Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2015

Худонинг Шоҳлигига содиқ қолинг!

Худонинг Шоҳлигига содиқ қолинг!

Улар... дунёга тегишли эмаслар. ЮҲАН. 17:16

ҚЎШИҚЛАР: 18, 54

1, 2. а) Нега масиҳийлар учун Худога содиқ бўлиш муҳим ва бунинг бетарафликка қандай алоқаси бор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Кўпчилик қанақа садоқатни намоён этяпти, бироқ натижаси қандай бўляпти?

САДОҚАТ ва бетарафлик — Худонинг ҳақ топинувчилари учун нафақат уруш пайтида, балки доим муҳим масала бўлиб келган. Нима учун? Боиси, ўзини Яҳовага бағишлаган ҳар бир киши Уни севишга, садоқатли ва итоаткор бўлишга ваъда берган (1 Юҳан. 5:3). Қаерда яшашимиз, келиб чиқишимиз, миллатимиз ёки маданиятимиз қандай бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг одил меъёрларини бажаришни истаймиз. Яҳовага ҳамда Унинг Шоҳлигига нисбатан садоқатимиз, биз эга бўлган бошқа ҳамма нарсадан устун туради (Мат. 6:33). Бундай содиқлик, масиҳийлар бу дунёдаги барча можарою баҳс-мунозаралардан узоқда туришини талаб этади (Ишаё 2:4; Юҳанно 17:11, 15, 16 ни ўқинг).

2 Яҳовага топинмайдиган кишилар ўз мамлакати, қабиласи, маданияти ёки ҳатто миллий спорт жамоасига нисбатан ўзгача садоқатни ҳис қилишлари мумкин. Ёмони шундаки, бундай садоқатнинг натижасида кўролмаслик, рақобат ва бундан ҳам баттари, қон тўкилиши ҳамда геноцид юзага келяпти. Одамлар бу масалаларни қай йўсин ҳал қилишаётгани — яхши ёки  ёмон томонгами — биз ва оиламизга ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Чунки истасак-истамасак, ушбу инсоний жамиятнинг аъзоларимиз. Худо одамни адолат туйғуси билан яратган экан, инсоний ҳукуматлар чиқараётган қарорлар бизнинг тўғрилик ва одиллик ҳиссимизга зид келиши мумкин (Ибт. 1:27; Қонун. 32:4). Бундай вазиятлар остида ўзимизни қандай тутамиз? Бунақа пайтда, дунёнинг ишлари ва баҳс-мунозараларига осонгина аралашиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

3, 4. а) Нега масиҳийлар бу дунёдаги тортишувларда бетарафликни сақлашади? б) Мазкур мақолада нима муҳокама қилинади?

3 Инсоний жамиятни бошқариш мақсадида ташкил этилган тузумлар, юзага келган тўқнашувларда бирон томонни эгаллаши учун, фуқароларга босим ўтказишлари мумкин. Масиҳийлар ҳеч бир тарафни эгаллашмайди. Биз бу дунёнинг сиёсий тортишувларида на иштирок этамиз, на қўлимизга қурол оламиз (Мат. 26:52). Шайтон дунёси, биз ундаги у ёки бу томонни устун қўйишимизни истайди. Лекин бу ҳаракатларга лаққа тушмаймиз (2 Кор. 2:11). Ушбу дунёга тегишли бўлмай, биз унда ҳукм сураётган рақобат руҳидан устун келяпмиз (Юҳанно 15:18, 19 ни ўқинг).

4 Бироқ номукаммал бўлганимиз сабабли, орамиздан кимдир эски фикрлаш тарзига хос бўлган қарама-қарши нуқтаи назарни бартараф этиш учун курашаётгандир (Ерм. 17:9; Эфес. 4:22–24). Шунинг учун, бу мақолада шу каби мойилликларни енгишимизга ёрдам берадиган айрим принциплар муҳокама қилинади. Қолаверса, Худонинг Шоҳлигига содиқ бўлишимиз учун онгимиз ва виждонимизни қандай тарбиялашимиз мумкинлигини ҳам кўриб чиқамиз.

НЕГА БУ ДУНЁНИНГ ИШЛАРИДА ТАРАФКАШЛИК ҚИЛМАЙМИЗ?

5, 6. Исо ўзи яшаган халқдаги турли-туманликка қандай муносабатда бўлган ва нега?

5 Агар юқорида келтирилган вазиятларда қандай йўл тутишингиз кераклигини билмай, ҳали-ҳануз иккиланаётган бўлсангиз, ўзингиздан: «Исо нима қилган бўларди?» — деб сўраш оқилонадир. Исо истиқомат қилган халқ турли ҳудудлардан, яъни Яҳудия, Жалила, Самария ва бошқа жойлардан бўлган кишилардан ташкил топган эди. Муқаддас Китобда ёзилганларга кўра, ҳар хил ҳудудлардан бўлган кишилар орасида муносабатлар яхши эмас эди (Юҳан. 4:9). Фарзийлар ва саддуқийлар ўртасида ҳам зиддиятлар бўлган (Ҳавор. 23:6–9). Худди шундай вазият халқ ва солиқчилар орасида ҳукм сурган (Мат. 9:11). Дин соҳасида олий таълим олганлар ва бундай билимга эга бўлмаганларнинг муносабатлари ҳам шу аҳволда эди (Юҳан. 7:49). Биринчи асрда Исроилни римликлар бошқаришган ва уларнинг халқ орасида бўлгани маҳаллий аҳолининг зардасини қайнатган. Исо ҳақиқатни олға суриб, нажот яҳудийлардан келишини тан олган бўлса-да, у шогирдларини тортишувларда иштирок этмасликка ундаган (Юҳан. 4:22). Аксинча, Исо уларни барча одамларни ўз яқинидай севишга чорлаган (Луқо 10:27).

6 Нега Исо халқ орасида кенг тарқалган нотўғри фикрларни маъқулламаган? Сабаби, на Исо, на Яҳова бу дунёнинг баҳс-мунозараларида тарафкашлик қилмайди. Яҳова Ўғли орқали илк эркак ва аёлни яратганида, нияти улар бутун ер юзини тўлдиришларидан иборат бўлган (Ибт. 1:27, 28). Худо, одамлар турли ирқ аъзоларини дунёга келтиришини мўлжаллаган. Яҳова билан Исо ҳеч бир ирқ, миллат ёки тилни бошқаларидан устун қўймайди (Ҳавор. 10:34, 35; Ваҳ. 7:9, 13, 14). Биз уларнинг мукаммал ўрнагига эргашишимиз лозим (Мат. 5:43–48).

7, 8. а) Масиҳийлар қайси масалада муайян тарафни эгаллашлари керак? б) Ижтимоий ва сиёсий муаммоларни ҳал қилишга келганда, масиҳийлар нимани тушунишлари лозим?

7 Аммо бир масалада муайян тарафни эгаллашимиз керак. Бу ҳам бўлса, Яҳованинг бутун оламни бошқариш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашдир. Бу борадаги мунозарали масала, Шайтон Адан боғида Яҳованинг  бошқарувини шубҳа остига қўйганида, илк бор юзага келган. Ҳозир, ҳамма одамлар Худонинг қилаётган ишлари Шайтонникидан устунроқ эканига ишониш-ишонмаслигини ҳал қилишлари даркор. Очиғини айтганда, ўз билганингизча йўл тутишнинг ўрнига, Яҳованинг қонун ва меъёрларига итоат этишни танлаб, Унинг томонини эгаллаяпсизми? Одамзоднинг муаммоларини ечишда, Худонинг Шоҳлигини ягона восита деб биляпсизми? Ёки инсон ўзини-ўзи бошқара олишига ишоняпсизми? (Ибт. 3:4, 5).

8 Бу саволларга берган жавобларингиз, одамлар баҳсли масалаларда фикрингизни сўрашганида, қандай муносабат билдиришингизни белгилайди. Сиёсатчилар, арбоблар ва ислоҳотчилар, бўлинишларни келтириб чиқараётган масалаларни ҳал қилиш учун анчадан бери курашишяпти. Тўғри, улар бу ишларни самимий ва эзгу ниятлар билан қилаётгандир. Аммо масиҳийлар, фақатгина Худонинг Шоҳлиги инсониятнинг муаммоларини бартараф этиб, чин адолатни таъминлай олишини тушунишади. Шундай экан, ҳамма нарсани Яҳованинг қўлига топширишимиз керак. Ахир, ҳар бир масиҳий ўзига тўғри кўринган ечимни энг яхши деб туриб олса, бу тез орада жамоатларимиз бўлиниб кетишига сабаб бўлмайдими?

9. Биринчи асрда, Коринфдаги жамоатда қандай муаммо юзага келган, бироқ Павлус қанақа ечимни таклиф қилган?

9 Биринчи асрда, жамоатда бўлинишга сабабчи бўлган бир масала юзага келганида, айрим масиҳийлар қандай йўл тутганига эътибор берайлик. Коринфдаги баъзи кишилар шундай дейишган: «“Мен Павлуснинг шогирдиман”, “Мен эса Аполлоснинг шогирдиман”, “Мен бўлсам Кифанинг шогирдиман”, “Мен эса Масиҳнинг шогирдиман”». Масаланинг асл сабаби қандай бўлмасин, унинг оқибати туфайли ҳаворий Павлуснинг аччиғи чиқиб, қуйидаги саволни берган: «Демак, Масиҳнинг жамоати бўлинган экан-да?!» Бундай емирадиган фикрлаш тарзи қандай бартараф этилган эди? Павлус масиҳийларни мана шундай йўл тутишга ундаган: «Хуллас биродарларим, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг исми ҳаққи сизларга насиҳат қиламан: сўзларингизда уйғунлик бўлсин, орангизда бўлинишлар юз бермасин, аксинча бир ўй, бир фикр орқали якдилликни сақланглар». Бугунги кунда ҳам, имонлилар жамоатида ҳеч қандай бўлинишларга ўрин йўқ (1 Кор. 1:10–13; Римликларга 16:17, 18 ни ўқинг).

10. Ҳаворий Павлус, масиҳийлар бу дунёнинг баҳс-мунозараларида бетараф қолишлари кераклигини қандай тасвирлаган?

10 Павлус, мойланган масиҳийларни ер юзидаги нарсаларга эмас, балки осмон фуқаролигига ўз диққатларини қаратишга ундаган (Филип. 3:17–20) *. Улар, Масиҳнинг ўрнига юборилган элчилардай йўл тутишлари керак эди. Масалан, элчи бошқа мамлакатга тайинланса, у ернинг муаммоларию сиёсатига аралашмайди. Худди шундай, мойланганлар ҳам бу дунёнинг ишларига қўшилишмайди (2 Кор. 5:20). Ер юзида яшашга умидвор масиҳийлар ҳам Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлишгани боис, бу дунёнинг баҳс-мунозараларида қатнашмасликлари даркор.

ЯҲОВАГА СОДИҚ БЎЛИШ УЧУН ЎЗИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАНГ

11, 12. а) Атрофдаги қандай муҳит, масиҳий Худонинг Шоҳлигига нисбатан садоқатини сақлашида қийинчилик туғдириши мумкин? б) Бир опамиз қанақа масалага дуч келган ва уни қай йўсин енгган?

11 Дунёнинг кўп жойларида, маҳаллий кишилар жуда фахрланадиган ўз тарихи, маданияти ва тили бўйича жипслашиб, бирликда яшашади. Бундай шароитларда, бетарафлик билан боғлиқ масала кўтарилганида, ўзини тўғри тута олиши учун масиҳий онги ва виждонини тарбиялаши лозим. У буни қандай қилиши мумкин?

12 Масалан, собиқ Югославия ҳудудидан  бўлган Мержетани * олайлик. У ёшлигидан серблардан нафратланиб улғайган. Яҳова юзхотирчилик қилмаслигини ва этник муаммолар келиб чиқишига Шайтон жавобгар эканини билиб олгач, миллатчилик туйғусидан озод бўла бошлаган. Аммо Мержета яшайдиган ҳудудда этник зиддиятлар бошлангач, унинг ўтмишдаги нафрати қайта қўзғалган ва у сербларга ваъз қилишга қийналган. Шундай бўлса-да, у қўл қовуштириб, бу зарарли туйғулар ўтиб кетишини кутиб ўтирмаслиги кераклигини англаган. Мержета Яҳовага ёлвориб, нафақат бу қийинчиликни енгишига, балки хизматини кенгайтириш ва кашшофликни бошлашга муносиб бўлишига ёрдам беришини сўраган. У қуйидагиларни айтди: «Бутун диққатимни хизматга қаратиш, энг аъло ёрдам эканини тушундим. Хизматда, Яҳованинг севгисига тақлид қилишга интиляпман ва ичимдаги салбий туйғулар секин-аста йўқолиб бораётганини кўряпман».

13. а) Бир имондошимизга қайси вазият ёқмаган, аммо у қандай йўл тутган? б) Зоила бошдан кечирганларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

13 Зоила билан содир бўлган бир воқеани кўриб чиқайлик. Асли Мексикадан бўлган бу опамиз, ҳозирда Европага кўчиб, у ердаги бир жамоатга қатнайди. У билан битта жамоатда хизмат қиладиган Лотин Америкасидан бўлган айрим биродарлар, унинг она юрти, у ердаги урф-одатлар ва ҳатто мусиқа ҳақида камситиб, менсимай гапиришганига эътибор берибди. Сиз бунга қандай муносабат билдирар эдингиз? Бундай гап-сўзлар Зоилага ёқмагани шубҳасиз. Аммо у, қалбида пайдо бўлган барча салбий туйғуларни бартараф этиш учун Яҳовадан ёрдам сўрагани мақтовга сазовор. Орамиздаги айримлар, ҳамон шунга ўхшаш муаммоларни енгиш учун курашаётганини тан оламиз. Биз била туриб, на ишимиз ва на сўзимиз билан имондошларимиз ёки бошқа кишиларнинг орасида бўлинишлар юзага келишига сабабчи бўлишни истамаймиз (Рим. 14:19; 2 Кор. 6:3).

14. Масиҳийлар садоқат билан боғлиқ масалалар борасида, онги ва виждонини қандай тарбияласа бўлади?

14 Сиз катта бўлган муҳит ёки кўрган тарбиянгиз, миллат ё мамлакатингизга нисбатан содиқ бўлишни сингдирганми? Бундай ҳиссиётларнинг айримлари юрагингизда ҳали ҳам борми? Масиҳийлар бошқаларга бўлган нуқтаи назарига миллатчилик таъсир қилишига йўл қўймасликлари керак. Бироқ бошқа миллат, маданият, тил ёки ирқ аъзолари борасида салбий фикрларга эга эканингизни сезиб қолсангиз-чи? Ундай бўлса, миллатчилик ва ўзгалар ҳақида нотўғри фикрда бўлишга, Яҳова қандай қараши тўғрисида мулоҳаза юритиш фойдали бўларди. Бу ва унга боғлиқ мавзуларни, шахсий тадқиқ ёки оилавий топиниш пайтида кўриб чиқиш арзийди. Кейин, Яҳовага илтижо қилиб, ушбу масалада Унинг нуқтаи назарини қабул қилишимизга кўмаклашишини сўрашимиз даркор (Римликларга 12:2 ни ўқинг).

Яҳовага бўлган садоқатимиз, хавф-хатар қаршисида маҳкам туришни тақозо этади (15-, 16- хатбошиларига қ.)

15, 16. а) Худога садоқатни сақлаётганимизга бошқалар қандай муносабат билдиришса, ажабланмаслигимиз лозим? б) Болалари қийинчиликка дуч келганда, ота-оналар қай йўсин кўмаклаша олади?

15 Эртами-кечми, Яҳованинг барча хизматчилари виждонига қулоқ солиб, бошқалардан, жумладан ҳамкор, синфдош, қўшни, қариндоши ва ҳоказолардан ажралиб туришларига тўғри келадиган вазиятларга тушишади (1 Бутр. 2:19). Ҳа, ажралиб туришимиз ўта муҳим. Бундай қилганимиз учун, дунё биздан нафратланиши ажабланарли эмас. Ахир, Исо бизни бу тўғрисида огоҳлантирган-ку. Бизга қаршилик кўрсатаётганларнинг кўпчилиги, бетарафликка тааллуқли масалаларни муҳим деб билишмайди. Биз учун эса, бу ҳаёт-мамот масаласи.

16 Яҳовага бўлган садоқатимиз, хавф-хатар қаршисида маҳкам туришни тақозо этади (Дон. 3:16–18). Одамлардан қўрқиш ҳар ёшдаги инсонларга таъсир қилади, лекин ёшлар учун оқимга қарши сузиш айниқса қийин туюлиши мумкин. Агар фарзандларингиз байроқни шарафлаш ёки миллий  байрамларни нишонлашга алоқадор муаммоларга дуч келаётган бўлишса, уларга дарров ёрдам беринг. Оилавий топиниш вақтини, болангиз дучор бўлаётган қийинчиликларни жасорат ила қарши олиши учун, бундай масалаларни тушунишига ёрдамлашиш фурсати деб билинг. Ўз эътиқодини аниқ ва ҳурмат ила изҳор қилишига кўмаклашинг (Рим. 1:16). Фарзандингизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, керак бўлса, ўқитувчиси билан бу масалалар ҳақида гаплашиб олишда ташаббус кўрсатинг.

ЯҲОВА ЯРАТГАН БАРЧА НАРСАНИ ҚАДРЛАНГ

17. Қандай нуқтаи назардан қочишимиз даркор ва нега?

17 Ўзимиз улғайган мамлакатдаги жойлар, маданият, тил ва таомларга муайян маънода меҳр қўйишимизни тушунса бўлади. Бироқ «меники энг зўр», деган нуқтаи назардан қочишимиз даркор. Бизга ёқимли бўлиши учун, Яҳова барча нарсани турли-туман қилиб яратган (Заб. 103:24; Ваҳ. 4:11). Унда, уларнинг бири иккинчисидан устунроқ, деб туриб олиш оқилона бўлармикин?

18. Яҳованинг нуқтаи назарини ўзлаштириш қандай баракалар келтиради?

18 Аллоҳ, турли одамлар ҳақиқат тўғрисидаги аниқ билимга эга бўлиб, абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишларини истайди (Юҳан. 3:16; 1 Тим. 2:3, 4). Фикрларнинг хилма-хиллигига кенгроқ қараш, бизни бойитиб, бирлигимизни ҳимоя қилади. Яҳовага бўлган садоқатимизни сақлаш билан бирга, бу дунёнинг баҳс-мунозараларига аралашиб қолишдан йироқлашишимиз керак. Кўр-кўрона садоқат намоён этаётганларга орамизда ўрин йўқ. Шайтоннинг дунёсида ҳукм сураётган бўлинишлар, мағрурлик ва рақобатдан бизни озод этгани учун Яҳовадан ниҳоятда миннатдормиз! Сано бастакори: «Нақадар яхшидир, ёқимлидир биродарлар бирга аҳил яшасалар»,— деб айтган (Заб. 132:1). Илойим, биз ҳам шундай тинчликсевар бўлишга қатъий қарор қилайлик!

^ 10- х.б. Филиппи шаҳри Рим империясининг колонияси бўлган. У ердаги жамоат аъзоларининг айримлари Рим фуқаролигига эга бўлишгандир. Бу туфайли уларда қайсидир жиҳатдан имондошларидан кўпроқ имтиёзлари бўлган.

^ 12- х.б. Айрим исмлар ўзгартирилган.