Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2015

У инсонларни севган

У инсонларни севган

Одамзод билан хурсанд бўлардим. ҲИК. 8:31

1, 2. Исо одамзодни қаттиқ севишининг далилларидан бири қандай?

ЯҲОВАНИНГ беқиёс донолиги Унинг тўнғич Ўғлида илк бор ва тўлалигича намоён бўлган. У Отасининг «ёнида мусаввир» бўлиб, донолик тимсоли эди. Бу Ўғил Отаси «осмонни яратганда» ва «ерга асос солганда», қанчалар қувонганини ҳамда мамнун бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин. Бироқ у, Аллоҳ яратган бу барча нарсаларни қадрлаган бўлса-да, айниқса «одамзод билан хурсанд бўларди» (Ҳик. 8:22–31). Дарҳақиқат, Исо хурсанд эди, яъни ер юзига келишидан анча илгари одамзодни яхши кўрарди.

2 Кейинчалик, у Отасига нисбатан садоқатни намоён этиб, Унга ва «одамзодга» севгисини исботлаган. Қолаверса, у тайёрлик ила «ўзини барча нарсадан маҳрум этиб», ер юзига инсон сифатида келган. Худонинг тўнғичи, буни «кўплар учун жонини тўлов сифатида бериш» ниятида қилган (Филип. 2:5–8; Мат. 20:28). Ҳа, у инсониятни жуда севган, шундай эмасми?! Ер юзидаги хизмати давомида Исо, Худонинг ёрдами билан мўъжизалар кўрсата олган. Бу эса, унинг одамларга бўлган меҳр-муҳаббатини ошкор этган. Исонинг турли ғаройиб ишлари, яқин орада бутун дунё бўйлаб нималар юз беришини кўрсатяпти.

3. Ушбу мақолада эътиборимизни нимага қаратамиз?

 3 Шунингдек, Исо ер юзига «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни» ваъз қилиш мақсадида келган (Луқо 4:43). Исо шуни билганки, бу Шоҳлик Отасининг исми улуғланилишига хизмат қилади ва ҳамма инсонларнинг касалликларини узил-кесил бартараф этади. Шубҳасизки, Исонинг барча ваъзгўйлик сафарларига диққат қаратсак, у инсониятга самимият ила ғамхўрлик қилгани яққол намоён бўляпти. Қизиқ, бизга бунинг қандай дахли бор? Гап шундаки, ушбу мақоладан билиб оладиган сабоқлар келажакка нисбатан умидимизни мустаҳкамлаб, имонимизга имон қўшади. Келинг, Исонинг тўртта мўъжизасини кўриб чиқайлик.

«ЯҲОВА ИСОГА ОДАМЛАРНИ СОҒАЙТИРИШ УЧУН ҚУДРАТ АТО ЭТГАН»

4. Исо, мохов касаллигига чалинган бир кишини учратган вазиятни тасвирлаб беринг.

4 Исо ваъзгўйлик иши билан таниқли эди ва Жалила ҳудудида кўпроқ хизмат қиларди. У ердаги шаҳарларнинг бирида, Исо аянчли бир вазиятга дуч келди (Марк 1:39, 40). Ўшанда, оғир, яъни мохов касаллигига чалинган бир киши унинг ўнг томонида турган эди. Бу кишининг касали қанчалар жиддий бўлганини кўрсатиб, шифокор бўлмиш Луқо уни «бутун танаси мохов бўлган» деб тасвирлаган (Луқо 5:12). Мохов бўлган киши Исони кўрди-да, юз тубан йиқилиб, шундай дея ёлворди: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас». Бу киши, уни даволашга Исонинг қурби етишига амин бўлган. Аммо у, бир нарсани билмас эди, яъни Исо бундай қилишни истармикан? Хўш, Исо бу каби сидқидил илтимосга қандай муносабат кўрсатади? Эҳтимол ҳусни бузилган ушбу кишини кўриб, у хаёлидан нималарни ўтказади? Исо ҳам, мохов касаллигидан азоб чеккан кишиларга шафқатсиз нуқтаи назарда бўлган фарзийлар каби йўл тутадими? Сиз-чи, нима қилган бўлардингиз?

5. Нима учун Исо мохов кишига шифо беришни истаган?

5 Таврот қонунига биноан, мохов касаллигига чалинган инсон: «“Ҳаром! Ҳаром!”» — деб бақириши керак эди, аммо бу киши бундай қилмаган. Наҳотки, Исо уни койиб берган бўлса. Йўқ, аксинча, у диққатини касал кишига ва унинг эҳтиёжларига қаратган (Лев. 13:43–46). Албатта, Исонинг хаёлидан қандай фикрлар ўтганини аниқ билмаймиз, лекин қалбида нималар кечганини биламиз. Раҳм-шафқатга тўла Исо, ақлга сиғмайдиган бир иш қилди. У қўлини мохов кишига теккизиб, аминлик ва меҳр ила: «Албатта истайман. Пок бўлинг»,— деди. Шунда, у «дардидан фориғ бўлди» (Луқо 5:13). Дарвоқе, Исо шу каби мўъжизани қилиши ҳамда одамларга нисбатан севгини кўрсата олиши учун, Яҳова Ўз қудратини унга ато этган эди (Луқо 5:17).

6. Исонинг мўъжизалари нимаси билан эътиборга лойиқ ва улар нимани ошкор этмоқда?

6 Исо Масиҳ, Аллоҳнинг қудрати туфайли турли ғаройиб мўъжизаларни кўрсата олган. У нафақат мохов касали, балки одамларни ҳар қандай хасталигу дардлардан фориғ қилган. Матто 15:31 да қуйидагича ёзилган: «Соқовларнинг гапираётганидан, чўлоқларнинг юраётганидан ва кўзи ожизларнинг кўраётганидан халойиқ ҳайратга тушган». Бугунги кунда, баъзи ҳолларда шифокорлар беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш ниятида, унга бошқа кишининг бирон аъзосини кўчириб ўтказишади. Аммо Исо беморларнинг муайян аъзо ёки тана қисмларини даволай олган! Бунинг устига, Исо дарров, гоҳида ҳатто узоқ масофада бўла туриб ҳам шифо берган (Юҳан. 4:46–54). Ушбу ҳайратда қолдирадиган мисоллар нимани кўрсатмоқда? Шуниси аниқки, ҳозир  осмонда Шоҳ бўлган Исода касалликлардан бутунлайин соғайштиришга ҳам кучи, ҳам хоҳиши бор. Исо одамларга қай йўсин муносабат қилганини билиш, Муқаддас Китобдаги башорат янги дунёда бажарилишига бизни ишонтиряпти. Зеро унга биноан, Исо «заиф, бечорага шафқат кўрсатади» (Заб. 71:13). Дарҳақиқат, Исо чин қалбдан хоҳлагани учун азоб чекканларнинг барига шифо беради.

«ҚАНИ, ЎРНИНГИЗДАН ТУРИБ, ТЎШАГИНГИЗНИ КЎТАРИНГ-ДА, ЮРАВЕРИНГ»

7, 8. Исо, Байтзата ҳовузи олдида касал кишини учратишидан аввал юз берган воқеаларни сўзлаб беринг.

7 Жалилада Исо мохов кишини соғайтирганидан бир неча ой ўтгач, ваъз қилиш ҳамда Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни эълон этиш учун Яҳудияга йўл олади. У ерда, унинг хабари ва одамларга бўлган муносабатидан қаттиқ таъсирланган минглаб кишилар бор эди. Исо ҳақиқатан ҳам, камбағалларга хушхабарни етказишни, асирларга озодликни эълон қилишни ва хаста қалбларга шифо беришни истарди (Ишаё 61:1, 2; Луқо 4:18–21).

8 Нисон ойида эса, Отасининг амрига биноан, Исо Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Қуддусга боради. Шаҳар, муқаддас байрамга келган кишиларга тўла бўлади. Маъбаднинг шимол томонида Байтзата, деб номланган ҳовуз бор эди. У ерда Исо касал бир кишини учратади.

9, 10. а) Нега одамлар Байтзата ҳовузига йиғилишган? б) Исо ўша ҳовуз олдида нима қилган ва бу бизга қандай ўрнак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

9 Касаллардан иборат бўлган халойиқ Байтзатада йиғилади. Нима учун? Баъзи ноаниқ сабабларга кўра улар, касал киши сув тўлқинланганда, ҳовузга кирса, мўъжизавий тарзда соғайиб кетишига ишонишарди. У ердагилар ўзини қандай ҳис қилганини бир тасаввур қилинг! Шак-шубҳасизки, тушкунлик, безовталигу чорасизлик у ерни қамраб олган эди. Қизиқ, мукаммал ва сира нуқсонсиз бўлган Исо у ерда нима қилаётганди? Исо одамларни севгани учун ўша жойга бориб, у ерда 38 йилдан буён касал бўлиб ётган бир кишини учратади (Юҳанно 5:5–9 ни ўқинг).

10 Исо, дардга чалинган кишидан: «Соғайишни истайсизми?» — деб сўраганда, беморнинг кўзларидаги умидсизликни хаёлингизга келтира оласизми? Бемор шу заҳоти жавоб берган. У соғайишни хоҳлаган, бироқ буни қай йўсин амалга оширишни билмаган. У ҳовузга тушишига кўмаклашадиган ҳеч кими йўқ эди. Сўнг, Исо беморга ақл бовар қилмайдиган нарсани — тўшагини кўтариб, юришни буюрган. У Исога қулоқ солиб, тўшагини кўтарган ва юра бошлаган. Бу, Исо Масиҳ янги дунёда қиладиган ҳайратга солувчи ишларнинг заррачаси, холос! Ушбу мўъжиза шунингдек, Исонинг раҳм-шафқатидан далолатдир. У муҳтожларни қидириб топган. Унинг намунаси бизни ҳам, бу дунёдаги мудҳиш нарсалардан азоб чекаётган кишиларни ҳудудимизда қидиришга ундаши лозим.

«КИЙИМИМГА КИМ ТЕГДИ?»

11. Қандай қилиб Марк 5:25–34- оятлар, Исо касалликлардан азоб чекаётган кишиларга раҳмли эканини кўрсатмоқда?

11 Марк 5:25–34 ни ўқинг. 12 йилдан бери оғир хасталикка чалинган бир аёл бор эди. Унинг дарди ҳаётининг барча соҳасига, жумладан топинишига ҳам таъсир қиларди. У, «шифокорларга боравериб, безор бўлганди. Чунки бутун мол-мулкини сарфлаганига» қарамай, аҳволи янада оғирлашганди. Лекин бир куни, бу аёл соғайишнинг чорасини ўйлаб топди. У Исо деб танилган кишининг орқасидан борди-да, халойиқни оралаб ўтиб, унинг устки кийимига тегди (Лев.  15:19, 25). Исо ўзидан бир куч чиққанини сезиб, унга ким текканини сўради. Аёл «қўрқиб кетди ва титраганча... тиз чўкиб, Исога бор гапни айтди». Бу аёлни Яҳова соғайтирганини тушунгач, Исо меҳр ила: «Синглим, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз. Эсон-омон бориб, оғир дарддан фориғ бўлинг»,— деди.

Мўъжизалари орқали Исо, биз ҳамда муаммоларимиз борасида чиндан ҳам қайғураётганини исботлаган (11-, 12- хатбошиларига қ.)

12. а) Билиб олганларимизга кўра, Исони қандай таърифлаган бўлардингиз? б) Исо бизга қанақа ўрнак кўрсатган?

12 Исо нақадар меҳрибон-а?! Шуни айтиш жоизки, Исо касалликлардан қийналган кишиларга асло бефарқ эмас. Шайтон эса, бизни ҳеч ким яхши кўрмаслигига ва биз аҳамиятсиз эканимизга ишонтириш пайида. Мўъжизалари орқали Исо, биз ҳамда муаммоларимиз борасида чиндан ҳам қайғураётганини исботлаган. Исо, дардимизга шерик бўла оладиган Шоҳ ва Олий руҳонийдир! (Иброн. 4:15). Сурункали касалликка чалинганларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш осон бўлмаслиги мумкин, айниқса ўзимиз уни асло бошдан кечирмаган бўлсак. Исо Масиҳ эса, ҳатто ҳеч қачон касал бўлмаган бўлса-да, хасталарга ҳамдардликни намоён эта олганини ёдда тутишимиз керак. Илойим, Исонинг ўрнаги бизни ҳам қўлимиздан келганча худди шундай йўл тутишга ундасин! (1 Бутр. 3:8).

«ИСОНИНГ КЎЗИДАН ЁШ ОҚДИ»

13. Лазарнинг тирилиши Исо тўғрисида нимани ошкор этяпти?

13 Ўзгаларнинг дарди Исонинг қалбига қаттиқ таъсир қиларди. Дўсти Лазарнинг ўлимидан бошқалар қанчалар қайғураётганини кўрганда, «Исо руҳан эзилиб, чуқур хўрсинган». У, ҳатто Лазарни бир оздан сўнг ҳаётга қайтаришини билса-да, ўзини ёмон ҳис қилган (Юҳанно 11:33–36 ни ўқинг). Исо чуқур ҳиссиётларни кўрсатишдан уялмаган. У ерда бўлганлар, Исо Лазар ҳамда қариндошларини яхши кўрганини  кузатишган. Худо ато этган қудратдан фойдаланган ҳолда, Исо дўстини тирилтириб, ниҳоятда раҳмдил эканини намоён этган (Юҳан. 11:43, 44).

14, 15. а) Яҳова одамзодни азоб-уқубатдан халос этишни жуда хоҳлаётгани нимадан кўриняпти? б) Нега «хотира мозорлари» ибораси диққатимизга сазовор?

14 Муқаддас Китобда ёзилишича, Исо «Унинг [Парвардигорнинг] борлиғини ўзида акс эттиради» (Иброн. 1:3). Хуллас, амалга оширилган мўъжизалар шуни ошкор этяптики, Исо ҳамда Отаси одамзодни касаллигу ўлимнинг оқибати бўлмиш дард-аламдан фориғ қилишни исташади! Муқаддас Китобда қаламга олинган бир нечтагина тирилиш воқеаларга қараганда, келажакда бу истак кенг миқёсда рўёбга чиқарилади. Исо қуйидагича деган: «Шундай вақт келяптики, мозорларда [«хотира мозорларида», изоҳ] бўлган ҳамма... чиқадилар» (Юҳан. 5:28, 29).

15 Исо, «хотира мозорларида» деб айтганда, Аллоҳнинг хотирасини назарда тутаётганини кўрсатяпти. Бепоён коинотни яратган Қодир Тангри Таоло яхши кўрган кишиларимизнинг шахсиятини икир-чикиригача батафсил эсда тутади (Ишаё 40:26). Бу, Худо нафақат ёдда тута олишига, балки Ўзи ҳамда Ўғли шундай қилишни хоҳлаётганига боғлиқ. Лазар ва бошқа кишиларнинг тирилиши ҳақида Муқаддас Китобда ёзилгани, янги дунёда бу кенг миқёсда амалга ошишига ишора қилмоқда.

ИСОНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ ВА ОДАМЗОД

16. Ҳозирги кўпгина бенуқсон масиҳийлар қандай шарафга эга бўлиши мумкин?

16 Агар бенуқсонлигимизни ҳимоя қилсак, энг улкан мўъжизаларнинг бири — буюк қайғуда омон қолиш мўъжизаси юз беришининг шоҳиди бўла оламиз. Армагеддон жангидан кейин, янада кўп мўъжизалар содир бўлади, жумладан одамзоднинг соғлиги ҳам тикланади (Ишаё 33:24; 35:5, 6; Ваҳ. 21:4). Инсонлар кўзойнак, ҳасса, қўлтиқтаёқ, ногиронлар аравачаси, эшитиш аппарати ва ҳоказолардан қутулишини бир ўйлаб кўринг. Ҳа, Армагеддонда омон қолган кишиларга Тангри Яҳова сиҳат-саломатлик ато этади. Ўша одамларнинг анчагина юмуши бўлиб, Худонинг ҳадяси бўлмиш сайёрамизга оро бериб, уни жаннатга айлантиришади (Заб. 113:24).

17, 18. а) Исо кўрсатган мўъжизаларнинг асосий мақсади нимадан иборат? б) Нега Худонинг янги дунёсига эришиш учун ҳаракатлар қилиш арзийди?

17 Исо ўтмишда одамларни соғайтиргани бугунги «улкан оломонга» далда бахш этмоқда, ҳамма касалликдан фориғ бўлишдек қувончли умидига умид қўшмоқда (Ваҳ. 7:9). Қадимда одамларнинг шифо топгани Исонинг чуқур туйғуларини акс эттириб, у инсониятни қанчалик қаттиқ севишини кўрсатмоқда (Юҳан. 10:11; 15:12, 13). Исонинг раҳм-шафқати, Яҳова ҳар бир хизматчисининг фойдасини кўзлаётганини яққол тасвирламоқда (Юҳан. 5:19).

18 Маълумки, одамзод оҳ-воҳ қилиб, азоб чекяпти ва ҳаётдан кўз юмяпти (Рим. 8:22). Биз Аллоҳнинг янги дунёсига ўта муҳтожмиз, токи у ерда Унинг ваъдасига биноан мукаммал соғликка эга бўламиз. Саломатлиги тикланган кишилар, Малаки 4:2 да ёзилганига биноан «оғилхонадан қўйиб юборилган бузоқлардай сакрашига» ишониш учун барча сабабларимиз бор. Улар номукаммаллик оқибатларидан озод бўлишгани туфайли ҳаяжонга тўлиб, қувонишади. Илоё, Худонинг ваъдаларига нисбатан ҳам миннатдорчилигимиз, ҳам мустаҳкам имонимиз янги дунёга эришишимизга ҳозирнинг ўзида қўлимиздан келганини қилишга ундасин! Исо ер юзида кўрсатган мўъжизалари, яқинда минг йиллик бошқарув остида одамзод азоблардан абадий қутулишининг сояси эканлигини билиш тасалли бахш этмоқда!