Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2015

«Содда ҳар бир сўзга ишонаверади»

«Содда ҳар бир сўзга ишонаверади»

«Умуман газета ўқимайдиган киши аҳмоқдир; ўқиганларига фақатгина газетада ёзилгани учун ишонадиган киши ундан ҳам аҳмоқ» Август фон Шлёцер, немис тарихчи ва ёзувчи (1735–1809).

АГАР деярли 200 йил аввал газетада ёзилган барча нарсага ишониш мумкин бўлмаган бўлса, 21 асрда Интернет орқали олаётган аксарият маълумот ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Замонавий техника шарофати билан — росту ёлғон, фойдалию бефойда, зарарсизу хавфли маълумот тўлиб-тошиб бормоқда. Шунинг учун, диққатимизга сазовор нарсаларни танлашда ўта синчков бўлишимиз зарур. Айниқса, Интернетдан яқинда фойдалана бошлаганлар, қайсидир ноёб ёхуд шов-шувли хабар ёки янгилик энг сўнгги (онлайн) бўлгани ё дўсти электрон почта орқали жўнатгани учунгина, унга лаққа тушмаслиги керак. Бизнинг фойдамиз учун, Муқаддас Китобда қуйидаги маслаҳат берилган: «Содда ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади» (Ҳик. 14:15).

Хўш, компьютер экранларида пайдо бўладиган ёлғон, уйдирма, ноаниқ ва нотўғри ахборотларни аниқлаб, қай йўсин «ақлли» бўла оламиз? Аввалига ўзингиздан шундай сўранг: «Бу маълумот расмий ва ишончли веб-сайтданми ёки номаълум манба ҳамда кимнингдир шахсий веб-саҳифасидан (блогидан) олинганми? Бундан олдин, бирон ишончли веб-сайт ўша-ўша маълумот ёлғон эканлигини тасдиқламаганми? *» Сўнг, «яхшини ёмондан ажратиш» қобилиятини ишга солинг (Иброн. 5:14). Агар янгиликнинг чинлигида шубҳаланаётган бўлсангиз, бу аслида ҳам шундайдир. Устига-устак, бу маълумот биров ҳақидаги ғийбат бўлса, унинг тарқатилишидан ким фойда олиши ҳамда уни овоза қилаётган манбанинг асл нияти қандайлиги борасида ўйлаб кўринг.

ХАТЛАР ЖЎНАТИШНИНГ ИШҚИБОЗИМИСИЗ?

Айримлар — диққат марказида бўлиш ниятида — янгиликни биринчилардан бўлиб тарқатишга интилишади. Улар ҳатто маълумот ишончлими ёки уни жўнатишнинг оқибатлари қандай бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмай, манзили бор кишиларнинг барига юборишади (2 Шоҳ. 13:28–33). Бироқ «ақлли» бўлсак, бу қандай зарар келтириши,  яъни бирон кишининг ёки ташкилотнинг обрўйига путур етказиши мумкинлигини фикрлаб кўрармиз.

Тўғри, хабарни текшириб кўриш учун, ҳаракат талаб этилади. Шу боис, айримлар уни шунчаки жўнатишни афзал кўришади, текширишни эса, олган кишининг ўзига қолдиришади. Аммо маълумотни текшириш унинг анчагина вақтини олади-ку. Вақт эса, ғанимат (Эфес. 5:15, 16). Шундай экан: «Шубҳалансам ҳам, жўнатаман»,— дейишнинг ўрнига: «Шубҳалансам, ўчириб ташлайман!» — деган сўзларни шиор қилиб олинг.

Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Электрон почта орқали олган хатларни менда манзили бор кишиларнинг ҳаммасига юборишнинг ишқибозиманми? Мен жўнатган маълумот нотўғри ёки ғирт ёлғон бўлиб чиққани учун, бошқалардан узр сўрашимга тўғри келганми? Кимдир хатлар жўнатишни бас қилишимни сўраган пайтлар бўлганми?» Шуни ёдда тутингки, сиз хат юбораётган кишиларда ҳам Интернетдан фойдаланиш имкони бор ва керак бўлса, улар қизиқарли маълумотни сизнинг ёрдамингизсиз топа олишади. Улар, кулгили ҳикоялар, видеолар ёки расмлар билан кўмиб ташлашингизга муҳтож эмас. Шунингдек, Муқаддас Китобга асосланган нутқларнинг аудио ёзувлари ёки сўзма-сўз ёзиб олинган нусхаларини тарқатиш ҳам нодонликдир *. Бундан ташқари, шахсий тадқиқда топилган маълумоту оятларни ёки жамоат учрашувлари учун тайёрлаган шарҳларни жўнатиш, кишини ўзи изланиш ўтказганда оладиган фойдадан маҳрум қилади.

Шов-шувли хабарни бошқаларга жўнатишим керакми?

Интернетда Яҳованинг ташкилотига бўҳтон қилаётган маълумотга дуч келсангиз, қандай йўл тутишингиз керак? Ундан зудлик билан воз кечинг. Баъзи кишилар, бошқаларнинг фикрини билиш ниятида, уни уларга етказишим керак деб ўйлашади. Лекин бу, зарарли маълумотнинг баттар тарқалишига олиб келади. Борди-ю, Интернетда бизни ташвишга соладиган бирон нарсани кўриб қолсак, Яҳовадан донолик сўрашимиз ва бу ҳақда етук биродарлар билан суҳбатлашишимиз лозим (Ёқб. 1:5, 6; Яҳд. 22, 23). Биламизки, Исога кўпинча туҳмат қилишган. У издошларини ҳам, душманлар қувғин қилиши ҳамда улар «ҳақда ёлғон ва ҳар қандай ярамас сўзларни айтиши» тўғрисида огоҳлантирган (Мат. 5:11; 11:19; Юҳан. 10:19–21). «Ёвуз гапирадиган», «сўқмоқлари эса эгри» кишиларни аниқлаш учун,  «фаҳм-фаросат» ҳамда «ақл-идрокни» ишга солишимиз керак (Ҳик. 2:10–16).

БОШҚАЛАРНИНГ ҲУҚУҚИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ

Бундан ташқари, имондошларимиз ёки уларнинг ҳаётида юз берган воқеалар ҳақида эшитганимизни айтишдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Маълумот рост бўлган тақдирда ҳам, бу уни тарқатишимиз кераклигини англатмайди. Айрим пайтларда, ҳақиқат бўлган нарсани тарқатиш нотўғри ва севгига ҳам мувофиқ эмас (Мат. 7:12). Мисол учун, ҳатто чин бўлса-да, қуруқ гапларни ёйиш на севгини кўрсатади ва на бошқаларни мустаҳкамлайди (2 Салон. 3:11; 1 Тим. 5:13). Гоҳида хабар махфий бўлиши мумкин ва бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилишимиз, яъни уни ўз вақтида муносиб йўл билан ошкор этишга ҳаққи борлигини тушунишимиз лозим. Маълумотни муддатидан аввал овоза қилиш, кўп муаммо туғдириши ҳеч гап эмас.

Бугунги кунда — росту ёлғон, фойдалию бефойда, зарарсизу хавфли маълумотни бир зумда тарқатиш мумкин. Хат ёки хабар жўнатаётган ҳар бир киши, уни фақат битта одамга юборган бўлса-да, маълумот дарров бутун дунёни айланиб чиқиши мумкинлигини тушуниши даркор. Шунинг учун, маълумотни тезда ва ҳамма танишларимизга жўнатиш васвасасига қарши турайлик. Шов-шувли хабарни ўқиганимизда, севги «ҳамма нарсага ишонса-да», содда ёки лақма эмаслигини ёддан чиқармайлик. Энг муҳими, севги туфайли, Яҳованинг ташкилоти ёки имондошларимиз ҳақида ичи қоралик билан қилинган шамалару ёлғонларга ишонмаймиз. Боиси, буни тарқатаётган кишилар «ёлғоннинг отаси» бўлмиш Шайтон Иблиснинг измидадир (Юҳан. 8:44; 1 Кор. 13:7). Фикрлаш қобилияти ва фаҳм-фаросат «ақлли» бўлишимизга ҳамда биз кунда эга бўладиган чексиз маълумотни тўғри қўллашимизга ёрдам беради. Муқаддас Китобда айтилганидай, «соддаларнинг насибаси — нодонлик, ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир» (Ҳик. 14:18).

^ 4- х.б. Қайсидир маълумотнинг ёлғонлиги тасдиқланганидан кейин ҳам, у бутунлай йўқолиб кетмаслиги мумкин. Бу туфайли, у ҳақиқатдай туюла бошлаши ҳеч гап эмас.

^ 8- х.б. «Илоҳий хизматимиз»нинг 2010 йил апрель сонидаги «Долзарб саволлар» мақоласига қ.