Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Сентябрь 2015

Яҳова бизни севишини қандай кўрсатмоқда?

Яҳова бизни севишини қандай кўрсатмоқда?

Қаранглар,.. ота бизга қандай севги намоён этган. 1 ЮҲАН. 3:1

ҚЎШИҚЛАР: 51, 13

1. Ҳаворий Юҳанно масиҳийларни нимани кўриб чиқишга ундаган ва нега?

БИЗ, 1 Юҳанно 3:1 га биноан Тангри Яҳованинг севгиси ҳақида чуқур ва пухта мулоҳаза юритишимиз лозим. Ҳаворий Юҳанно масиҳийларга: «Қаранглар,.. Ота бизга қандай севги намоён этган»,— деган. Шу йўсин, Аллоҳнинг уларга бўлган улкан ва қаттиқ севгиси тўғрисида ўйлаб, У меҳр-муҳаббатини қандай намоён этаётганини кўриб чиқишга ундаган. Негаки, Яҳова одамзодни қанчалик севишини англаб етиш, Унга нисбатан севгимизни ривожлантириб, муносабатларимизни мустаҳкамлайди.

2. Нега айримлар учун Худо уларни севишига ишониш қийин бўлади?

2 Бироқ айримлар учун Худо инсонларни севиши умуман ёт тушунча. Уларнинг фикрича, Аллоҳдан қўрқиш ва Унга бўйсуниш керак, холос. Ёки турли сохта таълимотлар дастидан, улар Тангри шафқатсиз ва Уни севиш иложсиз деб ўйлашади. Шундай одамлар ҳам борки, Худонинг севгисида амин бўлиб, қилмишларию камчиликларидан қатъи назар уларни яхши кўришига ишонишади. Аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, севги Яҳованинг олий фазилати эканини ва айнан бу севги туфайли, У биз учун Ўғлини тўлов сифатида тақдим этганини билиб олдингиз (Юҳан. 3:16; 1 Юҳан. 4:8). Шуни айтиш жоизки, Худонинг меҳр-муҳаббати борасидаги  туйғуларингизга, тарбия ҳамда келиб чиқишингиз ҳам таъсир қилгандир.

3. Нимага асосланиб, Худо бизни севади деб айта оламиз?

3 Хўш, Яҳова бизни севишини қандай кўрсатмоқда? Худованд Яҳова билан орамиздаги муносабатлар нимага асосланганини тушунсак, бу саволнинг жавобини топа оламиз. Маълумки, Яҳова барчанинг Яратувчисидир (Забур 99:3–5 ни ўқинг). Мана шунинг учун, Муқаддас Китобда «Одамато Худонинг ўғли» дея ёзилган ва Исо издошларини Тангрига «осмондаги Отамиз», деб мурожаат этишга ўргатган (Луқо 3:38; Мат. 6:9). Парвардигор Яҳова Отамиздир. Бизнинг муносабатларимизни эса, ота билан фарзандлар орасидаги ришталарга ўхшатса бўлади. Оддий қилиб айтганда, худди ота болаларини яхши кўргандай Яҳова ҳам бизни севади.

4. а) Яҳова қандай Ота? б) Ушбу ва келаси мақолаларда нима ҳақида гап боради?

4 Барчамиз номукаммал эканмиз, оталар ҳам бундан истисно эмас. Қанча ҳаракат қилишмасин, улар оталик севгисини Яҳова сингари бутунлайин намоён этишга ожиз. Дарҳақиқат, баъзилар шундай оилавий муҳитда катта бўлганки, бу қайғули хотиралар дастидан уларда ҳиссий ёки руҳий жароҳат қолиб кетган. Ҳа, бу жуда аянчли ва ҳатто даҳшатлидир. Ишонаверинг, Тангри Яҳова умуман бошқача Ота (Заб. 26:10). Яҳова бизни қанчалар севиши ва бизга ғамхўрлик қилишини билганимиз сайин, Унга шунчалар яқинлашамиз (Ёқб. 4:8). Ушбу мақолада, Яҳова бизга Ўз севгисини намоён этаётганининг тўртта йўлини кўриб чиқамиз. Келаси мақолада эса, Унга бўлган севгимизни кўрсатишимиз мумкинлигининг тўртта йўли ҳақида гап боради.

ТАНГРИ ЯҲОВА ҒАМХЎР ОТАМИЗДИР

5. Павлус афиналикларга Худо тўғрисида нима деган?

5 Ҳаворий Павлус Афинада (Юнонистон) бўлганида, ўша шаҳар худоларнинг бутларига тўлиб-тошганини кўрган. Қолаверса, ҳаворий улар ҳаёт ҳамда зарурий нарсалар беришига одамлар ишонишганига эътибор қаратган. Шу туфайли, Павлус қуйидагича деган: «Дунёни ва ундаги барча нарсани яратган Аллоҳ,.. ҳаммага ҳаёт, нафас ва барча нарсани бериб келмоқда. Зотан, биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз» (Ҳавор. 17:24, 25, 28). Ҳа, Яҳова меҳр-муҳаббати ҳақи умр кўришимиз учун зарурий бўлган «барча нарса» билан бизни таъминлаб келмоқда. У бизга ато этаётган айрим нарсалар устида фикр юритиб кўринг.

6. Қандай қилиб Ер сайёраси Худонинг севгисидан далолатдир? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

6 Масалан, Яратувчимиз Яҳова «инсонларга берган» Ерни олайлик (Заб. 113:23, 24). Олимлар, Ерга ўхшаш сайёраларни излаш ниятида қўша-қўша пулларни коинотга оид тадқиқотларга сарфлашади. Гарчи юзлаб сайёралар кашф этилаётган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири Ер юзи каби, одамлар яшай оладиган шароитларга эга эмаслигини билиб, олимларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда. Худо яратган барча нарсалар орасида Ер юзи ўз турида ягонадир. Бир ўйлаб кўринг, Яҳова Сомон йўли галактикасидаги ва унинг атрофидаги сон-саноқсиз сайёралар ичида Ерни инсонлар яшашига яроқли қилибгина қолмай, уни биз учун қулай, чиройли ва хавфсиз уй сифатида бунёд этган! (Ишаё 45:18). Бу, Яҳова бизни жуда яхши кўришининг яққол исботидир (Аюб 38:4, 6; Забур 8:4–6 ни ўқинг).

7. Худо одамзодни яратганидан, Унинг бизга нисбатан чинакам севгиси қандай исботланяпти?

7 Яҳова бизга кўркам уйни ато этибгина қолмай, бахтиёр ва мазмунли ҳаёт кечиришимиз учун, нафақат моддий, балки бундан-да муҳимроқ нарсаларга муҳтож эканимизни билади. Мисол учун, бола ота-онасининг севгисию эътиборини ҳис  этганда, ўзини чиндан ҳам бехатар сезади. Худо одамзодни «Ўз суратидай қилиб яратган» экан, улар маънавий чанқоқликни сезишади ва севгисию ғамхўрлигини акс эттира олишади (Ибт. 1:27). Бунинг устига, Исо: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— деган (Мат. 5:3). Яҳова меҳрга тўла Ота сифатида бизга ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан «завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этган» (1 Тим. 6:17; Заб. 144:16).

ЯҲОВА ҲАҚИҚАТНИ МЕҲР ИЛА ОШКОР ЭТМОҚДА

8. Нима учун бизни Яҳова ўргатишини истаймиз?

8 Оталар фарзандларини яхши кўришади ва улар тўғри йўлдан адашмасин ёки алданиб қолмасин деб ҳимоя қилишади. Лекин кўпгина ота-оналар болаларига керакли йўл-йўриқ тақдим эта олмайди, сабаби уларнинг ўзи Худонинг Каломидаги меъёрларни рад этишади. Охир-оқибат бу, бахтсизлик ва умидсизликка олиб келади (Ҳик. 14:12). Бироқ Яҳова «содиқ Худо» (Заб. 30:6). У Ўз фарзандларини севади ва ҳақиқат нури ҳаётларининг ҳар бир, айниқса Унга топиниш билан боғлиқ соҳасида порлаши учун уларга йўл-йўриқ тақдим этади (Забур 42:3 ни ўқинг). Хўш, Яҳова қандай ҳақиқатни ошкор этмоқда ва бу, Унинг бизга нисбатан севгисини қай йўсин исботламоқда?

Художўй оталар Яҳова каби болаларига ҳақиқатни ўргатиб, У билан дўст бўлишларига кўмаклашишади (8–10- хатбошиларига қ.)

9, 10. а) Нега Яҳова Ўзи тўғрисида ҳақиқатни очиб беряпти? б) Яҳова биз Унинг ниятида қандай аҳамиятга эга эканимизни нима учун ошкор этмоқда?

9 Авваламбор, Яҳова Ўзи тўғрисида ҳақиқатни очиб беряпти. Муқаддас Китобда бошқа ҳар қандай исмга қараганда, Худонинг исми кўп маротаба учрайди ва шу йўсин У, Ўз исмини маълум қилмоқда. Шундай қилиб Яҳова Таоло, Уни таниб-билишимизга йўл қўйиб, бизга яқинлашмоқда (Ёқб. 4:8). Бунинг устига, У Ўз фазилатларини ва қанчалар меҳрибон эканини кўрсатмоқда. Яратган барча нарсаларида Унинг куч-қудратию донолиги акс этмоқда. Шунингдек, Муқаддас Ёзувлар орқали Яҳова адолатли ва севгига тўла эканини ҳам билиб олишимиз мумкин (Рим. 1:20). Ота сингари Яҳова нафақат қудратли ва доно, балки адолатли ва севадигандир. Шу тариқа, фарзандлари бемалол У билан қалин дўст бўла олади.

10 Фойдамизни кўзлаб, Яҳова Унинг ниятида биз қандай аҳамиятга эга эканимизни ҳам ошкор этмоқда. Бу эса, Унинг катта ва ҳамжиҳат оиласини бирлаштириб, тинчлигига ҳисса қўшади. Муқаддас Китобдан аён бўлишича, инсоният ўзини бошқара олмайди, боиси Худодан мустақил қилиб яратилмаган ва ушбу муҳим ҳақиқатга бепарво бўлиш, қайғули оқибатларни юзага келтиради (Ерм. 10:23). Биз учун нима энг аъло бўлишини Яҳова яхши билади. Фақатгина Аллоҳнинг ҳукмдорлигини тан олиб, тинч ва осойишта умр кўришимиз мумкин. Ушбу ўта аҳамиятли ҳақиқатни аён этиш билан Яҳова бизни жуда яхши кўришини намоён этмоқда!

11. Яҳованинг қайси ваъдаси туфайли Унинг бизга нисбатан севгиси ва ғамхўрлиги аён бўляпти?

11 Меҳрибон ота болаларининг келажаги борасида қайғуриб, улар арзигулик мақсад сари интилишини ва мамнун бўлишларини хоҳлайди. Минг афсуски, аксарият кишилар келажаги ҳақида роса ташвишланади ёки ҳаётини кам фойда келтирадиган мақсадларга бағишлашади (Заб. 89:10). Аллоҳнинг фарзандлари эканмиз, чинакам меҳр-муҳаббатни ҳис этяпмиз, чунки Яҳова бизга порлоқ келажакни ваъда қилмоқда. Бу туфайли ҳаётимиз сермазмундир.

ЯҲОВАНИНГ МАСЛАҲАТИ ВА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИ

12. Қандай қилиб Яҳова Қобилга ҳамда Борухга ёрдам бермоқчи бўлган?

12 «Нега хафа бўлдинг? Нимага қовоғингни солдинг? Агар сен тўғри иш  қилсанг, сени қабул қилмасмидим?!.. Лекин гуноҳни сен мағлуб қилишинг керак» (Ибт. 4:6, 7). Бу, ўз вақтида берилган аниқ йўл-йўриқ бўлиб, Яҳова у орқали Қобилни ғоят хавфли йўлда турганидан огоҳлантирмоқчи эди. Аттанг, Қобил бунга қулоқ солмади ва азоб чекди (Ибт. 4:11–13). Еремиёнинг котиби Борух эзилиб, жонини қўярга жой тополмаганида, муаммосини аниқлашига кўмаклашиш ниятида Яҳова унга маслаҳат берган. Қобилдан фарқли равишда, Борух Яҳованинг маслаҳатини қабул қилди ва бу туфайли ўз жонини сақлаб қолди (Ерм. 45:2–5).

13. Нега Яҳова садоқатли хизматчилари қийинчиликларга дуч келишига йўл қўяди?

13 Павлус: «Яҳова кимни севса, ўшани тарбиялайди. Кимни ўғилдек қабул қилса, ўшанинг таъзирини беради»,— деб ёзган (Иброн. 12:6). Аммо тарбия доим ҳам жазолаш билан кифояланиб қолмайди. У турлича намоён бўлади. Муқаддас Китобда, кўпдан-кўп садоқатли хизматчилар даҳшатли синовлар орқали таълим-тарбияга эга бўлишгани ҳақида ўқиймиз. Мисол учун, Юсуф, Мусо ва Довуд тўғрисида бир ўйлаб кўринг. Муқаддас Китобда айтилган бошқа барча кишиларга қараганда, уларнинг ҳаёти батафсил ёритиб берилган. Яҳова қийин дамларда уларни қандай қўллаб-қувватлагани ва қудратли ишларни топширгани ҳақида ўқиганимизда, У Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилиб, уларни яхши кўришини билиб оламиз (Ҳикматлар 3:11, 12 ни ўқинг).

14. Нотўғри ишга қўл урсак, Яҳова Ўз севгисини бизга қандай кўрсатади?

14 Яҳованинг таълим-тарбияси, севгисининг яна бир қиррасини аён қилади. Нотўғри ишга қўл урганлар Яҳова томонидан тарбияланиб, тавба қилишганда, «Унинг юраги кечиримга бой» эканини ёдда  тутишлари даркор (Ишаё 55:7). Бу нимани англатади? Довуднинг Яҳова кечиримли экани тўғрисидаги мана шу сўзлари, У қанчалар иноятли эканини кўрсатмоқда: «Ҳамма гуноҳларимни У кечиради, барча хасталикларимга У шифо беради. Мени қабрдан У қутқаради, севги, шафқат ила менга тож кийгизади. Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, гуноҳларимизни биздан шу қадар узоқ қилади» (Заб. 102:3, 4, 12). Илойим, Яҳованинг маслаҳатини, ҳатто таълим-тарбиясини қабул қилишга доим тайёр бўлайлик. Зеро бу, Унинг бизга бўлган чексиз севгисининг изҳоридир (Заб. 29:6).

ЯҲОВА БИЗНИ АСРАБ, ҲИМОЯ ҚИЛЯПТИ

15. Яҳова Ўз халқини қадрлашини қаердан биламиз?

15 Албаттаки, севувчи ота ўз оиласини ҳар қандай зиён ёки жиддий хавф-хатардан асраб, ҳимоя қилишни ўз бурчи деб билади. Самовий Отамиз Яҳова ҳам худди шундай йўл тутади. Сано бастакори Яҳова ҳақида шундай деган: «У тақводорларининг жонларини Ўзи асрайди, фосиқларнинг қўлидан уларни халос этади» (Заб. 96:10). Масалан, кўзларингиз сиз учун бебаҳо, шундай эмасми?! Шу сингари, биз ҳам Яҳова учун қимматбаҳомиз (Закариё 2:8 ни ўқинг). Ҳа, Аллоҳ Ўз халқини ўта қадрлайди!

16, 17. Қандай қилиб Яҳова ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам Ўз халқини ҳимоя қилмоқда?

16 Яҳова Ўз хизматчиларини мисол учун, фаришталари орқали ҳимоялайди (Заб. 90:11). Битта фариштанинг ўзи, бир кечада 185 000 дан иборат оссуриялик қўшинни йўқ қилиб, Қуддусни ҳимоялаган (4 Шоҳ. 19:35). Биринчи асрда Бутрус, Павлус ҳамда бошқаларни ҳам фаришталар қамоқдан озод этишган (Ҳавор. 5:18–20; 12:6–11). Бугунги кунда ҳам, Яҳованинг қўли қисқа эмас! Африкадаги филиалга ташриф буюрган Бош идора вакилининг хабар беришича, ўша мамлакат сиёсий ва диний можаролар дастидан ёмон аҳволда қолган. Жанг, талон-тарож, зўравонлигу қотилликлар туфайли ўша юрт алғов-далғов ва остин-устун бўлиб кетган. Шуни айтиш жоизки, ҳатто кўп имондошимиз бутун мол-мулкию маблағидан айрилган тақдирда ҳам, ҳеч бири вафот этмаган. Уларнинг ҳол-аҳволини сўрашганда, улар табассум ила: «Ҳаммаси яхши, Тангри Яҳовага раҳмат!» — деб жавоб беришган. Ҳа, улар Худонинг севгисини ҳис этишмоқда.

17 Баъзида, Яҳова Стефан каби содиқ хизматчиларининг ўлишига ҳам йўл қўяди. Аммо У, Шайтоннинг айёр ҳийлаларидан халқини ўз вақтида огоҳлантириб, ҳимоя қилади (Эфес. 6:10–12). Яҳова, Каломи ҳамда ташкилоти тақдим этаётган адабиётлар орқали, алдамчи бойлик, ахлоқсизлик, зўравон ўйин-кулги, Интернетдан нотўғри фойдаланиш ва ҳоказолар борасида ҳақиқатни кўришимизга кўмаклашмоқда. Шуниси аниқки, Яҳова меҳрибон отага ўхшаб, Унинг халқи ҳимоя остида ва фаровон яшашига ғамхўрлик қиляпти.

ОЛИЙ ШАРАФ

18. Яҳованинг сизга бўлган севгиси ҳақида қандай фикрдасиз?

18 Яҳова бизга Ўз севгисини кўрсатаётганининг атиги бир нечта йўлини муҳокама қилиб, ўзимизни Мусо пайғамбар каби ҳис этаётгандирмиз. Негаки у, Яҳовага узоқ умр хизмат қилиб, шундай деган: «Саҳарда содиқ севгинг билан бизни қондиргин, умримиз бўйи қўшиқ айтиб, хурсанд бўлайлик» (Заб. 89:14). Келинг, Яҳованинг бизга бўлган чексиз севгисини олий шараф ҳамда барака деб билайлик! Биз ҳам ҳаворий Юҳаннонинг мана шу сўзларига қўшиламиз: «Қаранглар,.. Ота бизга қандай севги намоён этган» (1 Юҳан. 3:1).