Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2015

«Имонимизга имон қўшинг»

«Имонимизга имон қўшинг»

Агар имоним суст бўлса, менга ёрдам беринг! МАРК 9:24

ҚЎШИҚЛАР: 54, 24

1. Имон қанчалик муҳим аҳамиятга эга? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

ХАЁЛИНГИЗГА: «Тангри Яҳова буюк қайғуда қутқариб, янги дунёга олиб киришни истайдиган кишилардан бириманми?» — деган фикр ҳеч келганми? Тўғри, қутқарилиш учун айрим нарсалар даркор бўлади, бироқ энг муҳимини ҳаворий Павлус шундай дея таъкидлаган: «Имон бўлмаса, Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир» (Иброн. 11:6). Албатта, бу оддий эшитилиши мумкиндир, лекин ҳақиқат шуки: «Ҳаммада ҳам имон йўқ» (2 Салон. 3:2). Ушбу оятлар, кучли имонни ўстириш қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини тушунишимизга кўмаклашяпти.

2, 3. а) Бутрус имон муҳим экани ҳақида айтганидан нимага ўргансак бўлади? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?

2 Ҳаворий Бутрус: «Синалган имонингиз Исо Масиҳнинг ошкор бўлиш пайтида сизларга мақтов, шараф ва улуғворлик келтиради»,— деб айтганда, имон жиддий аҳамиятга эга эканига диққат қаратган (1 Бутрус 1:7 ни ўқинг). Буюк қайғу жадаллик ила яқинлашиб келаётган экан, имонимиз қанчалар мустаҳкам эканида амин бўлишни истаймиз. Шу йўсин, улуғвор Шоҳ ошкор бўлганда, имони мақтовга сазовор кишилар орасида бўла оламиз. Шубҳасизки, «жонимизни сақлаш ниятида, имонга» эга бўлишни хоҳлаймиз (Иброн. 10:39). Буни ёдда тутиб: «Агар имоним суст бўлса, менга ёрдам беринг!» — деган киши каби илтижо қилишимиз мумкин  (Марк 9:24). Ёки Исонинг ҳаворийларига ўхшаб: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб сўрасак бўлади (Луқо 17:5).

3 Имон масаласида қуйидаги саволлар юзага келмоқда: Қандай қилиб уни ривожлантириш мумкин? Мустаҳкам имонни қай йўсин намоён этса бўлади? Нега имонимизга имон қўшилиши ҳақидаги ибодатимиз ижобат бўлишида амин бўлишимиз мумкин?

АЛЛОҲГА МАЪҚУЛ КЕЛАДИГАН ИМОННИ ЎСТИРИШ

4. Имонимизни мустаҳкамлашга кимларнинг мисоли ёрдам бериши мумкин?

4 «Қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган». Демак, Худонинг Каломидан имонли кишиларнинг анчагина мисолларини билиб олсак бўлади (Рим. 15:4). Иброҳим, Сора, Исҳоқ, Ёқуб, Мусо, Раҳоба, Гидўн, Барақ ва бошқа кўпгина инсонлар ҳақида ўқиганимизда, ўз имонимизни ҳам текшириб кўришимиз мумкин (Иброн. 11:32–35). Шунингдек, бугунги кундаги имони кучли биродару опа-сингилларимиз тўғрисида ўқиш ҳам, ўз имонимизни мустаҳкамлаш учун жон куйдиришга ундайди *.

5. Илёс Яҳовага нисбатан қаттиқ имонни қандай кўрсатган ва унинг ўрнаги бизни нима тўғрисида ўйлашга чорлайди?

5 Муқаддас Китобда Илёс пайғамбарнинг мисоли келтирилган. Қуйидаги воқеалар, у қанчалик Яҳовага ишонганини ошкор этади. Илёс шоҳ Ахабга Яҳова қурғоқчилик келтиришини билдирганда, тўла аминлик билан: «Эгамиз шоҳид! Мен айтмагунимча, шу йилларда на шудринг тушади, на ёмғир ёғади»,— деган (3 Шоҳ. 17:1). Илёс, Яҳова қурғоқчилик пайтида уни ҳамда бошқаларни барча керакли нарса билан таъминлашига қаттиқ ишонган (3 Шоҳ. 17:4, 5, 13, 14). Қолаверса у, Худованд Яҳова ўлган болани ҳам ҳаётга қайтара олишга ишонаётганини кўрсатган (3 Шоҳ. 17:21). Кармил тоғида у келтирган қурбонликни ютиб юбориш учун, Яҳова алангани жўнатишидан Илёс шубҳаланмаган эди (3 Шоҳ. 18:24, 37). Яҳова қурғоқчиликка якун ясайдиган маҳал келганда, ҳатто ёмғирдан дарак бўлмаса-да, Илёс Ахабга: «Бор, энди еб-ичавер, қаттиқ ёмғир ёғади, ёмғир яқинлашаётганини эшитяпман»,— деган (3 Шоҳ. 18:41). Шу каби воқеалар, имонимиз қанчалик мустаҳкам эканини текширишимизга ундайди, шундай эмасми?!

ИМОННИ ЎСТИРИШ УЧУН НИМА ҚИЛСАК БЎЛАДИ?

6. Имонимизни ўстириш учун Яҳова бизга нимани ато этишига муҳтожмиз?

6 Гап шундаки, имонни ўз кучимиз билан ўстиришга ожизмиз. Сабаби, имон муқаддас руҳ самарасининг бир қисми (Галат. 5:22). Шундай экан, ушбу руҳни сўраб ибодат қилиш ҳақидаги Исонинг маслаҳатига риоя қилсак арзийди. Негаки, Исонинг ўзи бизни қуйидагича ишонтирган: «Отангиз Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар!» (Луқо 11:13).

7. Имонимизни қандай мустаҳкамлашимиз мумкинлиги борасида мисол келтиринг.

7 Бир пайтлар имонга эга бўлдик ва уни ўстиришни давом эттиришимиз лозим. Имонимизни олов билан солиштирса бўлади. У ёна бошлаганда, ўтинлар ловуллаб, кучли алангаланиб кетади. Аммо оловга ўтинлар солинмаса, натижада у ўчиб, иссиқ чўққа айланади, кейин эса бор-йўғи совуқ кулнинг ўзи қолади. Борди-ю, ўтин доим ташлаб турилса, олов асло ўчмайди. Худди шундай имонимиз ҳам мунтазам Худонинг Каломи ила озиқлантирилса, у тирик бўлади.  Муқаддас Китобни ҳамиша тадқиқ қилсак, унга ҳамда унинг Муаллифига нисбатан чуқур севгини оширамиз. Бу эса, кучли имон эгаларига айланишимиз учун замин яратади.

8. Кучли имонни ривожлантириш учун бизга нима ёрдам беради?

8 Хўш, кучли имонни ривожлантириш учун нима қилса бўлади? Сувга чўмгунга қадар олган билимларингиз билан кифояланиб қолманг (Иброн. 6:1, 2). Масалан, Муқаддас Китобдаги амалга ошган башоратларга эътибор қаратишингиз мумкин, боиси улар имонда туришга кучли туртки бўла олади. Бунинг устига, Худонинг Каломида мустаҳкам имонга эга кишиларга таъриф берилган ва ундан фойдаланиб, бу таърифга мос келиш-келмаслигимизни аниқласак бўлади (Ёқуб 1:25; 2:24, 26 ни ўқинг).

9, 10. Яхши мулоқот, жамоат учрашувлари ҳамда ваъзгўйлик хизмати имонимиз мустаҳкамланишига қандай ҳисса қўшади?

9 Ҳаворий Павлуснинг айтганига биноан, масиҳийлар бир-бирининг имонидан далда олиши мумкин (Рим. 1:12). Имондошларимиз, айниқса «синалган имонга» эга бўлганлар билан мулоқот қилсак, бир-биримизнинг имонимиз ривожланишига ҳисса қўша оламиз (Ёқб. 1:3). Ёмон одамлар билан мулоқот имонни барбод қилса, яхши инсонлар билан мулоқот уни ўстиради (1 Кор. 15:33). Мана шунинг учун, нафақат «йиғилишларимизни қолдирмаслик», балки «бир-биримизга янада кўпроқ далда бериш» ҳақидаги маслаҳатга эгамиз (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг). Бундан ташқари, жамоат учрашувларида имонимизни мустаҳкамлашга қўл келадиган йўл-йўриқлар тақдим этилади. Бу, Павлуснинг қуйидаги сўзлари билан ҳамоҳанг: «Каломни эшитгач имон пайдо бўлади» (Рим. 10:17). Хўш, жамоат учрашувларини ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришга интиляпмизми?

10 Ваъзгўйлик хизматида қатнашганимизда эса, нафақат ўзгаларнинг имонига имон қўшамиз, балки ўзимизнинг ҳам имонимиз мустаҳкамланади. Илк масиҳийлар сингари, Яҳовага тўла-тўкис ишонишга ва ҳар қандай вазиятда ҳам шижоат ила гапиришга ўрганамиз (Ҳавор. 4:17–20; 13:46).

11. Нима сабабли Холиб билан Ёшуанинг имони кучли эди ва биз қандай қилиб уларга ўхшай оламиз?

11 Тангри Яҳова бизга қандай ёрдам бергани ва ибодатларимиз қай йўсин ижобат бўлаётганини кўрганимизда, собит имон эгаларига айланамиз. Буларни Холиб билан Ёшуа ҳам бошдан кечиришган. Улар ваъда қилинган юртга айғоқчи сифатида боришганда, имонни намоён этишган. Вақт ўтгач эса, улар ҳаётининг турли соҳаларида Яҳованинг йўл-йўриғини кўргани сайин имони ўсиб бораверган. Шу боис, Ёшуа исроилликларга тўла аминлик билан бундай дегани ажабланарли эмас: «Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг... бирортаси ҳам бажарилмай қолмади». Кейинчалик, у шундай деб айтган: «Энди Эгамиздан қўрқинг, Унга содиқ бўлиб, доимо чин дилдан хизмат қилинг... Мен ва оилам эса Эгамизга хизмат қиламиз» (Ёшуа 23:14; 24:14, 15). Демак, Яҳова шахсан бизга қилган яхшиликларини кўра билсак, шу каби кучли имонга эга бўла оламиз (Заб. 33:9).

ИМОНИМИЗНИ НАМОЁН ЭТИШ

12. Ёқуб имон борасида нимани ошкор этган?

12 Қандай қилиб тирик имонга эга эканимизни намоён эта оламиз? Исонинг шогирди Ёқуб: «Мен эса сенга ўз имонимни амалда кўрсатаман»,— деб ёзган (Ёқб. 2:18). Ҳақиқий имон хатти-ҳаракатларимизда акс этади. Келинг, бир нечта мисолни кўриб чиқайлик.

Хизматда ўз кучини сарфлашга тайёр бўлганлар, мустаҳкам имонга эга эканини кўрсатишади (13- хатбошига қ.)

13. Ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этиб, қай йўсин имонни намоён эта оламиз?

13 Ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этиш  ҳам имонни намоён этишнинг аъло йўлидир. Нега? Чунки, шоҳидлик бераётганда, бу дунёнинг охири Худо белгилаган вақтда келишига ва у «кеч қолмаслигига» ишонаётганимизни кўрсатамиз (Хаб. 2:3). Имонимизнинг ҳолатини текширишнинг бир йўли, хизматга ўз кучимизни сарфлашга қанчалик тайёр эканимиздан иборат. Шундай экан, хизматимизни янада кенгайтириш йўлларини излаб, қўлимиздан келганини қиляпмизми? (2 Кор. 13:5). Ҳа, нажот топиш учун «очиқдан-очиқ эълон қилиш», кучли имон эгалари эканимизни кўрсатишнинг энг зўр йўлидир (Римликларга 10:10 ни ўқинг).

14, 15. а) Кундалик ҳаётда имонимизни қандай кўрсата оламиз? б) Кучли имон амалда қандай намоён бўлишини кўрсатувчи мисол келтиринг.

14 Кунда дуч келаётган қийинчиликларни енгиш билан ҳам имонни намоён эта оламиз. Касаллик, тушкунлик, депрессия, етишмовчилик ёки бошқа муаммоларга рўбарў келишимиздан қатъи назар, Яҳова ҳамда Унинг Ўғли «муҳтож бўлганимизда» ёрдам беришига ишончимиз комил (Иброн. 4:16). Бундай имонни, нафақат маънавий эҳтиёжларимиз учун ибодат қилиб, балки Исо айтганидай моддий нарсаларни, жумладан «бугунги ризқ-рўзимизни» сўраш билан ҳам намоён этамиз (Луқо 11:3). Яҳова бизни таъминлашга қодир эканлиги борасида Муқаддас Китобда талайгина мисоллар мавжуд. Масалан, Исроилда қаттиқ қурғоқчилик бўлганда, Яҳова Илёсни егулик ва сувсиз қолдирмаган эди. Яҳова айтганидай, «қарғалар унга эрталаб ҳам, кечқурун ҳам нон ва гўшт олиб келишар, ўзи эса дарёчанинг сувидан ичарди» (3 Шоҳ. 17:3–6). Тангри Яҳова, бизнинг ҳам эҳтиёжларимизни қондириш ниятида ҳодисаларни Ўзи истагандай йўналтира олишига бутунлай ишонамиз.

Кунда дуч келаётган қийинчиликларни енгиш билан имонни намоён эта оламиз (14- хатбошига қ.)

15 Шунга аминмизки, Муқаддас Китобдаги меъёрларни қўллаб, дастурхонимизда доим егулик бўлишига ғамхўрлик қила оламиз. Осиёлик Ребекка исмли турмушга чиққан опамиз бунга ўз ҳаётида амин бўлган. Улар Матто 6:33 ҳамда Ҳикматлар 10:4 даги сўзларни қўллаб, Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйишга ва тиришқоқ ишчилар бўлишга интилишган. Ребекканинг айтишича, иши Яҳова билан бўлган муносабатларига хавф туғдираётганини инобатга олиб, эри ишдан бўшаб кетибди.  Лекин улар тўртта фарзандни боқиши керак эди. «Биз ширинликлар пишириб, уларни сотадиган бўлдик. Йиллар давомида бундай ҳаёт кечириб, Яҳова бизни асло ташлаб қўймаганини кўрдик. Бирон марта оч қолиб кетмаганмиз»,— деб бўлишди Ребекка. Сиз-чи, бугунги кунда ҳам Муқаддас Китоб одамлар учун энг яхши йўл-йўриқ манбаи эканига ишонаётганингизни намоён эта оласизми?

16. Аллоҳга ишонсак, натижаси қанақа бўлади?

16 Агар Аллоҳнинг йўл-йўриғига риоя қилсак, бу бизга фойда келтиришидан сира шубҳаланмаслигимиз даркор. Павлус Хабаққуқнинг сўзларига эътибор қаратиб, қуйидагича ёзган: «Одил киши имони туфайли яшайди» (Галат. 3:11; Хаб. 2:4). Шу боис, бизга чиндан ҳам ёрдам бера оладиган Шахсга ишониш ўта муҳим. Павлус мана шуларни эслатган: «Аллоҳ, бизда амал қилаётган қудрати ила биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам ортиғини бажаришга қодир» (Эфес. 3:20). Яҳованинг хизматчилари имкониятлари чекланганини тан олиб, Унинг иродасини бажариш учун қўлидан келганини қилишади ва натижада баракалар олишига ишонишади. Хўш, Аллоҳимиз биз билан эканидан наҳот хурсанд бўлмасак?!

ИМОН ТЎҒРИСИДАГИ ТИЛАГИМИЗ ИЖОБАТ БЎЛАДИ

17. а) Қандай қилиб ҳаворийларнинг имон тўғрисидаги тилаги ижобат бўлган? б) Нега кўпроқ имон сўраб қилган ибодатимизга жавоб олишни кутишимиз мумкин?

17 Юқоридагиларни кўриб чиққач, ҳаворийлар Исога: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб айтишганда, нимани ҳис этишганини тушунсак бўлади (Луқо 17:5). Ушбу тилак, айнан мил. 33 йили Ҳосил байрамида уларнинг устига муқаддас руҳ ёғдирилганда ва улар Худонинг ниятини чуқурроқ тушуна олишганда ижобат бўлган. Бу туфайли уларнинг имони мустаҳкамланди. Шу йўсин, улар бугунги кунгача давом этаётган улкан воизлик ишини бажаришга киришишган (Колос. 1:23). Бизнинг ҳам бундай тилагимиз амалга ошишини кутсак бўладими? Муқаддас Китобда кафолат берилишича, «Унинг [Худонинг] иродасига мувофиқ нимаики сўрасак» албатта бажарилади (1 Юҳан. 5:14).

18. Имонини мустаҳкамлашга интилаётган кишиларга Яҳова қандай баракалар беради?

18 Шуниси аниқки, Яҳовага тамомила ишонган кишилар Унга маъқул келади. Яҳова, кўпроқ имон сўраб қилган ибодатимизга жавоб беради ва имонимиз янада барқарор бўлиб, бизни «Шоҳликка лойиқ топилишимизга» етаклайди (2 Салон. 1:3, 5).

^ 4- х.б. Масалан, Рут Дане («Қўриқчи минораси» 2009 йил 15 июнь), Жозефина Элиас («Уйғонинг!» (рус) 2009 йил сентябрь) ва Ада Делло Стриттонинг таржимаи ҳолига («Қўриқчи минораси» 2010 йил 15 апрель) қ.