Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2015

«Қайғули кунларда» Яҳовага хизмат қилиш

«Қайғули кунларда» Яҳовага хизмат қилиш

«СОҒЛИҚ муаммоларим дастидан, силлам қуриб боряпти»,— деб хўрсинди 70 ёшлардаги Эрнст * биродаримиз. Бу сизга ҳам танишми? Агар сизнинг ҳам ёшингиз ўтиб, соғлиқ ва қувватингиз кетаётганини сезсангиз, Воиз 12- бобда ёзилган сўзларга қўшиларсиз. Бу бобнинг 1- оятида, қарилик ҳақида «қайғули кунлар», деб айтилган. Шундай бўлса-да, жафо чекишга маҳкум эмассиз. Негаки, Яҳовага қувонч ила хизмат қилиш билан бирга тўлақонли ҳаёт ҳам кечира оласиз.

ИМОННИ МУСТАҲКАМ САҚЛАНГ

Ёши улуғ азиз биродару опаларимиз, кечираётган қийинчиликларда якка ўзингиз эмассизлар. Яҳованинг қадимдаги кекса хизматчилари ҳам шу сингари муаммоларга дуч келишган. Масалан, Исҳоқ, Ёқуб ва Охиёнинг кўзлари кўрмай қолган (Ибт. 27:1; 48:8–10; 3 Шоҳ. 14:4). Сора биби ўзини «мункиллагандай» ҳис этган (Ибт. 18:11, 12). Шоҳ Довуд ҳеч исина олмаган (3 Шоҳ. 1:1). Вақт ўтгач, бой-бадавлат Борзулайга эса еб-ичганининг мазаси ёки мусиқанинг товуши ҳузур келтирмай қўйган (2 Шоҳ. 19:32–35). Иброҳим ҳамда Наима турмуш ўртоғидан айрилиб, азоб чекишган (Ибт. 23:1, 2; Рут 1:3, 12).

Хўш, уларнинг ҳар бири Яҳовага садоқатли бўлиб, хурсандчиликни сақлашига нима кўмаклашган? Иброҳим Халилуллоҳ қарилик чоғида Аллоҳнинг ваъдасига ишониб, «имонида мустаҳкамланган» (Рим. 4:19, 20). Биз ҳам имонимизни мустаҳкам сақлашимиз керак. Бундай имон на ёшимиз, на имкониятларимиз ва на шароитларимизга боғлиқ. Мисол учун, бобокалонимиз Ёқуб заифлашиб, кўзи кўрмай ва тўшакка михланиб қолганида ҳам Худонинг ваъдаларига нисбатан қаттиқ имонни намоён этган (Ибт. 48:1–4, 8–10; Иброн. 11:21). Бугунги кунда, 93 га кирган Инес опамиз мушак нимжонлигидан азоб чекади, бироқ у шундай деб бўлишди: «Яҳова ҳар куни менга мўл-кўл баракаларини ёғдиради. Кунда жаннат ҳақида ўйлайман. Бу менга умид бахш этади». Нақадар ажойиб ва ижобий нуқтаи назар-а?!

Ибодат, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва жамоат учрашувларига қатнаш орқали имонимизни мустаҳкамлай оламиз. Ёши анчага бориб қолган Дониёр пайғамбар доим кунига уч маҳал ибодат қилиб, Худонинг Каломини ўрганарди (Дон. 6:10; 9:2). Кексайиб қолган бева аёл Анна «маъбадни ҳеч тарк этмасди» (Луқо 2:36, 37). Йиғилишларга имкон қадар келиб, иложи борича уларда иштирок этганингизда, нафақат ўзингизга, балки келганларнинг барига тетиклик бахш этасиз. Ҳатто имкониятларингиз чегараланган тақдирда ҳам, ибодатларингиз ҳамиша Яҳова учун ёқимлидир (Ҳик. 15:8).

Ўзаро далда олинг

Сиздай, садоқатли имондошларимизнинг аксарияти ўқиётганда кўришни ва учрашувларга бориш учун кучи етишини хоҳлашади. Аммо бу борган сари сиз учун қийин кечаётгандир ва эҳтимол имконсиздир. Шундай бўлса-да, нима қилишингиз мумкин? Қўл остингизда бўлган барча нарсадан фойдаланинг. Йиғилишга қатнай олмайдиганларнинг кўпчилиги, дастурни телефон орқали тинглайди. Кўзи хиралашиб қолганига қарамай, 79 ёшли Инге опамиз, жамоатидаги биродарлар йирик шрифтда қоғозга босиб беришган маълумотни қўллаб, учрашувларга тайёргарлик кўради.

Шунингдек, сизда бошқалар орзу қилган бир нарса, яъни вақт бор. Ундан фойдаланиб, Муқаддас Китоб, унга асосланган адабиётлару нутқларнинг ёзувини ва аудио драмаларни тинглашингиз мумкин. Қолаверса, ташаббускорлик ила имондошларингизга телефон қилиб, «Худо ато этган инъом билан бўлишсангиз» ва далда олсангиз бўлади (Рим. 1:11, 12).

ХИЗМАТДА ФАОЛ БЎЛИНГ

Ваъз қилинг

Ғамгин оҳангда: «Аввалги фаолликни йўқотиш ниҳоятда оғир»,— дея бўлишди 80 дан ошган Криста опамиз. Шундай экан, қандай қилиб кекса кишилар хурсандчилигини сақлай олишади? 75 ёшли Питер биродаримиз қуйидагиларни  айтди: «Ижобий фикрлаш тарзига эга бўлиб, ортиқ қўлингиздан келмайдиган эмас, балки қила оладиган нарсаларингиз тўғрисида ўйланг».

Ҳа, сиз шоҳидлик бера олишингиз учун қўл келадиган усуллар ҳали ҳам мавжуд. Масалан, Хейди илгаригидай уйма-уй хизмат қила олмайди. Буни қарангки, 80 яшар бу опамиз компьютердан фойдаланиб, хатлар ёзишни ўрганибди. Айрим кекса ваъзгўйлар боғда ёки бекатларда ўтириб, Муқаддас Китоб асосида суҳбатлар қуришади. Балки, ҳозир қариялар уйида яшаётган бўлсангиз, сизга қараётган тиббиёт ходимлари ва бошқа яшовчиларга ваъз қилиб, бу ерни ўз «ҳудудингиз» деб биларсиз.

Меҳмондўст бўлинг

Шоҳ Довуд ҳам кексайганида пок топиниш учун жон куйдирган. У, маъбаднинг қурилишига эҳсон қилиб, қўллаб-қувватлаш ишларини ташкиллаштирган (1 Сол. 28:11–29:5). Шунга ўхшаб, Шоҳлик фаолияти жаҳон бўйлаб қай йўсин олиб борилаётганидан хабардор бўлиб туринг ҳамда қўлингиздан келганча уни қўллаб-қувватланг. Бунинг устига, жамоатингиздаги кашшоф ёхуд бошқа ғайратли ваъзгўйларга ёқимли сўзлар, кичик совға ё чой ичишга таклиф этиш билан далда беришингиз мумкин. Ибодат қилаётганингизда, ёшлар, оилалар, тўла вақтли хизматчилар, беморлар ҳамда анчагина масъулиятларни бажараётганларни тилга олсангиз яхшидир.

Сиз ва хизматингиз ниҳоятда иззат-ҳурматга сазовордир! Ёши улуғ қадрдон имондошларимиз, самовий Отамиз сизларни асло четга суриб қўймайди (Заб. 70:9). Тангри Яҳова сизларни яхши кўриб, ардоқлайди. Яқин орада, барчамиз қанча яшасак ҳам, азоб келтирадиган қайғули кунларни кўрмаймиз. Аксинча, куч-қувватга тўлиб, мукаммал соғлиққа эга бўлган ҳолда меҳрибон Аллоҳимиз Яҳовага мангу хизмат қиламиз!

^ 2- х.б. Айрим исмлар ўзгартирилган.