Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2015

Сабр қилинг!

Сабр қилинг!

Борди-ю, у кечикадиган бўлса, сабр қилгин. ХАБ. 2:3

ҚЎШИҚЛАР: 32, 45

1, 2. Яҳованинг топинувчилари қандай нуқтаи назарга эга?

ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ топинувчилари, илоҳий илҳом остида ёзилган башоратлар амалга ошишини анча кутишган. Масалан, Еремиё пайғамбар Яҳудо юрти бобилликлар томонидан вайрон этилишини каромат қилган ва бу, мил. авв. 607 йилда юз берган (Ерм. 25:8–11). Ишаё пайғамбар ҳам илоҳий илҳом остида, Яҳова асирликдаги яҳудийларни Яҳудога қайтаришини башорат қилиб: «Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир»,— деган (Ишаё 30:18). Худонинг қадимдаги халқига тегишли башоратларни айтган Михо пайғамбар эса, ўзи учун қуйидагича қарор чиқарган: «Мен эса Эгамга тикаман кўзларимни, умид-ла кутаман нажоткорим Худони» (Михо 7:7). Асрлар мобайнида, Аллоҳнинг хизматчилари шунингдек, Масиҳга оид кароматлар бажарилишини кутиб яшашган (Луқо 3:15; 1 Бутр. 1:10–12) *.

2 Бугун ҳам Худонинг хизматчилари, ҳозирга қадар рўёбга чиқаётган кароматларнинг амалга ошишини кутишмоқда. Яҳова Масиҳий Шоҳлик орқали яқинда ёвузликни йўқ қилиб, инсоният азобларига чек қўяди ва Ўз халқини Шайтоннинг  ҳукми остидаги ушбу беқарор дунёдан халос этади (1 Юҳан. 5:19). Шундай экан, келинг, бу дунёнинг якуни жадаллик ила яқинлашиб келаётган бир паллада сергак ва ҳушёр бўлайлик.

3. Бу дунёнинг охирини анча йиллардан бери кутаётган бўлсак, қандай савол туғилиши мумкин?

3 Яҳованинг Шоҳидлари сифатида, Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби, ерда ҳам» бажо бўлишини орзиқиб кутяпмиз (Мат. 6:10). Анча йиллардан бери бу дунёнинг охири келиши чўзилиб кетгандай туюлгани боис, баъзилар қуйидагича ташвишланиши мумкин: «Ҳозир ҳам сабр қилиш арзийдими?» Келинг, бу саволнинг жавобини кўриб чиқайлик.

НЕГА САБР ҚИЛЯПМИЗ?

4. Ҳушёр туришимизнинг асосий сабаби нимадан иборат?

4 Муқаддас Китобда, бу дунёнинг йўқ қилинишига нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз кераклиги ҳақида аниқ айтилган. Исо Масиҳ издошларига «ҳушёр туринглар» деган (Мат. 24:42; Луқо 21:34–36). У бизга шундай қилишни тайинлаган экан, бунинг ўзи, сабр қилишимиз учун муҳим сабабдир! Бу борада, Яҳованинг ташкилоти яхши ўрнак кўрсатмоқда. Адабиётларимизда қайта-қайта: «Яҳованинг куни келишини кутиб, уни эсингизда сақланглар», — деган чорлов янграб, Аллоҳ ваъда қилаётган янги дунёга нисбатан умидимизни маҳкам тутишга бизни ундаяпти (2 Бутрус 3:11–13 ни ўқинг).

5. Нима учун бизнинг замонимизда ҳушёр бўлиш айниқса зарур?

5 Асрлар илгари яшаган масиҳийлар сабр қилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган экан, биз учун ҳам бу долзарб масала. Нега? Сабаби, биз Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайтида яшаяпмиз. Бунинг белгиси, 1914 йилдан бери яққол намоён бўлиб келмоқда. Ушбу белгига, бу дунёнинг тобора ёвузлашиб кетаётгани ва Шоҳлик хабарининг жаҳон бўйлаб тарқалаётгани ҳам кириб, биз «замона охирлаб бораётган» даврда яшаётганимизни тасдиқламоқда (Мат. 24:3, 7–14). Исо охирзамон қанча вақт давом этишини айтмагани боис, биз ҳушёр ва сергак бўлишимиз ўта муҳим.

6. Замонанинг охири яқинлашгани сайин, дунёдаги аҳвол янада ёмонлашишини қаердан биламиз?

6 Бизда: «“Замона охирлаб бориши” келажакка, яъни бу дунёдаги аҳвол янада ёмонлашадиган пайтга ишора қилмаяптимикан?» — деган савол туғилиши мумкин. Муқаддас Китобга кўра, «охирзамонда» ёвузлик авжига чиқади (2 Тим. 3:1, 13; Мат. 24:21; Ваҳ. 12:12). Демак, дунёнинг аҳволи ҳозиргидан ҳам баттар бўлишини кутишимиз мумкин.

7. Охирзамон мобайнида дунёда бўладиган аҳвол тўғрисида Матто 24:37–39 да нима ёзилган?

7 Сиз-чи, «буюк қайғу» келмасидан олдин ҳолат қанчалик машаққатли бўлишини кутяпсиз? (Ваҳ. 7:14) Масалан, сизнингча, ҳар бир мамлакатда уруш, ҳамма оч ва ҳар бир хонадон аъзоси касал бўладими? Ушбу шароитни инобатга олган ҳолда, ҳатто танқидчилар ҳам Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошаётганини тан олишга мажбур бўлишарди. Бироқ Исо айтганидай, аксарият одамлар унинг ҳозир бўлиш пайтига «парво қилмай», ўзларининг одатий юмушлари билан банд бўлишади ва Яҳованинг куни улар учун ногаҳон келади (Матто 24:37–39 ни ўқинг). Демак, Муқаддас Ёзувларга биноан, охирзамон мобайнидаги аҳвол, одамлар «буюк қайғу» яқинлигига ноилож ишонадиган даражада разиллашиб кетишини кутмаслигимиз лозим (Луқо 17:20; 2 Бутр. 3:3, 4).

8. «Ҳушёр туринглар» деган маслаҳатга риоя қилаётганлар нимани тушуниб етишмоқда?

8 Бошқа томондан, Исо издошларига айтган белгининг бажарилаётгани, унинг «ҳушёр туринглар» деган маслаҳатига риоя  қилишимиз учун кифоядир (Мат. 24:27, 42). 1914 йилдан бошлаб, Исо айтган белгининг турли қисмлари бажарилмоқда. Шак-шубҳасизки, ҳозирнинг ўзида «замона охирлаб бораётган» даврда, яъни Шайтоннинг дунёси йўқ бўлишига оз қолган пайтда яшаяпмиз.

9. Бу ёвуз дунёнинг якунини кутишга қандай сабаблар мавжуд?

9 Хўш, нега бугунги кунда замонанинг охири яқин, деб сабр қилишимиз керак? Исо Масиҳга итоатли бўлганимиз учун бундай йўл тутяпмиз. Қолаверса, Исо охирзамон ҳақида айтган белги бажарилаётганини кўриб турибмиз. Биз бунга, шунчаки эшитганимиз туфайлигина эмас, балки Худонинг Каломи бизни сергак, ҳушёр, эътиборли бўлишга ва бу ёвуз дунёнинг якунини кутишга ундаётгани учун ишоняпмиз.

ҚАЧОНГАЧА САБР ҚИЛАМИЗ?

10, 11. а) Нега Исо шогирдларини ҳушёр туришга чорлаган? б) Исонинг сўзларига кўра, бу дунёнинг якуни издошлари ўйлаган пайтда келмаса, нима қилишлари керак эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Кўпларимиз ўнлаб йиллар мобайнида маънавий ҳушёрликни сақлаб келяпмиз. Қанча вақт ўтишига қарамай, келинг, сабр қилиш қароримиз қатъий бўлсин. Исо Масиҳ, бу дунёнинг якунида Ҳукм ижрочиси сифатида келишига тайёр бўлишимиз даркор. Унутмангки, Исо издошларини қуйидагича огоҳлантирган: «Шундай экан кўз-қулоқ бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар. Бу, узоқ сафарга жўнаб кетаётган одамга ўхшайди. У уй-жойини хизматкорларига қолдириб, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга эса ҳушёр бўлиб туришни буюриб кетади. Хуллас, ҳушёр туринглар, чунки уйнинг эгаси қайси маҳалда — кечқурунми, ярим тундами, хўроз қичқиргандами ёки тонг саҳардами — келишини билмайсизлар. Тағин у кутилмаганда келиб қолиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда топмасин. Сизларга айтаётганимни барчага айтаман: ҳушёр туринглар» (Марк 13:33–37).

11 Масиҳнинг ҳозир бўлиш вақти 1914 йили бошланганини тушунган ҳолда, унинг издошлари замонанинг охири кутилмаганда келиб қолишига тайёргарлик кўришган. Улар буни, Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиш фаолиятини кенгайтириш орқали қилишган. Исо ошкор этганидай, у кейинроқ — «хўроз қичқиргандами ёки тонг саҳардами» келиши мумкин. Бу юз берганда, унинг издошлари нима қилиши керак бўлади? Унинг ўзи: «Ҳушёр туринглар»,— деган. Шундай экан, қанча вақт ўтишидан қатъи назар, ўша куннинг келишини ҳаёлан ортга суриш ёки умуман кутмай қўйишни оқлаб бўлмайди.

12. Хабаққуқ Худодан нима ҳақида сўраган ва қандай жавоб олган?

12 Хабаққуқ пайғамбарни олайлик, у Қуддуснинг вайрон бўлишини башорат қилишга тайинланган эди. Ундан олдинги пайғамбарлар ҳам, бундай юз беришини кўплаб йиллар мобайнида эълон қилиб келишганди. Аҳвол шу даражага етган эдики, фосиқлар солиҳлардан баланд келиб, ноҳақ ҳукм чиқарилаётган эди. Шу сабабли, Хабаққуқ: «Эй Эгам, қачонгача Сендан ёрдам сўраб ёлворай?!» — дегани ажабланарли эмас. Ушбу саволга тўғридан-тўғри жавоб беришнинг ўрнига, Яҳова садоқатли пайғамбарини каромат қилинган вайронагарчилик «кеч қолмайди» дея ишонтирган. Тангри Таоло унга: «Сабр қилгин»,— деган (Хабаққуқ 1:1–4; 2:3 ни ўқинг).

13. Хабаққуқ қанақа фикрга бориши мумкин эди ва нега бу нодонлик бўларди?

13 Хабаққуқ тушкунликка тушиб, шундай фикрга борганини тасаввур қилинг: «Йиллар давомида, Қуддуснинг йўқ бўлиши ҳақида эшитиб келяпман. Буни, ҳали анча кутиш керак бўлса-чи? Агар шаҳар  тўсатдан вайрон бўлса, башорат қилиб юришнинг кераги йўқдир. Бу ишни бошқалар қила қолсин». Мабодо Хабаққуқда бундай ўйлар пайдо бўлганида, у Яҳова билан бўлган муносабатини йўқотиши ва бобилликлар Қуддусни вайрон қилишганида, ҳатто ҳаётидан маҳрум бўлиши ҳеч гап эмас эди!

14. Замонанинг охиригача сабр қилганимиздан нега афсусланмаймиз?

14 Янги дунёда, замонанинг охири билан боғлиқ барча башорат қилинган ҳодисалар худди айтилганидай содир бўлганини эслаймиз. Бўлиб ўтганлар борасида мулоҳаза юритиш орқали, Яҳовага ва амалга ошиши керак бўлган ваъдаларига нисбатан ишончимиз мустаҳкамланади (Ёшуа 23:14 ни ўқинг). Шубҳасизки, вақтни «Ўз ихтиёри билан белгилаган» Худо, «барча нарса ўз ниҳоясига етиб қолган» даврда яшаётганимиздан бизни хабардор қилгани учун миннатдор бўламиз (Ҳавор. 1:7; 1 Бутр. 4:7).

САБР ҚИЛИШ, ҲАРАКАТ ҚИЛИШНИ АНГЛАТАДИ!

Ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила иштирок этяпсизми? (15- хатбошига қ.)

15, 16. Нега ваъз қилиш ишида жон куйдириш ҳозир айниқса муҳим?

15 Яҳованинг ташкилоти, Унга шошилинч тарзда хизмат қилишимиз кераклигини эслатиб туриши бор гап. Шу сингари эслатмалар, Худонинг хизматида банд бўлишга чорлабгина қолмай, Масиҳнинг ҳозир бўлиш белгиси айнан бугунги кунда амалга ошаётганидан огоҳ бўлишимизга кўмаклашяпти. Биз яшаётган давр муҳимлигини тушунаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолатини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб, хушхабарни ғайрат ила ваъз қилаётганимиз билан кўрсатамиз (Мат. 6:33; Марк 13:10).

16 Бир опамиз қуйидагилар билан бўлишди: «Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш орқали, биз... яқинлашаётган фалокатда инсонлар муқаррар ўлимдан омон қолишига ёрдам беришимиз мумкин». Бу опамиз қутқарилиб қолиш нима эканлигини ўзида ҳис этган. Улар эри иккови, тарихдаги энг даҳшатли денгиз фалокатлардан бирида омон қолишган. Бу ҳам бўлса, 1945 йили «Вильгельм Густлоф» номли ҳашаматли кема чўкиб кетганда юз берган. Масалан, ҳатто бундай хавфли вазият остида ҳам, инсон нима чинакамига муҳим экани ҳақида нотўғри хулосага бориши мумкин. Опамизнинг айтишича, бир аёл шундай деб бақирган: «Чамадон, чамадонларим! Жавҳарларим! Қиммат нарсаларим хонада қолиб кетди. Боримдан айрилдим!» Ундан фарқли ўлароқ, кемадагиларнинг айримлари муз денгизга тушиб кетган инсонларни қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишган. Ўша фидойи кишиларга ўхшаб, биз ҳам одамларга  кўмаклашиш учун жон куйдиряпмиз. Ваъзгўйлик фаолияти ўта шошилинч эканини ёдда сақлаб, жуда кеч бўлмасидан, яқинлашаётган фалокатда бошқалар омон қолишига ёрдам беряпмиз.

Доно қарорлар чиқариб, воизлик ишини зудлик билан бажариш муҳим эканини ёдда сақлаяпсизми? (17- хатбошига қ.)

17. Худонинг куни исталган маҳалда юз бериши мумкинлигига ишонишимиз учун қандай сабаблар бор?

17 Дунёдаги ҳодисалар, Муқаддас Китобдаги башорат ҳозир бажарилаётганини ва бу ёвуз замонанинг охири яқин эканининг яққол далилидир. Шундай экан, Ваҳий 17:16 да ёзилган «ўнта шох ва йиртқич ҳайвон» Буюк Бобилга, яъни сохта дин империясига ҳужум қилиши учун бу дунёнинг аҳволи ёвузлашиб, кўп вақт талаб этилади деб ўйламаслигимиз керак. Келинг, сохта динга ҳужум қилиш фикрини уларнинг дилига айнан Худо солишини эсда сақлайлик. Дарҳақиқат бу, тезда ва исталган маҳалда юз бериши мумкин! (Ваҳ. 17:17) Шайтон дунёсининг якунига жуда оз вақт қолди. Шунинг учун ҳам, Исонинг мана шу огоҳлантиришига қулоқ солишимиз керак: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин. Тағин ўша кун ногаҳон келиб, сизларни тўрга илинтирмасин» (Луқо 21:34, 35; Ваҳ. 16:15). Илойим, Яҳовага зудлик билан хизмат қилишга қатъий қарор қилайлик. Зеро, У ҳақида: «Сенга умид боғлаганларни, деб ажойиб иш қиладиган Худо Сенсан»,— деб ёзилган (Ишаё 64:4).

18. Нимани келаси мақолада муҳокама қиламиз?

18 Замонанинг охирини кутяпмиз экан, Яҳудонинг қуйидаги маслаҳатига амал қилсак яхши бўларди: «Қадрдонларим, ўзингизни азизу муқаддас имонингиз асосида мустаҳкамлаб, муқаддас руҳ таъсири остида ибодат қилинг. Абадий ҳаётга эришиш учун Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг раҳм-шафқатига умид қилаётиб, ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббатида сақланглар» (Яҳд. 20, 21). Хўш, Аллоҳ ваъда қилган янги дунёда яшаш истагимиз борлигини ва уни интизорлик ила кутаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Буни келаси мақолада муҳокама қиламиз.

^ 1- х.б. Масиҳга тегишли айрим башоратлар ва улар қандай амалга ошгани ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли китобнинг 200- саҳ. қ.