Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2015

Виждонингиз ишончли йўл кўрсатувчими?

Виждонингиз ишончли йўл кўрсатувчими?

Бундай буйруқнинг мақсади — чин юракдан, пок виждондан... келиб чиққан севгидир. 1 ТИМ. 1:5

ҚЎШИҚЛАР: 22, 48

1, 2. Виждонни ким ато этган ва унга эга бўлганимиз учун нега миннатдор бўлсак арзийди?

ХУДОВАНД ЯҲОВА одамзодни ирода эркинлиги, яъни танлаш ҳуқуқи билан яратган. Аллоҳ илк эркак, аёл ва уларнинг бўлажак наслига қимматбаҳо йўл кўрсатувчи — виждонни, яхши билан ёмонни ажратадиган ички сезгини ато этган. Агар виждондан тўғри фойдалансак, у яхшилик қилишимизга ва ёмонликдан қочишимизга кўмаклашади. Ҳа, виждон Худо бизни севишининг ва инсоният яхшилик қилишда якдил бўлишини истаётганининг яққол исботидир.

2 Ҳозирги кунда ҳам одамзод виждонга эга (Римликларга 2:14, 15ни ўқинг). Гарчи, аксарият кишилар юриш-туриш борасидаги Муқаддас Китоб меъёрларидан йироқ бўлишса-да, уларнинг айримлари кўпинча савоб ишлар қилиб, ёмонликдан нафратланишади. Айнан виждон, анчагина инсонларни ёвуз ишларга қўл уришдан асрайди. Агар ҳеч бир киши виждонга эга бўлмаганида, дунёнинг аҳволи қанчалар бузилиб кетарди-я?! Ёвузлик тўғрисида бугунгидан кўра, кўпроқ эшитган бўлардик. Дарҳақиқат, Тангри Таоло инсониятга виждонни ҳадя этганидан ниҳоятда миннатдормиз!

3. Нега виждонни жамоатда яхшилик қилишга ундайдиган кучли туртки дейиш мумкин?

 3 Бу дунёдаги одамлардан фарқли ўлароқ, Яҳованинг хизматчилари виждонини тарбиялаш пайидадир. Улар виждонини, нима тўғри ва нима нотўғри экани, яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги Худонинг Каломидаги меъёрлар бўйича шакллантиришади. Тўғри тарбияланган виждонни, имонлилар жамоатида яхшилик қилишга ундовчи кучли туртки дейиш мумкин. Аммо виждонимизни тарбиялаш ва ундан фойдаланиш учун билимнинг ўзи етарли эмас. Муқаддас Китобда айтилишича, биз ҳам имон, ҳам севгига эга бўлишимиз зарур. Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Бундай буйруқнинг мақсади — чин юракдан, пок виждондан ва риёдан холи имондан келиб чиққан севгидир» (1 Тим. 1:5). Виждонимизни тарбиялаб, унга қулоқ солганимиз сайин, Яҳовага нисбатан севгимиз ортиб, имонимизга имон қўшилади. Виждонимизни қай йўсин қўллашимиздан, маънавийлигимиз, қалбимизнинг ҳолати ҳамда Яҳовани мамнун этиш истагимиз қанчалик кучли экани ошкор бўлади. Чиндан ҳам, ушбу ички овоз аслида қандай инсон эканимизни кўрсатиб туради.

4. Қандай қилиб виждонимизни тарбиялашимиз мумкин?

4 Бироқ қандай қилиб виждонимизни тарбиялашимиз мумкин? Асосийси, мунтазам равишда Муқаддас Китобни ибодат ила тадқиқ қилиш, ўқиганларимиз устида мулоҳаза юритиш ва билиб олганларимизга амал қилиш лозим. Шуниси аниқки, бу, маълумот тўплаш ва қоидаларни ўрганишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, Яҳова Таоло, Унинг шахсияти, фазилатлари ва Унга нима ёқиш-ёқмаслиги тўғрисида бора-бора кенгроқ тасаввурга эга бўлишимизга ёрдам беради. Қолаверса, виждонимиз Тангри Яҳованинг йўлларига ўргатилган бўлади. Бу юрагимизга таъсир қилиб, Яҳованинг нуқтаи назарини акс эттириш истагимизни кучайтиради.

5. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

5 Шундай экан, қуйидаги саволлар туғилиши мумкин: «Яхши тарбияланган виждон қарорлар чиқараётганимизда бизга қандай кўмаклашади? Имондошимиз виждонан чиқарган қарорига нисбатан ҳурматимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? Қай йўсин виждонимиз яхши ишларга ғайратимизни оширади?» Ушбу саволларни ёдда тутган ҳолда, келинг, яхши тарбияланган виждонимиз қўл келадиган, ҳаётимиздаги учта соҳани кўриб чиқайлик: 1) соғлиқ масаласида, 2) ҳордиқ чиқаришда ҳамда 3) ваъзгўйликда.

МУЛОҲАЗАКОР БЎЛИНГ

6. Соғлиқ масаласида қандай қарорлар чиқаришимизга тўғри келади?

6 Муқаддас Китобдан билиб олаётганимиздай, хавф-хатарли ишлардан қочишимиз ва еб-ичиш каби одатларда мувозанатли бўлишимиз даркор (Ҳик. 23:20; 2 Кор. 7:1). Илоҳий меъёрларга риоя қилаётганимиз, ҳатто ёшимиз ўтиб бораётгани ва бизга таъсир қилаётган заифликларга қарамай, соғлиғимизни қайсидир жиҳатдан асрайди. Баъзи мамлакатларда, ҳам одатдаги, ҳам альтернатив даволаш усуллари мавжуд. Филиалларимизга биродару опа-сингилларимиздан у ёки бу муолажани танлаш борасида сўраб ёзилган хатлар мунтазам келиб туради. Кўплар: «Шу каби муолажага Яҳованинг Шоҳиди рози бўлиши мумкинми?» — деган савол беришади.

7. Тиббий муолажалар масаласида қандай қилиб қарор чиқаришимиз мумкин?

7 На филиал ва на маҳаллий жамоатдаги оқсоқолларга соғлиқ масаласида бирон ваъзгўй учун, ҳатто у нима қилиши борасида сўраган тақдирда ҳам, қарор чиқариш ҳуқуқи берилмаган (Галат. 6:5). Албатта, тўғри қарорга келишига кўмаклашиш ниятида, улар Яҳова бу ҳақида нима деяётганига эътибор қаратишлари мумкин. Масалан, масиҳий Муқаддас Китобдаги: «Қондан... ўзингизни сақланглар»,— деган амрни  унутмаслиги керак (Ҳавор. 15:29). Ушбу аниқ амрга биноан, қон ёки унинг тўртта таркибий қисмидан иборат бўлган тиббий муолажалардан бош тортамиз. Бу маълумот, ҳатто қондаги тўртта таркибий қисмларнинг биридан олинган майда моддалар борасида шахсий қарор чиқараётганда ҳам, масиҳийнинг виждонига таъсир қилади *. Муқаддас Китобда, тиббий муолажалар масаласида доно қарор чиқаришимизга кўмаклашадиган яна қандай маслаҳатлар бор?

8. Қай йўсин Филиппиликларга 4:5- оят соғлиғимизга ғамхўрлик қилишда қўл келади?

8 Ҳикматлар 14:15 да шундай ёзилган: «Содда ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади». Биламизки, баъзи касалликларнинг давоси йўқ. Шунинг учун, ғоят зўр натижалар келтирувчи, аммо фақатгина миш-мишларга асосланган муолажалар ҳақида гап кетганда, эҳтиёткор бўлиш оқилонадир. Павлус қуйидагича деган: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин» (Филип. 4:5). Мулоҳазакорлик шунингдек, маънавий ишларни ортга суриб, ҳаддан ташқари соғлиғимизга ғамхўрлик қилиш билан овора бўлиб қолишдан ҳимоя қилади. Соғлиққа ғамхўрлик қилишни ҳаётимизда энг афзал деб билсак, худбин бўлиб қолиш хавфига дуч келамиз (Филип. 2:4). Бу дунёда мукаммал равишда соғлом бўла олмаслигимиз сир эмас. Шу боис, Яҳовага хизмат қилиш ҳаётингизда биринчи ўринда бўлишига интилинг (Филиппиликларга 1:10ни ўқинг).

Ўз нуқтаи назарингизни бошқаларга ўтказяпсизми? (9- хатбошига қ.)

9. Римликларга 14:13-, 19- оятлар соғлиқ борасидаги қарорларимизга қандай таъсир қилади ва қай йўсин бирлигимиз хавф остида бўлиши мумкин?

9 Мулоҳазакор масиҳий ўз нуқтаи назарини бошқаларга ўтказмайди. Европа мамлакатларининг бирида, битта жуфтлик биологик фаол қўшимчалар (БАД) ва парҳез турини шижоат ила тарғиб қилишган экан. Бу жуфтлик баъзи имондошларимизни уларни қўллашга кўндиришган, лекин айримлар рози бўлишмаган. Вақт ўтгач, натижа кутилганидай бўлмаган ва норозилик тарқалиб кетган. Албатта бу жуфтлик ўзлари учун парҳез ва қўшимчалар турини танлашга ҳақли эди. Бироқ соғлиқни деб, жамоатдаги бирликни хавф остига қўйишни мулоҳазакорлик ила қилинган иш деса бўладими? Масалан, қадимда Римдаги масиҳийлар муайян егулик ва айрим кунларни нишонлаш ҳақида турли нуқтаи назарга эга бўлишган. Қизиқ, Павлус уларга қанақа маслаҳат берган? У шундай деган: «Кимдир бир кунни бошқасидан устун қўяди, биров учун эса ҳамма кунлар баробар. Ҳар ким ўз фикрида амин бўлсин». Ҳа, ўзгалар олдига қоқинтирадиган тош қўймаслик ўта муҳим эди (Римликларга 14:5, 13, 15, 19, 20ни ўқинг).

10. Нима учун ўзгаларнинг қарорларини ҳурмат қилишимиз лозим? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Мабодо, имондошимиз бирон шахсий масалада виждонан чиқарган қарорини тушунмаётган бўлсак, дарров ҳукм қилишга ёки фикрини ўзгартириш пайига тушмайлик. Эҳтимол, виждони ҳалиям «заифдир» ва уни кўпроқ тарбиялаш даркордир ёки айрим соҳаларда ўта сезгир бўлиши мумкин  (1 Кор. 8:11, 12). Бошқа томондан, балким ўз виждонимизни текшириб кўришимиз керакдир, сабаби илоҳий меъёрлар бўйича уни тарбиялашга муҳтож бўлишимиз мумкин. Соғлиқ борасида ҳар биримиз, шахсий қарор чиқаришга ва унинг оқибатларини зиммамизга олишга тайёр бўлишим лозим.

ЯҲОВА МАЪҚУЛЛАЙДИГАН ДАМ ОЛИШ ТУРЛАРИ

11, 12. Ҳордиқ чиқариш турини танлаётиб, Муқаддас Китобдаги қайси маслаҳатни ёдда тутишимиз лозим?

11 Яҳова одамларни ҳордиқ чиқаришдан ҳам завқ, ҳам фойда олишсин деб яратган. Сулаймон пайғамбар айтганидай, «кулишнинг ҳам... рақснинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:4). Аммо ҳордиқ чиқаришнинг барча турини ҳам фойдали, чарчоқни оладиган ёки тетиклаштирадиган дейиш қийин. Қолаверса, ҳаддан ташқари кўп ёки тез-тез дам олишга вақтимизни сарфлаш ноўриндир. Хўш, Яҳова маъқуллайдиган, бизга эса завқ ва фойда келтирадиган ҳордиқ чиқариш турини танлашимизга виждонимиз қандай кўмаклашади?

12 Муқаддас Ёзувлар, «тана ишлари» қаторига кирадиган муайян хатти-ҳаракатлардан бизни огоҳ бўлишга чорлаяпти. Уларга «зино, ифлослик, ахлоқсиз хулқ, бутпарастлик, сеҳр-жоду, адоват, жанжалкашлик, рашк-ҳасад, дарғазаб бўлиш, талаш-тортиш, бўлинишлар, мазҳаблар, ҳасад, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар» киради. Павлус: «Бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигида мерос олишмайди»,— деб ёзган (Галат. 5:19–21). Шунга кўра, ўзимизга қуйидаги саволларни берсак бўлади: «Виждоним, тажовузкорлик, рақобатчилик, миллатчилик ёки зўравонликка ундайдиган спорт турларидан қочишимга ёрдам беряптими? Порнографик, яъни беҳаё саҳна кўринишлари бўлган ёки ахлоқсизлик, ичкиликбозлик ёхуд спиритизмга қўл ураётган қаҳрамон ҳақида фильм томоша қилиш васвасасига дуч келганимда, ички овозим мени огоҳлантиряптими?»

13. Дам олиш борасида 1 Тимўтийга 4:8 ҳамда Ҳикматлар 13:20- оятлар бизга қандай қўл келади?

13 Муқаддас Китобда шунингдек, дам олиш масаласида виждонимизни шакллантиришга кўмаклашадиган меъёрлар мавжуд. Улардан бири қуйидагича: «Жисмоний машқ озгина фойда келтиради» (1 Тим. 4:8). Кўплар, мунтазам қилинадиган ўринли машқлар саломатлик ва танаю онгга тетиклик бахш этади деб ҳисоблашади. Айтайлик, якка ўзимиз машқ қилишни истамаймиз, унда дуч келган одамлар билан шуғулланиш тўғри бўлармиди? Ҳикматлар 13:20 да: «Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади»,— дея ёзилган. Хўш, ушбу маслаҳатга биноан, дам олиш турини танлаётганда ҳам, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимиз бизни етаклашига йўл қўйяпмизми?

14. Бир оила Римликларга 14:2–4- оятларга қандай амал қилган?

14 Кристиан билан Даньела иккита ўсмирнинг ота-онаси. Кристиан шундай деди: «Биз оилавий топинишда ҳордиқ чиқариш масаласида суҳбатлашдик. Ўшанда, ўйин-кулгиларнинг қай бири маъқул, қайсилари эса номаъқул бўлиши борасида бир тўхтамга келдик. Бунинг устига, кимлар яхши шерик бўла олиши ҳақида савол кўтарилди. Гап шундаки, қизларимиздан бири мактабда катта танаффус пайтида, Яҳованинг Шоҳиди бўлган айрим ёшлар унинг фикрича ўзларини нотўғри тутиши ҳақида бўлишди. Қизим уларга тақлид қилиш васвасасига дуч келган экан. Шунда, ҳар биримиз виждонга эга бўлганимиз туфайли, нима қилиш ва кимлар билан мулоқот қилишни танлаш ўзимизга ҳавола эканлигини муҳокама қилдик» (Римликларга 14:2–4ни ўқинг).

Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждон хавф-хатардан қочишимизга кўмаклашади (14- хатбошига қ.)

15. Матто 6:33- оят дам олишни режалаштираётганда, қай йўсин ёрдам бериши мумкин?

15 Бундан ташқари, қачон дам олиш керак, деган савол ҳам юзага келяпти. Биринчи навбатда нимани режалаштирасиз? Жамоат учрашувлари, воизлик хизмати ва шахсий тадқиқ каби маънавий ишларними  ёки ором олишними? Ёхуд фақат бўш вақтингиз туғилиб қолгандагина, маънавий машғулотларни қилиш одатингиз борми? Сиз учун нима афзал? Исо Масиҳ қуйидагича деган: «Шундай экан, Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади» (Мат. 6:33). Вақтингизни сарфлашга келганда, виждонингиз Исонинг ушбу маслаҳатига кўра йўл тутишга ундаяптими?

САВОБ ИШЛАР ҚИЛИШГА ЧОРЛАНЯПМИЗ

16. Виждон ваъзгўйлик фаолияти билан қандай боғлиқ?

16 Тўғри тарбияланган виждон, гуноҳли ишлардан огоҳлантирибгина қолмай, савоб ишлар қилишимизга ҳам рағбатлантиради. Савоб ишларнинг энг муҳими эса, уйма-уй хизмат қилиш ва норасмий шоҳидлик беришда иштирок этишдир. Ҳаворий Павлус ҳам айнан шундай йўл тутган. У қуйидагича деган: «Бу менинг бурчимдир. Аксинча, хушхабарни эълон этмасам, менинг ҳолимга вой!» (1 Кор. 9:16). Павлусга эргашсак, виждонимиз бизга гапириб туради ва тўғри ишлар қилаётганимизда амин бўламиз. Хушхабар билан бўлишаётганда, тингловчиларнинг виждонини уйғотамиз. Павлус шундай деб айтган: «Худонинг назарида ҳар бир инсоннинг виждони учун ўзимизни ўрнак қилиб кўрсатиб, ҳақиқатни ошкор этамиз» (2 Кор. 4:2).

17. Бир синглимиз виждонига мувофиқ қандай йўл тутган?

17 Жаклин исмли синглимиз 16 ёшлигида, мактабда биологияни ўрганарди. Ўшанда, эволюция назарияси батафсил муҳокама қилинарди. «Виждоним туфайли, муҳокамада одатдагидай тўла равишда қатнашмасдим»,— дейди Жаклин. Давом этиб, у шундай деб айтди: «Чунки, эволюция назарияси билан боғлиқ фикрларга қўшила олмасдим. Шунда, ўқитувчига нуқтаи назаримни тушунтириб бердим. Кутилмаганда, ўқитувчи бутун синфга яратилиш мавзусини сўзлаб беришимга хушмуомалалик ила ижозат берди». Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонига қулоқ солиб, шунга мувофиқ йўл тутганидан у ич-ичидан қувониб кетган. Виждонингиз тўғри йўл тутишга сизни ҳам ундаяптими?

18. Нега виждонимиз тўғри тарбияланган бўлишини хоҳлаймиз?

18 Мақсадимиз, Яҳованинг меъёрлари ва йўллари билан ҳамоҳанг бўлса, бу нақадар ажойиб, шундай эмасми?! Дарҳақиқат, виждон ғоят қимматбаҳодир. Худонинг Каломини мунтазам ўқиш, мулоҳаза юритиш ва билиб олганларимизга амал қилиш орқали виждонимизни тарбиялаган бўламиз. Шунда, виждонимиз ҳаётимизда бебаҳо меросга айланади!

^ 7- х.б. «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобининг 215–218- саҳ. қ.