Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2015

 Таржимаи Ҳол

«Денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин»

«Денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин»

Бу, мен ҳамиша ёдда тутадиган кун эди. Дунёнинг турли жойларидан бўлган бир нечта биродар билан Етакчи кенгашнинг мажлислар залида ҳаяжон ила кутиб турардик. Боиси, Муҳарририят қўмитаси бизга бир вазифа топширган ва натижалари билан бўлишишимиз керак эди. Бир неча ҳафта оралиғида, таржимонлар дуч келаётган айрим муаммоларни кўриб чиқдик ҳамда уларнинг ечимини тақдим этмоқчи эдик. Бу, 2000 йил 22 май куни эди. Аммо нега мазкур учрашув шунчалик муҳим бўлган? Буни тушунтиришдан аввал, ижозатингиз билан ўзим ҳақимда бир оз сўзлаб берсам.

Квинсленд штатида сувга чўмганман, Тасманияда кашшоф, Тувалу, Самоа ва Фижида тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилганман

МЕН 1955 йили Квинсленд штатида (Австралия) туғилганман. Кўп ўтмай, онам Эстель Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлаган. Онам келаси йили сувга чўмган, отам Рон эса 13 йил ўтгач, ҳақиқатни қабул қилган. Мен 1968 йили Квинсленднинг Сент-Жорж шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда сувга чўмганман.

Кичкина бўлишимга қарамай, ўқишни жуда яхши кўрардим ва фикр-хаёлим тил ўрганишда эди. Ҳатто оиламиз билан машинада саёҳатга чиққанимизда, атрофни томоша қилишдан кўра, орқа ўриндиқда ўтириб, доим китоб ўқишимни кузатган ота-онам ҳайрон қолишарди. Аммо ўқишга бўлган меҳрим мактабда ҳам менга ёрдам берган. Тасмания оролидаги Гленорчи шаҳрида жойлашган мактабнинг юқори синфларда таълим олаётганимда, ўқишдаги ютуқларим учун бир қанча мукофотга эга бўлганман.

Бироқ кейин жиддий қарор чиқариш вақти келди. Бу, олий маълумотли бўлиш учун университетга киришим билан боғлиқ эди. Китоблар ва таълим олишга ихлосим қанчалик баланд бўлмасин, онам фақат бир Шахсни, яъни Яҳовани кўпроқ севишимга ёрдам бергани учун миннатдорман (1 Кор. 3:18, 19). 1971 йили январда 15 ёшимда мактабни битириб, ота-онамнинг  розилиги билан кашшофлик хизматини бошладим.

Кейинги саккиз йил давомида, Тасманияда кашшоф сифатида хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. Бу вақт мобайнида, Женни исмли тасманиялик гўзал қизга уйландим ва тўрт йил олисдаги Смиттон ҳамда Куинстаун шаҳарларида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилдик.

ТИНЧ ОКЕАН ОРОЛЛАРИДАГИ ХИЗМАТ

1978 йили хотиним иккимиз илк бор денгиз оша, Порт-Морсбида (Папуа-Янги Гвинея) бўлиб ўтган халқаро анжуманга бордик. Бир тўла вақтли махсус ваъзгўй хири-моту тилида сўзлаган нутқ ҳали ҳам ёдимда. Унинг айтганларидан биронта сўзни тушунмаган бўлсам-да, бу нутқ мени тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишга, бошқа тилларни ўрганишга ва худди шундай нутқлар сўзлашга ундади. Ниҳоят, Яҳовага нисбатан севгимни тилга бўлган меҳрим билан бирлаштиришнинг йўлини топдим.

Австралияга қайтганимизда, бизни тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида тайинлашганини эшитиб хурсанд бўлдик. Бу, биз учун кутилмаган янгилик эди. Хуллас, 1979 йили январь ойида янги топшириқни бажариш учун Фунафути оролига (Тувалу) жўнадик. У пайтларда, бутун Тувалуда бор-йўғи учта сувга чўмган ваъзгўй бўлган.

Женни билан Тувалуда

Тувалу тилини ўрганиш осон эмасди. Бу тилда мавжуд бўлган ягона китоб — «Янги аҳд» эди. Ўшанда, луғатлар ёки тилни ўргатадиган курслар бўлмагани боис, кунига 10 тадан 20 тагача янги сўз ўрганишни мақсад қилдик. Лекин яқин орада, биз ўрганган аксарият сўзларнинг тўғри маъносини тушунмаётганимизни англаб етдик. Масалан, одамларга сеҳр-жоду билан шуғулланиш нотўғри эканлигини айтишнинг ўрнига, тарози ва ҳассадан фойдаланмаслик керак деган эканмиз! Бироқ биз бошлаган анчагина Муқаддас Китоб тадқиқларини давом эттириш учун тилни ўрганишимиз лозим эди. Шунинг учун, ҳаракатларимизни тўхтатмадик. Йиллар ўтиб, биз ўша пайтларда тадқиқ ўтказган илк кишилардан бири шундай деди: «Авваллари нима демоқчи эканингизни ҳеч тушуна олмас эдик. Ҳозир, тилимизда гапира олишингиздан жуда бахтиёрмиз!»

Гап шундаки, одамлар тилни ўрганиш учун энг зўр деб биладиган шароитда эдик. Ўша ерда ижарага бериладиган уйлар бўлмагани сабабли, бир қишлоқда имондошларимиз оиласи билан яшаб турдик. Бу туфайли, тил ўрганишга ва қишлоқ ҳаётига бутунлай шўнғиб кетдик. Бир неча йил давомида инглизчада гаплашмаганимиз учун, тувалу тили асосий тилимизга айланди.

Тез орада, кўпчилик ҳақиқатга қизиқиш кўрсата бошлади. Аммо улар билан тадқиқ ўтказиш  учун нимадан фойдаланамиз? Ахир уларнинг тилида умуман адабиётлар йўқ эди-ку. Улар қандай қилиб шахсий тадқиқ ўтказишади? Йиғилишларга кела бошлаганида, қайси қўшиқларни куйлаб, маълумотни қўллашади ва учрашувларга қай йўсин тайёрлана олишади? Сувга чўмиш учун қандай қилиб маънан ўсишади? Ушбу камтарин кишилар ўз тилида маънавий озуқага муҳтож эдилар (1 Кор. 14:9). «15 000 дан камроқ киши гапирадиган ушбу тувалу тилида қачондир адабиётлар чиқармикин?» — деб ўйлардик. Яҳова, иккита нарсани кўрсатиш орқали бу саволларимизга жавоб берди: 1) У, «денгиз ортидаги юртларда» ҳам Каломи ваъз қилинишини истайди ва 2) бу дунё «камтарин ва итоаткор», деб биладиган одамлар Унинг исмида паноҳ топишини хоҳлайди (Ерм. 31:10; Заф. 3:12).

МАЪНАВИЙ ОЗУҚАНИ ТАРЖИМА ҚИЛИШ

1980 йили филиал бизни тувалу тилига таржима қилиш учун тайинлади, лекин биз ўзимизни бу ишни бажаришга бутунлай қобилиятсиз ҳис қилардик (1 Кор. 1:28, 29). Аввалига, ҳукуматдан эски ротаторни (нусха кўпайтирадиган машинани) сотиб олдик ва учрашувлар учун маълумотни чоп эта бошладик. Биз ҳатто «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» китобини тувалу тилига таржима қилиб, уни бу машинада босиб чиқардик. Сиёҳнинг ўткир ҳиди ва тропик жазирамада барча адабиётни қўл билан босиб чиқариш учун, қанча тер тўкишга тўғри келгани ҳали ҳам ёдимда. Чунки, ўша пайтларда электр қуввати йўқ эди-да!

Тувалу тилига таржима қилиш қийин кечган, боиси бизга ёрдами тегадиган бир нечтагина луғат бор эди, холос. Бироқ баъзан кутилмаган тарафдан кўмак олардик. Бир куни эрталаб, адашиб ҳақиқатга қарши бўлган кишининг эшигини тақиллатдим. Ўқитувчи бўлган ёши улуғ уй эгаси, уникига келмаслигимиз кераклигини эслатди. Кейин эса: «Фақат бир нарсани айтмоқчиман. Таржимангиз тувалу халқи сўзлашадиган тилдан ниҳоятда йироқ»,— деб айтди. Буни бошқалар билан текшириб кўрдим ва у ҳақ бўлиб чиқди. Шунда, керакли ўзгаришлар киритдик. Адабиётларимизни ўқийдиган ва қарши бўлган ушбу киши орқали, Яҳова бизга ёрдам берганидан ҳайратда қолдим.

«Шоҳлик ҳақида хушхабар» туркумидаги 30- буклама тувалу тилида

 Тарқатиш учун тувалу тилида чиққан илк адабиёт Қутлуғ Кечликка таклифнома эди. Унинг ортидан «Шоҳлик ҳақида хушхабар» туркумидаги 30- буклама инглиз тилидаги билан бир вақтда чиқди. Одамларга она тилидаги букламани бериш, катта қувонч келтирди! Секин-аста, тувалу тилида айрим рисолалар ва ҳатто китоблар чиқа бошлади. 1983 йили Австралия филиали 24 саҳифали «Қўриқчи минораси» журналини уч ойда бир нашр этадиган бўлди. Бу эса, ҳар ҳафта йиғилишда ўртача ҳисобда еттита хатбошини тадқиқ қилиш имконини берди. Маҳаллий кишилар бунга қандай муносабат билдиришди? Тувалудаги одамлар ўқишни яхши кўришгани учун, адабиётларимиз жуда оммалашиб кетди. Ҳукумат радиостанциясидаги янгиликларда, ҳар бир янги адабиёт ҳақида эълон қилинарди, баъзан эса, бу энг долзарб хабар бўларди *.

Таржима иши ўзи қандай олиб борилган, деб қизиқарсиз. Бу иш қоғоз ва қаламдан бошланарди. Сўнг, Австралиядаги филиалга нашр этиш учун юборилишидан олдин, таржиманинг сифати керакли даражага етмагунча, қўлёзмалар кўп марта қайта-қайта чоп этиларди. Ўша пайтларда, филиалда тувалу тилини билмайдиган иккита опамиз алоҳида ўтириб, қўлёзмаларни компьютерга киритишарди. Матнни икки марта киритиш ва компьютерда уларни солиштириш туфайли, бир нечтагина хато чиқарди. Қоғозга босиб чиқарилган саҳифаларни бизга авиапочта орқали жўнатишарди ва биз уларни текшириб, чоп этиш учун филиалга қайта юборардик.

Бу ишлар ниҳоятда ўзгариб кетган. Ҳозир таржимонлар гуруҳи матнни тўғридан-тўғри компьютерга киритишади. Кўп ҳолларда, матн ва расмлар шу ернинг ўзида бирлаштирилиб, тайёр файллар нашр этилиши учун филиалга Интернет орқали юборилади. Ортиқ, қўлёзмаларни жўнатиш учун ҳеч ким почтага қатнаши шарт эмас.

БОШҚА ТОПШИРИҚЛАР

Йиллар ўтгани сари, Женни ва мен Тинч океани бўйлаб, турли топшириқлар олдик. 1985 йили бизни Тувалудан Самоа филиалига тайинлашди. У ерда биз, тувалу тилига таржима қилиш билан бирга, самоа, тонга ва токелау тилларига ўгиришда ҳам кўмаклашардик *. Сўнг 1996 йили бизга Фижидаги филиалда шунга ўхшаш ишни бажариш топширилди. Ўшанда фижи, кирибати, науру, ротума ва тувалу тилларига таржима қилиш ишида ёрдам берардик.

Тувалу тилидаги адабиётдан фойдаланиб, бошқаларга ёрдам беряпман

Адабиётларимизни таржима қилаётганларнинг ғайратидан ҳамиша ҳайратланаман. Негаки, иш зерикарли ва чарчатадиган бўлиши мумкин. Бироқ ушбу садоқатли кишилар Яҳованинг нияти, яъни хушхабар «ҳар бир миллат, қабила, тил ва халққа эълон этилиши» амалга ошишига жон куйдиришяпти (Ваҳ. 14:6). Масалан, «Қўриқчи минораси» журналини тонга тилига таржима қилиш илк бор режалаштирилганида, мен Тонгадаги барча оқсоқоллар билан учрашдим ва ким таржима ишига ўрганиши мумкинлигини сўрадим. Уларнинг орасидан, механик сифатида ишлаб, яхши пул топадиган бир оқсоқол, эртаси куниёқ ишдан бўшаб, дарҳол таржима ишига киришишини айтди. Бу айниқса қалбимга таъсир қилди, чунки у оилали эди  ва даромад келтирадиган бошқа юмуши ҳам йўқ эди. Аммо Яҳова унга ва оиласига ғамхўрлик қилгани учун, биродаримиз таржима ишида кўп йиллар иштирок этди.

Бундай фидойи таржимонлар, ҳатто кам одамлар гаплашадиган тилларда ҳам маънавий озуқа бўлишига қайғураётган Етакчи кенгаш аъзоларининг нуқтаи назарини акс эттиришади. Мисол учун, бир пайтлар тувалу тилида адабиёт чиқаришни давом эттириш арзийдими, деган масала кўтарилган эди. Етакчи кенгашдан келган қуйидаги жавоб менга далда бағишлаган: «Тувалу тилига таржима қилишни тўхтатишингизга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз. Бу тилда гапирадиганлар бошқа тиллардаги гуруҳларга қараганда камроқ бўлса-да, уларга хушхабарни ўз она тилида етказиш ҳали ҳам муҳим».

Орол кўрфазида сувга чўмиш

2003 йили Женни иккимизни Фижи филиалидан Паттерсонга (Нью-Йорк) таржимон гуруҳларга ёрдам бериш бўлимига ўтказишди. Орзуйимиз рўёбга чиқди! Биз, адабиётларимиз кўпроқ тилларга ўгирилишига ҳисса қўшишда ёрдам берадиган гуруҳ билан ишлай бошладик. Кейинги деярли икки йил мобайнида, турли мамлакатларга бориб, таржимон гуруҳларига таълим бериш масъулиятига эга бўлдик.

МУҲИМ ҚАРОРЛАР

Энди эса келинг, бошида айтиб ўтган воқеага қайтайлик. 2000 йилга келиб, Етакчи кенгаш дунё бўйлаб таржимон гуруҳларини мустаҳкамлаш эҳтиёжи борлигини кўрди. Бундан олдин, аксарият таржимонлар деярли таълим олишмаганди. Ушбу учрашувда Муҳарририят қўмитаси билан таклифларимизни бўлишгач, Етакчи кенгаш бутун дунёдаги таржимонларга таълим бериш дастурини маъқуллади. Бу дастурга инглиз тилининг тушунчасини яхшилаш, ўгириш усуллари ва гуруҳ аъзолари билан ҳамкорлик қилиш борасидаги курслар киради.

Хўш, таржимага қаратилган шунча эътибор қандай натижалар келтирди? Аввало, таржиманинг сифати ошди. Шунингдек, ҳозир адабиётларимиз чиқаётган тиллар сони мисли кўрилмаган даражада кўпайди. 1979 йили илк бор тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида тайинланганимизда, «Қўриқчи минораси» журнали атиги 82 тилда чиқарди. Қолаверса, журналнинг инглизчадаги сони чиққач, бошқа тилларда ўша сон бир неча ой ўтибгина, нашр этиларди. Бугунги кунга келиб, «Қўриқчи минораси» 240 дан ошиқ тилларга таржима қилинади ва аксарияти инглиз тилидаги сони билан бир пайтда чоп этилади. Айни замонда, маънавий озуқа у ёки бу шаклда 700 дан зиёд тилларда мавжуд. Бир неча йиллар олдин, бу ҳақида фақатгина орзу қилардик.

2004 йили Етакчи кенгаш яна бир оламшумул қарор қабул қилди. У ҳам бўлса, Муқаддас Китоб таржимасини тезлаштириш эди. Бирмунча ой ўтгач, Муқаддас Китобни таржима қилиш энг устувор ишлар қаторига киритилди. Бу эса, янада кўпроқ тилларда «Янги дунё таржимаси» бўлишига имкон яратди. 2014 йилга келиб, Муқаддас Китобнинг бу таржимаси тўлиқ ёки қисман 128 тилда, жумладан Тинч океанининг жанубий ҳудудларида қўлланиладиган анча тилларда ҳам нашр этилди.

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми» тувалу тилида чиққанини эълон қиляпман

 Ҳаётимдаги жуда муҳим воқеалардан бири, 2011 йили Тувалуда ўтказилган анжуманда иштирок этишдек шарафли топшириқ берилгани эди. Ойлар давомида бутун мамлакатни кучли қурғоқчилик қамраб олгани боис, анжуман бекор қилинадиганга ўхшарди. Бироқ у ерга етиб келган куним кечқурун, тропик жала қуйди ва ҳеч нарсага қарамай анжуман ўтказилди. Ўшанда, тувалу тилида «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимасининг Инжил қисми» чиққанини эълон қилишдек, улкан шарафга эга бўлдим. Бу тилда оз киши сўзлашса-да, улар ҳам ушбу ажойиб ҳадяни олишди. Анжуман ниҳоясига етиши билан яна шаррос ёмғир қуйди. Шу йўсин, дастур барчамиз учун мўл-кўл мажозий ва том маънодаги сув билан якунланди!

Ота-онам Рон ва Эстельдан Таунсвиллда (Австралия) 2014 йили ўтган анжуманда интервью оляпман

Афсуски, 35 йилдан ошиқ вақт давомида содиқ ҳамроҳим бўлган Женни ушбу унутилмас ҳодисанинг шоҳиди бўла олмади. У ўн йил мобайнида курашиб келган кўкрак саратони, 2009 йили уни енгди. Женни тирилганида, тувалу тилида Муқаддас Китоб чиққанини эшитиб, ғоят қувониши шубҳасиз.

Вақт ўтгач, Яҳова менга яна бир барака ёғдирди. Мен, Лорайне исмли ажойиб опамизга уйландим. Лорайне Фижидаги Байтилда биз билан бирга ишлаб, таржимон сифатида хизмат қиларди. Ҳозир ҳам, Яҳовага садоқатли ва мен каби тилларни яхши кўрадиган умр йўлдошим бор.

Фижида, Лорайне билан шоҳидлик беряпмиз

Ортда қолган йилларга разм солиб, севгига тўла самовий Отамиз Яҳова жамики одамзодга, уларнинг тилида қанча киши гапиришидан қатъи назар ғамхўрлик қилаётганининг гувоҳи бўляпман (Заб. 48:2–4). Инсонлар ўз тилида баъзи адабиётларни илк бор кўришганида ёки она тилида Яҳовани улуғлаб қўшиқ куйлашганида, юзларида пайдо бўладиган қувончда Худонинг севгиси акс этаётганини кузатаман (Ҳавор. 2:8, 11). Тувалулик қария биродаримиз Сауло Теасининг сўзлари ҳамон ёдимда. У биринчи марта Яҳовани тараннум этадиган қўшиқни ўз тилида куйлаганида, шундай деган эди: «Ўйлашимча, бу қўшиқлар тувалу тилида инглизчадан кўра яхшироқ янграётганини Етакчи кенгашга айтишингиз керак».

2005 йили сентябрда, кутилмаганда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши аъзоси тариқасида хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. Гарчи, таржимон сифатида хизмат қилмаётган бўлсам-да, Яҳова умумжаҳон таржима ишини қўллаб-қувватлашимга изн бераётганидан ниҳоятда миннатдорман. Яҳова барча хизматчиларининг, ҳатто Тинч океанининг ўртасидаги олис оролларда яшовчиларнинг ҳам маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилаётганини билиш, чексиз хурсандчилик келтиради! Ҳа, сано бастакори айтганидай, «Эгамиз шоҳдир, замин қувонсин, денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин» (Заб. 96:1).

^ 18- х.б. Адабиётларимизга нисбатан кўрсатилган муносабат ҳақидаги мисоллар «Қўриқчи минораси»нинг 2000 йил 15 декабрь сонидаги (рус) 32- саҳ., 1988 йил 1 август (ингл.) 22- саҳ. ҳамда «Уйғонинг!» журналининг 2000 йил 22 декабрь сонидаги (рус) 9- саҳ. келтирилган.

^ 22- х.б. Самоадаги таржима ишига оид тафсилотлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун, 2009 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 120–121, 123–124- саҳ. қ.