Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Июнь 2015

Масиҳ Аллоҳнинг қудратидир

Масиҳ Аллоҳнинг қудратидир

Аллоҳнинг қудрати... Масиҳ орқали намоён бўлди. 1 КОР. 1:24

1. Нега Павлус: «Аллоҳнинг қудрати... Масиҳ орқали намоён бўлди»,— дея олган?

ЯҲОВА ТАОЛО Ўз қудратини Исо Масиҳ орқали ҳайратли тарзда намоён этган. Исо ер юзида бўлганида, мўъжизалар кўрсатган. Уларнинг айримлари ҳақида Инжилда ўқишимиз мумкин ва улар имонимизни мустаҳкамлайди (Мат. 9:35; Луқо 9:11). Ҳа, Аллоҳнинг қудрати Исода акс этган. Шу сабабли, ҳаворий Павлус у ҳақида: «Аллоҳнинг қудрати... Масиҳ орқали намоён бўлди»,— дея олган (1 Кор. 1:24). Аммо Исонинг мўъжизалари бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир қилиши мумкин?

2. Исонинг мўъжизаларидан нималарни билишимиз мумкин?

2 Ҳаворий Бутрус, Исо мўъжизалар ёки «ғаройиботлар» кўрсатгани ҳақида айтган (Ҳавор. 2:22). Исо ер юзида қилган қудратли ишлари, келажакда Шоҳ сифатида бошқарган пайтда келтирадиган баракаларнинг заррачаси эди, холос. Ўша мўъжизалар, Исо янги дунёда жаҳон миқёсида амалга оширадиган ишларининг соясидир! Қолаверса, улар Исо ва Аллоҳнинг шахсияти ҳақида кўпдан-кўп маълумотни очиб бермоқда. Келинг, Исонинг бир нечта мўъжизаларини кўриб чиқиб, улар ҳозир ва келажакда ҳаётимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини билиб олайлик.

 САХИЙЛИККА ЎРГАТАДИГАН МЎЪЖИЗА

3. а) Исо илк мўъжизасини қайси вазиятда кўрсатганини айтиб беринг. б) Қай йўсин Исонинг сахийлиги Канахда яққол кўринган?

3 Жалиланинг Канах шаҳрида бўлиб ўтган никоҳ тўйда, Исо илк мўъжизасини кўрсатган. Эҳтимол, кутилганидан кўпроқ меҳмонлар келгандир. Сабаби қандай бўлмасин, шароб тугаб қолган. Таклиф қилинганлар орасида Исонинг онаси Марям ҳам бўлган. Йиллар давомида, у ўғлида амалга ошиши керак бўлган башоратли ваъдалар устида мулоҳаза юритгани шубҳасиз. Марям, Исо «Худойи Таолонинг Ўғли деб аталишидан» хабардор эди (Луқо 1:30–32; 2:52). У, ўғлида ҳали ошкор бўлмаган қудрат борлигига ишонганми? Канахдаги вазиятдан кўринганидай, келин-куёвга раҳми келиб, Марям ва Исо улар ноқулай аҳволга тушиб қолишларини исташмаган. Ахир, меҳмондўстлик кўрсатиш бурч саналишини Исо яхши билган. Шунинг учун, у мўъжизавий тарзда деярли 380 литр сувни «яхши шаробга» айлантирган (Юҳанно 2:3, 6–11 ни ўқинг). Исо бундай мўъжиза кўрсатишга мажбурмиди? Йўқ. У шунчаки, одамларга ғамхўрлик қилган ва сахийликда самовий Отасига эргашган.

4, 5. а) Исонинг илк мўъжизаси бизни нимага ўргатяпти? б) Канахдаги мўъжиза келажак борасида нималарни ошкор қилмоқда?

4 Исо, мўъжизавий тарзда кўпгина одамларни анчагина яхши шароб билан таъминлаган. Бу мўъжиза бизни нимага ўргатаётганини тушуняпсизми? Исо тайёрлик ила бундай ажойиб ишни қилгани, у ва Отаси учун инсонларнинг ҳис-туйғулари муҳим эканига бизни ишонтиряпти. Яҳова ҳамда Исо асло зиқна эмаслар. Шунга кўра, Яҳова янги дунёда Ўз қудратини сахийлик ила ишга солиб, жаҳон бўйлаб «жамики халқлар учун» катта зиёфат уюштиришини бир ўйлаб кўринг (Ишаё 25:6 ни ўқинг).

5 Ҳар бир кишининг тўйимли озиқ-овқат ва муносиб уй-жойга эга бўлиш каби эҳтиёжу истаклари, ҳақли равишда қондириладиган пайтни тасаввур қилинг. Ер юзида бўладиган жаннатда Яҳова энг яхши нарсалар билан мўл-кўл даражада таъминлаши тўғрисида фикр юритиш, бизга чексиз қувонч бағишлайди.

Вақтимизни бошқалардан айямасак, Исонинг сахийлигига тақлид қилаётганимизни кўрсатамиз (6- хатбошига қ.)

6. Исо ғаройиб қудратини кимлар учун қўллаган ва биз унга бу борада қандай тақлид қилишимиз мумкин?

6 Қизиғи шундаки, Иблис Исони васвасага солиб, тошларни нонга айлантиришни айтганида, у ўзининг ғаройиб қудратидан шахсий истакларини қондириш учун фойдаланишдан бош тортган (Мат. 4:2–4). Исо қудратини ўзгаларга ёрдам бериш ниятида ишга солган. Исо ўзини ўйламай, бошқалар учун қайғурганига қандай тақлид қилишимиз мумкин? У, Худонинг хизматчиларини: «Бошқаларга бериб туринглар»,— деб ундаган (Луқо 6:38). Биз ҳам ўзгаларни уйимизга овқатга ва маънавий зиёфатга таклиф қилиб, олийжаноб фазилат бўлмиш сахийликни намоён эта оламизми? Жамоат учрашувидан кейин кимгадир ёрдам бериш учун, масалан, биродар нутқини машқ қилаётганда, тинглаб кўришга вақтимизни аямай сахий бўла оламизми? Хизматда ёрдамга  муҳтож бўлганларга қандай амалий кўмакни таклиф қила оламиз? Сахийликда Исонинг ўрнагига эргашаётганимизни, бошқаларга қўлдан келганча моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам бериш орқали кўрсатсак бўлади.

«ҲАММА ЕБ ТЎЙДИ»

7. Бу ёвуз дунё ўтиб кетмагунча қанақа вазият давом этади?

7 Камбағаллик янгилик эмас. Яҳова, қадимда яшаган исроилликларга ер юзида доим камбағал кишилар бўлишини айтган (Қонун. 15:11). Асрлар ўтгач, Исо ҳам: «Камбағаллар доимо ёнингизда бўлади»,— деб тасдиқлаган (Мат. 26:11). Хўш, Исо ер юзида ҳамиша камбағал кишилар бўлишини назарда тутганми? Йўқ, Исо бу ёвуз дунё ўтиб кетмагунча қашшоқ кишилар бўлишини айтмоқчи эди, холос. Шу боис, Исонинг мўъжизалари Шоҳлик бошқаруви остида бўладиган ажойиб замон келишидан далолат эканини билиш нақадар ҳаяжонли! Ўшанда, ҳамма нарса тўкин-сочин бўлиб, мамнуният бахш этади!

8, 9. а) Минглаб одамларни тўйдиришга Исони нима ундаган? б) Ушбу мўъжиза борасида сиз нимани ҳис қиляпсиз?

8 Сано бастакори Яҳова ҳақида: «Сен қўлингни очиб, жамики жонзотнинг истагини қондирасан»,— деган (Заб. 144:16). Аллоҳнинг қудрати бўлмиш Масиҳ, Отаси сингари издошларининг эҳтиёжлари қондирилишига ғамхўрлик қиларди. Исо бу ишларни шунчаки кучини намойиш этиш ниятида эмас, балки чин дилдан бошқаларнинг ғамини егани учун қилган. Келинг, Матто 14:14–21 да (ўқинг) ёзилганларни муҳокама қилайлик. Шогирдлар егулик масаласини ҳал қилиш учун Исонинг ёнига келишади. Бироқ масала фақатгина шогирдлар очлигида эмас эди. Улар шаҳарлардан чиқиб, Исонинг ортидан яёв келган халойиқ ҳам оч ва ҳолдан тойгани учун қайғуришаётган эди (Мат. 14:13). Хўш, Исо нима қилади?

9 Бешта нон ва иккита балиқ билан Исо аёллару болалардан ташқари қарийб 5 000 кишини тўйдиради. Исо ғаройиб қудратини бутун бошли оилаларга, жумладан кичкина болаларга ҳамдардлик ила ғамхўрлик қилиш учун қўллагани ҳақида ўйлаш, бизни ниҳоятда тўлқинлантиради, шундай эмасми?! Ўшанда «ҳамма еб тўйди». Демак, егулик керагидан ҳам ортиқ бўлган. Исо одамларга нондан шунчаки татиб кўришга бермаган, балки халойиқ уйи томонга узоқ йўлни босиб ўтишига кўмаклашадиган егулик билан меҳр ила таъминлаган (Луқо 9:10–17). Ортиб қолган бурдаларни йиғишганида, нақ 12 сават чиққан!

10. Яқинда камбағаллик билан нима содир бўлади?

10 Бугунги кунда юз миллионлаб кишилар адолатсиз инсоний бошқарув туфайли, ҳатто асосий эҳтиёжларини ҳам қондира олишмаяпти. Айрим имондошларимиз яшаш учун энг зарурий нарсаларга эга бўлишса-да, овқатни тўйиб ейишмаяпти. Аммо итоаткор инсоният порахўрлигу мансабни суиистеъмол қилиш ҳамда камбағалликдан ҳоли дунёда яшайдиган вақт жуда яқин. Агар қудратга эга бўлганингизда, одамларнинг эҳтиёжларини қондирмасмидингиз?! Қодир Тангри ҳам қудрат, ҳам хоҳишга эга ва буни тез орада амалга оширади. Ҳа, озодлик яқин! (Ваҳий 7:16 ни ўқинг).

11. Масиҳ яқинда ўз қудратини кенг кўламда қўллашига сизни нима ишонтиряпти ва қандай йўл тутишга ундаяпти?

11 Ер юзида бўлганида, Исо нисбатан кичик ҳудудда ва бор-йўғи уч ярим йил хизмат қилган (Мат. 15:24). Келажакда эса, улуғвор Шоҳ сифатида у бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қилади (Заб. 71:8). Исо кўрсатган мўъжизалар, у ўз ҳокимиятини бизнинг фойдамизни кўзлаб қўллашга имконию хоҳиши борлигига ишонтиряпти. Мўъжизалар қилиш қўлимиздан келмаса-да, одамларнинг эътиборини Аллоҳ илҳомлантирган Каломга ғайрат ила қаратишимиз мумкин. Муқаддас Китобдаги башоратлар яхшироқ  вақтлар келишига кафолат бермоқда. Келажак ҳақидаги қимматбаҳо билимларга эга, Яҳовага бағишланган Шоҳидлар сифатида, уларни бошқалар билан ҳам бўлишишни бурчимиз деб биляпмизми? (Рим. 1:14, 15). Булар борасида мулоҳаза юритиш, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ўзгаларга айтишга ундайди (Заб. 44:2; 48:4).

ЕРНИНГ ТАБИАТ КУЧЛАРИ НАЗОРАТ ОСТИДА

12. Нега Исо ер экологиясини яхши тушунишига аминмиз?

12 Худо, «ёнида мусаввир» сифатида хизмат қилган ягона Ўғли билан ерни ва ундаги барча нарсаларни яратган (Ҳик. 8:22, 30, 31; Колос. 1:15–17). Шунинг учун, Исо ернинг экологиясини яхши тушунади. У, ер захираларини қандай қилиб тўғри ва мувофиқ тарзда қўллаш, бошқариш ҳамда тақсимлашни билади.

Исо мўъжизавий қудратини қай йўсин қўллагани сизда қандай таассурот қолдиряпти? (13-, 14- хатбошиларига қ.)

13, 14. Масиҳ табиат кучларини қандай бошқаришини кўрсатадиган мисол келтиринг.

13 Ер юзида бўлганида, Исо «Аллоҳнинг қудрати» эканини табиат кучларини бошқара олгани билан кўрсатган. Шогирдларининг ҳаётига хавф туғдирган бўронни Исо қандай тинчитганини кўриб чиқайлик (Марк 4:37–39 ни ўқинг). Бир илоҳиётшунос Марк 4:37 даги «бўрон» сўзини қуйидагича тушунтирган: «Бу юнонча сўз кучли пўртана ёки довулни англатади. У, шунчаки шамолни эмас... балки ўз йўлида ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб кетадиган, қора булутлар туфайли пайдо бўладиган шиддатли шамол ва жала аралаш бўронни ифодалайди». Матто ҳам бу бўрон ҳақида: «Денгиз қаттиқ мавж ура бошлади»,— деб ёзган (Мат. 8:24).

14 Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: Масиҳ узоқ хизматдан сўнг жуда чарчаган. Тўлқинлар қайиққа урилиб, уни чайқатяпти ва сув кўпик бўлиб ичига тушяпти. Бўрон шовқини ва қайиқнинг қаттиқ чайқалишига қарамай, Исо ухлаб ётибди. У дам олишга муҳтож. Қўрқиб кетган шогирдлар Исони уйғотиб: «Ҳалок бўляпмиз!» — деб қичқиришмоқда (Мат. 8:25). Исо ўрнидан туриб, шамол ва денгизга: «Жим бўл! Тинчлан!» — деб буюради ва шиддатли шамол тинади (Марк 4:39). Дарҳақиқат, Исо шамолу денгизга тинчланишни ва шундайлигича қолишни буюрганида, «чуқур сукунат чўкади». Ҳа, Исо қанчалар қудратли-а?!

15. Қодир Аллоҳ табиат кучларини назорат қила олишини қандай кўрсатган?

15 Масиҳ намоён этган қудратнинг Манбаи Яҳова Таолодир. Шу боис, Қодир Аллоҳ табиат кучларини тўла назорат қила олишига ишончимиз комил. Бир нечта мисолга назар солайлик. Тўфондан олдин Яҳова шундай деган эди: «Етти кундан кейин, Мен ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз давомида ёмғир ёғдираман» (Ибт. 7:4). Шунингдек, Чиқиш 14:21 да: «Эгамиз шарқдан кучли шамол эстириб, денгизни икки томонга айирди»,— деб ёзилган. Юнус 1:4 да эса, қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Эгамиз шундай кучли шамол қўзғатдики, денгизда даҳшатли бўрон бошланди. Бўрон кемани парчалаб юборай дерди». Ҳа, Яҳова табиатни бошқара олишини билиш, далда бағишлайди. Шубҳасизки, ер сайёрасининг келажаги ишончли қўлларда!

16. Яратувчимиз ва Исо табиат кучлари устидан қудратга эга эканликларини билиш нега тасалли бахш этади?

16 Яратувчимиз ва Унинг «мусаввири» мислсиз қудратга эга эканликларини билиш тасалли бахш этади. Улар 1 000 йил давомида бутун диққат-эътиборини ер юзига қаратишганида, барча одамлар хавфсизликда яшайди. Даҳшатга тўла табиий офатлар ўтмишда қолиб кетади. Янги дунёда тайфун, цунами, вулкан ва зилзилалар келтирадиган зарардан қўрқишга ҳожат қолмайди. «Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида» бўлган пайтда, ҳеч бир табиий куч ўлим ёки зиён келтирмаслигини ўйлаш, нақадар ажойиб! (Ваҳ. 21:3, 4). Аллоҳнинг Масиҳ орқали намоён  бўлган қудрати, минг йиллик бошқарув давомида табиат кучларини назорат қилишига амин бўлишимиз мумкин.

АЛЛОҲ ВА МАСИҲГА ҲОЗИРДАНОҚ ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

17. Ҳозир Аллоҳ ва Масиҳга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкин?

17 Албатта, Яҳова ҳамда Исодан фарқли равишда биз табиий офатларни бартараф қила олмасак-да, муайян кучга эгамиз. Хўш, ундан қандай фойдаланишимиз мумкин? Бунинг бир йўли Ҳикматлар 3:27 даги (ўқинг) маслаҳатни қўллашдир. Имондошларимиз қийинчиликларни бошдан кечиришаётганда, уларга тасалли бериб, жисмонан, ҳиссан ҳамда маънан қўллаб-қувватлашимиз мумкин (Ҳик. 17:17). Масалан, улар табиий офатдан сўнг оёққа туриб олишларига ёрдам берсак бўлади. Бўрон туфайли уйи вайрон бўлган бир бева опамизнинг чин дилдан айтган миннатдорчилик сўзларига эътибор берайлик. У шундай деган: «Яҳованинг ташкилотида эканлигимдан ниҳоятда миннатдорман, фақатгина жисмоний эмас, балки маънавий кўмакни ҳам қадрлайман». Бўрон уйига катта зарар етказганини кўриб, руҳи тушган ва эсанкираб қолган турмушга чиқмаган синглимиз нима деганига диққат қаратайлик. Ёрдам кўрсатилгач, у қуйидагиларни айтди: «Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди! Туйғуларимни таърифлашга тил ожиз... Раҳмат сенга, Яҳова!» Бошқаларга сидқидилдан ғамхўрлик қиладиган биродарликнинг аъзоси эканимиздан бахтиёрмиз. Яҳова ҳамда Исо Масиҳ бизга астойдил ғамхўрлик қилаётганлари улкан қувонч келтиряпти.

18. Исо яратган мўъжизалардан унинг нияти қандай ошкор бўлмоқда?

18 Хизмати давомида, Исо «Аллоҳнинг қудрати» эканлигини исботлаган. Бироқ унинг нияти нима бўлган? У, қудратини ҳеч қачон бошқаларни қойил қолдириш ёки ўз фойдасини кўзлаб қўлламаган. Аксинча, Исонинг мўъжизаларидан инсонларга бўлган севгиси яққол кўриниб турган. Буни келаси мақолада муҳокама қиламиз.