Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2015

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Илк муҳаббатимни ёдда сақлаш, чидамли бўлишимга кўмаклашди

Илк муҳаббатимни ёдда сақлаш, чидамли бўлишимга кўмаклашди

БУ, 1970 йили ёзнинг илк кунлари эди. Мен, Фониксвилл шаҳридаги Валли-Форж ҳарбийлар касалхонасида (Пенсильвания, Қўшма Штатлар) каравотимда ётган эдим. Шифокор ёрдамчиси ҳар ярим соатда қон босимимни ўлчаётганди. Ўшанда мен 20 ёшли аскар бўлиб, жиддий юқумли касалликка чалинган эдим. Мендан бир неча ёш катта бўлган бу киши безовта кўринаётганди. Қон босимим борган сари тушаётганди, мен ундан: «Ўлаётган одамни илгари кўрмаган бўлсангиз керак-а?» — деб сўрадим. Унинг ранги ўчиб, жавобан: «Йўқ, кўрмаганман»,— деди.

Ўша пайтда келажагим зим-зиё бўлиб кўринарди. Бироқ қандай қилиб мен касалхонага тушиб қолганим ҳақида қизиқаётгандирсиз? Келинг, ҳаётимдаги баъзи воқеаларни айтиб берай.

УРУШ ҲАҚИДАГИ ХОТИРАЛАРИМ

Гап шундаки, 1969 йили июлда мени Вьетнамга юборишганди. Ўша ерда, жарроҳлик хонасида ёрдамчи ходим сифатида ишлаб, афсуски касал бўлиб қолдим. Ўзи мақсадим жарроҳ бўлиш эди ва касал ҳамда яраланганларга ёрдам беришдан мамнун эдим. Ҳамма янги келганларга ўхшаб, менга ҳам жазирамага ва соатга кўникишим учун бир ҳафта ажратилганди.

Бу муҳлат тугагач, Меконг дельтасидаги (Донг-Тан) учинчи жарроҳлик касалхонасида ишлашимдан хабар топдим. У ерга, жароҳатланганларга тўла сон-саноқсиз вертолётлар учиб келарди. Мен жуда ватанпарвар бўлиб, ишимни яхши кўрардим. Шунинг учун ўша заҳотиёқ ишга киришиб кетмоқчи эдим. Ўшанда, ҳаво алмашиб турадиган металл контейнерлар жарроҳлик хоналари сифатида хизмат қиларди. Ярадорларни тайёрлаб, у ерга тезда олиб киришарди. Ўша кичик ва тиқилинч хонада жарроҳ, анестезиолог ва иккита ёрдамчи ходим беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашишарди. Вертолётлардаги катта қора қопларнинг баъзилари туширилмаётганини кўрардим. Кейинроқ билишимча, бу қопларга жангда парчаланиб кетган аскарларнинг тана қисмлари солинган экан. Шу йўсин, уруш нималигини тушунганман.

ХУДОНИ ИЗЛАГАНИМ

Ёшлигимда, ҳақиқатни оз-моз билардим

Ёшлигимда, Яҳова Шоҳидларининг таълимотлари билан оз-моз таниш эдим. Азиз онажоним Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтарди,  аммо сувга чўмиш учун қадамлар қўймади. Тадқиқлар пайтида онамнинг ёнида ўтириш менга роса ёқарди. Бир куни ўгай отам билан Йиғилиш Зали ёнидан ўтаётиб: «Бу қандай жой?» — деб сўраганман. У шундай жавоб берган: «Бу одамларнинг яқинига ҳам йўлама!» Ўгай отамни яхши кўрганим ва унга ишонганим боис гапига қулоқ солдим. Шундай қилиб, Яҳованинг Шоҳидлари билан алоқам узилиб қолди.

Вьетнамдан қайтганимдан сўнг, Худо ҳақида кўпроқ билиш истаги пайдо бўлди. Азобли хотиралар дилимни вайрон қиларди. Назаримда, Вьетнамда нималар юз бераётганини ҳеч ким охиригача тушунмаётгандек эди. Урушда айбсиз болалар ўлдирилаётганидан хабар топган одамлар, норозилик намойишлари билан чиқиб, Қўшма Штатлар ҳарбийларини болалар қотиллари, деб аташгани эсимда.

Маънавий чанқоғимни босиш ниятида турли черковлардаги учрашувларга қатнай бошладим. Тангри Таолони доим севганман, аммо черковда кўрганларим менда унча таассурот қолдирмаган. Охир-оқибат, 1971 йилнинг февраль ойида якшанба куни, Яҳова Шоҳидларининг Делрей-Бичдаги (Флорида) Йиғилиш Залига бордим.

У ерга кирганимда оммавий нутқ тугаётганди, шу боис ундан кейин бўладиган «Қўриқчи минораси» муҳокамасида қолдим. Ўшанда қандай мавзу муҳокама қилинганини эслай олмайман, аммо болалар керакли оятларни топиш учун Муқаддас Китобни варақлашгани ёдимда. Бу менга қаттиқ таъсир қилди! Мен жимгина тинглаб, бўлаётганларни кузатдим. Йиғилиш Залидан кетаётганимда эса, Жеймс Гарднер исмли 80 ёшлардаги меҳрибон акамиз ёнимга келди. У, «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» номли китобни узатиб: «Мана буни сизга бермоқчи эдим»,— деди. Биз, пайшанба куни эрталаб илк бор Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишга келишиб олдик.

Ўша якшанба куни кечаси ишлашим керак эди. Мен, Бока-Ратондаги (Флорида) хусусий касалхонанинг тез тиббий ёрдам бўлимида ишлардим. Навбатчилигим кечқурун соат 11 дан эрталаб 7 гача давом этарди. Тун тинч ўтгани учун менга берилган «Ҳақиқат» китобини ўқиш имкони пайдо бўлди. Бош ҳамшира ёнимга келиб, китобни тортиб олди-да, муқовасига қараб, киноя билан: «Ҳар ҳолда, улардан бири бўлмоқчи эмасдирсиз?» — деб сўради. Китобимни қайтиб олгач, шундай жавоб бердим: «Унинг фақатгина ярмини ўқидим, аммо бу кетишда Яҳованинг Шоҳиди бўлишим тайин!» У кетди ва мен ўша туннинг ўзида китобни охиригача ўқиб чиқдим.

Расселлни шахсан билган, Жеймс Гарднер исмли мойланган акамиз мен билан тадқиқ ўтган

Гарднер биродаримиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганимизда, мен: «Энди, нимани ўрганамиз?» — деганимда, у: «Сизга берган китобни-да»,— дея айтди. «Ахир, уни аллақачон ўқиб чиқдим-ку»,— десам, Гарднер акамиз мулойимлик ила шундай жавоб берди: «Жуда соз, келинг, биргаликда биринчи бобини муҳокама қилайлик». Қанчалик кўп нарсаларни назардан четда қолдирганимни кўриб, ҳайрон бўлдим. У ўзимдаги Муқаддас Китобдан кўп оятларни  кўрсатди. Ниҳоят, Ҳақ Тангри Яҳова ҳақида билим ола бошладим. Мен у биродарни Жеймс эмас, балки меҳр ила Жим деб атардим. Ўша куннинг ўзида биз «Ҳақиқат» китобидан учта бобни муҳокама қилгандик. Шундан кейин ҳар пайшанба эрталаб, учта бобни тадқиқ қиладиган бўлдик. Тадқиқлар жуда ҳузурбахш эди. Чарлз Тейз Расселлни шахсан биладиган, мойланган биродардан таълим олиш мен учун катта шараф бўлган!

Бир неча ҳафтадан сўнг, мен ваъзгўй бўлдим. Жим анчагина муаммоларимни, жумладан уйма-уй хизматимга оид қийинчиликни енгишимга ёрдам берди (Ҳавор. 20:20). У билан ҳамкорлик қилганимда, воизлик ишидан қувончга тўлардим. Ҳозир ҳам хизматни катта шараф деб биламан. Тангрининг хизматдоши бўлиш нақадар ажойиб! (1 Кор. 3:9).

ЯҲОВАГА ИЛК МУҲАББАТИМ

Энди, менга жуда азиз бўлган масала, Яҳовага илк муҳаббатим ҳақида айтиб бермоқчиман (Ваҳ. 2:4). Ушбу муҳаббат, урушдан қолган азобли хотиралар ҳамда бошқа кўп қийинчиликларни бартараф этишимга ёрдам берди (Ишаё 65:17).

Яҳовага бўлган севгим, урушдан қолган азобли хотиралар ва бошқа кўп қийинчиликларни бартараф этишимга ёрдам берди

1971 йили июлда, Янки ўйингоҳида ўтказилган «Илоҳий исм» номли вилоят анжуманида сувга чўмганман

1971 йил баҳор кунларининг бири ҳали-ҳануз ёдимда. Шунда мени ота-онамга тегишли бўлган уйдан кўчага чиқазиб юборишганди. Сабаби, ўгай отам Яҳованинг Шоҳиди унинг уйида яшашини истамас эди. Ўша пайтда пулим кўп эмасди. Касалхонада икки ҳафтада бир маош тўланса-да, хизматда Яҳовага муносиб тарзда иштирок этиш учун пулимни асосан кийим-кечакка сарфлардим. Бироз пул тўплагандим, бироқ улар мен катта бўлган Мичиган штатидаги банкда эди. Шу боис, бир неча кун машинамда яшаб туришимга тўғри келди. Заправканинг ҳожатхонасида эса, соқолимни олиб, ювинардим.

 Машинада яшаб юрганимда, бир сафар Йиғилиш Залига ваъзгўйлик хизмати учрашуви бошланишидан икки соат олдин келдим. Касалхонадаги навбатчилигим эндигина тугаганди. Йиғилиш Залининг орқасида мени ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўтирганимда, Вьетнамдаги хотиралар, жумладан инсон танасининг куйган ҳиди ва ивиган қон ҳақидаги хаёллар мени қамраб олди. Гўёки, ёш йигитлар менга: «Мен ўлмайман-а? Мен яшайман-а?» — дея ёлвораётганини эшитиб, кўриб тургандай эдим. Улар ўлишини билардим, аммо буни чеҳрам билан билдирмасдан имкон қадар уларни юпатишга ҳаракат қилардим. Бундай тасаввурлардан этларим жимирлаб кетганди.

Айниқса синовлар ва қийин дамларда Яҳовага бўлган илк муҳаббатимни йўқотмаслик учун жон куйдираман

Мен ибодат қилдим ва кўзимдан дув-дув ёшлар оқди (Заб. 55:9). Тирилишга бўлган умид тўғрисида чуқур ўйлай бошладим. Қуйидагилар менга беҳад таъсир қилди: Худованд Яҳова тирилиш орқали, мен ва бошқалар кўрган даҳшатли урушу изтиробларни йўққа чиқаради. Тангри Таоло ўша йигитларни ҳаётга қайтаради ва уларда У тўғрисида ҳақиқатни билиш имкони бўлади (Ҳавор. 24:15). Булар туфайли Яҳовага бўлган севгим янада ошиб, қалбимда ўчмас из қолдирди. Бу кун мен учун ўзгача бўлиб қолмоқда. Шундан бери, айниқса синовлар ва қийин дамларда Яҳовага бўлган илк муҳаббатимни йўқотмаслик учун жон куйдираман.

ЯҲОВАНИНГ ЯХШИЛИКЛАРИ

Урушда одамлар мудҳиш ишлар қилишган, мен ҳам улардан мустасно эмасман. Лекин менга ёқадиган иккита оят устида мулоҳаза юритиш ёрдам беради. Биринчиси, Ваҳий 12:10, 11. У ерда, Иблис нафақат биз эълон қилаётган хабар ёрдамида, балки Қўзининг қони билан ҳам енгилади дейилган. Иккинчиси, Галатияликларга 2:20 бўлиб, ушбу оятдан Исо Масиҳ «мен учун» ўлганини биламан. Яҳова менга Исонинг қони асосида қараб, қилмишларимни кечиради. Буни билиш, менга пок виждон ато этди ва қўлимдан келганча, бошқаларга раҳмдил Худованд Яҳова ҳақидаги билимни етказишга ундайди (Иброн. 9:14).

Ортга қараб, Яҳова менга доимо ғамхўрлик қилганидан миннатдорман. Масалан, машинада яшаётганимни билиб қолган Жим биродаримиз, хоналарни ижарага берадиган опамиз билан мени9 таништирди. Шундай қилиб, бошпанали бўлдим. Яҳова Жим акамиздан ва қадрли опамиздан фойдалангани турган гап. Ҳа, Яҳова жудаям меҳрибондир! У содиқ хизматчиларининг ғамини ейди.

ҒАЙРАТЛИ, АММО МУЛОЙИМ БЎЛИШНИ ЎРГАНИШИМ

1971 йили май ойида, баъзи ишларни йўлга қўйиш учун Мичиганга боришим керак бўлиб қолди. Флоридадаги Делрей-Бич жамоатидан кетишдан аввал, машинамнинг багажнигини адабиётлар билан тўлдириб, асосий йўлдан шимолга отландим. 1 500 километрдан ошиқ йўлнинг деярли 400 километрини босиб ўтганимдаёқ, багажнигим бўм-бўш эди. Йўл-йўлакай, турли жойларда Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ғайрат ила ваъз қилгандим. Қамоқхоналар ёнида тўхтаб, шоҳидлик бергандим ва дам олиш масканларининг ҳатто ҳожатхоналарида ҳам одамларга букламалар тарқатгандим. Ўшанда, экилган уруғларнинг биронтаси ўсиб чиқармикин дея ташвишлангандим (1 Кор. 3:6, 7).

Шуни тан олишим керакки, ҳақиқатни энди билганимда, айниқса оила аъзоларим билан суҳбатлашганда унчалик мулойим эмас эдим. Яҳовага бўлган севгим ичимда жўш ургани боис, мен дадил ва дангал ваъз қилардим. Жон ҳамда Рон акаларимни жуда яхши кўраман. Уларга ҳам босим ўтказиб, ҳақиқат билан бўлишганман. Кейинчалик, ўзимни бундай тутганим учун кечирим сўраганман. Улар ҳақиқатни қабул қилиши учун тинмай ибодат қиламан. Дарҳақиқат, Яҳованинг тарбияси туфайли мен ваъз қилиб, таълим бераётганимда мулойимликни кўпроқ намоён этяпман (Колос. 4:6).

 СЕВГАН ИНСОНЛАРИМ

Албатта, Яҳовага бўлган муҳаббатим билан бирга, ҳаётимдаги бошқа ришталарни ҳам унутмаганман. Масалан, жонажон рафиқам Сьюзенга туйғуларим қандай уйғонганини айтиб берай. Шоҳлик ишини бажаришда, менга ёрдам берадиган ҳамкор кераклигини билардим. Сьюзен чидамли ва худотарс аёл. Учрашиб юрган пайтимизда, бир куни уни кўришга борганимни эслайман. У ота-онаси уйининг эшиги олдида «Қўриқчи минораси»ни ўқиб ўтирганида, ёнида Муқаддас Китоб ҳам бор эди. Менга ёққани, у журналдаги қўшимча мақолани ўқиётиб, оятларни ҳам очаётганди. Мен буни кўриб: «У маънан етук экан!» — деб ўйладим. Биз 1971 йили декабрда турмуш қурдик. Ўша кундан бери хотиним ёнимда туриб, қўллаб-қувватлагани учун миннатдорман. Мени яхши кўрса-да, Яҳовани янада кўпроқ севишини ўта қадрлайман.

Рафиқам Сьюзен, ўғилларим Жесси ва Пол билан бирга

Яҳова бизга икки ўғил Жесси ва Полни ато этиб, баракасини ёғдирди. Ўғилларим улғайгани сайин Яҳова улар билан бирга бўлди (1 Шоҳ. 3:19). Жесси ва Пол ҳақиқатни ўзлаштиргани туфайли Сьюзен иккимизнинг юзимиз ёруғ бўлди. Улар Яҳовага бўлган илк муҳаббатини доимо ёдда тутишгани боис, Унга ҳозир ҳам хизмат қилишяпти. Уларнинг ҳар бири 20 йилдан ошиқ тўла вақтли хизматда иштирок этяпти. Шунингдек, гўзал келинларим Стефани билан Ракельни ўз  қизларимдай кўраман ва улардан фахрланаман. Иккита ўғлим ҳам, Яҳовани жону дили билан севадиган маънан етук аёлларга уйланган (Эфес. 6:6).

Кўчма нозир бўлган пайтимда, воизлик хизмат учрашувини ўтказяпман

Сувга чўмгач, 16 йил давомида Род-Айлендда хизмат қилиб, яқин дўстлар орттирдим. Жонкуяр оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилиб, мўл-кўл ажойиб хотираларга эга бўлдим. Қолаверса, менга яхши таъсир қилган кўплаб кўчма нозирлардан миннатдорман. Яҳовага бўлган илк муҳаббатини сақлаб қолган кишилар билан елкама-елка меҳнат қилиш улкан шараф! 1987 йили, эҳтиёж катта бўлган Шимолий Каролинага хизмат қилиш мақсадида кўчдик, у ерда ҳам қадрдон дўстларимиз пайдо бўлди *.

Камдан-кам ваъз қилинадиган ҳудудда хизмат қилишдан қувонч топардик

2002 йили августда, Сьюзен ва мен Паттерсондаги (Қўшма Штатлар) Байтилда хизмат қилиш таклифига рози бўлдик. Мен Хизмат бўлимида, рафиқам эса кирхонада ишлардик. Сьюзен, у ерда ишлашни яхши кўрарди. Кейинчалик, 2005 йили августда Етакчи кенгаш аъзоси сифатида хизмат қилиш шарафига муяссар бўлдим. Бу туфайли ниҳоятда ҳаяжонга тўлдим. Азизам Сьюзен ҳам зиммамизга юкланган масъулият, иш ва саёҳатлар ҳақида ўйлаб ҳайратланганди. Хотиним учишни сира ҳам ёқтирмаса-да, кўп маротаба парвоз қилишимизга тўғри келади. Сьюзеннинг айтишича, Етакчи кенгаш аъзоларининг хотинлари унга меҳр ила берган маслаҳатлари, мени иложи борича қўллаб-қувватлашига ёрдам беряпти. Албатта, Сьюзен буни уддалаяпти ва мен уни бу учун севаман.

Офисимда, қалбимга яқин бўлган кўплаб расмлар мени қуршаб туради. Улар менга ҳаётим қанчалик қувончли эканини эслатиб туради. Яҳовага бўлган илк муҳаббатимни ёдда тутишга интилганим боис, жуда кўп ажойиб мукофотларга эга бўлдим!

Оилам билан вақт ўтказишдан жуда бахтиёрман

^ 31- х.б. Моррис биродаримизнинг тўла вақтли хизмати ҳақидаги тафсилотларни «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2006 йил 15 март сонидаги 26- саҳифадан топишингиз мумкин.