Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2015

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Россияда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Россияда

1991 ЙИЛИ, Россияда анчадан бери фаолиятимизга қўйилган тақиқ олиб ташланиб, расмий рўйхатдан ўтказилган. Бундан Яҳованинг Шоҳидлари роса хурсанд бўлишган эди. Ўша пайтларда, Яҳова Шоҳидларининг сони ўн карра ошишини ва бугунга келиб, деярли 170 000 га етишини кам одам тасаввур қила оларди. Ушбу меҳнатсевар Шоҳлик воизлари ичида, маънавий ўрим-йиғим ишида ёрдам бериш учун Россияга бошқа мамлакатлардан кўчиб ўтган ваъзгўйлар ҳам бор (Мат. 9:37, 38). Келинг, уларнинг айримлари билан танишайлик.

ЖАМОАТЛАРНИНГ МУСТАҲКАМЛАНИШИДА МЕҲНАТСЕВАР БИРОДАРЛАРНИНГ КЎМАГИ

Россияда тақиқ бекор қилинган йили, Буюк Британиядан бўлган Мэтью 28 ёшда эди. Ўша йили ўтказилган анжумандаги бир нутқда, Шарқий Европадаги жамоатларга ёрдам кераклиги таъкидланган. Мисол сифатида, маърузачи Россиянинг Санкт-Петербургдаги жамоатни келтириб, у ерда фақатгина битта жамоат хизматкори борлигини ва умуман оқсоқол йўқлигини айтган. Шундай бўлса-да, ваъзгўйлар бир неча юзлаб Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишаётган эди. Мэтью қуйидагича деди: «Ўша нутқдан кейин, Россия ҳақида ўйламасдан туролмадим. Шунинг учун, айниқса у ерга кўчиш истагим тўғрисида Яҳовага ибодат қилардим». У бир оз пул тўплаб, мол-мулкининг аксариятини сотди-да, 1992 йили Россияга кўчиб ўтди. Хўш, унинг ҳаёти қандай бўлди?

Мэтью

Мэтью шуларни айтди: «Тил мен учун муаммо эди. Маънавий мавзуларда тўлақонли суҳбат қура олмасдим». Турар жой топиш билан боғлиқ бошқа қийинчилик ҳақида эса, Мэтью қуйидагича деди: «Қисқа муддат ичида, шунчалик кўп кўчганманки, ҳатто ҳисобига ҳам етолмайман». Бошида юз берган анча қийинчиликларга қарамай, у шундай деб бўлишди: «Россияга кўчиш, умримда чиқарган энг аъло қарор эди. Бу ерда хизмат қилиб, Яҳовага янада кўпроқ таянишни ўргандим ва ҳаётимнинг турли соҳаларида Унинг йўл-йўриғини кўрдим». Вақт ўтиб, Мэтью оқсоқол ва махсус кашшоф этиб тайинланди. Ҳозир эса, у Санкт-Петербург яқинидаги филиалда хизмат қиляпти.

1999 йили, 25 яшар Хиро Японияда ўтган Хизмат малакасини ошириш мактабини тамомлаган ва ўқитувчиларидан бири, уни чет элда хизмат қилишга ундаган. Хиро, Россияда эҳтиёж катта  эканини эшитиб, рус тилини ўргана бошлаган. Қолаверса у, бошқа қадамни ҳам қўйган. «Мен олти ойга Россияга бордим. У ерда қиш қаҳратон бўлгани боис, совуққа чидай олиш-олмаслигимни текшириш ниятида ноябрда йўлга отландим»,— деб тушунтирди Хиро. Қишдан ўтиб олгач, у Японияга қайтиб келиб, Россияга бориб яшашга етадиган пул тўплаш мақсадида ниҳоятда содда ҳаёт кечирган.

Хиро ва Светлана

Хиро 12 йилдан бери Россияда яшаб келяпти ва бу вақт ичида у бир нечта жамоатларда хизмат қилган. Авваллари, у ёлғиз ўзи 100 дан ошиқ ваъзгўйларга оқсоқол сифатида ғамхўрлик қилган. Бир жамоатда, Хиро ҳар ҳафта Хизмат учрашувининг анчагина қисмларини, Воизлик мактабини, «Қўриқчи минораси»нинг муҳокамасини ва бешта турли жойда жамоат китоб тадқиқини ўтказган. Бунинг устига у кўплаб далдали ташрифлар қилган. Ортда қолган йилларга назар солиб, Хиро қуйидагиларни айтди: «Биродару опа-сингилларимиз маънан мустаҳкамланишларига ёрдам бериш, менга улкан қувонч келтирарди». Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш унга қандай таъсир қилди? Хиро бундай дейди: «Россияга келишдан олдин ҳам оқсоқол ва кашшоф бўлиб хизмат қилардим. Бироқ айнан бу ерга келгач, Яҳова билан бутунлай ўзгача муносабатларни ривожлантирганимни ҳис қиляпман. Ҳаётимнинг барча соҳаларида Яҳовага кўпроқ таянишни ўргандим». 2005 йили Хиро Светланага уйланди ва ҳозир улар биргаликда кашшофлик хизматини давом эттиришяпти.

Мэтью билан Марина, Майкл билан Ольга

Канададан бўлган Мэтью 34 ёшда, укаси Майкл эса 28 ёшда. Уларнинг иккиси ҳам Россияга келганда, жамоатларга қанчалик кўп қизиқаётган кишилар келаётганини ҳамда учрашувларни бор-йўғи бир нечта биродар ўтказаётганини кўриб қойил қолишган. Мэтью шундай фикр билдирди: «Жамоат 200 кишидан иборат эди, аммо уларни фақатгина битта кекса оқсоқол ва ёшгина жамоат хизматкори олиб борарди. Буни кўргач, ўша биродарларга ёрдам бериш истаги пайдо бўлди». У Россияга 2002 йили кўчиб келди.

Тўрт йил ўтгач, Майкл ҳам Россияга кўчиб келди ва биродарларга эҳтиёж ҳали ҳам катта эканини тез орада тушуниб етди. Жамоат хизматкори сифатида у ҳисобот, адабиёт ва ҳудудларга масъулиятли этиб тайинланди. Бунинг устига, ундан одатда жамоат котиби бажарадиган ишларни қилишни, оммавий нутқлар сўзлашни ҳамда анжуманларни ташкил этишни ва Йиғилиш Залларининг қурилишида кўмаклашишни сўрашган. Жамоатларда ҳанузгача ёрдамга эҳтиёж борлиги аниқ. Кўплаб вазифаларни бажариш осон иш бўлмаса-да, ҳозир оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Майкл шундай деди: «Биродарларга ёрдам бериш менга чинакам мамнуният бағишлайди. Бу, ҳаётни яшаб ўтишнинг энг зўр йўли!»

Бу орада, Мэтью Маринага, Майкл эса Ольгага уйланишди. Иккала жуфтлик ҳам бошқа талайгина ихтиёрий ишчилар қатори, жамоатларнинг ўсишида ёрдам беришни давом эттиришяпти.

ЎРИМ-ЙИҒИМ ИШИДА ҒАЙРАТЛИ ОПА-СИНГИЛЛАРНИНГ ЁРДАМИ

Татьяна

1994 йили Татьяна 16 ёшда бўлганида, Украинадаги унинг жамоатида Чехия Республикаси, Польша ва Словакиядан келган олтита махсус кашшоф хизмат қила бошлаган. У кашшофларни илиқлик ила ёдга олиб, бундай деди: «Бу ғайратли кашшофлар кўнгли очиқ ва меҳрибон бўлиб, Муқаддас Китобни жуда яхши билишарди». Татьяна, улар фидоий бўлишгани учун Яҳова қандай баракалар бераётганини кўриб: «Мен ҳам улардай бўлишни истайман»,— деб ўйлаган.

Кашшофларнинг ўрнагидан руҳланиб, Татьяна мактабдан таътилга чиққан пайтларида, Украина ва Белоруссиянинг илгари ваъз қилинмаган олис ҳудудларига бошқалар билан бориб турган. Бу хизмат сафарлари унга шу қадар ёққанки, у Россияга кўчиб ўтиб, хизматини кенгайтиришни режалаштирган. Дастлаб Татьяна, у ерга чет элдан кўчиб ўтган бошқа опаникига қисқа муддатга борган ва кашшоф бўла олишига кўмаклашадиган иш излаган. Кейинроқ, у 2000 йили Россияга кўчган. Ўзгаришлар у учун қийин бўлганми?

 Татьяна қуйидагиларни сўзлаб берди: «Уй сотиб олишга қурбим етмагани боис, бошқаларнинг уйларида хона ижарага олишга тўғри келарди. Бундай яшаш осон эмас эди. Уйга қайтиб кетишни истаган пайтларим ҳам бўлган. Бироқ Яҳова, хизматни давом эттириш мен учун фойдали эканини кўришимга доим кўмаклашган». Бугунги кунда, Татьяна Россияда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиляпти. У сўзларини шундай якунлади: «Она юртимдан олисда ўтказган ушбу йиллар ичида, мен қимматбаҳо тажриба ва сон-саноқсиз дўстлар орттирдим. Энг асосийси, имоним янада мустаҳкамланди».

Масако

Япониялик Масако 50 ёшларда ва у, бутун умр тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишни орзу қилган. Аммо соғлиқ муаммолари туфайли унга бунинг иложи йўқдай туюлган. Шундай бўлса-да, соғлиғи сал-пал тиклангач, у Россияга кўчиб ўтиб, ўрим-йиғим ишида ёрдам беришга қарор қилган. Қулай уй-жой ҳамда доимий иш топиш осон кечмаган. Кашшоф бўлиб хизмат қила олиши учун, Масако япон тилидан дарс берган ва одамларнинг уйларини йиғиштириб пул топган. Хизматини давом эттиришга унга нима ёрдам берган?

Россияда меҳнат қилиб ўтказган 14 йилни эсга олиб, Масако мана буларни айтди: «Хизматда олаётган қувончим, юз бераётган барча қийинчиликларни қоплаб кетяпти. Шоҳлик хабарчиларига эҳтиёж катта бўлган жойда ваъзгўйлик қилиш, фаол ва ҳаяжонга тўла ҳаёт кечириш демакдир. Мен учун, Яҳова йиллар давомида егулик, кийим ва бошпана билан таъминлаб келаётганини кўриш, замонавий мўъжизани кўришдай гап». Россиядаги эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилишдан ташқари, Масако Қирғизистонда ҳам маънавий ҳосилни йиғиш ишида қатнашган. Қолаверса у, инглиз, хитой ва уйғур тилларидаги гуруҳларга кўмаклашган. Ҳозирда, у Санкт-Петербургда кашшоф бўлиб хизмат қиляпти.

ОИЛАЛАРНИНГ КЎМАГИ ВА ОЛГАН БАРАКАЛАРИ

Михаил ва Инга

Кўпинча, иқтисодий инқироз туфайли, оилалар бошқа мамлакатларга кўчиб, моддий аҳволини яхшиламоқчи бўлишади. Лекин қадимда яшаган Иброҳим ва Сора сингари, айрим оилалар маънавий мақсадларни кўзлаб, чет элга боришади (Ибт. 12:1–9). Украинадан бўлган Михаил  ва Инганинг мисолини олайлик. Улар Россияга 2003 йили кўчиб ўтиб, тез орада Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни излаётган кишиларни топишган.

Михаил шундай деди: «Бир сафар, аввал Яҳованинг Шоҳидлари ҳеч ваъз қилмаган ҳудудда хизмат қилаётган эдик. Қария бир киши эшикни очиб: “Сизлар ваъзгўймисизлар?” — деб сўради. Биз буни тасдиқлагач, у: “Бир кунмас-бир кун келишингизни билардим. Исонинг сўзлари амалга ошмай қолиши мумкин эмас”,— деди. Сўнг, у киши Матто 24:14 ни ёддан келтирди. Шунингдек, бу ҳудудда биз ҳақиқатга чанқоқ бўлган ўнтача баптист аёлдан иборат гуруҳни ҳам учратдик. Уларда “Абадий яшай оласиз” * китоби бўлиб, ҳар дам олиш кунлари Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда ундан фойдаланишар экан. Биз соатлаб уларнинг саволларига жавоб берардик ва Яҳовани тараннум этувчи қўшиқларни куйлаб, бирга овқатланардик. Бу, энг ёқимли хотираларимдан биридир». Михаил ва Инга, ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган бундай жойларда хизмат қилиш, уларни Яҳовага янада яқинлаштиргани, одамларга бўлган севгисини оширгани ҳамда ҳаётини сермазмун қиладиган баракалар келтирганига қўшилишади. Бугунги кунда улар кўчма нозирлик ишида қатнашишяпти.

Оксана, Алексей ва Юрий

Украинадан бўлган Юрий ва Оксана жуфтлигининг ёши ҳозир 30 дан ошган, ўғли Алексей эса 13 ёшда. 2007 йили улар Россиядаги филиалга ташриф буюришган эди. У ерда улар Россиянинг харитасида улкан ҳудуд ҳали тайинланмаганини кўришган. Оксана шундай деб бўлишди: «Ушбу харитани кўздан кечиргач, Шоҳлик воизларига эҳтиёж қанчалик катта эканини аввалгидан ҳам яхшироқ тушундик. Бу, Россияга кўчиш қарорини чиқаришимизга ёрдам берди». Уларга яна нима кўмаклашган? Юрий қуйидагиларни айтди: «Адабиётларимиздаги “Чет элда хизмат қила оласизми?” каби мақолаларни ўқиш бизга қўл келди *. Биз, филиал тавсия қилган Россиядаги ҳудудга бориб, уй ва иш излаб кўрдик». 2008 йили улар Россияга кўчиб ўтишди.

Бошида, иш топиш жуда қийин бўлган ва улар бир уйдан бошқасига тез-тез кўчиб туришган. Юрий шундай деди: «Тушкунликка тушмаслигимиз учун кўпинча ибодат қилардик ва кейин ваъзгўйлик ишини давом эттириб, Яҳова қўллаб-қувватлашига ишонардик. Яҳованинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйганимизда, У бизга қанчалик ғамхўрлик қилишини ҳис қилдик. Бу хизмат оиламизни жипслаштирди» (Мат. 6:22, 33). Қизиқ, ёш Алексейга-чи, эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш қандай таъсир қилди? Оксана қуйидагиларни сўзлаб берди: «Бу уни ижобий томонга ўзгартирди. У ўзини Яҳовага бағишлаб, тўққиз ёшида сувга чўмди. Ваъзгўйларга катта эҳтиёж борлигини кўриш, ҳар сафар мактабдан таътилга чиққанида, уни кўмакчи кашшоф бўлишга ундаяпти. Ўғлимизнинг хизматга нисбатан севгиси ва ғайратини кўрганимизда, қалбимиз қувончга тўлади». Айни пайтда, Юрий ва Оксана махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишяпти.

«ФАҚАТ БИТТА НАРСАДАН АФСУСДАМАН»

Ўрим-йиғимда иштирок этаётган юмушчиларнинг сўзларидан аён бўлганидай, хизматингизни кенгайтириб, бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш, Яҳовага тўла таянишни талаб этади. Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилаётганлар, янги ҳудудларда айрим қийинчиликларга дуч келишаётгани бор гап. Лекин улар Шоҳлик хабарини тинглашга мойил бўлганларга ваъз қилиб, чуқур хурсандчиликни ҳис қилишяпти. Сиз ҳам бундай ҳудудларда ўрим-йиғим ишига кўмаклаша оласизми? Агар бундай қарорга келсангиз, эҳтиёж катта бўлган жойда меҳнат қилаётган Юрий сингари: «Фақат битта нарсадан афсусдаман, буни эртароқ қилсам бўларкан»,— деб айтишингиз аниқ.

^ 19- х.б. Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларга таржима қилинган, ҳозир эса нашр этилмайди.

^ 20- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 1999 йил 15 октябрь сонидаги 23–27- саҳ. қ.