Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2015

«Сабр-бардошли бўлишингиз керак»

«Сабр-бардошли бўлишингиз керак»

АНИТА * Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмганидан сўнг, эри шиддатли қаршиликлар кўрсата бошлади. Анита қуйидагиларни айтди: «У йиғилишларга боришимга рухсат бермасди ва ҳатто Худонинг исмини айтишни ҳам тақиқлаб қўйди. Шунчаки Яҳованинг исмини эшитиши биланоқ эрим ғазабдан қутуриб кетарди».

Фарзандларига Яҳова ҳақида таълим бериш, Анита учун яна бир жиддий қийинчилик эди. «Ўз уйимда бўла туриб, Яҳовага бемалол топина олмас эдим. Болаларим билан на очиқчасига тадқиқ ўта олардим, на уларни учрашувларга олиб борардим»,— деди Анита.

Анитанинг мисолидан кўриниб турганидай, оила аъзоларимизнинг қаршилиги садоқатимизни чинакамига синаши мумкин. Худди шундай вазият сурункали хасталик, фарзандимиз ёки умр йўлдошимизнинг вафоти, оила аъзоларимиздан кимдир Яҳовадан воз кечиши туфайли ҳам юзага келиши ҳеч гап эмас. Буларга қарамай, масиҳий Яҳовага содиқ қолишига нима ёрдам беради?

Шунга ўхшаш қийинчиликларга дуч келсангиз, нима қиласиз? Ҳаворий Павлус: «Сабр-бардошли бўлишингиз керак»,— деб айтган (Иброн. 10:36). Аммо сабр-бардошли бўлишингизга нима кўмаклашади?

ИБОДАТ ИЛА ЯҲОВАГА ТАЯНИНГ

Қийинчилик пайтида сабр-бардошли бўлишнинг асосий йўлларидан бири, ибодат ила Яҳовага таянишдир. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Аннанинг оиласи душанба куни пешинда ногаҳон фожиага дуч келди. Унинг 30 йилдан бери бирга яшаган турмуш ўртоғи кутилмаганда оламдан ўтди. Анна қуйидагиларни айтди: «Энди, хўжайиним ҳеч қачон уйга ишдан қайтиб келмайди. У киши бор-йўғи 52 ёшда эди».

Лекин Анна қандай қилиб буларнинг уддасидан чиқди? У ишлаши керак эди, иши эса, бутун диққат-эътиборини талаб қиларди. Аммо бу, қалбидаги оғриқни енгишга ёрдам бермади. Анна: «Мен ичимдагиларни Яҳовага тўкиб солдим ва айрилиқ азобидан устун келишимга кўмаклашишини сўрадим»,— деб бўлишди. Яҳова унинг ибодатларига жавоб бердими? Анна бунда амин. У шундай деди: «Фақат Худо ато этадиган тинчлик бутун жонимни қамраб олди ва онгимни ҳимоя қилди. Яҳова эримни тирилтиришига асло шубҳам йўқ» (Филип. 4:6, 7).

«Ибодатларга жавоб бергувчи», хизматчилари Унга садоқатли қолишлари учун муҳтож бўлган барча нарса билан таъминлашини ваъда берган (Заб. 64:3). Ушбу ваъда имонимизни мустаҳкамлашига қўшилсангиз керак. Негаки, қийин дамларда сабр-бардошли бўла олишингиз учун Яҳова сизга ҳам ёрдам беради.

ЖАМОАТ УЧРАШУВЛАРИ — ДАЛДА МАНБАИ

Яҳова Ўз хизматчиларини жамоат учрашувлари орқали қўллаб-қувватлайди. Масалан, Салоникадаги жамоат аёвсиз қувғинларга дуч келганида, Павлус ўша ердаги масиҳийларни: «Ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бир-бирингизга тасалли бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»,— дея ундаган (1 Салон. 2:14; 5:11). Салоникадаги масиҳийлар ўзаро севги намоён этишгани ва кўмаклашгани боис жипслашиб, ушбу имон синовидан ўта олишган. Уларнинг сабр-бардоши ҳақида ёзилганлар биз учун ажойиб ўрнак сифатида хизмат қилади. Қолаверса, биз ҳам худди шундай йўл тутишимизга ёрдам берадиган муайян нарсаларни ошкор этади.

Жамоат аъзолари билан яқин дўстона муносабатларни ривожлантириш, «бир-биримизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нарсаларни» бўлишишимизга ҳисса қўшади (Рим. 14:19). Бу, ниҳоятда қайғули вақтларда айниқса муҳим. Павлуснинг ўзи ҳам кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган ва сабр-бардошли бўлиши учун Яҳова унга куч ато этган. Кўпинча, Худо Павлусга имондошлари орқали далда бериб турган. Мисол учун, Павлус Колосадаги жамоат аъзоларига салом йўллаётиб, имондошлари тўғрисида: «Улар менга яхшигина тасалли беришган»,— деган эди (Колос. 4:10, 11). Ҳа, уларнинг Павлусга бўлган  севгиси, у айни муҳтож бўлганида тасалли беришга ва қўллаб-қувватлашга чорлаган. Ҳойнаҳой сиз ҳам, ўз жамоат аъзоларингиздан шу каби далда ва ёрдам олаётгандирсиз.

ОҚСОҚОЛЛАРНИНГ КЎМАГИ

Аллоҳ жамоат орқали тақдим этадиган яна бир кўмак — оқсоқоллардир. Ушбу маънан етук эркаклар «шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади, бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади. Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди, ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади» (Ишаё 32:2). Нақадар ором берувчи сўзлар! Сиз-чи, севги ила берилган ушбу ҳадядан фойда оляпсизми? Оқсоқолларнинг далда ва кўмаги сабр-бардошли бўлишингизга ёрдам бериши мумкин.

Албатта, оқсоқоллар мўъжизавий равишда ёрдам бера олишмайди. Улар ҳам бизга ўхшаган номукаммал бандалар (Ҳавор. 14:15). Аммо уларнинг биз учун қилган ибодатлари катта аҳамиятга эга (Ёқб. 5:14, 15). Анча йиллардан бери, мушак дистрофияси билан курашиб келаётган италиялик биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Биродарларнинг севгисию меҳрибонлиги ҳамда тез-тез йўқлаб келганлари сабр-бардошли бўлишимга кўмаклашяпти». Сиз ҳам Яҳова севги ила берган совғадан, яъни оқсоқолларнинг ёрдамидан тўлалигича фойдаланяпсизми?

ДОИМ МАЪНАВИЙ ИШЛАР БИЛАН БАНД БЎЛИНГ

Сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашадиган бошқа нарсалар ҳам бор. Улардан бири доим маънавий ишлар билан банд бўлишдир. Саратоннинг кам учрайдиган турига чалинган 39 ёшли Жоннинг мисолини олайлик. У: «Ўзимни алдангандай ҳис қилдим, чунки жуда ёш эдим»,— деди. Ўша пайтда Жоннинг ўғли атиги уч яшар эди. Жон шуларни айтди: «Хотиним нафақат ёш боламизга қараши, балки менга ҳам ғамхўрлик қилиши ва барча тиббий муолажаларимда ёрдамлашиши керак эди». Кимётерапия туфайли Жоннинг силласи қуриб, кўнгли айнирди. Бироқ бу ҳаммаси эмасди. Жоннинг отаси ҳам бедаво касалликка чалиниб, оиласининг ғамхўрлигига муҳтож бўлиб қолди.

Хўш, Жон ва оиласи ушбу мушкул вазиятни қандай енгган? «Қаттиқ толиққанимга қарамай, оилам доим маънавий ишлар билан банд бўлишига ҳаракат қилардим. Ҳатто жуда қийин бўлганида ҳам биз йиғилишларни қолдирмас, ҳар ҳафта хизматда иштирок этар ва оилавий топинишни мунтазам ўтказар эдик»,— деди Жон. Ҳақиқатан, Жон ҳар қандай қийинчиликда сабр-бардошли бўлишнинг калити, маънавийликни сақлаш эканини кўрди. Қийин вазиятларга дуч келаётганларга Жон қандай маслаҳат беряпти? У шундай деб бўлишди: «Илк саросима ўтиб кетгач, хавотирли фикрлар ўрнини Яҳова берган куч ва севги эгаллайди. Яҳова менга берганидай, сизга ҳам куч ато этади».

Шубҳасизки, Аллоҳнинг мадади билан ҳозир ё келажакда дуч келишимиз мумкин бўлган барча оғир синову вазиятларда сабр-бардошли бўла оламиз. Келинг, Яҳовага ибодат ила таянайлик, жамоат аъзолари билан яқин дўстона муносабатларни ривожлантирайлик, оқсоқолларнинг кўмагини излайлик ва доим маънавий ишлар билан банд бўлайлик. Шундай қилсак, Павлуснинг: «Сабр-бардошли бўлишингиз керак»,— деган сўзларига мувофиқ йўл тутган бўламиз.

^ 2- х.б. Айрим исмлар ўзгартирилган.