Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Июнь 2015

Намунали ибодатга мувофиқ яшанг. 2- қисм

Намунали ибодатга мувофиқ яшанг. 2- қисм

Отангиз Худо нималарга муҳтож эканингизни... билади. МАТ. 6:8

1–3. Яҳова, эҳтиёжларимиздан хабардор эканига бир синглимиз қандай амин бўлган?

ЛАНА 2012 йили ёз кунларининг бирида Германияда содир бўлганларни асло унутмайди. У, ўшанда қилган иккала ибодатига ҳам жавоб олган. Биринчи сафар у, аэропортгача поездда узоқ йўл босиб келаётганида ибодат қилган. Лана Яҳовадан шоҳидлик қилишига имкон бўлишини сўраган. Иккинчи ибодатни эса, у аэропортга келгач, учиш келаси кунга қолдирилганини билганида қилган. Ибодатида Лана, аксарият пулини ишлатиб бўлганини ва тунаб қолиш учун жойи йўқлигини Яҳовага тўкиб солган.

2 Лана иккинчи ибодатини тугатмасиданоқ, кимдир унга: «Салом, Лана, бу ерда нима қилиб юрибсиз?» — деганини эшитган. Унга гапирган йигит, бирга ўқиган синфдоши бўлиб чиққан. У Жанубий Африкага учиб кетаётгани учун, онаси билан бувиси уни кузатгани келишган экан. Лананинг вазиятидан хабар топгач, йигитнинг онаси Элке, уни уйларида қолишга таклиф қилган. Элке билан онаси, Ланага ниҳоятда меҳмондўстлик кўрсатишган ва унинг эътиқоди ҳамда тўла  вақтли хизмати ҳақида кўплаб саволлар беришган.

3 Эртаси куни эрталаб, мазали нонуштадан сўнг, Лана Муқаддас Китоб ҳақидаги яна анчагина саволларига жавоб берган ва кимдир уларникига такроран ташриф буюриши учун мезбонларнинг манзилини сўраб олган. Лана эсон-омон уйига етиб борган ва доимий кашшоф сифатида хизматини давом эттиряпти. Шундай қилиб у, Яҳова ибодатларини эшитишини, нимага муҳтож эканини билишини ва ёрдам беришини ўзида ҳис қилган (Заб. 64:3).

4. Қайси эҳтиёжларни кўриб чиқамиз?

4 Кутилмаганда муаммога дуч келсак, Яҳовага ёрдам сўраб мурожаат қилиш қийин бўлмаслиги мумкин ва У ҳам содиқ хизматчиларининг бундай илтижоларини жон деб эшитади (Заб. 33:16; Ҳик. 15:8). Аммо намунали ибодат устида мулоҳаза юритганимизда, янада муҳимроқ бўлган бошқа эҳтиёжларни назардан четда қолдираётганимизни пайқармиз. Масалан, бу ибодатдаги сўнгги учта тилакда маънавий эҳтиёжларимиз қандай ошкор бўлаётганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, ризқ-рўзимиз учун қайғураётиб, қай йўсин тўртинчи тилакка монанд ҳаёт кечира оламиз? (Матто 6:11–13 ни ўқинг).

«БУГУНГИ РИЗҚ-РЎЗИМИЗНИ БЕР»

5, 6. Моддий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлсак-да, нега бугунги «ризқ-рўзимизни» сўраб ибодат қилиш муҳим?

5 Эътибор берсак, Исо ибодатида шунчаки бугунги «ризқ-рўзимни» эмас, балки «ризқ-рўзимизни» сўраш кераклигини айтган. Африкадаги Виктор исмли кўчма нозир шундай деб бўлишди: «Рафиқам иккимиз келаси сафар овқатни ёки ижара пулини қаердан оламиз деб ҳаддан ташқари ташвишланишимизга ҳожат бўлмагани учун, Яҳовага тез-тез чин дилдан раҳмат айтиб тураман. Имондошларимиз ҳар куни бизга меҳр ила ғамхўрлик қилишади. Лекин мен, бизга ёрдам бераётганлар ҳам иқтисодий муаммоларини енга олишлари учун ибодат қиламан».

6 Агар бизда етарлича озиқ-овқат бўлса, камбағалликда яшаётган ёки офатлардан азият чекаётган имондошларимиз тўғрисида ўйлаб кўрсак бўлади. Улар учун фақатгина ибодат қилибгина қолмай, унга яраша йўл тутишимиз ҳам лозим. Мисол учун, ўзимизда борини муҳтож бўлган биродару опа-сингилларимиз билан бўлишишимиз мумкин. Шунингдек, эҳсонларимиз донолик ила қўлланилишини билган ҳолда, умумжаҳон фаолиятимизга мунтазам равишда хайр-эҳсон қилсак бўлади (1 Юҳан. 3:17).

7. «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланмаслик» ҳақидаги насиҳатни Исо қандай тасвирлаган?

7 Ҳар кунги ризқ-рўзимиз ҳақида айтганида, Исо ҳойнаҳой зарурий эҳтиёжларимизни назарда тутган. Аввалига Исо, Аллоҳ дала гулларини қандай кийинтиришига эътибор қаратиб, сўнг қуйидагиларни айтган: «[Худо] сизларни ҳам кийинтириб қўймасмикин, эҳ имони сустлар?!.. “Нима киямиз?” — деб ортиқ ташвишланманглар». Исо сўзларини бу муҳим насиҳатни такрорлаш билан якунлаган: «Зинҳор эртанги кун учун ташвишланманглар» (Мат. 6:30–34). Бу, пулпараст бўлишнинг ўрнига, асосий кундалик эҳтиёжларимиз учун қайғуришимиз кераклигини кўрсатяпти. Бундай эҳтиёжлар қаторига муносиб уй-жой, оиламизни таъминлашга имкон берадиган иш ҳамда соғлиқ масалаларини донолик ила ҳал қилиш киради. Агар нуқул шундай жисмоний нарсалар тўғрисида ибодат қилаётган бўлсак, бу мувозанатли эмаслигимизни кўрсатади. Биз, бундан анча муҳимроқ бўлган маънавий нарсаларга ҳам муҳтожмиз.

8. Исонинг кундалик ризқ-рўзимиз тўғрисидаги сўзлари, бизга қайси муҳим эҳтиёжимизни эслатиб туриши керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

8 Исонинг кундалик ризқ-рўзимиз тўғрисидаги сўзлари, маънавий озуқага муҳтож эканимизни эслатиб туриши даркор. Исо:  «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди»,— деган (Мат. 4:4). Шунинг учун, Яҳова маънавий ризқ-рўзни ўз вақтида етказиб туришини сўраб, тинмай ибодат қилишимиз керак.

«ГУНОҲЛАРИМИЗНИ КЕЧИР»

9. Қайси маънода гуноҳимиз қарз билан солиштирилган?

9 Нега Исо «гуноҳни» «қарз» билан солиштирган? (Мат. 6:12, изоҳга қ.; Луқо 11:4, изоҳга қ.). 1951 йили «Қўриқчи минораси» журналида қуйидагилар ёзилган эди: «Гуноҳ — Худонинг қонунига зид қилмиш бўлиб, бизни Ундан қарздор қилиб қўяди... Гуноҳимиз учун Худо ҳаётимизни талаб қилишга ёки олишга ҳақлидир... У бизни тинчлигидан маҳрум қилиши ва ўртамиздаги барча тинчлик ришталарини узиши мумкин... Биз Унга итоаткорликда намоён бўладиган севгини кўрсатишга қарздормиз. Гуноҳ қилганимизда, Унга тегишли бўлган севгидан иборат қарзимизни тўламаган бўламиз. Гуноҳ қилиш эса, Худони севмаслигимизни англатади» (1 Юҳан. 5:3).

10. Яҳова гуноҳларимизни нима асосида кечиради ва биз бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

10 Худо гуноҳларимизни ўчириши учун фақат битта қонуний асос, яъни Исонинг тўлов қурбонлигини тақдим этган. Ҳар куни кечирилишга муҳтож эканлигимиз, буни эслатиб туради. Бу тўлов тахминан 2 000 йил аввал тўланган бўлса-да, худди бугунги кунда берилган ҳадядай қадрлашимиз керак. Ҳаётимиз учун «тўлов ғоят қиммат» бўлиб, ҳеч бир номукаммал инсон биз учун уни тўлашга қодир эмас (Забур 48:8–10; 1 Бутрус 1:18, 19 ни ўқинг). Шундай экан, ушбу улкан инъом учун Яҳовага тинмай миннатдорчилик билдиришимиз лозим. Қолаверса, «гуноҳларим» эмас, «гуноҳларимиз» дейилгани, Худонинг барча топинувчилари раҳм-шафқатга муҳтож эканини ёдимизга солиб туради. Шуниси аниқки, Яҳова биз ҳадеб ўз маънавий фаровонлигимизни ўйламай, бошқалар ва эҳтимол бизга қарши гуноҳ қилганлар учун ҳам қайғуришимизни истайди. Одатда бундай гуноҳлар арзимас бўлиб, имондошларимизни чиндан севишимизни ва Аллоҳ раҳмдиллик ила бизни кечиргани каби, биз ҳам кечиришга тайёр эканимизни исботлаш имконини беради (Колос. 3:13).

Худо сизни кечиришини истасангиз, сиз ҳам кечиримли бўлинг (11- хатбошига қ.)

11. Нима учун кечиримли бўлиш истаги ўта муҳим?

11 Афсуски, номукаммал кишилар сифатида, баъзан кимгадир кек сақлашимиз мумкин (Лев. 19:18). Бу борада гап очганимизда, бошқалар бизнинг томонимизни эгаллагани  натижасида, жамоатда бўлинишлар юзага келиши ҳеч гап эмас. Агар бундай вазият давом этишига йўл қўйсак, Худонинг раҳм-шафқати ва тўловга ҳурматсизлик қилаётганимизни кўрсатамиз. Борди-ю, кечиримли бўлишни истамасак, самовий Отамиз ҳам Ўғли берган тўловнинг баҳосини бизга қўлламай қўяди (Мат. 18:35). Исо намунали ибодатни айтгач, буни батафсил тушунтириб берган (Матто 6:14, 15 ни ўқинг). Хуллас, Худонинг кечиримлилигидан фойда олишни истасак, жиддий гуноҳдан қочишга интилишимиз даркор. Гуноҳдан қочиш истагимиз, эътиборимизни намунали ибодатдаги кейинги тилакка қаратади (1 Юҳан. 3:4, 6).

«ВАСВАСАГА БЕРИЛИБ КЕТИШИМИЗГА ЙЎЛ ҚЎЙМА»

12, 13. а) Исо сувга чўмганидан кўп ўтмай нима содир бўлган? б) Нега васвасага берилсак, бошқаларни айбламаслик керак? в) Исо ўлимигача содиқ қолиб нимани исботлаган?

12 Исо сувга чўмганидан кўп ўтмай содир бўлган воқеани муҳокама қилсак, нега: «Васвасага берилиб кетишимизга йўл қўйма»,— деб сўрашимиз кераклигини тушунамиз. Аллоҳнинг муқаддас руҳи Исони саҳрога бошлаб кетди ва «у ерда Иблис уни васвасага солди» (Мат. 4:1; 6:13). Бу бизни ҳайрон қолдириши керакми? Агар Худо Ўғлини ер юзига жўнатганининг асл сабабини билсак, йўқ. Одамато билан Момоҳаво Аллоҳнинг ҳукмдорлигини рад этишганида, муайян масала юзага келган эди. Унга тегишли айрим саволлар ҳал қилиниши учун вақт талаб этиларди. Масалан, Худо инсонни яратаётиб, ниманидир нотўғри қилганмиди? Мукаммал одам «ёвуз Шайтоннинг» босимига қарамай, Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашининг имкони бормиди? Шайтон таъкидлаганидай, инсоният Яҳованинг бошқарувидан мустақил яшаса, чиндан ҳам яхшироқ бўлармиди? (Ибт. 3:4, 5). Бу каби саволларнинг ечими вақт талаб этарди. Айнан шу туфайли, барча онгли мавжудотлар Яҳова ҳукмронлигини энг аъло йўл билан амалга оширишини билиб олишарди.

13 Яҳова муқаддас ва асло ҳеч кимни ёвузлик қилиши учун васвасага солмайди. Аксинча, «васваса қилувчи» Иблисдир (Мат. 4:3). У, тўғри йўлдан оздирадиган вазиятларни юзага келтириши мумкин. Аммо васвасага берилиш-берилмаслик ҳар кимнинг ихтиёрида (Ёқуб 1:13–15 ни ўқинг). Исо ҳам ўз навбатида Худонинг Каломидан мос оятларни келтириб, барча васвасаларни дарҳол рад этган. Шу йўсин у, Худонинг одил ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган. Лекин Шайтон ҳам бўш келмай, фақатгина «қулай фурсатгача» ортга чекинган (Луқо 4:13). Исо, Шайтон унинг садоқатини синдириш учун қилган барча ҳаракатларига қаршилик қилишда давом этган. Масиҳ Яҳованинг адолатли ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаб, мукаммал инсон энг оғир синовлар қаршисида ҳам содиқ қола олишини исботлаган. Шунга қарамай, Шайтон Исонинг барча издошларини, жумладан сизни ҳам тузоққа илинтирмоқчи.

14. Васвасага берилмаслик учун нима қилишимиз керак?

14 Худонинг ҳукмдорлиги борасидаги масала ҳануз ечилмаган экан, Яҳова, «васваса қилувчи» бу дунёдан фойдаланиб бизни синашига йўл қўйяпти. Аллоҳ бизни ҳеч ҳам синамайди. Аксинча, У бизга ишонади ва ёрдам беришни истайди. Ирода эркинлигимизни ҳурмат қилган ҳолда Яҳова васвасага тушишимизнинг олдини олмайди. Биз ўз томонимиздан иккита нарса, яъни маънан ҳушёр туришимиз ва астойдил ибодат қилишимиз керак. Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?

Маънавийлигингизни асраб, хизматда ғайратли бўлинг (15- хатбошига қ.)

15, 16. а) Рад этишимиз керак бўлган айрим васвасалар қайсилар? б) Васвасага берилишимизга ким айбдор?

15 Яҳова, васвасаларга қарши туришимизга куч бағишлайдиган муқаддас руҳини беряпти. Шунингдек, Аллоҳ Ўз Каломи ва  йиғилишлар орқали қочишимиз керак бўлган вазиятлардан, масалан кўп вақт, пул ва кучимизни кераксиз моддий нарсаларга сарфлашдан огоҳлантиряпти. Эспен ва Янне жуфтлиги Европадаги ривожланган бир мамлакатда яшайди. Анча йиллар мобайнида, улар мамлакатидаги ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудда доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишган. Тўнғич фарзанди дунёга келганида, улар кашшофликни тўхтатишган ва ҳозир улар яна бир болали бўлишди. Эспен биродаримиз шундай деди: «Энди хизмат билан боғлиқ ишларга аввалгидай кўп вақт ажрата олмаётганимиз боис, васвасага берилиб кетмаслигимиз учун Яҳовага тез-тез ибодат қилиб турамиз. Биз Яҳовадан маънавийлигимизни асрашга ва хизматда ғайратли қолишга ёрдам беришини сўраймиз».

16 Замонамизда кенг тарқалган яна бир васваса, бу порнография томоша қилишдир. Ушбу васвасага берилсак, бунда Шайтонни айблай олмаймиз. Нега? Чунки Шайтон ва унинг дунёси, бизни ўзимиз истамаган нарсани қилишга мажбурлай олмайди. Айримлар онгини ёмон нарсалар эгаллаб олишига йўл қўйишгани учун порнографияга мойил бўлиб қолишган. Аммо минглаб имондошларимиз қилаётгандай, бу васвасани рад этиш бизнинг ҳам қўлимиздан келади (1 Кор. 10:12, 13).

«ЁВУЗ ШАЙТОНДАН ХАЛОС ЭТ»

17. а) Қандай қилиб ёвуз Шайтондан халос бўлиш ҳақидаги тилагимизга яраша ҳаёт кечиришимиз мумкин? б) Яқинда нимадан озод бўламиз?

17 «Ёвуз Шайтондан халос эт» дейилган тилакка мувофиқ яшаш учун, Шайтоннинг дунёсига тегишли бўлмаслигимиз керак. Шунингдек, «дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўймасликка» интилишимиз лозим (Юҳан. 15:19; 1 Юҳан. 2:15–17). Бундай қилиш тўхтовсиз курашиш демакдир. Яҳова ушбу тилакка жавоб бериб, Шайтонни ва унинг ёвуз дунёсини йўқ қилганида, нақадар енгил нафас олишимизни бир тасаввур қилинг-а?! Ҳозирча эса, шуни ёдда тутишимиз керакки, Шайтон осмондан отилганида, вақти оз қолганини яхши биларди. У қаҳр-ғазабга тўлиб, бенуқсонлигимизни синдириш учун қўлидан келган барча нарсани қиляпти. Шунинг учун, Шайтондан халос бўлишни сўраб, ибодат қилишда давом этишимиз керак (Ваҳ. 12:12, 17).

18. Шайтон дунёсининг якунида омон қолиш учун нима қилишда давом этишимиз керак?

18 Шундай бахтли якунни кўришни истайсизми? Унда, Худонинг Шоҳлиги Унинг исмини муқаддас қилиши ва иродаси ерда ҳам бажо бўлиши ҳақида тинмай сўранг. Яҳова маънавий ва жисмоний эҳтиёжларингизни қондиришига ишонинг. Илойим, намунали ибодатга мувофиқ яшашга қарорингиз қатъий бўлсин!