд биродаримиз турли халқ вакилларидан иборат тингловчиларни, айниқса ёш масиҳийларни, Францияда китоб тарқатувчилар сифатида хизмат қилишга ундаган. Ўшанда ўсмир бўлган англиялик Жон Кук биродаримиз қуйидаги тўлқинлантирувчи чорловни асло унутмайди: «Азиз ёшлар, китоб тарқатувчи бўлишдан қуёш остидаги ҳеч нарса сизни тўхтатмасин!» *

Кейинчалик тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган Жон Кукдан ташқари яна кўплаб кишилар ушбу чорловга қулоқ тутишган (Ҳавор. 16:9, 10). Чиндан ҳам, Францияда бор-йўғи бир йил ичида ажойиб тарзда ўсиш кузатилган. 1930 йили 27 та китоб тарқатувчи бўлган бўлса, 1931 йили уларнинг сони 104 кишига етган. Ушбу илк кашшофларнинг аксарияти француз тилини билишмаган бўлса, тил, пул камлиги ва ваъзгўйларнинг тарқоқлиги билан боғлиқ муаммоларни қандай енгишган экан?

ТИЛ МУАММОСИНИ ЕНГИШ

Чет эллик китоб тарқатувчилар Шоҳлик хабарини бошқаларга айтаётиб, ваъз қилиш учун карточкалардан фойдаланишган. Парижда жасорат ила ваъз қилган немис тилида сўзлашувчи биродаримиз шундай бўлишди: «Худо ҳамма нарсага қодир эканини билардик. Хизматда иштирок этаётганимизда, юрагимиз така-пука бўларди. Аммо бу, одамлардан қўрққанимиз учун эмас, балки қисқагина: “Voulez-vous lire cette carte, s’il vous plaît? [Марҳамат, бу карточкани ўқиб кўринг]”,— деган гапни унутишдан чўчиганимиз учун содир бўларди. Ҳа, ишимиз ниҳоятда муҳим эканида амин эдик».

Илк китоб тарқатувчилар, Франция бўйлаб хушхабарни эълон қилиш учун велосипед ва мотоцикллардан фойдаланишган

Кўп қаватли биноларда ваъз қилишаётганда, китоб тарқатувчиларни одатда швейцарлар (бинолар кираверишида қоровуллик қилувчи кишилар) ҳайдаб чиқаришарди. Бир куни, француз тилини деярли билмайдиган иккита англиялик опамиз жаҳлдор швейцарга дуч келишди. У опаларимиздан кимни кўрмоқчи эканларини сўради. Ғазабга минган швейцарни тинчлантиришга уринаётиб, опаларимиздан бири эшикка осилган кичкина тахтачани кўриб қолди. Унга: «Tournez le bouton [Қўнғироқни босинг]»,— деб ёзилган эди. Бу, уй эгасининг исми бўлса керак деган хаёлга бориб, у дадиллик билан: «“Tournez le bouton”  хонимнинг ёнига келдик»,— деб айтди. Ҳазилкашлиги ушбу ғайратли китоб тарқатувчиларга жуда асқатган!

КАМБАҒАЛЛИК ВА ТАРҚОҚЛИК УЛАРНИ ТЎХТАТА ОЛМАДИ

1930 йиллари Францияда аксарият одамлар камбағал бўлган ва чет эллик китоб тарқатувчилар ҳам шундай аҳволда эди. Масалан, Мона Брозка исмли инглиз забон опамиз, ҳамкори билан нималарни бошдан кечиргани ҳақида қуйидагиларни айтди: «Биз ҳамма қатори оддийгина ҳаёт кечирардик ва энг катта муаммолардан бири, қишда исиниш эди. Биз турадиган хона жуда совуқ бўлгани учун, челакдаги сувнинг усти муз билан қопланарди. Эрталаб музни ёриб, ўша сувда юз-қўлимизни ювар эдик». Бу илк кашшофлар қулайликлар бўлмагани учун тушкунликка тушишганми? Асло! Улардан бири кўпчиликнинг туйғуларини акс эттириб, шундай деди: «Ўзимизда ҳеч нарса йўқ эди, аммо муҳтожлик ҳам кўрмадик» (Мат. 6:33).

1931 йили Парижда ўтган анжуманга келган англиялик кашшофлар

Жасоратли китоб тарқатувчилар ваъзгўйларнинг тарқоқлиги билан боғлиқ муаммони ҳам енгишларига тўғри келган. 1930 йилларнинг бошида, Францияда ваъзгўйлар сони 700 дан ошмаган ва уларнинг аксарияти мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган эди. Хўш, олисда бўлган китоб тарқатувчиларга қувончни сақлашларига нима ёрдам берган? Шериги билан бундай муаммога дуч келган Мона, шундай тушунтирди: «Жамиятимиз адабиётларини биргаликда мунтазам тадқиқ қилиб, соғинч ҳисси билан курашардик. Ўша пайтлари такрорий ташриф ва Муқаддас Китоб тадқиқлари ўтказилмасди. Шунинг учун кечқурун оила аъзоларимизга ва айниқса бошқа кашшофларга хат ёзиб, қизиқарли воқеаларни бўлишардик ҳамда бир-биримизга тасалли берардик» (1 Салон. 5:11).

Ушбу фидойи китоб тарқатувчиларнинг филиалга юборган хатларидан, улар қийинчиликларга қарамай ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолишганини кўриш мумкин. Баъзилар Францияда хизмат қилганидан ҳатто ўнлаб йиллар ўтгандан кейин ҳам ажойиб хотиралари билан бўлишишган. Масалан, 1931–1935 йилларда эри билан Францияни бошдан-оёқ айланиб чиққан Энни Крегин исмли мойланган опамиз, ўша пайтларни ёдга олиб, қуйидагиларни ёзган: «Ғоят бахтиёр ва турли воқеаларга бой ҳаёт кечирдик! Биз кашшофлар, апоқ-чапоқ эдик. Ҳаворий Павлус айтганидай, “мен экканман, Аполлос суғорган, аммо ўстирган Худодир”. Узоқ йиллар илгари одамларга ёрдам бериш имконига эга бўлганимиз жуда ажойибдир» (1 Кор. 3:6).

Ўша илк кашшофлар, ҳозир хизматни кенгайтириш ҳақида ўйлаётганлар учун чидам ва ғайрат бобида зўр ўрнак қолдиришган. Бугунги кунда, Францияда қарийб 14 000 та доимий кашшоф бор. Уларнинг кўпчилиги ўзга тилдаги гуруҳ ёки жамоатларда хизмат қилишмоқда *. Улар, илк кашшофлар сингари қуёш остидаги ҳеч нарса хизматига тўсқинлик қилишига йўл қўйишмаяпти! (Ташкилотимизнинг Франциядаги архивидан.)

^ 4- х.б. Франциядаги поляк муҳожирлар олиб борган ваъзгўйлик фаолияти тўғрисида «Қўриқчи минораси»нинг 2015 йил 15 август сонидаги «Ҳақиқатни билишингиз учун Яҳова сизларни Францияга етаклаган» номли мақолага қ.

^ 13- х.б. 2014 йили, 900 дан ошиқ ўзга тилдаги жамоат ва гуруҳлар Франция филиалининг назорати остида фаолият юритишган. Улар 70 та турли тилда ҳақиқатга чанқоқ кишиларга ёрдам беришган.