Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2015

Яҳованинг сўнмас севгиси ҳақида мулоҳаза юритинг

Яҳованинг сўнмас севгиси ҳақида мулоҳаза юритинг

Ҳамма ишларингни хаёлимдан ўтказаман. ЗАБ. 76:13

ҚЎШИҚЛАР: 18, 29

1, 2. а) Яҳова Ўз хизматчиларини севишига сизни нима ишонтиряпти? б) Барча инсонлар қандай эҳтиёж билан яратилган?

ЯҲОВА Ўз хизматчиларини севишига сизни нима ишонтиряпти? Бу саволга жавоб беришингиздан аввал келинг, қуйидаги мисолларни кўриб чиқайлик. Бир неча йил мобайнида, имондошларимиз Тайлин исмли бир опамизни, мувозанатли бўлишга ва ўзидан ҳаддан ташқари кўп нарсани талаб қилмасликка севги ила ундашган. У шундай деб айтди: «Агар Яҳова мени севмаганида, шунча пайт давомида қайта-қайта маслаҳат бермаган бўларди». Эрининг ўлимидан сўнг иккита фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Брижэт қуйидагиларни бўлишди: «Айниқса ёлғиз ота ёки она учун, Шайтоннинг дунёсида болаларни тарбиялаш, энг қийин ишлардан биридир. Аммо мен Яҳованинг севгисида аминман, боиси У мени ҳатто қайғули дамларда ҳам йўналтириб турган ва чидай олмайдиган даражада синалишимга сира йўл қўймаяпти» (1 Кор. 10:13). Сандра эса, бедаво касаллик билан курашиб келяпти. Анжуманда, кўпчилик танийдиган бир биродаримизнинг хотини унга самимий қизиқиш кўрсатган. Сандранинг турмуш ўртоғи шундай деди: «Бу опамизни шахсан танимасак-да, унинг биз учун чин дилдан куйингани, қалбимизга бениҳоя қувонч бағишлади. Биродару опа-сингилларимизнинг оддийгина севги  изҳорлари, Яҳова бизни қанчалик севишини кўрсатди».

2 Инсонлар севиш ва севилиш эҳтиёжи билан яратилган. Кутилмаган ҳодисалар, кўнгил қолиши, соғликни йўқотиш, молиявий инқироз ёки хизматдаги муваффақиятсизлик туфайли бу эҳтиёж қондирилмаса, ҳафсаламиз пир бўлиши ҳеч гап эмас. Агар, Яҳова бизни ортиқ севмаслиги ҳақидаги фикрлар хаёлимизни чулғай бошласа, У учун қанчалик қадрли эканимизни ва ёнимизда туриб, ўнг қўлимизни кучайтиришини ҳамда ёрдамини аямаслигини эсласак яхши бўларди. Яҳовага садоқатни сақласак, У бизни асло унутмайди (Ишаё 41:13; 49:15).

3. Яҳова бизга нисбатан сўнмас севгини ҳис қилишига бўлган ишончимизни нима мустаҳкамлаши мумкин?

3 Юқорида тилга олинган кишилар, қийин дамларда Худо улар ёнида бўлганига аминлар. У биз билан бирга бўлиши ҳам турган гап (Заб. 117:6, 7). Бу мақолада, Худонинг севгиси қуйидагиларда қандай акс этишига эътибор қаратамиз: 1) Унинг яратган ижодларида; 2) илоҳий илҳом остида ёзилган Каломида; 3) ибодатда ва 4) тўловда. Шубҳасизки, Яҳова қилган яхшиликлари тўғрисида мулоҳаза юритиш, Унинг сўнмас севгиси учун миннатдорчилигимизни оширади (Забур 76:12, 13 ни ўқинг).

ЯҲОВА ЯРАТГАН ИЖОДЛАРИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗА ҚИЛИШ

4. Яҳованинг яратганлари устида мулоҳаза юритиш, нимани ошкор этмоқда?

4 Яҳованинг яратганларига қараб, Унинг бизга бўлган сўнмас севгисини кўра оламизми? Албатта. Ахир Аллоҳ яратган ҳар бир нарса, Унинг севгисини намоён этмоқда (Рим. 1:20). У, ернинг экосистемасини шундай яратганки, биз хавфсизликда ва завқланиб яшашимиз мумкин. Бироқ У, биз шунчаки умр кўришимизни истамайди. Маълумки, ҳаётимиз давом этиши учун озиқланишимиз керак. Ер юзида, биз учун фойдали озуқа сифатида хизмат қиладиган турли-туман ўсимликлар ўсишига Яҳова ғамхўрлик қилган. Шу сабабли У, ҳатто овқатланиш жараёни биз учун ёқимли ва қониқарли бўлишини таъминлаган (Воиз 9:7). Кетрин исмли опамиз, Канадага айниқса уйғониш фасли бўлмиш баҳор кириб келганида, Худонинг ижодларини кузатишдан завқ олади. У мана буларни бўлишди: «Барча нарсанинг ҳаётга қайтиши, яъни гулларнинг ердан ниш уриб чиқиши ва қушларнинг мавсумий кўчиб ўтишдан қайтиши, бундан ташқари ошхонамнинг деразаси ортидаги донхўракка миттигина колибрининг учиб келиши инсонга қувонч бахш этади. Яҳова, завқланишимиз учун шунча нарсани берган экан, демак бизни қаттиқ яхши кўради». Меҳрибон самовий Отамиз яратганларидан мамнуният топади ва биз ҳам бундан севинчга тўлишимизни истайди (Ҳавор. 14:16, 17).

5. Одамзод ажойиб яратилганидан Яҳованинг севгиси қандай намоён бўляпти?

5 Яҳова бизни самарали ва мазмунли меҳнат қилиш қобилияти билан яратган. Шу йўсин, ҳаётдан янада роҳатланиб яшай оламиз (Воиз 2:24). Худованднинг ниятига кўра, одамзод ер юзини тўлдириб, тобе қилиши, денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлару ер юзида яшовчи барча жонзотлар устидан ҳукм суриши керак эди (Ибт. 1:26–28). Яҳова меҳр-муҳаббати туфайли, биз Унга тақлид қила олишимиз учун керакли фазилатларни ато этган (Эфес. 5:1).

ХУДОНИНГ ИЛҲОМЛАНТИРИЛГАН КАЛОМИНИ ҚАДРЛАШ

6. Нега Аллоҳнинг Каломини ниҳоятда қадрлашимиз лозим?

6 Аллоҳ, бизга илҳомлантирилган Каломини тақдим этиб, Ўзининг улкан севгисини кўрсатган. Бу китобдан, Худо тўғрисида билишимиз керак бўлган барча нарса ва У инсониятга қандай муносабатда экани аён бўлмоқда. Масалан, Муқаддас Ёзувларда, тез-тез итоатсизлик қилиб турган исроилликларга нисбатан Яҳова қандай йўл тутгани  ҳақида ўқиймиз. Забур 77:38 да Худо тўғрисида: «Шафқат қилди, кечирди уларнинг гуноҳларини, қириб ташламади уларни, кўпинча У ғазабини босди, бутун ғазабини сочмади»,— деб ёзилган. Ушбу оят борасида фикр юритиш, Яҳованинг шахсан сизга бўлган севгиси ҳамда ғамхўрлигини қадрлашингизга кўмаклашади. Яҳова учун аҳамиятли эканингизда асло шубҳаланманг! (1 Бутрус 5:6, 7 ни ўқинг).

7. Нима учун Муқаддас Китобга жуда диққатли бўлишимиз даркор?

7 Муқаддас Китобни қимматли деб билишимиз кераклигининг сабаби, Аллоҳ бизга асосан у орқали мурожаат қилади. Мисол учун, ота-она билан фарзандлар орасидаги мазмунли ва ҳамдардликка тўла суҳбат, улар ўзаро ишонч ҳамда севгини ривожлантиришлари учун жуда муҳимдир. Яҳова ҳақида-чи, нима дейиш мумкин? Биз Уни кўрмаган ва овозини эшитмаган бўлсак-да, У илоҳий илҳом остида ёзилган Каломи орқали «гапиради», биз эса тинглашимиз керак (Ишаё 30:20, 21). Яҳова Ўз хизматчиларини йўналтиришни ва зарардан ҳимоялашни истайди. Шунингдек, биз Уни таниб-билиб, Унга таянишимизни хоҳлайди (Забур 18:8–12; Ҳикматлар 1:33 ни ўқинг).

Ёҳу Ёҳушафатга маслаҳат берган бўлса-да, Яҳова Ёҳушафатнинг «яхши ишларини» кўрган (8-, 9- хатбошиларига қ.)

8, 9. Муқаддас Китобдаги мисол ёрдамида, Яҳова нимани билишимизни исташини тушунтиринг.

8 Яҳова, биз Уни севувчи ва номукаммаллигимиз ортида турганларни кўра оладиган Шахс сифатида танишимизни истайди. У, биздаги яхши томонларни қидиради (2 Сол. 16:9). Мисол учун, Яҳудонинг шоҳи Ёҳушафатга нисбатан Яҳова худди шундай йўл тутган эди. Бир сафар, Ёҳушафат нодонлик қилиб, Исроил шоҳи Ахаб  билан Гиладдаги Рамўт учун сурияликларга қарши жангда иштирок этишдек, қалтис ишга рози бўлди. Гарчи, 400 та сохта пайғамбар ёвуз шоҳ Ахабни муваффақиятга эришишида ишонтирган бўлса-да, Яҳованинг пайғамбари Михиё, унинг мағлубиятга учрашини башорат қилган эди. Ахаб урушда вафот этди, Ёҳушафат эса ҳаётини аранг асраб қолди. Қуддусга қайтгач, у Ахаб билан иттифоқ тузгани учун танбеҳ олди. Бунга қарамай, Хонин ўғли валий Ёҳу Ёҳушафатга: «Сен яхши ишлар ҳам қилгансан»,— деб айтди (2 Сол. 18:4, 5, 18–22, 33, 34; 19:1–3).

9 Шоҳлигининг илк йилларида, Ёҳушафат аъёнлари, левилар ва руҳонийларга Яҳудо шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилиб, одамларни Яҳованинг қонунига ўргатишларини амр этган эди. У ташкил этган тадбир самарали бўлиб, атрофдаги халқлар ҳам Яҳовадан қўрқа бошлашди (2 Сол. 17:3–10). Тўғри, Ёҳушафат аҳмоқликка қўл урди, аммо Яҳова унинг яхши ишларига ҳам кўз юммади. Муқаддас Китобдаги ушбу ҳикоя эслатма бўлиб, номукаммаллигимизга қарамай, Яҳовага маъқул келишга жон куйдирсак, У сўнмас севгисини намоён этишини кўрсатмоқда.

ИБОДАТ ҚИЛИШ ШАРАФИНИ ҚАДРЛАШ

10, 11. а) Нима сабабли ибодат Яҳованинг ўзгача совғаси? б) Худо ибодатларимизга қандай жавоб бериши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Меҳрибон ота, болалари у билан гаплашмоқчи бўлишганда, уларга вақт ажратади. У фарзандларининг муаммою ташвишларидан хабардор бўлишни истайди, чунки уларнинг қалбидан нималар кечаётгани унга бефарқ эмас. Шу сингари, самовий Отамиз Яҳова ҳам, биз учун шараф бўлмиш ибодат орқали Унга мурожаат қилсак, бизни тинглайди.

11 Яҳовага ибодат орқали доим мурожаат қилишимиз мумкин. Бу борада У ҳеч қандай тўсиқ ўрнатмаган. Аллоҳ, бизга қулоқ тутишга доимо тайёр бўлган Дўстимиздир. Юқорида эслатиб ўтилган Тайлин шундай деди: «Сиз Унга ҳамма нарсани ва исталган жойда айтишингиз мумкин». Худога ичимиздаги теран фикрларни очганимизда, У Ўз Каломи, журналдаги бирон мақола ёки имондошимизнинг далдали сўзлари орқали жавоб бериши мумкин. Яҳова нолаларимизни эшитади ва ҳеч ким тушунмаган тақдирда ҳам, У бизни тушунади. Ибодатларимизга жавоб бераётгани, Унинг бизга бўлган сўнмас севгисининг ажойиб ифодасидир.

12. Муқаддас Китобда ёзилган ибодатларга нега эътиборли бўлишимиз муҳим? Мисол келтиринг.

12 Муқаддас Китобда баён этилган ибодатлардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Эҳтимол шу боис, вақти-вақти билан оилавий топиниш пайтида бундай ибодатларни муҳокама қилишни жуда фойдали деб билармиз. Яҳованинг қадимда яшаган хизматчилари чуқур фикрларини Унга қандай изҳор этгани ҳақида мулоҳаза қилиш, шахсий ибодатларимизни бойитишга ёрдам бериши мумкин. Масалан, Юнус пайғамбар катта балиқнинг қорнида бўлганида, ўкинч билан қилган ибодатини кўриб чиқинг (Юнус 2:1–11). Сулаймон маъбадни бағишлаш маросимида Яҳовага сидқидилдан қилган ибодатига эътибор қаратинг (3 Шоҳ. 8:22–53). Исо бизнинг манфаатимизни кўзлаб келтирган намунали ибодати ҳақида фикр юритинг (Мат. 6:9–13). Энг муҳими, мунтазам равишда «тилакларингизни... Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилади». Дарҳақиқат, Яҳованинг сўнмас севгиси учун миннатдорчилигимиз ўсиб бораверади (Филип. 4:6, 7).

ТЎЛОВ УЧУН МИННАТДОР БЎЛИШ

13. Меҳр ила тақдим этилган ҳадя, яъни тўлов орқали одамзод учун қандай имконият очилди?

13 Исонинг тўлов қурбонлиги иноят ила тақдим этилган ҳадя сифатида, биз ҳаётга  эга бўлишимиз учун берилган эди (1 Юҳан. 4:9). Бу, Худо севгисининг энг аъло исботи эканини таъкидлаб, Павлус қуйидагиларни ёзган: «Масиҳ белгиланган вақтда бетавфиқ инсонларнинг ўрнига ўлди. Одил киши учун бирор кимсанинг ўлиши амримаҳол, ҳимматли киши учун эса балки ўлишга кимнингдир юраги дов берар. Лекин Аллоҳ бизга Ўз севгисини биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этгани билан кўрсатди» (Рим. 5:6–8). Худо севгисининг ушбу улкан исботи туфайли, инсоният учун Унга маъқул келиш имкони очилди.

14, 15. а) Мойланган масиҳийлар учун тўлов нимани англатади? б) Ер юзида яшашга умид қилаётганлар учун тўлов туфайли қандай истиқбол очилди?

14 Айрим кишиларга нисбатан Яҳованинг сўнмас севгиси ўзгача тарзда намоён этилади (Юҳан. 1:12, 13; 3:5–7). Муқаддас руҳ билан мойланганлар сифатида, улар «Аллоҳнинг фарзандлари» бўлишади (Рим. 8:15, 16). Павлус, мойланган масиҳийлар тирилтирилиб, Исо Масиҳ билан бирликда самовий маконга ўтқазиб қўйилишларини тушунтирган (Эфес. 2:6). Мойланганлар ушбу мавқега эга бўлишининг сабаби, улар меросининг гарови бўлмиш ваъда қилинган муқаддас руҳнинг муҳри билан белгиланган, яъни улар учун осмонда умид тайёрлаб қўйилган (Эфес. 1:13, 14; Колос. 1:5).

15 Тўловга ишонаётганларнинг аксарияти учун Яҳованинг дўсти бўлиш имкони очилди. Қолаверса, улар Худонинг фарзандлари бўлиш ва ер юзидаги жаннатда абадий яшаш истиқболига эгалар. Шу йўсин, тўлов воситасида Яҳова инсониятга севгисини яққол намоён этди (Юҳан. 3:16). Агар ер юзида абадий яшашга умид қилаётган бўлсак ва Яҳовага садоқат ила хизмат қилишни давом эттирсак, У янги дунёда бизга ҳузурбахш ҳаётни тақдим этишидан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Тўловни Худонинг бизга нисбатан сўнмас севгисини намоён этувчи энг аъло исбот, деб билиш нақадар ўринли, шундай эмасми?!

ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИГА ЖАВОБ ҚАЙТАРИШ

16. Яҳова севгисини турли йўллар билан намоён этаётгани тўғрисида ўйлаш, бизга қандай таъсир қилади?

16 Яҳованинг содиқ севгиси турли йўллар билан намоён бўлади. Уларнинг саноғига етиш амримаҳол. Сано бастакори Довуд шундай куйлаган: «Сенинг ниятларинг, эй Худо, менга қадрлидир, ниятларингнинг сон-саноғи нақадар кўпдир. Қумдан ҳам кўп бўларди агар уларни санаганимда» (Заб. 138:17, 18). Бундай фикрлар қалбимизда Яҳовага нисбатан чуқур севгини ўстиришига йўл қўйишимиз лозим. Шундай қилиб, Аллоҳнинг севгисига жавоб қайтарган бўламиз. Келинг, нима бўлишидан қатъи назар Унга ўзимизда борининг энг яхшисини берайлик.

17, 18. Худога севгимизни намоён этишнинг айрим йўллари қандай?

17 Яҳовага севгимизни кўрсатишнинг ҳар хил йўллари бор. Масалан, воизлик ишида ғайрат билан қатнашиб, Аллоҳга ва яқинларимизга бўлган севгимизни исботлаймиз (Мат. 24:14; 28:19, 20). Имонимиз синалган пайтда садоқатни сақлаб ҳам, Яҳовани чиндан яхши кўришимизни ошкор этамиз (Забур 83:12; Ёқуб 1:2–5 ни ўқинг). Ҳатто қийинчиликларимиз борган сари кучайиб кетса-да, Худо азобларимиздан хабардор эканида ва У учун қадрли бўлганимиз боис бизга ёрдам беришида амин бўлишимиз мумкин (Заб. 55:9).

18 Яҳовага бўлган севгимиз, Унинг ижодларию бошқа ғаройиб ишлари ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди. Худони севишимиз ва Каломини ўта қадрлашимиз Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қилишимиздан кўринади. Яҳовага бўлган меҳримиз туфайли, ибодат орқали Унга янада яқинлашамиз. Гуноҳларимиз учун берилган тўлов қурбонлиги борасида фикрлаш, Худога бўлган севгимизни оширади (1 Юҳан. 2:1, 2). Хуллас, Яҳованинг сўнмас севгисига меҳр ила жавоб қайтаришимизга арзийдиган баъзи сабабларни кўриб чиққан бўлсак-да, аслида улар беҳисобдир!