Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2015

Яҳова севги Худосидир

Яҳова севги Худосидир

Аллоҳнинг Ўзи севгидир. 1 ЮҲАН. 4:8, 16

ҚЎШИҚЛАР: 18, 51

1. Аллоҳнинг энг олий фазилати қайси ва буни билиш сизда Унга нисбатан қандай туйғуларни уйғотмоқда?

МУҚАДДАС КИТОБДА: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб айтилган. Дарҳақиқат, севги шунчаки Унинг кўплаб ажойиб фазилатларидан бири эмас, балки «Аллоҳнинг Ўзи севгидир» (1 Юҳан. 4:8). У, Худонинг фазилатлари ичида энг олийсидир. Яҳова нафақат уни намоён этади, Унинг Ўзи севги тимсоли. Коинот ва бутун жонзотнинг Яратувчиси — севги Худоси эканини билиш, нақадар ажойиб! Унинг барча ишлари ортида севги туради.

2. Худонинг севгиси бизни нимада ишонтирмоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

2 Худонинг яратганларига бўлган кучли меҳр-муҳаббати Унинг инсоният учун қилган барча ниятлари, энг аъло йўл билан амалга ошишида бизни ишонтирмоқда. Қолаверса бу, Унинг бошқаруви остидаги ҳаммага улкан фойда келтиради. Масалан, севгиси туфайли Яҳова «Ўзи тайинлаган зот [Исо Масиҳ] орқали, бутун ер юзини адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилаб қўйган» (Ҳавор. 17:31). Бу кун келишида  юз фоиз амин бўлишимиз мумкин. Зеро бу ҳукм натижасида, одил ва итоаткор инсонлар қут-баракаларга тўла абадий ҳаётга эришишади.

ТАРИХ НИМАНИ ИСБОТЛАДИ?

3. Агар Худо инсониятни севмаганида, ҳаёт қанақа бўларди?

3 Агар Худо инсониятни севмаганида, ҳаёт қанақа бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-а?! Бунинг учун, меҳрсиз ва шафқатсиз Шайтон Иблиснинг таъсири остида инсонлар бошқараётган бу дунёнинг даҳшатли тарихига назар солишнинг ўзи кифоя (2 Кор. 4:4; 1 Юҳан. 5:19; Ваҳий 12:9, 12 ни ўқинг). Бундан кўриняптики, Тангри Таоло одамзодни севмаганида, келажагимиз ниҳоятда қўрқинчли бўларди.

4. Нега Яҳова Унинг одил бошқарувига қарши чиқишларига изн берди?

4 Иблис Яҳованинг бошқарувига қарши исён кўтарганида, илк жуфтликни ҳам худди шундай йўл тутишга ундади. У, Худонинг ҳукмронлиги қонуний ва адолатли эканини шубҳа остига қўйди. Шу йўсин Шайтон, унинг бошқаруви Яратувчиникидан яхшироқ бўлишига даъво қилди (Ибт. 3:1–5). Яҳова, Шайтонга мунозарали масалада ўз нуқтаи назарини исботлашга изн берган бўлса-да, бу вақтинчалик эди. Мислсиз донолиги ила Яҳова, ҳеч бир бошқарув Уникига тенг кела олмаслигини очиқ-ойдин кўрсатиш учун етарлича вақт ажратди. Инсониятнинг аянчли тарихидан ошкор бўлганидай, на одамлар ва на Шайтон биз аслида муҳтож бўлган бошқарувни тақдим эта олади.

5. Инсоният тарихи нимани аниқ кўрсатди?

5 Ўтган 100 йилнинг ўзидаёқ, халқлар ўртасидаги урушларда 100 миллиондан ошиқ одам ҳалок бўлди. Бугунги кунда, дунёдаги аҳвол борган сари ёмонлашяпти. Аллоҳнинг Каломидаги башоратга кўра, ушбу охирзамонда «ёмон инсонлар ва ёлғончилар... тобора разиллашиб борадилар» (2 Тим. 3:1, 13). Муқаддас Китобдаги: «Эй Эгам, биламан, одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди, ўз қадамини ўзи бошқара олмайди»,— деган сўзлар айни ҳақиқат экани тарих давомида тасдиқланиб келяпти (Ерм. 10:23). Шубҳасизки, Яҳова инсониятни Ундан мустақил равишда ўзини бошқариш қобилияти ёки ҳуқуқи билан яратмаган.

6. Узоқ келажакка тааллуқли қайси ниятни кўзлаб, Худо ёвузликка йўл қўйган?

6 Худо ёвузликка вақтинчалик йўл қўйганида, инсоний бошқарув қанчалик беҳуда эканини кўрсатишдан ташқари, узоқ келажакка тааллуқли бошқа ниятни ҳам кўзлаган. Бу туфайли, фақатгина Худонинг бошқаруви муваффақиятли бўла олиши яққол исботланяпти. Яҳова ёвузлик ва унинг сабабчиларини йўқ қилгач, кимдир У севги ила ҳукмдорлик қилаётганини яна шубҳа остига қўйса, У шу заҳотиёқ чора кўради. Яҳова одамзод тарихини далил сифатида келтириб, бундай исёнкорларни тезда бартараф этиши ва улар ёвузлик қилишига қайта изн бермаслиги мумкин бўлади.

ЯҲОВА НАМОЁН ЭТГАН СЕВГИ

7, 8. Яҳова севгисини қай йўсин намоён этяпти?

7 Яҳова улкан севгисини турли йўллар билан кўрсатиб келган. Мисол учун, бепоён коинотни олайлик. Ундаги миллиардлаб галактикаларнинг ҳар бирида миллиардлаб юлдузлару сайёралар мавжуд. Галактикамиздаги сайёралардан бири Қуёш бўлиб, усиз ер юзидаги турли-туман ҳаёт шакллари мавжуд бўла олмасди. Яҳованинг барча ижодлари У куч-қудрат, донолик ва севги каби фазилатларга эга Яратувчи эканидан далолат бермоқда. Аллоҳнинг «кўзга кўринмас фазилатлари — абадий қудрати ва илоҳий Шахс эканлиги дунё яратилганидан буён  очиқ кўриниб турибди. Сабаби, инсон яратилган нарсалардан буни билиб олади» (Рим. 1:20).

8 Яҳова, ер юзидаги барча нарсани бутун тирик мавжудот учун фойдали қилиб яратган. У, инсонлар учун ер юзида жаннат боғини барпо қилиб, абадий яшай олишлари учун мукаммал онг ва танани ато этган эди (Ваҳий 4:11 ни ўқинг). Қолаверса, Муқаддас Китобда қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Шукрона айтинг барча жонзотларни озиқлантирадиганга, Унинг содиқ севгиси абадийдир» (Заб. 135:25).

9. Баъзан Яҳова нималарни ҳис қилади ва нега?

9 Яҳова севги Худоси эканини ошкор этиш билан бирга, ёмонликдан нафратланишини ҳам кўрсатган. Масалан, Забур 5:5–7 да Яҳова тўғрисида шундай дейилган: «Қабиҳликдан мамнун бўлмайдиган Худосан,.. Ҳамма бадкирдорларни Сен ёмон кўрасан... Эй Эгам, қонхўр, ёлғончилардан Сен жирканасан».

ЁВУЗЛИКНИНГ СЎНГГИ ЯҚИН

10, 11. а) Ёвуз кимсалар билан нима содир бўлади? б) Яҳова одил кишиларни қандай мукофотлайди?

10 Яҳова севги Худоси бўлгани ва ёвузликдан нафратлангани боис, ҳукмдорлик масаласи Унинг фойдасига ҳал бўлгач, ер юзини, шу жумладан бутун оламни разилликдан тозалайди. Аллоҳнинг Каломида шундай ваъда берилган: «Ёвузлар йўқ қилиб ташланади, Эгамиздан умидворлар юртга эгалик қилади. Тез орада фосиқларнинг куни битади... Эгамиз ғанимлари қирдаги гуллардай қурийди, улар тутун каби тарқалиб, йўқ бўлиб кетади» (Заб. 36:9, 10, 20).

11 Бошқа томондан, Худонинг Каломида: «Солиҳ юртга эгалик қилади, бу юртда тоабад истиқомат қилади»,— деган ваъда ҳам бор (Заб. 36:29). Бундай одил кишилар «мўл бахт-саодатдан баҳраманд бўлади» (Заб. 36:11). Бу албатта рўёбга чиқади, чунки севгига тўла Аллоҳимиз доим Ўз содиқ хизматчилари учун энг фойдали бўлган нарсаларни қилади. Муқаддас Ёзувларда: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди»,— деган сўзларни ўқишимиз мумкин (Ваҳ. 21:4). Ҳа, Яҳованинг севгисини чиндан қадрлаб, Унга Ҳукмдор сифатида бўйсунаётган барчамизни ажойиб келажак кутмоқда!

12. Кимни «айбсиз» ёки бенуқсон киши деса бўлади?

12 Яҳова Каломи орқали бизга шундай демоқда: «Айбсизга эътибор бер, софдилни кузат, тинчликпарварнинг истиқболи ёрқин. Гуноҳкорларнинг ҳаммаси қирилиб битади, фосиқнинг келажаги барҳам топади» (Заб. 36:37, 38). Яҳова ҳамда Унинг Ўғлини таниб-билиб, итоаткорлик ила Унинг иродасини бажараётган кишиларни «айбсиз» ёки бенуқсон деса бўлади (Юҳанно 17:3 ни ўқинг). Бундай кишилар 1 Юҳанно 2:17 да ёзилган қуйидаги сўзларга жиддий ёндашишади: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади, Худонинг иродасини бажараётган киши эса абадий яшайди». Бу дунёнинг якуни яқин экан: «Эгамиздан умид қил, Унинг йўлларини тутгин»,— деган маслаҳатга амал қилиш ўта муҳим (Заб. 36:34).

ХУДО СЕВГИСИНИНГ УЛКАН ТАСДИҒИ

13. Яҳова гуноҳкор инсониятга улкан севгисини қай йўсин намоён этган?

13 Номукаммал эканимизга қарамай, Яҳованинг йўлларини тута оламиз. Яҳова улкан севгисини намоён этгани туфайли биз У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз мумкин. У, Исо Масиҳни тўлов қурбонлиги сифатида тақдим этиб, итоаткор инсонлар Одаматодан мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва ўлимдан халос бўлишларига  йўл очиб берди (Римликларга 5:12; 6:23 ни ўқинг). Яҳова, сон-саноқсиз асрлар давомида самода яшаб, Унга содиқ бўлиб келган ягона Ўғлига тўла-тўкис ишонган. Севгига тўла Ота сифатида, ер юзида Исога ноҳақ муносабатда бўлишаётганини кўриш, Худо учун оғир бўлган. Бироқ Исо, Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган ва мукаммал одам энг қийин вазиятларда ҳам Яҳовага бўлган садоқатини сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатган.

Худо севгиси туфайли итоаткор Ўғлини ер юзига юборди (13- хатбошига қ.)

14, 15. Исонинг ўлими туфайли қандай имконият очилди?

14 Исо энг қийин синовлар пайтида ҳам бенуқсонликни сақлаб, Яҳованинг ҳукмдорлигини оқлаган ва Унинг содиқ хизматчиси сифатида ўлган. Қолаверса, Исонинг ўлими туфайли, инсониятни озод этадиган тўлов тақдим этилди ва Аллоҳ ваъда қилаётган янги дунёда абадий яшаш имкони пайдо бўлди. Бунинг учун қанчалик миннатдор бўлишимиз керак-а?! Бу, ҳам Яҳова, ҳам Исо томонидан қилинган севгига тўла иш эканини ҳаворий Павлус шундай тасвирлаган: «Биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ белгиланган вақтда бетавфиқ инсонларнинг ўрнига ўлди. Одил киши учун бирор кимсанинг ўлиши амримаҳол, ҳимматли киши учун эса балки ўлишга кимнингдир юраги дов берар. Лекин Аллоҳ бизга Ўз севгисини биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этгани билан кўрсатди»  (Рим. 5:6–8). Ҳаворий Юҳанно эса қуйидагиларни ёзган: «Тангрининг муҳаббати бизга шунда ошкор бўлдики, Худо ягона Ўғлини дунёга юборди, токи биз у орқали ҳаётга эга бўлайлик. Муҳаббат — биз Худони севдик дегани эмас, аксинча У бизни севиб, гуноҳларимиз учун Ўғлини яраштирувчи қурбонлик сифатида юборганидадир» (1 Юҳан. 4:9, 10).

15 Худонинг инсониятга бўлган севгиси борасида Исо шундай деган: «Аллоҳ [тўловга муҳтож] одамзодни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин» (Юҳан. 3:16). Худо инсониятни қаттиқ севгани учун, ҳатто Ўзига қимматга тушган тақдирда ҳам, улардан яхшиликни дариғ тутмаган. Унинг севгиси абадий ва биз Ундан доим қарздор бўлиб қоламиз. Павлус шундай деб ёзган: «Мен аминманки, на ўлим, на ҳаёт, на фаришталар, на ҳукуматлар, на ҳозирги, на келажакдаги нарсалар, на кучлар, на баландлик, на чуқурлик, на бошқа бирон-бир махлуқот бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир эмас. У севгисини Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали кўрсатган» (Рим. 8:38, 39).

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ БОШҚАРМОҚДА!

16. Шоҳлик бу нима ва уни бошқаришни Яҳова кимга ишониб топширган?

16 Яҳованинг инсониятга бўлган севгисидан далолат — У ташкил этган Масиҳий Шоҳликдир. Яҳова бошқарувни аллақачон Ўғлининг қўлига топширган. Исо одамзодни севади ва бу вазифага ундан муносиби топилмайди (Ҳик. 8:31). Тирилганларидан сўнг, Исонинг 144 000 ворисдоши, ер юзида орттирган тажрибасини одамларнинг фойдаси учун қўллашади (Ваҳ. 14:1). Исо таълим бераётиб, асосий эътиборни Шоҳликка қаратган ва шогирдларини шундай деб ибодат қилишга ундаган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин» (Мат. 6:9, 10). Ушбу тилаклар амалга ошиши итоаткор инсониятга ажойиб баракалар келтиришини бир тасаввур қилинг!

17. Исонинг ҳокимияти билан инсоний бошқарув орасидаги фарқни кўрсатинг.

17 Исонинг севгига тўла самовий ҳокимияти ва миллионлаб кишиларни урушлардаги ўлимга етаклаётган инсоний бошқарув орасида ер билан осмонча фарқ бор. Исо фуқароларига чинакамига ғамхўрлик қиляпти ва Худонинг ажойиб фазилатлари, айниқса севгисини акс эттиряпти (Ваҳ. 7:10, 16, 17). У шундай деган: «Эй, заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганлар, барчангиз олдимга келинглар. Мен сизларга роҳат бахш этаман. Менинг бўйинтуруғимни олиб, мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади. Зеро менинг бўйинтуруғим қулай ва юким енгилдир» (Мат. 11:28–30). Нақадар далдали сўзлар!

18. а) Худонинг Шоҳлиги ўрнатилганидан бери нима бошланди? б) Келаси мақолада қайси саволлар муҳокама қилинади?

18 Муқаддас Китоб башорати шуни кўрсатяптики, Худонинг Самовий Шоҳлиги 1914 йили Масиҳнинг ҳозир бўлиши бошланганида ўрнатилган. Ўшандан кейин, Исо билан осмонда бошқарадиганларнинг қолган қисмини ва бу дунёнинг сўнгида омон қолиб янги дунёга ўтадиган «улкан оломонни» йиғиш бошланди (Ваҳ. 7:9, 13, 14). Бугунги кунда улкан оломон қанчалик катта? Бу гуруҳга тегишли кишилардан нима талаб этилади? Ушбу саволлар келаси мақолада муҳокама қилинади.