Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2015

Намунали ибодатга мувофиқ яшанг. 1- қисм

Намунали ибодатга мувофиқ яшанг. 1- қисм

Исминг муқаддас бўлсин. МАТ. 6:9

1. Матто 6:9–13 даги ибодатни хизматимизда одатда қандай қўллаймиз?

КЎП ОДАМЛАР намунали ибодатни ёддан айтиб беришлари мумкин. Хизмат қилаётиб, Худонинг Шоҳлиги мавжуд ҳукумат эканини ва у ер юзида ажойиб ўзгаришлар қилишини одамлар тушунишлари учун кўпинча бу ибодатни келтирамиз. Ёки Худонинг муқаддас бўлиши керак бўлган Ўз исми борлигини кўрсатиш ниятида, бу ибодатнинг биринчи гапини ўқиб берамиз (Мат. 6:9).

2. Исо намунали ибодатни ҳар гал сўзма-сўз такрорлашимизни истамаганини қаердан биламиз?

2 Христиан оламининг аксар вакиллари одатланганидай, Исо бу ибодатни ҳар гал сўзма-сўз такрорлашимизни истаганми? Йўқ. Чунки, бу ибодатни намуна сифатида келтиришдан сал аввал у қуйидагиларни айтган: «Ибодат қилаётганингизда... ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг» (Мат. 6:7). Бошқа сафар эса, Исо ушбу ибодатни яна айтганида ўзгача сўзларни қўллаган (Луқо 11:1–4). Бу билан Исо, нималар ҳақида сўрашимиз кераклигини ва нима муҳим эканини тушунишимизга  ёрдам берган. Шу боис у, намунали ибодат деб аталгани бежиз эмас.

3. Намунали ибодатни муҳокама қилаётиб, қайси саволлар устида мулоҳаза юритсак бўлади?

3 Бу ва келаси мақолаларда намунали ибодатни батафсил муҳокама қиламиз. Шундай экан, ўзингизга шу саволларни беринг: «Ушбу намуна, ибодатларимни яхшилашимда қандай ёрдам бера олади? Янада муҳимроғи, бу ибодатга мувофиқ ҳаёт кечиряпманми?»

«ОСМОНДАГИ ОТАМИЗ»

4. «Отамиз» сўзи бизга нимани эслатиб туради ва ер юзида яшашга умид қилаётганлар Яҳовага қайси маънода «Ота» деб мурожаат қила олишади?

4 «Отам» эмас, «Отамиз» сўзи қўлланилгани, бир-бирини ака-укалардай чин дилдан севадиган «имондошларимиз» орасида эканимизни эслатиб туради (1 Бутр. 2:17). Бу нақадар катта шараф! Самода яшашга умидвор бўлган мойланган масиҳийлар Аллоҳ томонидан ўғилликка қабул қилиниб, ҳақли равишда Яҳовага «Ота» деб мурожаат эта олишади (Рим. 8:15–17). Ер юзида абадий яшашга умид қилаётган масиҳийлар ҳам Яҳовани «Ота» дея олишади. Яҳова уларга ҳаёт ато этган ва севги ила барча ҳақ топинувчиларини керакли нарсалар билан таъминламоқда. Ер юзида яшашга умид қилаётганлар мукаммалликка эришиб, сўнгги синовда ўз садоқатини исботлагач, тўла маънода Худонинг фарзандлари бўлишади (Рим. 8:21; Ваҳ. 20:7, 8).

5, 6. Ота-оналар фарзандига қандай аъло ҳадя бера олишади ва ҳар бир бола уни нима қилиши керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

5 Ота-она фарзандини ибодат қилишга ўргатса ҳамда Яҳовани ғамхўр самовий Ота сифатида кўришга кўмаклашса, аъло ҳадя бергандай бўлади. Ҳозир Жанубий Африкада кўчма нозир бўлиб хизмат қилаётган биродаримиз, қуйидагиларни эслайди: «Қизларимиз туғилганидан бошлаб, уйда бўлмай қолган кунларимдан ташқари ҳар оқшом улар билан ибодат қилардим. Улар ўша кечки ибодатларда аниқ қайси сўзлар айтилганини эслай олмасликларини тез-тез гапиришади. Бироқ улар қандай муҳит ҳукм сурганини, Отамиз Яҳова билан суҳбатлашиш қанчалик қадрли эканини ва хотиржамлигу хавфсизликни ҳис қилишганини эслашади. Қизалоқларимиз улғайгани сайин, уларни овоз чиқариб ибодат қилишга ундардим. Шунда, Яҳовага изҳор этаётган фикрларию туйғуларини эшита олардим. Бу оз бўлса-да, уларнинг қалбида нима борлигини билиб олиш учун ажойиб имкон эди. Кейин, Яҳовага мурожаатлари янада мазмунли бўлиши учун намунали ибодатдаги муҳим фикрларни киритишларига мулойимлик ила ўргатардим».

6 Биродаримизнинг иккала қизалоғи кичиклигидан маънавий қадамлар қўя бошлагани ажабланарли эмас. Ҳозир улар бахтли никоҳ қуришган ва эрлари билан тўла вақтли хизматда иштирок этиб, Аллоҳнинг иродасини бажаришяпти. Ота-оналар боласига Яҳова билан илиқ ва яқин муносабатларни ривожлантиришга ёрдам бериши, у учун юксак ҳадядир! Шубҳасизки, ушбу қимматбаҳо муносабатларни ҳар ким ўзи асраши керак. Бу, Худонинг исмини севишга ўрганиб, унга чуқур ҳурмат ила ёндашишни ўз ичига олади (Заб. 5:12, 13; 90:14).

«ИСМИНГ МУҚАДДАС БЎЛСИН»

7. Биз қандай шарафга эгамиз, бироқ нима қилишимиз керак?

7 Биз учун, Худонинг шахсий исмини билишдан ташқари, Унинг «исми билан аталадиган халқ» бўлиш ҳам улкан шараф (Ҳавор. 15:14; Ишаё 43:10). Самовий Отамизга: «Исминг муқаддас бўлсин»,— деб илтижо қиламиз. Илойим, бундай илтижо қилиш, муқаддас исмга доғ тушурадиган  ҳар қандай иш ёки гапдан қочиш учун Яҳовадан ёрдам сўрашга ундасин. Биз, ваъз қилганларига мувофиқ йўл тутмаган биринчи асрдаги айрим кишиларга ўхшаб қолишни истамаймиз. Ҳаворий Павлус уларга шундай деб ёзган: «Сизларнинг дастингиздан бошқа халқлар орасида Худонинг исми куфр қилинмоқда» (Рим. 2:21–24).

8, 9. Яҳова, Унинг исми муқаддас бўлишига қайғурадиганларга қандай баракалар бериши ҳақида мисол келтиринг.

8 Биз Аллоҳнинг исми муқаддас бўлишини истаймиз. Норвегияда яшовчи бир опамизнинг турмуш ўртоғи бевақт оламдан ўтганида, у икки яшар ўғли билан ёлғиз қолган. У шундай деб тушунтирди: «Бу, ҳаётимдаги энг оғир дамлар бўлган. Шайтон, Яҳовани танқид қилишига сабаб бўладиган нотўғри қарор чиқаришни ёки садоқатсизлик қилишни хоҳламасдим. Шу боис, ҳиссий мувозанатни сақлай олишим учун ҳар куни, деярли ҳар соатда куч сўраб ибодат қилардим. Мен Яҳованинг исми муқаддас бўлишини ва ўғлим жаннатда отасини қайта кўришини истардим» (Ҳик. 27:11).

9 Яҳова унинг холис ибодатларига жавоб берганми? Албатта. Опамиз ғамхўр имондошларимиз билан мунтазам вақт ўтказиб, далда олган. Беш йилдан кейин у оқсоқолга турмушга чиққан. Ҳозир, унинг ўғли 20 ёшда ва сувга чўмган. «Умр йўлдошим ўғлимни катта қилишга кўмаклашганидан жуда бахтиёрман»,— деб бўлишди опамиз.

10. Худонинг исми бутунлай муқаддас бўлиши учун нима қилиниши керак?

10 Худонинг исми бутунлай муқаддас бўлиши ва барча исноддан покланиши учун нима қилиш керак? Бунинг учун, Яҳова Унинг ҳукмронлигига ўжарлик билан қарши чиқаётганларнинг ҳаммасини йўқ қилиши лозим (Ҳизқиё 38:22, 23 ни ўқинг). Ўшанда, инсоният аста-секин мукаммалликка эришади. Жамики одамзод ва фаришталар Яҳованинг муқаддас исмига шараф келтирадиган вақтни интизор бўлиб кутяпмиз! Шунда, меҳрибон самовий Отамиз «барча нарсанинг ягона Эгаси бўлади» (1 Кор. 15:28).

«ШОҲЛИГИНГ КЕЛСИН»

11, 12. Яҳова, 19 асрнинг охирларида масиҳийлар нимани тушунишларига кўмаклашган?

11 Исо самога кўтарилишидан олдин, ҳаворийлар ундан: «Ҳазрат, ахир сиз Исроилда шоҳликни шу пайтда тикламайсизми?» — деб сўрашган эди. Исонинг жавоби, Худонинг Шоҳлиги қачон ҳукм сура бошлашини билишнинг вақти ҳали келмаганини кўрсатган. У, шогирдлари эътиборини муҳимроқ бўлган шоҳидлик бериш вазифасига қаратишлари кераклигини айтган (Ҳаворийлар 1:6–8 ни ўқинг). Шундай бўлса-да, Исо издошларини Худонинг Шоҳлиги келишини кутишга ундаган. Шу боис масиҳийлар, ҳаворийлар давридан буён унинг келиши ҳақида ибодат қилишдан тўхташмаяпти.

12 Исо бошчилигида Худонинг Шоҳлиги осмонда ҳукм сура бошлайдиган вақт яқинлашганида, Яҳова хизматчилари бу қачон юз беришини тушунишларига кўмаклашган. 1876 йили «Муқаддас Китоб тадқиқотчиси» номли журналда Чарлз Тейз Расселл томонидан ёзилган мақола чоп этилган эди. «Ёт халқларнинг даврони: у қачон тугайди?» деб номланган бу мақолада 1914 йил ўзгача бўлиши таъкидланган. У ерда, Дониёр пайғамбарнинг «етти йил» ҳақидаги башорати, Исо айтган «ўзга халқлар даври» тўғрисидаги сўзлари билан ўзаро боғлиқ экани ёзилган * (Дон. 4:16; Луқо 21:24).

13. Айтинг-чи, 1914 йили нима содир бўлди ва буни дунёдаги қайси воқеалар тасдиқламоқда?

 13 Шундай қилиб, 1914 йили Европа мамлакатлари ўртасида уруш юзага келди ва борган сари тарқалиб, бутун дунёни қамраб олди. 1918 йили уруш тугади, бироқ даҳшатли очарчилик бошланди ва грипп эпидемияси кенг қулоч ёзиб, урушда ўлгандан ҳам кўпроқ одамнинг ҳаётини олиб кетди. Буларнинг ҳаммаси Исо айтгандай, унинг кўринмас ҳозир бўлишининг «белгиси» бўлиб, 1914 йили самода Шоҳ бўлганини тасдиқларди (Мат. 24:3–8; Луқо 21:10, 11). Кўпдан-кўп воқеалардан, Ҳазрати Исо Масиҳга айнан ўша йили «тож берилгани» кўриняпти. «У зафар қозониб, мутлақ ғалабага эришиш учун чиқди» (Ваҳ. 6:2). Исо самони тозалаш мақсадида Шайтон ва жинлари билан жанг қилиб, уларни ер юзига улоқтирди. Ўшандан бери одамзод қуйидаги илоҳий сўзларнинг чинлигига амин бўлмоқда: «Ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди» (Ваҳ. 12:7–12).

14. а) Нега Худонинг Шоҳлиги келишини сўраб ибодат қилиш ҳали ҳам муҳим? б) Бугунги кунда қандай иш билан банд бўлишимиз керак?

14 Ваҳий 12:7–12 даги башорат, нега Худонинг Шоҳлиги самода ҳукм сура бошлаган пайтда инсониятни қийнаб келаётган фожиалар ҳам бошланганини тушунишимизга ёрдам беради. Самовий Шоҳликнинг Подшоҳи бўлмиш Исо душманлари орасида ҳукм сура бошлади. У буткул зафар қозониб, ер юзида ёвузликка чек қўймагунича, Худонинг Шоҳлиги келиши ҳақида ибодат қилаверамиз. Шу билан бирга,  «белгининг» энг ажойиб қисми амалга ошишида иштирок этаётиб, ибодатларимизга мувофиқ ҳаёт кечиришимиз лозим. Исо шундай башорат қилган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади» (Мат. 24:14).

«ЕРДА ҲАМ СЕНИНГ ИРОДАНГ БАЖО БЎЛСИН»

15, 16. Қандай қилиб Худонинг иродаси ер юзида бажо бўлиши ҳақидаги ибодатимизга яраша ҳаёт кечира оламиз?

15 Деярли 6 000 йил аввал ер юзида Худонинг иродаси мукаммал тарзда бажарилар эди. Шу боис, Яҳова барча нарсага қараб: «Булар жуда ажойиб»,— дея олган (Ибт. 1:31). Кейин Шайтон исён кўтарди ва шундан бери кам одамлар Аллоҳнинг иродасини бажарган. Аммо бугун, тахминан саккиз миллион киши Яҳовага хизмат қилаётган даврда яшаш шарафига эгамиз. Улар нафақат Худонинг иродаси ер юзида бажо бўлсин деб ибодат қилишяпти, балки сўраганларига яраша ҳаёт кечиришга интилишяпти. Улар буни, яшаш тарзи ва шогирд тайёрлаш ишида ғайрат ила қатнашиш орқали намоён этишяпти.

Фарзандингиз, Худонинг иродаси ерда ҳам бажо бўлиши ҳақидаги тилакка мувофиқ яшашига кўмаклашяпсизми? (16- хатбошига қ.)

16 Масалан, 1948 йили сувга чўмган ва Африкада тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган бир опамиз шундай деди: «Намунали ибодатнинг шу қисмига мувофиқ, барча самимий кишилар хушхабарни эшитиб, кеч бўлмасидан Яҳовани таниб-билишлари учун тез-тез ибодат қилиб тураман. Шунингдек, кимгадир ваъз қилмоқчи бўлганимда, унинг қалбини забт эта олай деб донолик сўрайман. Топилган самимий кишилар тўғрисида эса, Яҳова уларга ёрдам бериш учун қилаётган ҳаракатларимизга барака беришини тилаб ибодат қиламан». Ушбу 80 ёшлардаги опамиз, хизматида муваффақиятли экани ва бошқаларнинг ёрдами билан кўпчиликка Яҳованинг Шоҳиди бўлишга кўмаклашгани ажабланарли эмас. Шубҳасизки, сиз ҳам кекса ёшнинг чекловларига қарамай Худонинг иродасини бажариш учун «гўё ичимлик назридай қуйилаётган» кишиларнинг яхши ўрнагини биласиз (Филиппиликларга 2:17 ни ўқинг).

17. Яҳова келажакда инсоният ва ер учун қиладиган ишлари борасида қандай фикрдасиз?

17 Худо Шоҳлигининг душманлари ер юзидан бартараф қилинмагунича, Аллоҳнинг иродаси бажо бўлишини сўраб қоламиз. Унинг иродаси тўла равишда амалга ошганида эса, ер юзидаги жаннатда миллиардлаб одамлар тирилганини кўрамиз. Исо: «Бунга таажжубланманглар, чунки шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма, унинг [Исонинг] овозини эшитиб чиқадилар»,— деб айтган (Юҳан. 5:28, 29). Севимли кишиларимизни қайта кутиб оладиган пайтда яшаш нақадар ажойиб бўлади-а?! Худо кўзимиздаги «ҳар қандай ёшни артиб олади» (Ваҳ. 21:4). Тириладиганларнинг кўпчилиги «адолатсиз», деб номланган кишилар қаторига киришади. Боиси улар, Аллоҳ Яҳова ҳамда Унинг Ўғли тўғрисидаги ҳақиқатни билмай, ҳаётдан кўз юмишган. Тирилганлар Худонинг иродаси ва нияти ҳақида билишларига кўмаклашиб, «абадий ҳаётга» муносиб бўлишларига ёрдамлашиш катта шарафдир (Ҳавор. 24:15; Юҳан. 17:3).

18. Инсониятнинг асосий эҳтиёжлари нималардан иборат?

18 Умумжаҳон тинчлик ва уйғунлик, Шоҳлик воситасида Яҳованинг исми муқаддас қилинишига боғлиқ. Шу сабабли, намунали ибодатдаги илк учта тилак тўлалигича амалга ошганида, инсониятнинг асосий эҳтиёжлари қондирилади. Ҳозирча эса, бошқа муҳим эҳтиёжларимиз ҳам бор. Исо уларни намунали ибодатининг давомида эслатиб ўтган. Уларни келаси мақолада муҳокама қиламиз.

^ 12- х.б. Бу башорат ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 215–218- саҳ. қ.