Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2015

Яҳовага чалғимай хизмат қилинг

Яҳовага чалғимай хизмат қилинг

Марям... уни [Исони] тинглаётганди. Марта эса тайёргарчилик билан жуда овора эди. ЛУҚО 10:39, 40

ҚЎШИҚЛАР: 40, 55

1, 2. Исо Мартани нега яхши кўрган, аммо у ҳам номукаммал бўлганини қаердан биламиз?

МУҚАДДАС КИТОБДА исми тилга олинган Марта ҳақида ўйлаганингизда, хаёлингизга нима келади? Худонинг Каломига биноан, Исо Мартани синглисидай билган ва уни беғараз яхши кўрган. Албатта, Исо ундан ташқари қадрли онаси Марямни ва Мартанинг синглиси Марямни ҳам яхши кўрган (Юҳан. 11:5; 19:25–27). Қизиқ, Исо Мартани нима сабабли яхши кўрган?

2 Шубҳасизки, Исо Мартани фақатгина меҳмондўст ва меҳнатсеварлиги эмас, балки маънавий инсон бўлгани учун севарди. У Исонинг таълимотлари чин эканида амин эди. Қолаверса, у ваъда қилинган Масиҳ эканига Марта қаттиқ ишонарди (Юҳан. 11:21–27). Шу билан бирга, у барчамиз каби номукаммал эди. Бир сафар Исо уникида меҳмонда бўлганида, Марта ўзининг назарида нотўғри туюлган вазиятни тўғрилаш кераклигини унга уқтирмоқчи бўлган. Марта Исога: «Ҳазрат, синглим ҳамма ишни менга ташлаб қўйганига наҳотки парво қилмасангиз? Унга айтинг менга ёрдам берсин»,—  деган эди (Луқо 10:38–42 ни ўқинг). Хўш, бу воқеадан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

МАРТА ОВОРАГАРЧИЛИККА БЕРИЛДИ

3, 4. Қай йўсин Марям «энг яхшисини» танлаган ва Марта қайси маслаҳатга амал қилгани шубҳасиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

3 Марта ва Марямнинг меҳмондўстлигига жавобан Исо бебаҳо ҳақиқатни улар билан бўлишган. Марям, Улуғ Устознинг ўзидан билим олиш имконини қўлдан бой бермай, «Исонинг оёқлари олдига ўтириб, уни тинглаган». Марта ҳам худди шундай йўл тутса бўларди. Ахир, Марта оворагарчиликни ташлаб, Исони диққат билан тинглаганида, ундан мақтов эшитмасмиди?!

4 Аммо Марта ўзгача таом тайёрлаш ҳамда Исо уларникида бўлган пайтида ўзини иложи борича яхши ҳис қилишига кўмаклашадиган бошқа юмушлар билан овора эди. Бироқ бу ишларнинг бари ортиқча ташвишланишига ва Марямга ғаши келишига сабаб бўлган. Исо Мартанинг ҳаддан ташқари елиб-югураётганига эътибор бериб, унга меҳр ила: «Марта, Марта, шунча оворагарчиликка не ҳожат?» — деган. Сўнг, у битта таомнинг ўзи етарли эканини таъкидлаган. Кейин, Исо Марямга қараб, уни мақтаганча, шундай деган: «Марям эса энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди». Марям ўша ўзгача куни нима еганини тез орада унутиб юбориши ҳеч гап эмас эди. Лекин Исони диққат билан тинглагани учун эшитган мақтовни ва олган маънавий озуқани ёддан чиқармагани аниқ. Ҳаворий Юҳанно 60 йилдан кўпроқ вақт ўтгач: «Исо Мартани, унинг синглисини... яхши кўрар эди»,— деб ёзган (Юҳан. 11:5). Шубҳасизки, илоҳий илҳом ила ёзилган бу сўзлар, Марта Исонинг меҳрга тўла маслаҳатини қабул қилганини ва кейинчалик Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга интилганини кўрсатмоқда.

5. Биз яшаётган дунёни ўтмишдаги давр билан қандай солиштириш мумкин ва қанақа савол юзага келмоқда?

5 Овора қилиб қўядиган ёки чалғитувчи нарсалар ҳақида гап кетганда, ҳозирги дунёни ўтмишдаги давр билан қандай солиштириш мумкин? «Инсоният тарихи давомида, одамлар ҳеч қачон ҳозиргидай аъло даражадаги алоқа воситалари, юқори тезликда ишлайдиган босма машиналар, расмларга бой журналлар, радио, кино ва телевидение билан мақтана олмасди... Улар бизни янги чалғитувчи нарсалар билан кундан-кунга кўмиб ташлашмоқда... Бир мунча вақт аввал, соддалик ила асримизни “маърифат асри” деб ўйлаган эдик. Аммо борган сари у “чалғиш асрига” айланяпти». Бу сўзлар деярли 60 йил илгари Қўшма Штатлардаги талабаларга айтилган эди. «Қўриқчи минораси»нинг (ингл.) 1958 йил 15 сентябрь сонида қуйидагилар ёзилган: «Ушбу дунё ўз сўнгига яқинлашгани сайин “чалғишлар” кўпаяверади». Нақадар тўғри-а?! Бу борада муҳим бир савол юзага келмоқда: «Қандай қилиб кераксиз оворагарчиликдан қочишимиз ва Марямга ўхшаб, эътиборимизни маънавий нарсаларга қаратишимиз мумкин?»

ДУНЁДАН ТЎЛИҚ ФОЙДАЛАНМАНГ

6. Қандай қилиб Яҳованинг халқи бу дунёдаги техник воситаларини тўғри тарзда қўллаб келган?

6 Ҳақ топинишни олға суриш мақсадида, Худо ташкилотининг ер юзидаги қисми бу дунёдаги техник воситаларини доим тўғри тарзда қўллаб келган. Мисол учун, слайдлар ва рангли кадрлар овоз билан бирлаштирилган «Яратилиш фотодрамаси»ни олайлик. Биринчи жаҳон уруши пайтида ва ундан олдин миллионлаб кишилар уни томоша қилиб, тасалли топишган. Чунки фотодрама, Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви тинчлик келтиришини намойиш этиш билан якунланган. Кейинчалик, Яҳованинг халқи Шоҳлик  ҳақидаги хабарни радио орқали узатилган ва ер юзи бўйлаб миллионлаб одамлар уни эшитган. Бугунги кунда, компьютерлару Интернет хушхабар ёйилишида кенг қўлланилмоқда. Бу туфайли у, олис ороллар ҳамда ернинг турли бурчагидаги одамларга етиб бормоқда.

Кераксиз нарсалар маънавий ишларга халақит қилишига йўл қўйманг (7- хатбошига қ.)

7. а) Бу дунё таклиф қилаётган нарсалардан тўлиқ фойдаланиш нега хавфли? б) Нимадан айниқса эҳтиёт бўлишимиз зарур? (Изоҳга қ.)

7 Муқаддас Китобда огоҳлантириш берилганидай, бу дунё таклиф қилаётган нарсалардан тўлиқ фойдаланиш хавфли (1 Коринфликларга 7:29–31 ни ўқинг). Масиҳийлар бир қарашда нотўғри бўлмаган нарсаларга, яъни севимли машғулоти, бадиий асар ўқиш, телевизор кўриш, саёҳатлар, бозор айланиш ва сўнгги электрон воситаларини қидиришга ёки ҳашамга ҳаддан ташқари кўп вақтини осонликча сарфлашлари мумкин. Ижтимоий тармоқ, хабар жўнатиш, электрон почтани текшириш, янгиликлар ва спортга оид ходисаларни тез-тез кузатиб бориш ҳам кўп вақтимизни олиши, ҳатто уларга ишқибоз бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас * (Воиз 3:1, 6). Агар унча муҳим бўлмаган ишларга кетадиган вақтимизни чегараламасак, улар энг муҳим ишни — Яҳовага топинишни назардан четда қолдиришимизга сабаб бўлади (Эфесликларга 5:15–17 ни ўқинг).

8. Бу дунёдаги нарсаларга муҳаббат қўймаслик ҳақидаги маслаҳат нега шунчалик муҳим?

8 Шайтон бу дунёни, бизни йўлдан оздирадиган ва чалғитадиган қилиб ташкиллаштирган. Биринчи асрда шундай бўлган экан, ҳозир ундан ҳам баттарини кузатяпмиз (2 Тим. 4:10). Шу боис, дунёдаги «нарсаларга муҳаббат қўймаслик» тўғрисидаги сўзларга амал қилишимиз лозим. Ушбу маслаҳатга биноан ўз устимизда ишлашда давом этсак, овора қилиб қўядиган нарсалардан қочамиз ва «Отага бўлган севгимиз» ошиб боради. Бу ўз навбатида, Худонинг иродасини бажаришимиз ва Унинг марҳаматига абадий сазовор бўлишимизга ҳисса қўшади (1 Юҳан. 2:15–17).

ДИҚҚАТИНГИЗНИ ФАҚАТ БИР НАРСАГА ҚАРАТИНГ

9. Исо диққатимизни нимага қаратишга ундаган ва бунда ўзи қандай намуна қолдирган?

9 Исонинг Мартага берган маслаҳати, унинг таълимоти ва ўрнагига бутунлай уйғун эди. Исо шогирдларини, диққатини фақат битта нарсага қаратишга, яъни Шоҳлик пайидан бўлиб, чалғимасликка ундаган (Матто 6:22, 33 ни ўқинг). У содда ҳаёт кечирган  ва ҳатто уй-жойи ҳам бўлмаган (Луқо 9:58; 19:33–35).

10. Хизматининг илк йилларида Исо қандай ўрнак кўрсатган?

10 Исонинг хизмати давомида уни чалғитиши мумкин бўлган кўплаб воқеалар содир бўлган, аммо уларга асло берилмаган. Хизматининг аввалида, у Кафарнаҳум шаҳрида оломонга таълим бериб, мўъжизалар кўрсатганида, одамлар ундан кетмаслигини илтимос қилишган. Бироқ Исо бунга қандай муносабат билдирган? У шундай деб айтган: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман» (Луқо 4:42–44). Ушбу сўзларига мувофиқ, Исо Фаластинни бошдан-оёқ айланиб, ваъз қилган ва таълим берган. Мукаммал бўлганига қарамай, унинг ҳам оддий одамларга хос эҳтиёжлари бўлган ва Аллоҳнинг йўлида жон куйдириб меҳнат қилгани учун, у баъзан чарчаган (Луқо 8:23; Юҳан. 4:6).

11. Исо бир кишига нима деган ва қандай огоҳлантириш берган?

11 Кейинроқ, Исо издошларини қаршиликларни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида ўргатаётганида, бир киши унинг гапини бўлиб: «Устоз, акамга айтинг, меросни мен билан бўлишсин»,— деган. Лекин Исо бу тортишувда қатнашишни рад этган. Исо у кишига: «Эй инсон, мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб ким тайинлади?» — дея айтган. Сўнг, Исо таълим беришда давом этиб, тингловчиларини моддий нарсалар кетидан қувиш, Худонинг хизматидан чалғитиши мумкинлигидан огоҳлантирган (Луқо 12:13–15).

12, 13. а) Исонинг қайси иши яҳудий динига кирган баъзи юнонларнинг қизиқишини уйғотган? б) Филип юнонлар билан учрашишни сўраганида, Исо бунга қандай муносабат билдирган?

12 Исонинг ер юзидаги ҳаётининг охирги ҳафтаси осон кечмаган (Мат. 26:38; Юҳан. 12:27). У кўп ишларни бажариши лозим эди ва камситишларни бошдан кечириб, шафқатсизларча ўлдирилди. Масалан, мил. 33 йили 9 нисон якшанба куни нималар содир бўлганини кўриб чиқайлик. Башорат қилинганидай, Исо Қуддусга хўтикка миниб кириб келди ва оломон уни «Яҳованинг номидан келаётган Шоҳ» сифатида қарши олди (Луқо 19:38). Келаси куни Исо маъбадга кириб, Худонинг уйида ўз қабиладошларидан пул ундириш ниятида олди-сотди қилаётган очкўз кишиларни жасорат ила ҳайдаб чиқарди (Луқо 19:45, 46).

13 Қуддусдаги оломон орасида яҳудий динига кирган юнонлар ҳам бор эди. Улар Исонинг ишидан ниҳоятда таъсирланишгани боис, Филипдан уларни у билан учраштиришини сўрашди. Аммо Исо ҳали қилиши керак бўлган муҳимроқ ишлардан чалғишни истамади. Шуниси аниқки, у Аллоҳнинг душманлари қўлидан фидокорона ўлим топишдан қутулиш учун, машҳурликка эришишга интилмаган. Шу йўсин, яқинда ўлдирилиши кераклигини тушунтиргач, у Идрис билан Филипга қуйидагиларни айтган: «Ўз жонини севган, уни ҳалок қилади. Кимки бу дунёда ўз жонидан нафратланса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади». Ўша юнон кишиларнинг қизиқувчанлигини қондиришнинг ўрнига, у каби фидойилик йўлини танлашга ундаб, Исо шундай ваъда берган: «Кимки менга хизмат қилса, Отам уни иззат қилади». Шубҳасизки, Филип ушбу далдали сўзларни юнонларга етказган (Юҳан. 12:20–26).

14. Исо ваъзгўйлик ишини биринчи ўринга қўйган бўлса-да, у мувозанатли бўлганини нима кўрсатяпти?

14 Исо ўзининг асосий мақсади, хушхабарни ваъз қилишдан чалғишни хоҳламаган бўлса-да, у нуқул иш тўғрисида ўйлаган, деб ҳам айта олмаймиз. У камида битта тўйга таклифни қабул қилган ва ҳатто бу ҳодиса қувончли ўтиши учун, мўъжизавий тарзда сувни шаробга айлантирган (Юҳан. 2:2, 6–10). Шунингдек, яқин дўстлари ва бўлажак шогирдлари кечки овқатга  чақиришганда, у борган (Луқо 5:29; Юҳан. 12:2). Янада аҳамиятлиси, Исо ибодат қилиш, мулоҳаза юритиш ҳамда дам олишга тез-тез вақт ажратиб турган (Мат. 14:23; Марк 1:35; 6:31, 32).

«ҲАР ҚАНДАЙ ОҒИРЛИКНИ... ЕЧИБ ТАШЛАНГ»

15. Ҳаворий Павлус қандай маслаҳат берган ва ўзи қай йўсин яхши ўрнак кўрсатган?

15 Ҳаворий Павлус, масиҳийнинг ҳаётини чидамни синайдиган мусобақага ўхшатиб: «Ҳар қандай оғирликни... ечиб ташлайлик»,— дея ёзган (Ибронийларга 12:1 ни ўқинг). Павлус ўзи ваъз қилганларига амал қилган. Унда, бошқа яҳудий дин арбоблари каби бой ва машҳур бўлиш имконияти бор эди. Аммо у «қайси нарсалар муҳимроқ эканига» диққатини қаратган ва Сурия, Кичик Осиё, Македония ҳамда Яҳудия бўйлаб сафарларга бориб, Худога хизмат қилган. Павлус самода абадий яшаш умиди ҳақида қуйидагиларни ёзган: «Ортда қолган нарсаларни эсдан чиқариб, олдинга қараб зўр бериб чопяпман. Мен шу мақсадга, яъни... мукофотга интиляпман» (Филип. 1:10; 3:8, 13, 14). Турмуш қурмаганидан тўла фойдаланиб, Павлус «чалғимасдан Ҳазратимизга доим хизмат қила» олган (1 Кор. 7:32–35).

16, 17. Турмуш қурганмизми ёки йўқми Павлуснинг ўрнагига қандай эргашишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

16 Худонинг айрим хизматчилари Павлус каби турмуш қурмасликни танлашади ва шу орқали камроқ оилавий масъулиятга эга бўлиб, ўзларини кўпроқ хизматга бағишлай олишади (Мат. 19:11, 12). Никоҳ қурган масиҳийларнинг зиммасига эса, одатда анчагина оилавий масъулият юкланган бўлади. Бироқ умр йўлдошимиз борми ёки йўқми, барчамиз «ҳар қандай оғирликни... ечиб ташлаб», Худога иложи борича чалғимасдан хизмат қила оламиз. Бу, севимли машғулотларга кетадиган вақтни қисқартириб, хизматга кўпроқ вақт ажратишни мақсад қилишни талаб этиши мумкин.

17 Уэльсдан бўлган Марк ва Клара жуфтлигининг мисолини кўриб чиқайлик. Уларнинг ҳар бири мактабни тамомлагач, кашшофлик хизматини бошлаган ва турмуш қургандан сўнг ҳам давом эттирган. «Биз учта ётоқхонаси бор уйимизни сотиш ва ярим кунли ишимизни қолдириш орқали ҳаётимизни соддалаштирдик. Бу, халқаро қурилиш ишида қатнашиш имконини берди»,— деб тушунтирди Марк. Охирги 20 йил давомида, улар Африка бўйлаб саёҳат қилиб, Йиғилиш Залларининг қурилишида кўмаклашишяпти. Бир сафар уларда бор-йўғи 15 доллар қолган, аммо Яҳова уларга ғамхўрлик қилган. Клара қуйидагиларни айтди: «Ҳар кунимизни Яҳовага хизмат қилишга сарфлаш, улкан мамнуният бағишлайди. Бу йиллар ичида биз кўплаб дўстлар орттирдик ва ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмадик. Биз воз кечган озгина нарсани Яҳовага тўла вақт хизмат қилиш бахти билан асло солиштириб бўлмайди». Кўпдан-кўп тўла вақтли хизматчиларнинг кўнглидан шунга ўхшаш туйғулар кечади *.

18. Ўзимизга қандай саволларни бериб кўрсак бўлади?

18 Сиз ҳақингизда-чи, нима дейиш мумкин? Кераксиз оворагарчиликлар туфайли, Шоҳлик манфаатларини аввалгидай иштиёқ билан биринчи ўринга қўймаётганингизни сезиб қолсангиз, нима қилсангиз бўлади? Эҳтимол, муаммонинг илдизи Муқаддас Китобни шахсан ўқиш ва самарали тадқиқ қилишга бориб тақалаётгандир. Хўш, буни қандай ҳал қилиш мумкин? Бу ҳақда кейинги мақолада гап боради.

^ 7- х.б. «Содда ҳар бир сўзга ишонаверади» номли мақолага қ.

^ 17- х.б. Шунингдек, Хейден ва Мелоди Сандерсонларнинг таржимаи ҳолини ўқинг («Қўриқчи минораси» (рус) 2006 йил 1 март). Хизматини кенгайтириш учун, улар Австралиядаги даромадли ишини қолдиришган. Ҳиндистонда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб юрганларида, пуллари тугагач, нима содир бўлганини билиб олинг.