Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2015

Ҳаётингизда Яҳованинг қўлини кўряпсизми?

Ҳаётингизда Яҳованинг қўлини кўряпсизми?

Эгамиз Ўз қулларига қудратини... кўрсатади. ИШАЁ 66:14

ҚЎШИҚЛАР: 32, 26

1, 2. Айрим кишилар Худо ҳақида қандай фикрда?

КЎП инсонлар, улар ва Худо қилаётган ишлар орасида деярли боғлиқлик йўқ деб ўйлашади. Дарҳақиқат, айрим кишилар инсоният бошидан нималар кечаётгани Аллоҳга қизиқ эмаслигига ишонишади. 2013 йил ноябрда шиддатли «Хайян» тайфуни Филиппиннинг марказий қисмини вайрон қилгач, катта шаҳарнинг ҳокими: «Худо бошқа жойда бўлган шекилли»,— деб айтган эди.

2 Бошқалар эса, Тангри улар қилаётган ишларни кўрмаётгандай йўл тутишади (Ишаё 26:10, 11; 3 Юҳан. 11). Улар, ҳаворий Павлус қуйидагича таъриф берган кишиларга ўхшайди: «Аллоҳ ҳақида аниқ билим олишга ҳожат йўқ, деб ўйлашади». Бундай одамлар «ҳар турли адолатсизлик, бетавфиқлик, тамагирлик, ёмонликка берилишган» (Рим. 1:28, 29).

3. а) Худо тўғрисида қандай саволларни ўзимизга бериб кўрсак бўлади? б) Муқаддас Китобда Аллоҳнинг «қудрати» баъзан нима билан солиштирилади?

3 Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Юқорида тилга олинганлардан фарқли ўлароқ, биз Яҳова барча ишларимизни кўриб турганини тушунамиз. Аммо ҳаётимизда Унинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашини ҳис этяпмизми? Бундан ташқари, Исо:  «Улар Худони кўришади»,— дея ишора қилган кишилар орасидамизми? (Мат. 5:8). Бу нимани англатишини билиб олишдан аввал келинг, Худонинг қудратини амалда кўрган инсонларнинг ва буни тан олишни истамаган кишиларнинг мисолини Муқаддас Китобдан кўриб чиқайлик. Кейин эса, имон кўзлари ила Яҳованинг қўлини ўз ҳаётимизда қай йўсин аниқ кўришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Баъзан, Муқаддас Китобда Аллоҳнинг «қудрати» Унинг қўли билан солиштирилади. Буни ёдда тутган ҳолда, ушбу мақолада Яҳова қудратини хизматчиларига кўмаклашиш ва душманларини мағлуб этиш учун қўллаши ҳақида гап кетади (Қонунлар 26:8 ни ўқинг).

УЛАР АЛЛОҲНИНГ ҚЎЛИНИ КЎРИШНИ ИСТАШМАГАН

4. Нега Исроилнинг душманлари Худонинг қудратини кўришдан бош тортишган?

4 Исроил тарихининг илк йилларида, Худо уларнинг фойдаси учун нималар қилганини кўриш ҳамда эшитиш имконига ўзга халқ вакиллари ҳам эга бўлган. Ўз халқини Мисрдан мўъжизавий тарзда олиб чиққач, Яҳова турли шоҳларни бирин-кетин улар олдида таслим қилган (Ёшуа 9:3, 9, 10). Масалан, эшитган ва кўрган нарсаларига қарамай, Иорданнинг ғарбидаги деярли барча шоҳлар «Ёшуа ва бутун Исроил халқига қарши жанг қилишга тўпландилар» (Ёшуа 9:1, 2). Ҳатто жангни бошлаганидан сўнг ҳам, бу шоҳлар Худонинг қудратини кўришлари мумкин эди. Ўшанда, Яҳованинг йўл-йўриғи билан «қуёш ҳам, ой ҳам қимирламай, халқ ўз душманларидан қасос олмагунча, осмонда тўхтаб тураверди» (Ёшуа 10:13). Бироқ «Яҳова уларнинг [душманларнинг] ўжарлигича қолишига йўл қўйгани учун, улар Исроил ўғиллари билан жанг қилишди» (Ёшуа 11:20, ЯДТ). Исроилнинг рақиблари, Худо Ўз халқи учун жанг қилаётганини ва улар ютқизаётганини тан олишни исташмаган.

5. Ёвуз шоҳ Ахаб нимани фаҳмлашни хоҳламаган?

5 Кейинчалик, ёвуз шоҳ Ахабда кўп маротаба Худонинг қўлини кўриш имкони бўлган. Илёс пайғамбар унга: «Мен айтмагунимча, шу йилларда на шудринг тушади, на ёмғир ёғади»,— деб айтган (3 Шоҳ. 17:1). Бу сўзларнинг ортида Яҳова тургани аниқ эди, аммо Ахаб далилларни инкор этган. Вақт ўтгач, Илёс қурбонликни қабул қилишини сўраб Яҳовага ибодат қилганида, осмондан олов тушганини Ахаб кўрган эди. Илёс, Аллоҳ қурғоқчиликка чек қўйишини ошкор этиб, Ахабга қуйидагиларни айттирди: «Аравасини қўшиб жўнасин. Тағин ёмғирда қолиб кетмасин» (3 Шоҳ. 18:22–45). Ахаб содир бўлган барча воқеаларни кўрган бўлса-да, уларда Худонинг қудрати яққол акс этганини фаҳмлашни хоҳламади. Бу ва олдинги мисоллар бизни муҳим бир сабоққа ўргатмоқда — Яҳованинг қўли амалда қандай ҳаракат қилаётганини тушунишимиз керак.

УЛАР ЯҲОВАНИНГ ҚЎЛИНИ КЎРИШГАН

6, 7. Ёшуа даврида яшаган айримлар нимани аниқ кўришган?

6 Бу ёвуз шоҳлардан фарқли равишда, ўша-ўша вазиятда бўлган бошқа кишилар Худонинг қўлини кўришган. Масалан, Ёшуа даврида аксарият элатлар Исроил халқига қарши чиққан бир пайтда, гивонликлар улар билан сулҳ тузишган. Нега энди? Чунки улар шундай дейишган: «Биз сизнинг қулларингизмиз, Эгангиз Худони деб жуда ҳам узоқ бир юртдан келдик. Биз сизнинг Худойингиз ҳақида эшитдик. У Мисрда нима қилганини... эшитдик» (Ёшуа 9:3, 9, 10). Улар, Исроилнинг Раҳнамоси Ҳақ Таоло эканини донолик ила англаб етишган.

7 Раҳоба ҳам содир бўлган ҳодисаларда Худонинг қўлини кўра олган. Яҳова халқини қай йўсин қутқарганини билгач, Раҳоба иккита исроиллик айғоқчига: «Эгангиз бизнинг юртимизни сизларга берганлигини биламан»,— деган. Бундай йўл тутиш ниҳоятда хавфли эканига қарамай, Яҳова уни ва оиласини ҳимоялашга қодир эканига Раҳоба қаттиқ ишонган (Ёшуа 2:9–13; 4:23, 24).

8. Қандай қилиб баъзи исроилликлар Худонинг қўлини кўра билишган?

 8 Ёвуз шоҳ Ахабга қараганда, Илёс олов билан ўтказган синовга Яҳова жавоб қайтарганини кўрган баъзи исроилликлар, бу ишларда Унинг қўли борлигини фаҳмлашган. Яҳовадан келган олов қурбонликни ютиб юборганининг шоҳиди бўлган кишилар: «Эгамиз — Худодир»,— дея хитоб қилишган (3 Шоҳ. 18:39). Ҳа, улар тўғри хулосага келишган эди.

9. Қай йўсин Яҳовани ва Унинг қўлини кўришимиз мумкин?

9 Юқоридаги ҳам ижобий, ҳам салбий мисоллар, Худони кўриш ёки муайян ишда Унинг қўли борлигини пайқаш нимани англатишини тушунишимизга кўмаклашади. Яҳовани яқиндан билиб олсак, Унинг фазилатларию ишларига шоҳид бўлаётганимиз сабабли, биз ҳам қалб кўзларимиз ила Унинг қўлини кўра оламиз (Эфес. 1:18). Шубҳасизки, ўтмишда ва ҳозир Яҳова Ўз халқини қўллаб-қувватлаётганини яққол кўрган кишиларга ўхшашни истаймиз. Бироқ бизнинг замонимизда, Аллоҳ инсонлар ҳаётида фаол иштирок этаётганининг далиллари борми?

ХУДОНИНГ ҚУДРАТИНИ КЎРСАТУВЧИ БУГУНГИ ДАЛИЛЛАР

10. Яҳова бугун ҳам инсонларга ёрдам бераётганининг қандай тасдиғи мавжуд? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Яҳова инсонларга ёрдам беришда давом этаётганига ишониш учун беҳисоб сабабларга эгамиз. Одамлар маънавий ёрдам сўраб ибодат қилгани ва уни қай йўсин олгани ҳақидаги воқеаларни қайта-қайта эшитамиз (Заб. 52:3). Филиппиндаги кичик оролда уйма-уй ваъз қилиб юрган Аллан биродаримиз бир аёлни учратибди. Бу аёл бирданига йиғлай бошлабди. Аллан қуйидагиларни айтди: «Айни ўша куни эрталаб бу аёл Яҳовага ибодат қилиб, Шоҳидлар уни топишларини сўрабди. Ўсмир чоғида у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишган экан, лекин турмушга чиқиб, бу оролга кўчиб келгач, Яҳованинг Шоҳидлари билан алоқаси узилиб қолибди. Худо ибодатига шунчалик тез жавоб берганидан, у ҳаяжонини яшириб тура олмасди». Бир йил ичида у ҳаётини Яҳовага бағишлаб сувга чўмди.

Тангри Яҳова Ўз халқига ёрдам бераётганини кўряпсизми? (11–13- хатбошиларига қ.)

11, 12. а) Яҳова хизматчиларига қандай ёрдам беради? б) Худодан кўмак олган бирон кишининг мисолини келтиринг.

11 Аллоҳнинг кўпгина хизматчилари порнография томоша қилиш, чекиш ёки гиёҳвандлик каби нопок одатлардан халос бўлишганида, Унинг ёрдамини аниқ ҳис этишган. Айримларнинг айтишича, улар буни ўзлари ташлашга қайта-қайта ҳаракат қилишган, бироқ муваффақиятга эриша олмаган. Аммо Яҳовадан ёрдам излашганида, У «инсонларникидан устун турган кучни» ато этган ва улар заифлигини енга олишган (2 Кор. 4:7; Заб. 36:23, 24).

12 Яҳова, талайгина хизматчиларига шахсий қийинчиликларини бартараф этишга кўмаклашган. Мисол учун, Эми опамиз Тинч океанидаги кичик оролда Йиғилиш Залини ва тўла вақтли махсус ваъзгўйлар учун уй қуришга тайинланганида, муаммоларга дуч келган. У қуйидагича бўлишди: «Биз кичик бир меҳмонхонада яшардик ва ҳар куни сув босган кўчалардан юриб иш жойига борардик». Шунингдек, у ердаги урф-одатларга кўникишига тўғри келарди, чироқ ва сув тез-тез ўчиб турарди. Эми шуларни қўшиб қўйди: «Энг ёмони, бир сафар бирга ишлайдиган битта опага бақириб юбордим. Уйга ўзимдан хафа бўлиб қайтдим. Қоп-қоронғи хонамга кириб, қалбимни Яҳовага тўкиб-солдим ва ёрдам сўрадим». Чироқ келганида эса, Эми Гилад мактабининг битируви ҳақидаги мақола чоп этилган «Қўриқчи минораси» журналини олиб ўқий бошлабди. Бу мақолада у курашаётган барча муаммолар, яъни янги маданиятга мослашиш, уйни соғиниш, одамлар билан тил топишиш кўриб чиқилган экан. У шундай деди: «Ўша кеча Яҳова менга гапиргандай бўлди. Бу, топшириғимни бажаришни давом  эттиришга ундади» (Заб. 43:26, 27; Ишаё 41:10, 13).

13. «Хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштириш» борасида Яҳова Ўз халқини қўллаб-қувватлаётганини нима тасдиқламоқда?

13 Яҳованинг Шоҳидлари «хушхабарни ҳимоялаш ва қонунийлаштиришда» эришаётган муваффақият, Аллоҳ Ўзининг қудратли қўли ила қўллаб-қувватлаётганининг яна бир тасдиғидир (Филип. 1:7). Айрим ҳукуматлар Худо халқининг фаолиятини бутунлай тўхтатмоқчи. Аммо ортга разм солсак, Яҳованинг Шоҳидлари фақатгина 2000 йилдан буён камида 268 та суд жараёнида, жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида 24 та ишда ғалаба қозонганидан, ҳеч ким Худонинг қудратига бас кела олмаслигида амин бўламиз (Ишаё 54:17; Ишаё 59:1 ни ўқинг).

14. Худонинг қўлини ваъзгўйлик иши ҳамда орамиздаги бирликдан қай йўсин кўряпмиз?

14 Дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилиш иши Худонинг ёрдами билангина амалга оширилмоқда (Мат. 24:14; Ҳавор. 1:8). Бунинг устига, Яҳованинг хизматчилари орасидаги — бу дунё эриша олмаётган — бирлик ва турли халқлардан иборат биродарликни қўшсак, ташқаридаги одамлар: «Чиндан ҳам Аллоҳ сизлар билан экан»,— деб айтаётганининг сабабини тушунамиз (1 Кор. 14:25). Умуман олганда, Худо Ўз халқининг манфаатини кўзлаб иш тутаётганини исботловчи мўл-кўл далиллар мавжуд (Ишаё 66:14 ни ўқинг). Аммо шахсан сиз ҳақингизда нима дейиш мумкин? Ҳаётингизда Яҳованинг қудратини аниқ кўряпсизми?

ҲАЁТИНГИЗДА ЯҲОВАНИНГ ҚЎЛИНИ КЎРЯПСИЗМИ?

15. Гоҳида, ҳаётимизда Худонинг қўлини нега кўрмай қолишимиз мумкинлигини тушунтиринг.

15 Нима сабабли ҳаётимизда Худонинг қўлини кўрмай қолишимиз мумкин? Масалан, турмуш ташвишлари бизни қамраб олиши ҳеч гап эмас. Бундай дамларда, Яҳова илгари бизга қандай ёрдам берганига эътибор қаратмай қўярмиз. Малика Изабел Илёснинг ҳаётига хавф солганида, пайғамбар у учун Аллоҳ нималар қилганини бир зумда унутиб юборган. Илёс тўғрисида Муқаддас Китобда: «Ўзига ўзи ўлим тилади»,— деб ёзилган (3 Шоҳ. 19:1–4). Илёс ёрдам ва далдани қаердан излаши керак эди? Шубҳасизки, Тангри Яҳовадан (3 Шоҳ. 19:14–18).

16. Худони кўришда Аюбга қандай тақлид қила оламиз?

 16 Аюб ўз қийинчиликларга шунчалик берилиб кетган эдики, вазиятга Худонинг нуқтаи назари билан қарамай қўйган (Аюб 42:3–6). Аюб каби биз ҳам Худони кўриш учун жон куйдиришимизга тўғри келиши мумкин. Буни қандай қилсак бўлади? Атрофимизда содир бўлаётган нарсалар тўғрисида Муқаддас Китобда ёзилганлар асосида мулоҳаза қилишимиз лозим. Яҳова бизни қай йўсин қўллаб-қувватлаётганини тушунсак, У биз учун янада мавжуд Шахсга айланади. Шунда, Аюб сингари биз ҳам: «Сен ҳақингда бировлардан эшитгандим, аммо энди кўзларим билан Сени кўриб турибман»,— дея оламиз.

Бошқалар Яҳовани кўра олиши учун, У сиздан фойдаланяптими? (17-, 18- хатбошиларига қ.)

17, 18. а) Яҳованинг қўлини қандай қилиб кўришимиз мумкин? б) Худо бугун ҳам бизга ёрдам бераётганини кўрсатувчи мисол келтиринг.

17 Хўш, Яҳованинг қўлини қандай қилиб кўришимиз мумкин? Мана бир нечта мисол: Эҳтимол, сиз ҳақиқатни билиб олган йўлни, аниқ Худонинг раҳбарлиги деб қабул қилаётгандирсиз. Ё бўлмаса, жамоат учрашувига келганингизда, дастурнинг қайсидир қисмини эшитиб: «Бу айнан менга керак эди!» — дегандирсиз. Ёки ибодатингизга жавоб олган пайтларингиз бўлгандир. Хизматингизни кенгайтирмоқчи бўлганингизда, Яҳова бу мақсадга эришишингизга қандай ёрдам берганини кўриб, ҳайратда қолгандирсиз. Ёхуд Яҳовага топиниш туфайли ишингизни қолдирганингизда, Унинг: «Сени... асло тарк этмайман»,— деган ваъдаси чин эканида амин бўлгандирсиз (Иброн. 13:5). Хуллас, маънан ҳушёр турсак, Яҳова бизга турли йўллар билан кўмаклашаётганини тушуниб етамиз.

18 Кениялик Сара бошдан кечирганлари билан бўлишиб, шундай деди: «Мен Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган аёл ҳақида ибодат қилдим, чунки у тадқиққа жиддий қарамаётгандай туюларди. Яҳовадан, тадқиқни тўхтатишим керакмикин деб сўрадим. “Омин”,— дейишим билан телефоним жиринглади. Ўша аёл, йиғилишга мен билан бориши мумкинлигини сўраш учун қўнғироқ қилаётган экан. Қалбим эҳтиром ҳиссига тўлди!» Эътиборли бўлиб, сиз ҳам Аллоҳ ҳаётингизга ҳисса қўшаётганини кўришингиз мумкин. Осиёда яшовчи Рона исмли имондошимиз қуйидагиларни айтди: «Яҳованинг йўл-йўриғини фарқлай олиш учун, У қандай ёрдам бераётганини кўришни ўрганиш керак. Бироқ буни қила олганингизда, У сиз билан қанчалик қизиқаётганининг гувоҳи бўлиб, лол қоласиз!»

19. Худони кўриш учун яна нима қилишимиз даркор?

19 Исо: «Покдил бўлганлар бахтлидир, негаки улар Худони кўришади»,— деган (Мат. 5:8). Қайси маънода «покдил» бўлишимиз керак? Биз ички дунёмизни тозалаб, ҳар қандай жирканч ишлардан воз кечишимиз даркор (2 Коринфликларга 4:2 ни ўқинг). Маънавийлигимизни мустаҳкамлаб, муносиб хулқ-атворни намоён этганимиз сари, Худони кўраётган кишилар қаторида бўла оламиз. Келгуси мақолада эса, Яҳова ҳаётимизга таъсир қилаётганини янада аниқроқ кўришга имонимиз қандай ёрдам беришини муҳокама қиламиз.