Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Май 2015

Ҳушёр бўлинг, Шайтон сизни ютиб юбормоқчи!

Ҳушёр бўлинг, Шайтон сизни ютиб юбормоқчи!

Ҳушёр... бўлинглар, боиси душманингиз Иблис бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди. 1 БУТР. 5:8

1. Руҳий мавжудот қандай қилиб Шайтонга айланганини тушунтиринг.

БИР ПАЙТЛАР, у Яҳова билан яқин муносабатлардан завқланарди. Бироқ бу руҳий мавжудот инсоният унга топинишини хоҳлаб қолди. Ушбу номаъқул истакни ақлидан чиқариб ташлашнинг ўрнига, уни ривожлантириб, гуноҳга олиб келгунча ўстирди (Ёқб. 1:14, 15). Биз уни «ҳақиқат йўлида тура олмаган» Шайтон сифатида биламиз. У, Яҳовага қарши исён кўтариб, «ёлғоннинг отасига» айланди (Юҳан. 8:44).

2, 3. «Шайтон», «Иблис», «илон» ва «аждаҳо» сўзлари Яҳованинг ашаддий душмани ҳақида нималарни ошкор қилмоқда?

2 Исёнидан сўнг, Шайтон Яҳованинг энг ашаддий душманига айланди ва инсониятнинг ҳам дўсти эмаслиги аниқ. Шайтонга берилган номлар, у қанчалик бузилиб кетганини ошкор этмоқда. Шайтон сўзи «душман» деган маънони англатиб, бу ёвуз руҳий мавжудот Худонинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватламаётганини ва аксинча ундан нафратланаётганини ҳамда бор кучи билан қаршилик қилаётганини билдиради. Ҳаммасидан ҳам кўпроқ, Шайтон Яҳованинг бошқаруви ниҳоясига етишини кўришни истайди.

3 Ваҳий 12:9 да қаламга олинганидай, Шайтон шунингдек  «туҳматчи» деган маънони берувчи Иблис номи билан ҳам аталган. Бу, Шайтон бўҳтон қилиб, Яҳовани ёлғончига чиқарганини ёдимизга солади. «Алмисоқ илон» сўзларини ўқиганимизда, ақлимизга дарҳол Адан боғида Шайтон Момоҳавони алдаш учун илондан фойдалангани келади. «Буюк аждаҳо» иборасини эшитганда эса, хаёлимизда даҳшатли махлуқ ва жон-жаҳди билан Яҳованинг ниятларига халақит бериб, Унинг халқини йўқ қилмоқчи бўлаётган Шайтон гавдаланади.

4. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

4 Шайтон, бенуқсонлигимизга хавф туғдираётгани шубҳасиз. Шу боис ҳам Муқаддас Китоб бизни қуйидагича огоҳлантирмоқда: «Ҳушёр ва сергак бўлинглар, боиси душманингиз Иблис бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди» (1 Бутр. 5:8). Ушбу огоҳлантиришга кўра, бу мақолада Шайтонга хос учта хусусиятни муҳокама қиламиз. Бу эса, Яҳованинг ва халқининг тутуриқсиз душманидан ҳимояланишимиз кераклигини кўрсатади.

ШАЙТОН КУЧЛИ

5, 6. а) Руҳий мавжудотлар «баҳодирлар» эканини кўрсатувчи мисоллар келтиринг. б) Қайси маънода Иблис «ўлимга дучор қилади»?

5 Руҳий мавжудотлар бўлмиш фаришталар «баҳодирлар», деб аталган (Заб. 102:20). Улар онг ва қудрат жиҳатидан одамлардан анча устун туришади. Албатта, садоқатли фаришталар ўз кучини яхшилик учун қўллашади. Масалан, бир сафар Яҳованинг фариштаси 185 000 оссуриялик душман аскарни ўлдирган. Бу бир кишига имконсиз ва ҳатто бутун қўшин учун мушкул вазифа бўларди (4 Шоҳ. 19:35). Бошқа сафар эса, фаришта мислсиз қудрати ва қобилиятидан фойдаланиб, Исонинг ҳаворийларини қамоқдан озод этган. Ушбу руҳий мавжудот хавфсизлик чораларига қарамай, қулфланган эшикларни очган, ҳаворийларни ташқарига чиқарган ва ортларидан яна эшикларни қулфлаган. Соқчилар яқин орада ўтирган бўлишса-да, фаришта буни бажара олган (Ҳавор. 5:18–23).

6 Содиқ руҳий мавжудотлар қудратини яхшилик учун ишлатса, Шайтон кучини ёвузлик йўлида қўллайди. Ҳа, у чиндан ҳам кучли ва ўз таъсирини ўтказа олади! Шайтон, Муқаддас Ёзувларда «бу дунёнинг ҳокими» ва «ушбу замонанинг худоси» сифатида тилга олинган (Юҳан. 12:31; 2 Кор. 4:4). Шайтон Иблис ҳақида ҳатто «ўлимга дучор қилади», дейилган (Иброн. 2:14). Бироқ бу, у барча одамларни тўғридан-тўғри ўлдиришини англатмайди. Бу дунё, унинг ўлимга етакловчи руҳиятига тўлиб-тошган. Устига-устак, Момоҳаво Шайтоннинг алдовига лаққа тушгани ва Одамато Аллоҳга итоатсизлик қилгани туфайли гуноҳ ҳамда ўлим бутун инсониятга ўтган (Рим. 5:12). Шу маънода Иблис «ўлимга дучор қилади» ва Исо айтганидай, у «қотил» (Юҳан. 8:44). У ҳақиқатан ҳам қудратли душмандир!

7. Жинлар қудратли эканларини қандай кўрсатишади?

7 Шайтонга қарши чиққанимизда, биз нафақат унинг ўзига, балки ҳукмдорлик масаласида у томонни эгаллаганларга ҳам қарши чиқамиз. Улар қаторига сон-саноқсиз бошқа исёнкор руҳий мавжудотлар ёки жинлар ҳам киради (Ваҳ. 12:3, 4). Жинлар одамларга азоб келтириб, ўзининг улкан қудратини қайта-қайта намоён этишган (Мат. 8:28–32; Марк 5:1–5). Ушбу ёвуз фаришталар ва «жинлар ҳукмдорининг» кучини назардан четда қолдирмаслигимиз керак (Мат. 9:34). Яҳованинг мададисиз Шайтонга қарши курашда ғолиб кела олмаймиз.

ШАЙТОН ШАФҚАТСИЗ

8. а) Шайтоннинг мақсади қандай? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Кузатувларингизга кўра, бу дунё Шайтоннинг шафқатсиз руҳини қай йўсин акс эттиряпти?

8 Ҳаворий Бутрус Шайтонни бўкираётган  шерга ўхшатган. Бир китобга кўра, юнончадан «бўкирмоқ» деб таржима қилинган сўз «ниҳоятда оч қолган йиртқич ҳайвоннинг наъра тортиши», деган маънони берар экан. Бу таъриф Шайтоннинг шафқатсизлигига қанчалар мос келади-а?! Бутун дунё унинг ҳукми остида бўлса-да, Шайтон ёвузлик қилиб ҳеч тўймаяпти (1 Юҳан. 5:19). Шайтон учун бу дунё шунчаки «газак». Дарҳақиқат, у эътиборини «асосий таом» — мойланганларнинг қолган қисмига ва уларнинг ҳамкорлари «бошқа қўйларга» қаратмоқда (Юҳан. 10:16; Ваҳ. 12:17). Шайтон Яҳованинг хизматчиларини ютиб юбормоқчи. Биринчи асрдан то ҳозирги кунгача Исонинг издошлари устига ёпирилаётган қувғинлар тўлқини унинг шафқатсиз руҳидан далолат бермоқда.

9, 10. а) Аллоҳнинг Исроил халқи билан боғлиқ ниятига халақит бериш учун Шайтон нима қилган? (Мисоллар келтиринг.) б) Шайтон бор эътиборини қадимий Исроилга қаратганига қандай ўзгача сабаблар бўлган? в) Сизнингча, Худонинг хизматчиларидан кимдир жиддий гуноҳ қилса, Иблис ўзини қандай ҳис қилади?

9 Аллоҳнинг ниятига халақит беришга интилаётиб, Шайтон золимлигини бошқа йўл билан ҳам намоён этмоқда. Очиққан шер ўлжасига раҳм қилмайди. У ўлжасини ўлдиришдан олдин унга ачинмайди ва паққос туширгандан кейин ҳам афсусланмайди. Шунга ўхшаб, Шайтон ҳам ютиб юбормоқчи бўлган кишиларга раҳми келмайди. Мисол учун, исроилликлар ахлоқсизлик ва очкўзлик каби гуноҳларга берилишганида, Шайтон Иблис ўзини қандай ҳис қилганини бир тасаввур қилиб кўринг. Зимрининг ахлоқсизлиги ва Гахазининг очкўзлиги келтирган аянчли оқибатлар ҳақида ўқиганингизда, ғалабага эришган шернинг бўкираётганини «кўра» оласизми? (Саҳ. 25:6–8, 14, 15; 4 Шоҳ. 5:20–27).

Яҳованинг хизматчиларидан кимдир гуноҳ қилса, Шайтон роса қувонади (10- хатбошига қ.)

10 Шайтон бор эътиборини Исроилга қаратганига ўзгача сабаблар бўлган. Ахир айнан бу халқдан Масиҳ, яъни Шайтонни йўқ қилиб, Яҳованинг ҳукмронлигини оқлайдиган шахс келиб чиқиши керак эди (Ибт. 3:15). Шайтон исроилликлар гуллаб-яшнашини истамаган ва у шафқатсизларча бор кучини уларни гуноҳга ботириш учун солган. Довуд зинога қўл урганида ёки Мусо ваъда қилинган юртга киришга нолойиқ бўлиб қолганида, Шайтон уларга ачинганини  кўз ўнгимизга келтириш қийин. Бошқача қилиб айтганда, Худонинг хизматчиларидан кимдир жиддий гуноҳ қилиб булғанса, Шайтон хурсанд бўлиши аниқ. Дарвоқе, бошқа нарсалар қатори бундай ғалабаларни Иблис Яҳовани танқид қилиш учун қўллайди (Ҳик. 27:11).

11. Шайтон қай мақсадда Сорани ўз нишонига айлантирган?

11 Шайтон, Масиҳ келиб чиқиши керак бўлган сулолага нисбатан ўзгача адоват ҳис қилган. Мисол учун, Иброҳимга ундан «буюк халқ» келиб чиқиши ҳақида айтилгандан кўп ўтмай нималар содир бўлганини кўриб чиқайлик (Ибт. 12:1–3). Иброҳим ва Сора Мисрда бўлишганида, фиръавн Сорани уйига олиб келган. Унинг мақсади Сорани ўзига хотин қилиб олиш эди. Аммо Яҳова ишга аралашиб, Сорани бу мушкул аҳволда ҳимоялаган (Ибтидо 12:14–20 ни ўқинг). Исҳоқ туғилишидан бир оз олдин, Гарорда ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган (Ибт. 20:1–7). Бу ҳодисалар ортида Шайтон турганми? Қизиқ у, тараққий этган Урни ташлаб, чодирларда яшаган Сорани фиръавн ва Абумалекнинг ҳашаматли саройи орқали васвасага солишга умид қилганми? Шайтон, Сора ўз эрига ва Яҳовага бевафолик қилиб, зинога қўл уради деб ўйлаганми? Муқаддас Китобда бу борада ҳеч нарса айтилмаган, лекин Сора ваъда қилинган зот келиб чиқадиган сулолани бошлаб бериш имконидан маҳрум бўлса, Иблис роса хурсанд бўлиши тайин эди. Яхши бир аёл никоҳи, обрўйи ва Яҳова билан муносабатларини йўқотса ҳам, Шайтон айбдорлик ҳиссидан азоб чекмасди. Иблис нақадар шафқатсиз-а?!

12, 13. а) Исо туғилганида, Шайтон шафқатсизлигини қандай намоён этган? б) Сизнингча, Яҳовани севадиган ва Унга хизмат қилаётган ёшларга нисбатан Шайтон нималарни ҳис қилади?

12 Исо, Иброҳим яшаганидан асрлар ўтиб дунёга келган. Шайтон бу гўдак чиройли, ёқимтой ва қадрли экани ҳақида ўйлаганини ақлга ҳам сиғдириб бўлмайди. Чунки Шайтон, у улғайганида, ваъда қилинган Масиҳ бўлишини билган. Чиндан ҳам Исо, Иброҳим зотининг асосий қисми бўлиб, кейинчалик «Иблиснинг ишларини барбод» қиладиган шахс эди (1 Юҳан. 3:8). Шайтон, гўдакни ҳаётдан маҳрум қилишни пасткашлик деб ҳисоблаганми? Асло, зеро унда ачиниш туйғуси умуман йўқ. Исо ҳали бола бўлганида ҳам, Шайтон дарҳол ҳаракат қилган. Қанақасига?

13 Мунажжимлар «яҳудийларнинг янги туғилган подшоҳи» ҳақида сўрашганида, шоҳ Ҳирод хавотирга тушиб қолган ва уни ўлдиришга қарор қилган (Мат. 2:1–3, 13). У, иш битганига амин бўлиш учун, Байтлаҳм ҳамда унинг теварак-атрофида яшовчи икки ёш ва ундан кичик бўлган барча ўғил болаларни ўлдиришни буюрган (Матто 2:13–18 ни ўқинг). Ушбу хунрезлик пайтида Исо омон қолган, лекин бу, душманимиз Шайтон борасида нимани ошкор қиляпти? Иблиснинг назарида инсон ҳаёти заррача қадр-қимматга эга эмаслиги яққол кўриняпти. У ҳатто болаларни ҳам аямайди. Шайтон бўкириб юрган шернинг ўзгинаси! Шафқатсизлик унга хос эканини асло унутмайлик!

ШАЙТОН ЁЛҒОНЧИ

14, 15. Қай йўсин Шайтон «имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйган»?

14 Фақат ёлғонни қўллабгина Шайтон одамларни севгига тўла Тангри Яҳовага қарши қилиб қўйиши мумкин (1 Юҳан. 4:8). У алдов йўли билан одамларни «маънавий нарсаларга чанқоқни» ҳис қилмасликлари учун чалғитади (Мат. 5:3). Шайтон, «Тангрининг тасвири бўлган Масиҳ ҳақидаги улуғвор хушхабарнинг нури уларнинг устидан порламасин деб,.. имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйган» (2 Кор. 4:4).

15 Шайтон одамларни алдашда қўллайдиган  асосий усуллардан бири сохта диндир. Инсонлар, мутлақ садоқатни талаб қиладиган Яҳовадан бошқа ҳар ким ё ҳар нарсага — аждоди, табиат ёки ҳайвонларга — сиғинаётганини кўриб, Шайтон роса лаззатланса керак-а?! (Чиқ. 20:5). Худога тўғри сиғиняпман, деб ўйлаётганларнинг кўпчилиги аслида сохта таълимот ва фойдасиз урф-одатлар ила кишанланган. Улар жуда аянчли аҳволда бўлиб, Яҳова қуйидаги сўзларни айтган одамларга ўхшашади: «Нима учун нон бўлмаган нарсага пул сарф қиласиз? Нима учун ишлаб топганингизни қониқтирмайдиган нарсаларга сарф қиласиз? Эшитинг, Менга қулоқ солинг! Шунда аъло таомларни ейсиз, ёғли таомлар еб, маза қиласиз» (Ишаё 55:2).

16, 17. а) Нега Исо Бутрусга: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» — деган? б) Вақт зиқ эканини унутиб қўйишимиз учун Шайтон бизни қандай алдаши мумкин?

16 Шайтон ҳатто Яҳованинг ғайратли хизматчиларини ҳам алдаб қўйиши мумкин. Масалан, Исо шогирдларига ўлдирилиши ҳақида айтганида, нима юз берганини кўриб чиқайлик. Ҳаворий Бутрус энг яхши ниятлар ила Исони четга чақириб, шундай деган: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин». Исо эса қаттиқ жавоб қайтариб: «Йўқол кўзимдан, Шайтон!» — деган (Мат. 16:22, 23). Нега Исо Бутрусни «Шайтон» деб атаган? Чунки Исо, нималар содир бўлиши кераклигини биларди. У ўлиб, тўлов қурбонлигини келтирадиган ва Иблиснинг ёлғончи эканини исботлайдиган вақт яқинлашиб қолганди. Бу, инсоният тарихидаги ҳал қилувчи дамлар бўлиб, Исо ўзига «раҳм» қилишининг вақти эмасди. Шайтон ҳам Исо ҳушёрлигини йўқотишини пойлаб турганди.

17 Бу дунё якунига яқинлашиб қолган экан, демак биз ҳам ҳал қилувчи пайтда яшаяпмиз. Шайтон ҳимоямизни сусайтириб, ўзимизга «раҳм» қилишимизни, яъни вақт зиқ эканини унутиб, дунёда қулайроқ жойлашиб олишимизни истайди. Бундай бўлишига асло йўл қўйманг! Аксинча «ҳушёр туринг» (Мат. 24:42). Шайтоннинг, охират яқин орада келмайди ёки умуман бўлмайди деган алдовига ҳеч қачон ишонманг.

18, 19. а) Шайтон бизни алдашга уринаётиб, ўзимиз ҳақимизда қандай ўйлашимизни истайди? б) Туйғуларимизни жиловлаб, ҳушёр туришимизга Яҳова қандай кўмаклашяпти?

18 Шайтон бизни яна бир усул билан чалғитиши мумкин. Худонинг назарида биз севгига муносиб эмас, гуноҳларимиз эса кечириб бўлмас эканига ишонтирмоқчи бўлади. Буларнинг бари Шайтон ёлғонининг бир қисмидир. Аслини олганда, ким Яҳованинг кўзида севгига чиндан ҳам номуносиб? Шайтон. Ким кечиримга сира нолойиқ? Яна Шайтон. Муқаддас Китоб эса, бизни шундай ишонтиряпти: «Аллоҳ адолатсиз эмас... Унинг исмига кўрсатган севгингизни ҳамда меҳнатингизни унутмайди» (Иброн. 6:10). Яҳова, Унга маъқул келиш учун қилаётган уринишларимизни қадрлайди ва хизматимиз зое кетмайди (1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг). Илойим, Шайтон бизни ёлғон тарғиботи билан аҳмоқ қилишига йўл қўймайлик!

19 Билиб олганимиздай, Шайтон кучли, шафқатсиз ва ёлғончи. Шундай қўрқинчли душманга қарши курашда ғолиб бўла оламизми? Ҳа, ахир Яҳова бизни ҳимоясиз қолдирмаяпти. Аллоҳ Каломи орқали Шайтоннинг усуллари ҳақида маълум қиляпти ва биз «унинг ҳийлаларидан бехабар эмасмиз» (2 Кор. 2:11). Шайтон қандай ҳийлаларни қўллашини билсак, туйғуларимизни жиловлаб, ҳушёр тура оламиз. Бироқ Шайтоннинг усулларини билишнинг ўзи етарли эмас. Муқаддас Ёзувларда: «Иблисга қарши туринглар, ўшанда у сизлардан қочади»,— дейилган (Ёқб. 4:7). Келаси мақолада, Шайтонга қарши курашиб, ғолиб келишимиз мумкин бўлган учта соҳани муҳокама қиламиз.