Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2015

Покликни сақлай оламиз!

Покликни сақлай оламиз!

Қўлларингизни ювинглар... қалбларингизни покланглар. ЁҚБ. 4:8

1. Бу дунёнинг покликка бўлган нуқтаи назари қандай?

«ПОКЛИК — эскилик сарқити». Ҳозирги кунда, кўплар бундай шиор билан яшайди. Кўпгина мамлакатларда, гомосексуализм ва турмуш ўртоғи бўлмаган киши билан жинсий алоқада бўлиш табиий ҳолдир. Кино, китоб, қўшиқ ва рекламалар жинсий ахлоқсизликка тўлиб-тошмоқда (Заб. 11:8, 9). Ахлоқсизлик шу қадар тарқалиб кетганидан, сиз: «Поклигимни охиригача сақлай оламанмикан?» — деб ташвишланаётгандирсиз. Шуни айтиш жоизки, Тангри Яҳованинг кўмаги билан Унинг хизматчилари покликни сақлай олишади (1 Салоникаликларга 4:3–5 ни ўқинг).

2, 3. а) Нега нопок истаклар билан курашиш ўта муҳим? б) Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Бироқ авваламбор шуни англаб етишимиз керакки, пок ҳаёт кечириш учун ахлоқсиз истакларни рад этишимиз даркор. Худди қармоқдаги ем балиқни ўзига жалб этганидай, бузуқ фикрлару шаҳвоний истаклар — уларни шу заҳоти йўқ қилмаса, масиҳийни йўлдан оздириб, васвасага солиши ҳеч гап эмас. Улар номукаммал баданимизни қўзғатиб, ахлоқсиз қилмишларга етаклаши мумкин. Вақт ўтгач, гуноҳ шу  қадар кучли ривожланадики, нопок истак ўз ҳосилини бермай қолмайди. Шундай экан, Яҳованинг хизматчиси ҳам фурсат пайдо бўлиши биланоқ ўз хоҳиши бўйича йўл тутиши мумкин. Ҳа, «эҳтирос... гуноҳни туғади» (Ёқуб 1:14, 15 ни ўқинг).

3 Бир лаҳзали эҳтирос ривожланиб, жиддий гуноҳга олиб келиши мумкинлигини ёдда тутиш даркор. Агар, нопок истаклар қалбимизда илдиз отишига йўл қўймасак, бирон ахлоқсиз иш қилиб қўймаймиз ва унинг аянчли оқибатларидан азоб чекмаймиз. Буни билиш эса, далда бахш этади! (Галат. 5:16). Келинг, эҳтирослар билан курашишимизга кўмаклашадиган учта нарсани кўриб чиқайлик. Булар, Яҳова билан бўлган муносабатимиз, Унинг Каломидаги маслаҳат ҳамда маънан етук имондошларимизнинг ёрдамидир.

«АЛЛОҲГА ЯҚИНЛАШИНГЛАР»

4. Нима учун Яҳовага яқинлашиш шу қадар муҳим?

4 Аллоҳга яқинлашмоқчи бўлган инсонлар учун Муқаддас Китобда қуйидаги йўл-йўриқ ёзилган: «Қўлларингизни ювинглар... қалбларингизни покланглар» (Ёқб. 4:8). Яҳова билан дўстона муносабатларнинг қадрига етган киши, ҳаётининг ҳар бир соҳасида, жумладан фикрлаш тарзида ҳам Уни мамнун этишга жон куйдиради. «Қалби тоза» бўлишни хоҳловчи инсонлар сифатида, фикрларимизни ҳалол, ҳимматли ва мақтовга сазовор бўлган нарсаларга қаратамиз (Заб. 23:3, 4; 50:8; Филип. 4:8). Тангри Яҳова бизнинг номукаммал табиатимизни инобатга олади. Номуносиб истакларга мойил эканимизни У яхши билади. Нотўғри фикрларни иложи борича рад этишнинг ўрнига, уларни озиқлантирсак, бу Худонинг дилини оғритиши турган гап (Ибт. 6:5, 6). Буларнинг барини билиш, фикр-хаёлимизни пок сақлаш қароримизни янада мустаҳкамлайди.

5, 6. Қай йўсин ибодат эҳтиросларга қарши туришимизга кўмаклаша олади?

5 Яҳовага тўла таянаётганимизни кўрсатишнинг энг муҳим йўли, нопок фикрлар билан курашаётиб, ибодат қилишдир. Яҳовага ибодат орқали яқинлашсак, У ҳам бизга яқинлашади. У бизга сахийлик ила муқаддас руҳини ато этади. Бу эса ахлоқсиз хаёлларга қарши туриб, покликни сақлаб қолиш қароримизни мустаҳкамлайди. Шундай экан, келинг, юракдаги ниятларимиз билан Аллоҳга маъқул келиш истагимиз борлигини Унга билдирайлик (Заб. 18:15). Ичимизда, гуноҳга етаклаши мумкин бўлган «бирон қабиҳлик», яъни ҳеч қандай эҳтирос ёки мойиллик йўқмикин, деб текширишини камтарлик ила Худодан сўраяпмизми? (Заб. 138:23, 24). Васвасага дуч келганимизда, бенуқсонликни сақлаб қолишимизга кўмаклашишини сўраб, Аллоҳга доим илтижо қиляпмизми? (Мат. 6:13).

6 Олган тарбия ёки ўтмишдаги ишларимиз туфайли, Яҳова қоралайдиган хатти-ҳаракатларни қилиш мойиллиги ривожланган бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, У бизга керакли ўзгаришлар киритишимизга кўмаклашади. Бу орқали Унга маъқул тарзда хизмат қила оламиз. Шоҳ Довуд ҳам буни тан олган. Ботшева билан зино қилгач, у Яҳовага: «Менда тоза юрак яратгин, ичимда тўғри руҳни янгилагин»,— дея ёлворган (Заб. 50:12, 14). Гуноҳга қўл уриш истаги номукаммал танамизга қаттиқ ўрнашиб қолиши мумкин. Лекин Яҳова ичимизда тайёрлик руҳини, яъни Унга бўйсуниш хоҳишини уйғотишга қодир. Ҳатто эҳтирослар чуқур илдиз отиб, пок фикрларимизни сиқиб чиқармоқчи бўлса ҳам, Яҳова бизни Унинг амрларига бўйсунишимиз ва уларга амал қилиб яшашимиз учун тўғри йўналтира олади. Қолаверса, устимиздан ҳукмронлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай зарарни бартараф этиш Унинг қўлидан келади (Заб. 118:133).

Бир лаҳзали эҳтирос ривожланиб, қалбимизда илдиз ота бошлаган бўлса, уни юлиб ташлашимиз керак (6- хатбошига қ.)

«ХУДО КАЛОМИНИНГ... БАЖАРУВЧИЛАРИ ҲАМ БЎЛИНГЛАР»

7. Қандай қилиб Худонинг Каломи бизни нотўғри фикрлардан асрайди?

7 Яҳова ибодатларимизга Ўз Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали жавоб беради.  Унутмангки, Худонинг Каломидаги донолик «биринчидан покдир» (Ёқб. 3:17). Кунда Муқаддас Китобни ўқиб, билиб олганларимиз борасида мулоҳаза юритиш ёрдамида онгимизни ахлоқсиз фикр-хаёллардан асраймиз (Заб. 18:8, 12; 118:9, 11). Бунинг устига, эҳтирослар қурбонига айланмасликка кўмаклашадиган мисоллар ҳамда ўзгача маслаҳатлар у ердан жой олган.

8, 9. а) Қандай қилиб бир йигит бузуқ аёлнинг домига илинган? б) Ҳикматлар 7- бобдаги мисол қайси вазиятлардан қочишимизга ёрдам беради?

8 Ҳикматлар 5:8 да: «[Бузуқ] аёлдан узоқроқ юр, унинг эшигига яқинлашма»,— дейилган. Ҳикматлар 7- бобда, бу маслаҳатга риоя қилмаслик хавфли эканлиги тасвирланган. У ерда, бир йигит бузуқ аёлнинг уйи ёнидан ўтиб кетаётгани тўғрисида ўқиймиз. Ўшанда, тун қоронғи эди. Йигит кўчадан ўтаётганда, эҳтимол очиқ-сочиқ кийинган ўша аёл унинг олдига яқинлашади-да, уни қучоқлаб, ўпа бошлайди. Унинг ширин сўзлари йигитнинг бошини гангитиб, эҳтиросларини қўзғатади. Натижада, улар жинсий ахлоқсизликка берилишади. Ҳойнаҳой,  бу йигит ахлоқсизликка қўл уришни хаёлига ҳам келтирмаган. Унга тажриба ва фаҳм-идрок етишмаган эди. Шундай экан, қилмишларининг ачинарли оқибатлари билан яшашига тўғри келган. Қани энди, йигит ўша аёлдан узоқроқда юрганида! (Ҳик. 7:6–27).

9 Эҳтимол нотўғри истакларни қўзғатадиган хавфли вазиятларга дуч келсак, ўша йигит сингари бизга ҳам фаҳм-идрок етишмаётганини намоён этамизми? Масалан, айрим телеканалларда кундузи кўрсатилмайдиган дастурларни кечаси намойиш этишади. Хўш, онда-сонда у каналдан бу каналга ўтказиб, уларни томоша қиламизми? Ёки Интернет тармоғида бемақсад изғиб, порнография кўришни ва ахлоқсизликнинг бошқа турларини таклиф қилувчи веб-сайтлар ёки чатлардан фойдаланамизми? Шундай пайтларда, эҳтиросларни қўзғатадиган нимагадир дуч келиб, пок бўлиб қолиш курашида енгилишимиз ҳеч гап эмас.

10. Нега ноз-карашма қилиш хавфли? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

10 Муқаддас Китобда, яна бир соҳада — ўзга жинсдаги кишилар билан қандай муомала қилиш борасида маслаҳат берилган (1 Тимўтийга 5:2 ни ўқинг). Бу маслаҳат ноз-карашма қилишга мутлақо йўл қўймайди. Айримларнинг фикрича, кишига асло тегинмасдан туриб, қомат ҳаракатлари, имо-ишора ва кўз сузиш орқали ишқий муносабатларга шама қилишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Бироқ ноз-карашма қилиш ёки уларга жавоб қайтариш, нопок фикр-хаёлларга етаклаб, жиддий гуноҳга олиб келиши мумкин. Бундай нарса ўтмишда бўлган экан, ҳозир ҳам юз бериш эҳтимоли бор.

11. Юсуф қандай ўрнак кўрсатди?

11 Юсуф бу борада донолик ила йўл тутганди. Хўжайини Пўтифарнинг хотини Юсуфни аврамоқчи бўлганида, у буни қатъиян рад этди. Аммо аёл Юсуфни тинч қўймай, у билан бирга бўлишга ҳар куни чорларди (Ибт. 39:7, 8, 10). Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, Пўтифарнинг хотини: «Юсуф илк қадамни қўйишига умид боғлаб: “Кел, шунчаки бир оз ёлғиз қолайлик”»,— дегандай бўлган. Бироқ Юсуф, ўша аёлнинг шайдо қилувчи сўзларига учмади ва ҳатто тинглаб ҳам ўтирмади. Кўнглини олиш ниятида қилинган ҳаракатларни рад этиб, Юсуф аёл билан ноз-карашма қилмади. Шу йўсин у, юрагида илдиз ёйиши мумкин бўлган ҳар қандай нотўғри истакнинг олдини олди. Аёл уни жинсий алоқага мажбурлаганида ҳам, у иккиланмай ҳаракат қилди. «Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди» (Ибт. 39:12).

12. Биз кўраётган нарсалар қалбимизга таъсир қилиши мумкинлигини қаердан биламиз?

12 Муқаддас Китоб шунингдек, кўзларимиз дастидан қалбимиз тўғри йўлдан озиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. У ёқ-бу ёққа олазарак бўлиб қараш, шаҳвоний истакларни қўзғатиши сир эмас. Исо қуйидагича огоҳлантирган: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади» (Мат. 5:28). Шоҳ Довуд билан нима содир бўлганини эслайлик. У «сарой томига кўтарилиб... чўмилаётган бир аёлни кўриб қолди» (2 Шоҳ. 11:2). Довуд кўзини узолмай, фикр-хаёлини бошқаришга қурби етмади. Охир-оқибат, унда бировнинг хотини бўлган ўша аёлга яқинлашиш истаги туғилиб, зинога етаклади.

13. Нега кўзларимиз билан аҳд тузишимиз керак ва бунга нима киради?

13 Ахлоқсиз хаёллар билан кураш олиб бориш учун, садоқатли Аюб пайғамбар каби, кўзларимиз билан аҳд тузишимиз керак (Аюб 31:1, 7, 9). Кўзларимизни назорат қилиб, бошқа инсонга шаҳват билан қарамасликка қатъий қарор қилсак арзийди. Бунга, масалан, компьютер экрани, реклама, журнал муқоваси ва ҳоказолардаги беҳаё тасвирлардан нигоҳимизни олиб қочиш киради.

14. Қай йўсин покликни сақлаб қолиш ҳақидаги маслаҳат бизга фойда келтиради?

 14 Ушбу мақоладаги маълумотни муҳокама қилгач, ҳаётнинг бирон соҳасида нотўғри истакларга қарши янада кучлироқ курашиш кераклигини аниқлаган бўлсангиз, буни пайсалга солманг. Худонинг Каломидаги маслаҳатни жон деб қабул қилинг. Шунда, нотўғри ишлардан қочиб, покликни сақлаб қоласиз (Ёқуб 1:21–25 ни ўқинг).

«ЖАМОАТ ОҚСОҚОЛЛАРИНИ ЧАҚИРСИН»

15. Нотўғри жинсий истаклар билан курашаётиб, нега ёрдам излаш зарур?

15 Нотўғри жинсий истаклар билан курашаётган бўлсак, имондошларимиз яна бир кўмак манбаи бўла олишади. Албатта, шахсиятимизга оид шу сингари муаммоларни ўзгалар билан муҳокама қилиш осон эмас. Лекин жасоратга тўлган ҳолда маънан етук масиҳий билан суҳбатлашаётиб, у сиз ҳақингизда ўз фикрини меҳр ила айтишига йўл қўйсангиз, бирон ножоиз истакни амалга оширишнинг олдини оласиз (Ҳик. 18:1; Иброн. 3:12, 13). Бундай тажрибали имондошимиз билан камчиликларимиз борасида гаплашиш, ожиз томонларимизни аниқлашга ёрдам беради. Бу эса, Яҳовага бўлган севгимиз сусайиб қолмаслиги учун керакли ўзгаришлар киритишимизга кўмаклашади.

16, 17. а) Қандай қилиб оқсоқоллар нопок истаклар билан курашаётганларга кўмаклаша олишади? Мисол келтиринг. б) Порнография томоша қилаётган киши нега имилламай ёрдам излаши муҳим?

16 Бу масалада, айниқса оқсоқоллар ёрдам бериш учун етарли тажрибага эгалар (Ёқуб 5:13–15 ни ўқинг). Масалан, Бразилиядан бўлган бир йигит кўп йиллар мобайнида нотўғри хоҳишлар билан курашиб келган. У шундай деб айтди: «Фикрларим Яҳовага номаъқул эканини билардим, аммо туйғуларимни ўзгалар билан бўлишишдан жуда уялардим». Яхшиямки, бир оқсоқол уни суҳбатга чорлаб, ёрдам излашига ундаган. Бу йигит қуйидагиларни эслайди: «Оқсоқоллар менга кўрсатган севгидан қойил қолдим, сабаби улар менга шу қадар меҳрибонлик кўрсатиб, тушунишларини ҳатто хаёлимга ҳам келтирмагандим. Улар муаммоларимни диққат ила тинглаб, Муқаддас Китоб асосида Яҳова мени севишига ишонтиришди ва бирга ибодат қилдик. Натижада, Муқаддас Китобдаги маслаҳатни қабул қилишим осонроқ кечди». Йиллар ўтгач, анча маънан улғайиб, у: «Юкни якка ўзимиз ташиганимиздан кўра, ёрдам излаш қанчалик муҳим эканини энди тушуниб етдим»,— деган фикрни билдирди.

17 Ахлоқсиз истакларнинг сабаби порнография томоша қилишдек ёмон одат бўлса, ёрдам излаш янада муҳим. Буни қанча ортга сурсак, эҳтиросни амалга ошириш хавфи шунча кучаяди ва у «ҳомиладор бўлиб, гуноҳни туғади». Шу йўсин, бошқаларнинг кўнглини оғритиб, Яҳованинг исмига доғ туширамиз. Яҳовани хурсанд қилиш ва имонлилар жамоатида қолиш истаги, кўпгина масиҳийларни севгига тўла кўмакни қабул қилишга ундади (Ёқб. 1:15; Заб. 140:5; Иброн. 12:5, 6).

ПОК ҚОЛИШГА БЕЛ БОҒЛАНГ!

18. Сиз нима қилишга бел боғладингиз?

18 Шайтоннинг дунёсидаги ахлоқ борган сари бузилаётган бир пайтда, Тангри Яҳова содиқ хизматчилари фикрларини пок сақлашга ва Унинг юксак ахлоқий меъёрларига амал қилишга жон куйдираётганини кўриб, ниҳоятда фахрланади! Илойим, ҳар биримиз Яҳовага янада яқинлашиб, Каломи ҳамда имонлилар жамоати орқали тақдим этаётган йўл-йўриғини қабул қилишга бел боғлайлик! Покликни сақлаш натижасида, ҳозирнинг ўзида мамнуният ҳис қилиб, хотиржам бўла оламиз (Заб. 118:5, 6). Келажакда эса, Шайтон йўқ қилингач, унинг зарарли таъсиридан ҳоли дунёда абадий яшаш шарафига эга бўламиз.