Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2015

Охирзамонда кимлар билан мулоқот қилиш керак?

Охирзамонда кимлар билан мулоқот қилиш керак?

Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади. 1 КОР. 15:33

ҚЎШИҚЛАР: 25, 20

1. Ҳозир қандай замонда яшаяпмиз?

ҲОЗИР жуда ҳам оғир замонда яшаяпмиз. Муқаддас Китобда, 1914 йилда бошланган ушбу давр «охирзамон» деб аталган. Ушбу ўзгача йилдан олдин, инсоният ер юзидаги шароит шу қадар ёвузлашганининг гувоҳи бўлмаган. Шу боис ҳам, бу замон «ниҳоятда оғир вақтлар» дея тан олинган (2 Тим. 3:1–5). Шуниси аниқки, дунёдаги ҳолат бундан-да баттар бўлади. Зеро Худонинг Каломига кўра, «ёмон инсонлар ва ёлғончилар... тобора разиллашиб бориши» каромат қилинган (2 Тим. 3:13).

2. Дам олишнинг қайси турлари оммалашиб бормоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

2 Дам олиш ниятида, аксарият кишилар кўраётган ёки ўзлари қилаётган нарсалар Муқаддас Китобда зўравон, ахлоқсиз, сеҳр-жодуга тўла ё бўлмаса, бошқа жиҳатлари билан жирканч деб ҳисобланади. Масалан, Интернет, теледастур, фильм, бадиий асар ва журналларда кўпинча, шафқатсизлик ҳамда ахлоқсизликнинг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб етказишади. Баъзи жойларда эса, авваллари номаъқул ва ғайритабиий саналган ишлар ҳатто қонунийлаштирилмоқда. Лекин бу, Аллоҳ  бундай хатти-ҳаракатларни маъқул деб билишини англатмайди (Римликларга 1:28–32 ни ўқинг).

3. Худонинг амрлари бўйича яшаётган кишиларга қандай қарашади?

3 Исонинг биринчи асрдаги издошлари ўйин-кулгининг нопок турларидан узоқроқ юришган. Бу иши ва художўй хулқ-атвори туфайли улар ноҳақ айбланиб, таъқибларга учрашган. Ҳаворий Бутрус қуйидагича ёзган: «Сизлар [масиҳийлар] улар каби ёмон ишлар гирдобида ўралашмаётганингиз учун, улар ҳайрон қолиб сизларни ёмонлашяпти» (1 Бутр. 4:4). Бугун ҳам бу дунёдагилар, Худонинг амрлари бўйича яшаётган кишиларни «оқ қарға» деб билишади. Қолаверса, «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча, қувғинларга дучор бўлади» (2 Тим. 3:12).

«ЁМОН ОДАМЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛИШ ЯХШИ ХУЛҚНИ БУЗАДИ»

4. Нега бу дунёга муҳаббат қўймаслигимиз даркор?

4 Муқаддас Ёзувларда, Худонинг иродасини бажаришни истовчиларга бу дунё ва ундаги ишларга муҳаббат қўймаслик маслаҳат берилган (1 Юҳанно 2:15, 16 ни ўқинг). Бу дунёдаги дин, сиёсат ва тижорат ташкилотларию ахборот воситалари «ушбу замонанинг худоси» бўлмиш Шайтон Иблиснинг таъсири остидадир (2 Кор. 4:4; 1 Юҳан. 5:19). Шундай экан, масиҳийлар сифатида кимлар билан мулоқот қилаётганимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Худонинг илҳомлантирилган Каломида қуйидаги муҳим ҳақиқат мавжуд: «Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади» (1 Кор. 15:33).

5, 6. Кимлар билан мулоқот қилмаслигимиз лозим ва нима учун?

5 Яхши хулқимиз бузилишини хоҳламасак, ёмон ишларга одатланган одамлар билан яқиндан мулоқот қилмаслигимиз керак. Бу нафақат ёмонлик қилувчилар, балки Яҳовага топиняпман деб таъкидлаётган, аммо била туриб Унинг қонунларини бузаётган кишилар билан мулоқот қилишга ҳам тегишли. Агар жиддий гуноҳга қўл ураётган масиҳий тавба қилмаса, биз у билан мулоқот қилмаслигимиз керак (Рим. 16:17, 18).

6 Худонинг қонунларига бўйсунмаётган одамлар билан мулоқот қилишда давом этсак, уларнинг назарида маъқул кўринган нарсаларга қўл уриш мойиллиги пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Мисол учун, жинсий ахлоқсизликка одатланган кишилар билан яқиндан алоқа қилсак, худди шундай йўл тутиш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. Айрим масиҳийлар ҳам бунга дуч келишган ва тавба қилмагани боис, баъзилари жамоатдан четлатилган (1 Кор. 5:11–13). Тавба қилишмагунча, уларнинг ҳолати Бутрус айтгандай бўлиб қолаверади (2 Бутрус 2:20–22 ни ўқинг).

7. Кимлар билан қалин дўст бўлишни танлашимиз керак?

7 Гарчи, Худонинг қонунлари бўйича яшамаётган инсонларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни истасак-да, улар билан апоқ-чапоқ бўлишдан ёки уларнинг яқин дўстига айланишдан қочамиз. Демак, Тангрига ҳаётини бағишламаган, Унга содиқ бўлмаган ва Унинг юксак меъёрларини ҳурмат қилмайдиган киши билан учрашиб юриш, турмуш қурмаган масиҳий учун нотўғридир. Масиҳийлар учун бенуқсонлигини сақлаш, Яҳованинг қонунлари бўйича яшамаётган инсонларга хуш келишдан кўра анча афзалдир. Биз, Аллоҳнинг иродасини бажараётган кишилар билан қалин дўст бўлишимиз лозим. Исо ҳам: «Ким Аллоҳнинг иродасини бажарса, ўша менинг укам, синглим ва онам бўлади»,— деб айтган (Марк 3:35).

8. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш исроилликларга қандай таъсир қилган?

8 Ўтмишда, исроилликлар ёмон одамлар билан мулоқот қилишнинг оқибатларини ўзларида ҳис этишган. Яҳова уларни Миср қуллигидан халос этиб, ваъда қилинган юртга етаклаганда, атрофдагилар билан  қандай муносабатда бўлишлари кераклиги ҳақида шундай деган: «Уларнинг худоларига сажда қилманглар, хизмат қилманглар. Бу халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг худоларини йўқ қилинглар, бутсимон тошларини синдириб ташланглар. Фақат Мен, Эгангиз Худогагина, хизмат қилинглар» (Чиқ. 23:24, 25). Аммо исроилликларнинг кўпи Аллоҳнинг кўрсатмаларига бўйсунмаган (Заб. 105:35–39). Улар Худога садоқатсиз бўлишгани сабабли, Исо кейинчалик уларга: «Ана энди бу маъбад ҳувиллаб қолади»,— деган (Мат. 23:38). Яҳова Исроил халқини рад этиб, Ўз баракаларини янги ташкил этилган масиҳийлар жамоатига ёғдира бошлаган (Ҳавор. 2:1–4).

ЎҚИЁТГАН ВА КЎРАЁТГАН НАРСАЛАРГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ

9. Нега бу дунёнинг оммавий ахборот воситалари хавфли бўлиши мумкин?

9 Бу дунё тақдим этаётган оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларидан анчаси ва ўйин-кулгининг кўпи масиҳийлар учун маънавий жиҳатдан хавфлидир. Улар, Яҳовага ва Унинг ваъдаларига бўлган имонимизни мустаҳкамлаш учун мўлжалланмаган. Аксинча, уларда Шайтоннинг разил дунёси ва ундаги мақсадлар акс этади. Шундай экан, «дунёвий истакларни» қўзғатиши мумкин бўлган нарсаларни танламаслик учун, ниҳоятда эҳтиёткор бўлишимиз керак (Титус. 2:12).

10. Бу дунёдаги ўқиш ва кўриш мумкин бўлган зарарли маҳсулотлар билан яқинда нима бўлади?

10 Яқинда, ўқиш ва кўриш мумкин бўлган шу каби зарарли маҳсулотлар йўқ бўлиб кетади. Уларнинг манбаи, яъни Шайтоннинг дунёси бартараф этилганда, буларнинг бари яксон бўлади. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади, Худонинг иродасини бажараётган киши эса абадий яшайди» (1 Юҳан. 2:17). Шу сингари, сано бастакори шундай дея куйлаган: «Ёвузлар йўқ қилиб ташланади, Эгамиздан умидворлар юртга эгалик қилади. Беозорлар эса юртга эгалик қилади, мўл бахт-саодатдан баҳраманд бўлади». Бу қанча давом этади? «Солиҳ юртга эгалик қилади, бу юртда тоабад истиқомат қилади» (Заб. 36:9, 11, 29).

11. Қандай қилиб Худо Ўз халқини фойдали маънавий озуқа билан таъминламоқда?

11 Дунёнинг маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган маълумот, ушбу охирзамонда абадий ҳаётга етаклайдиган тарзда умр кечиришга бизни ундамоқда. Тангри Яҳовага ибодат қилаётиб, Исо мана шуларни айтган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак» (Юҳан. 17:3). Самовий Отамиз ташкилоти орқали, бизни фойдали маънавий озуқа билан сийламоқда. Ҳақ топиниш учун қўлланиладиган журнал, рисола, китоб, видео ва веб-саҳифалар борлиги чиндан ҳам баракадир! Бунинг устига, Худонинг ташкилоти бутун жаҳондаги 110 000 дан зиёд жамоатларда мунтазам равишда учрашувлар ўтказилишига ғамхўрлик қилмоқда. Ушбу жамоат учрашувларию анжуманларда, Муқаддас Китобга асосланган маълумотни муҳокама қиламиз ва бу билан Аллоҳга ҳамда Унинг ваъдаларига нисбатан имонимизга имон қўшилади (Иброн. 10:24, 25).

«ФАҚАТ... ҲАЗРАТИМИЗГА ТЕГИШЛИ» КИШИ БИЛАН ТУРМУШ ҚУРИНГ

12. «Фақат у киши Ҳазратимизга тегишли бўлиши керак», деган маслаҳатнинг маъноси қандай?

12 Айниқса турмуш қурмоқчи бўлган масиҳийлар, кимлар билан мулоқот қилаётгани борасида диққатли бўлишлари ўта муҳим. Худонинг Каломида аниқ маслаҳатлар мавжуд: «Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилманглар. Ахир одиллик билан қонунсизлик ўртасида қандай умумийлик бор? Ёки нур билан қоронғилик ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин?» (2 Кор. 6:14). Умр йўлдош қидираётган масиҳийларга Муқаддас Китобда: «Фақат у киши  Ҳазратимизга тегишли бўлиши керак»,— деган маслаҳат берилган. Бошқача қилиб айтганда, у киши ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмган ва Муқаддас Китоб таълимотларига мувофиқ яшаётган бўлиши даркор (1 Кор. 7:39). Имондошимиз бўлган одам билан оила қуриб, Яҳовани севадиган ва бенуқсонлигимизни сақлашга кўмаклашадиган турмуш ўртоққа эга бўламиз.

13. Турмуш қуриш масаласида Исроил халқига нима амр этилган эди?

13 Яҳова, биз учун нима энг яхши эканини билади ва никоҳ масаласида Унинг нуқтаи назари ўзгармаган. Буни, Мусо пайғамбар орқали Исроил халқига берилган амрдан тушуниш қийин эмас. Атрофдаги халқлар, яъни Яҳовага хизмат қилмайдиган инсонларга ишора қилиб, исроилликларга қуйидаги кўрсатмалар берилган: «Улар билан қуда-андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар. Акс ҳолда улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади» (Қонун. 7:3, 4).

14, 15. Яҳованинг амрини писанд қилмаслик Сулаймонга қандай таъсир қилган?

14 Довуд ўғли ёш Сулаймон ҳукмронлигининг бошида донолик сўраб, ибодат қилган. Худо унга доноликни сероб қилиб берган. Шу йўсин, шоҳ Сулаймон келажаги порлоқ юртнинг доно бошқарувчиси сифатида танилган. Дарҳақиқат, Шава маликаси Сулаймон ҳузурига ташриф буюрганда, қуйидагича хитоб қилган: «Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунча гап-сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан» (3 Шоҳ. 10:7). Аммо Сулаймон, имондошимиз бўлмаган киши билан турмуш қурмаслик борасидаги Худонинг амрини писанд қилмаганда, оқибати қандай бўлишининг аянчли мисолидир (Воиз 4:13).

15 Сулаймон, Худонинг у учун қилган ишларига қарамай, атрофдаги халқлардан Яҳовага топинмайдиган аёлларга уйланмаслик тўғрисидаги илоҳий амрни рад этган. У «кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйган», вақт ўтгач эса унинг 700 та хотини ҳамда 300 та канизаги бўлган. Бу нима билан тугаган? Кексайган чоғида, бутпараст хотинлари дастидан шоҳнинг кўнгли «бегона худоларга мойил бўлди... Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди» (3 Шоҳ. 11:1–6). У ёмон одамлар билан мулоқот қилгани туфайли донолигидан маҳрум бўлган ва ҳақ топинишдан юз ўгирган. Яҳовани яхши кўрмайдиган инсон билан оила қуриш ниятида юрган масиҳий учун, бу нақадар ажойиб огоҳлантириш-а?!

16. Ҳақиқатни билишдан олдин турмуш қурган Яҳованинг хизматчилари учун Муқаддас Китобда қандай маслаҳат бор?

16 Мабодо, кимдир ҳақиқатни билишдан олдин турмуш қуриб, кейинчалик Яҳовага топина бошлаган бўлса-чи? Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Сиз — хотинлар ҳам эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар» (1 Бутр. 3:1). Тўғри, бу сўзлар масиҳий хотинларга тааллуқли, бироқ улар Яҳованинг хизматчисига айланишдан аввал уйланган эркак кишиларга нисбатан ҳам қўлланилади. Муқаддас Китобнинг аниқ маслаҳатига кўра, яхши умр йўлдош бўлинг ва никоҳ борасидаги Аллоҳнинг юксак меъёрлари бўйича ҳаёт кечиринг. Кўп ҳолларда, эри ёки хотини Худонинг талабларига амал қила бошлаб, ўзгарганини кузатган турмуш ўртоқ ҳақиқатни қабул қилади.

ЯҲОВАНИ СЕВАДИГАН КИШИЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛИНГ

17, 18. Нега Нуҳ Тўфонда, биринчи асрдаги масиҳийлар эса Қуддус вайрон қилинганда омон қолишган?

17 Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш  яхши хулқни бузса, одил инсонларга шерик бўлиш ижобий самара келтиради. Нуҳнинг мисолини эсласак, у бузуқ дунёда яшаган бўлса-да, атрофдагилар билан яқин дўст бўлишни сира ҳам истамаган. Ўшанда, «Эгамиз кўрдики, ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўп экан. Уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор экан» (Ибт. 6:5). Шунда, Аллоҳ улкан тўфон орқали ўша ёвуз дунёни ва унинг тарафдорларини изсиз йўқотишга қарор қилган. Аммо у пайтда «солиҳ, бенуқсон одам фақат Нуҳ бўлиб, Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди» (Ибт. 6:7–9).

18 Шуниси аниқки, Нуҳ Яҳовани севмайдиган кишилар билан ошна-оғайничилик қилиш пайида бўлмаган. Аксинча, у оиласининг еттита аъзоси билан бирга Аллоҳ топширган вазифани бажариш, жумладан кема қуриш билан банд бўлган. Шунингдек, Нуҳ «адолат йўлини хабарлаб юрган» (2 Бутр. 2:5). Нуҳ ваъз қилиш, кема қуриш ва оиласи билан вақт ўтказишдек, Тангрига маъқул келадиган яхши ишлар билан ўта машғул бўлган. Натижада, Нуҳ ҳамда оила аъзолари Тўфонда омон қолишган. Дарвоқе, улардан — садоқатли Нуҳ, унинг хотини, ўғилларию келинларидан миннатдор бўлсак арзийди. Негаки барчамиз, Яҳовага хизмат қилган ўша кишиларнинг авлодимиз. Шунга ўхшаб, биринчи асрдаги содиқ ҳамда итоаткор масиҳийлар қабиҳ дунёдан йироқлашишган. Бу туфайли улар, мил. 70 йили Қуддус вайрон қилинганда қутқарилиб қолишган (Луқо 21:20–22).

Имондошларимиз билан фойдали мулоқот қилиш, янги дунёдаги ҳаётни тасаввур қилишимизга кўмаклашади (19- хатбошига қ.)

19. Худонинг розилигини олишни истасак, нима қилишимиз керак?

19 Яҳованинг топинувчилари сифатида, Нуҳга, оиласига ва биринчи асрдаги итоатли масиҳийларга эргашишимиз зарур. Ушбу ёвуз дунёдан ажралган ҳолда ҳаёт кечириб, миллионлаб садоқатли биродару опа-сингилларимиз орасидан қалин дўст орттиришимиз лозим. Худонинг донолиги бошқараётган одамлар билан жипслашиш, ушбу ғоят оғир замонда «имонда маҳкам туришга» ёрдам беради (1 Кор. 16:13; Ҳик. 13:20). Бизни кутаётган ажойиб истиқбол ҳақида бир ўйлаб кўринг! Бу охирзамонда кимлар билан мулоқот қилаётганимизга эътиборли бўлсак, ҳар биримиз ушбу разил дунёнинг охирида омон қолиб, яқинда бўладиган Яҳованинг адолатли янги дунёсига тириклайин ўтишимиз мумкин.