Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  МАЙ 2015

Абадий ҳаётни ваъда қилаётган Шахсга тақлид қилинг

Абадий ҳаётни ваъда қилаётган Шахсга тақлид қилинг

Cевикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар. ЭФЕС. 5:1

1. Қайси қобилият Худонинг фазилатларига тақлид қилишимизга кўмаклашади?

ТАНГРИ ЯҲОВА бизга, ўзимизни бошқаларнинг ўрнига қўйиш қобилиятини ато этган. Ҳа, ўзгаларнинг бошидан ўтган вазиятларни тасаввур қилишимиз мумкин (Эфесликларга 5:1, 2 ни ўқинг). Хўш, Худонинг ушбу ҳадясидан қандай қилиб оқилона фойдалансак бўлади? Бу қобилиятни қўллаётиб, қандай хавф-хатардан эҳтиёт бўлишимиз лозим?

2. Қийинчиликларимизга нисбатан Яҳова қандай муносабатда?

2 Шак-шубҳасизки, Аллоҳ садоқатли мойланган кишиларга самода ўлмасликни, Исонинг содиқ «бошқа қўйлари» учун эса, ер юзида абадий ҳаётни ваъда қилаётганидан беҳад хурсандмиз (Юҳан. 10:16; 17:3; 1 Кор. 15:53). Бироқ келажакка умидимиз қандай бўлишидан қатъи назар, барчамиз бугунги кунда кенг тарқалган азоб-уқубатларга дуч келяпмиз. Шуниси аниқки, Яҳова бошимиздан ўтаётган оғриқни яхши билади. Негаки, қадимда ҳам Исроил халқи Мисрда қул бўлиб, азоб чекаётганидан У хабардор эди. Шу боис, Ишаё 63:9 да Яҳова ҳақида:  «Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди»,— деб ёзилган. Асрлар ўтгач, яҳудийлар маъбадни қайта тиклаш ишини олиб боришганда, душманларнинг қаршиликларидан қўрқа бошлашди. Шунда Худо: «Сизларга текканлар худди Менинг кўз қорачиғимга теккандай бўлади»,— деган (Закр. 2:8). Худди она боласига меҳрибон бўлганидай, Яҳова ҳам Ўз халқининг фойдасини кўзлагани учун меҳр ила йўл тутади (Ишаё 49:15). Бундан хулоса, Яҳова Ўзини бошқаларнинг ўрнига қўя олишга қодир ва бизга ҳам ушбу қобилиятни туҳфа этган (Заб. 102:13, 14).

ИСО ХУДОНИНГ СЕВГИСИНИ АКС ЭТТИРГАН

3. Исо раҳмдил бўлганини қаердан биламиз?

3 Исо ҳатто ўзи ҳеч қачон дуч келмаган вазиятлардаги одамларнинг дардини ҳис қила оларди. Мисол учун, аксарият одамлар, уларни алдаётган ва инсоний қонун-қоидаларини елкаларига юклаб қўйган дин раҳбарларидан қўрқишарди (Мат. 23:4; Марк 7:1–5; Юҳан. 7:13). Гарчи Исо улардан асло қўрқмаган ёки ёлғонига алданмаган бўлса-да, ўзи бошдан кечирмаган вазиятларни яхши тушунарди. Дарҳақиқат, «Исо оломонни кўриб уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар» (Мат. 9:36). Отаси сингари, Исо меҳрибон ва раҳмдил бўлган (Заб. 102:8).

4. Одамларнинг қийинчиликларига нисбатан Исо қандай муносабатда эди?

4 Исо қийналаётган кишиларни кўрганида, уларга севгини намоён қилишга интиларди. Шу йўсин у, Отасининг севгисини мукаммал равишда акс эттирарди. Бир куни узоқ давом этган ваъзгўйлик сафаридан сўнг, Исо ва ҳаворийлар бир оз дам олиш ниятида хилват жойга боришди. Лекин уни кутиб турган халойиққа раҳми келиб, Исо «уларга кўп нарсаларни ўргатиш» учун вақт ажратди (Марк 6:30, 31, 34).

ЯҲОВА ТАОЛО КАБИ СЕВИНГ

5, 6. Аллоҳнинг севгисидан ибрат олиш учун, яқинимизга нисбатан қандай йўл тутсак арзийди? Мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

5 Яқинимизга нисбатан тутган йўлимиз билан Аллоҳнинг севгисига тақлид қилишимиз мумкин. Мисол учун, ёш бир масиҳий, уни Алексей деб атайлик, кўзи яхши кўрмагани туфайли ўқишга ва уйма-уй хизмат қилишга қийналадиган кекса акамиз ҳақида ўйлаяпти. Алексей Исонинг қуйидаги сўзларини эслайди: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга шундай муомала қилинг» (Луқо 6:31). Сўнг ўзига: «Менга қандай муомала ёки нима қилишларини истайман?» — деб савол беради. Жавобан эса: «Мен билан баскетбол ўйнашларини хоҳлайман»,— дейди. Аммо қария биродаримиз баскетбол ўйнай олиши амримаҳол, шундай эмасми?! Исонинг юқоридаги сўзларига биноан ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Агар имондошимнинг вазиятида бўлганимда, у менга қандай муомала қилишини истардим?»

6 Алексей ҳали ёш, бироқ ўзи дучор бўлмаган вазиятни тасаввур қилиш қобилиятини ишга солади. У, қария акамизни кузатади ва уни диққат ила тинглайди. Натижада, Алексей кекса кишига Муқаддас Китобни ўқиш ёки уйма-уй хизмат қилиб юриш қанчалар оғир эканини тушунади. У, акамизга ҳамдард бўлиб, унга қандай ёрдам кераклигини кўради ва кўмаклашиш истаги пайдо бўлади. Биз ҳам шундай йўл тутсак арзийди. Аллоҳнинг севгисидан ибрат олиш учун, ўзимизни имондошимизнинг ўрнига қўйиб кўрсак яхши бўларди (1 Кор. 12:26).

Севгини намоён этиб, Яҳовага тақлид қилинг (7- хатбошига қ.)

7. Ўзгаларнинг дардини яхши тушуниш учун қандай йўл тутсак бўлади?

7 Ўзгаларнинг дардини тушуниш доим ҳам осон эмас. Кўпгина инсонлар, биз умримизда бошдан ўтказмаган қийинчиликларга рўбарў келишади. Баъзилар жароҳат, касаллик ёки қарилик дастидан жисмонан  азият чекишади. Айримлар, руҳий тушкунлик, қўрқиш ҳолатлари ёки зўравонлик оқибатлари туфайли ҳиссан эзилишади. Бошқалар эса имондошимиз бўлмаган оила аъзолари билан яшайди ёки кимдир болаларини ёлғиз катта қилади. Ҳамманинг ўзига яраша муаммолари бор ва улар ўзгачадир. Шундай экан, Тангрининг севгисига қандай тақлид қилишимиз мумкин? Масалан, кишининг ҳис-туйғуларини тушуниш учун, уни бутун эътиборимиз билан тингласак бўлади. Бу эса бизни, Яҳованинг севгисига эргашиб, эҳтиёжга яраша йўл тутишимизга ундайди. Ҳар бир кишининг эҳтиёжи турли бўлишига қарамай, маънан қўллаб-қувватлаш ва бирон амалий ёрдам бериш қўлимиздан келади (Римликларга 12:15; 1 Бутрус 3:8 ни ўқинг).

ЯҲОВА КАБИ МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

8. Исо меҳрибон бўлишига нима кўмаклашган?

8 Исо Тангри Таоло тўғрисида: «У ҳатто ношукур ва ёвуз бандаларига нисбатан ҳам меҳрибондир»,— деб айтган (Луқо 6:35). Исо Аллоҳнинг меҳрибонлигига тақлид қилган. Қизиқ, унга бундай йўл тутишга нима ёрдам берган? Исо, сўзларию ишлари бошқаларнинг туйғуларига қандай таъсир қилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда меҳрибонликни намоён этган. Мисол учун, гуноҳкор деб танилган аёл унинг ёнига келган ва оёқларини кўз ёшлари билан ҳўллаб, ювган. Исо бу аёл тавба қилаётганини англаган ва қўполлик билан ҳайдаб юборса, унинг кўнгли қанчалик чўкишини яхши билган. Шу боис у, аёлни мақтаган ва гуноҳларини кечирган. Фарзий юз бераётганлардан норози бўлганида, Исо унга ҳам меҳр ила гапирган (Луқо 7:36–48).

9. Худонинг меҳрибонлигига тақлид қилишимизга нима ёрдам беради? Мисол келтиринг.

9 Худонинг меҳрибонлигига қандай тақлид қилишимиз мумкин? Ҳаворий Павлус: «Раббимизнинг қули эса жанжалкаш бўлмасин. Аксинча, ҳамма билан мулойим... бўлсин»,— деб ёзган (2 Тим. 2:24). Мулойим киши, нозик масалаларда ҳам бировнинг туйғуларига шикаст етказмаслик учун эҳтиёткорлик билан муомала қилади. Қуйидаги вазиятларда қандай қилиб мулойимликни намоён эта олишимизни ўйлаб кўрайлик. Масалан, ишда бошлиғимиз ўз вазифасини яхши бажармаётган бўлса, бунга қандай муносабат билдирамиз? Ойлар мобайнида учрашувларга қатнамаётган биродар илк бор жамоатга келса, унга нима деймиз? Хизматда, уй эгаси: «Ҳозир гаплашишга вақтим йўқ»,— деса, мулойимликни намоён этамизми? Турмуш ўртоғимиз: «Дам олиш кунларига режалар тузиб, нега мени хабардор қилмадингиз?» — деб сўраса, меҳр ила жавоб берамизми? Ўзимизни бошқаларнинг ўрнига қўйиб, сўзларимиз уларга қандай таъсир қилишини олдиндан кўришга интилсак бўлади. Шунда, гапларимиз ва ишларимизда Яҳованинг меҳрибонлигига қай йўсин тақлид қилиш мумкинлигини билиб оламиз (Ҳикматлар 15:28 ни ўқинг).

ЯҲОВА КАБИ ДОНО БЎЛИНГ

10, 11. Аллоҳнинг донолигига тақлид қилишимизга нима ёрдам беради? Мисол келтиринг.

10 Бошимиздан кечирмаган вазиятларни тушуниш қобилияти, Яҳованинг донолигига тақлид қилишимизга ва хатти-ҳаракатларимизнинг оқибатини тахминан кўра олишимизга кўмаклашади. Донолик — Яҳованинг асосий фазилатларидан биридир. Агар У нимадир қилмоқчи бўлса, муайян ҳаракатларнинг оқибатини икир-чикиригача кўра олади. Биз Яҳова сингари келажакни кўра олмаймиз, аммо қилмоқчи бўлган ишимизнинг оқибати нималарга олиб келиши ҳақида мулоҳаза юритсак яхши бўларди. Исроил халқи, Худога итоатсизлик қилишнинг натижаси қандай бўлишини ўйлаб кўрмаган. Аллоҳ улар учун қанча яхшиликлар  қилганига қарамай, Исроил халқи Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилишини Мусо билган. Бутун Исроил жамоасига эшиттириб, у қуйидаги сўзларни ўз ичига олган қўшиқни айтган: «Исроил ақлини йўқотган, идроксиз халқдир. Агар уларда ақл бўлса эди, тушунарди, оқибати нима бўлишини биларди» (Қонун. 31:29, 30; 32:28, 29).

11 Худонинг донолигига тақлид қилиб, ҳаракатларимизнинг оқибатларини ўйласак ёки тасаввур қилсак мақсадга мувофиқ бўларди. Мабодо ким биландир учрашаётган бўлсак, жинсий мойиллик кучли бўлиши мумкинлигини англашимиз лозим. Яҳова билан бўлган яқин муносабатларимизга путур етказадиган ҳар қандай ишни режалаштиришдан ёки қилишдан қочайлик! Шунингдек, илоҳий илҳом ила ёзилган ушбу сўзларга мувофиқ йўл тутайлик: «Эс-ҳушли хавф-хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади» (Ҳик. 22:3).

ЗАРАРЛИ ФИКРЛАРДАН ҚОЧИНГ

12. Нима ҳақида фикр юритиш бизга зиён етказиши мумкин?

12 Эс-ҳушли киши фикр юритиш олов сингари бўлиши мумкинлигини тушунади. Агар оловдан тўғри фойдалансак, у овқат тайёрлашда асқатади. Аммо оловни назоратсиз қолдириш жуда хавфли, чунки ёнғин чиқиб, уйни кулга айлантириши ва ичидаги одамларни нобуд қилиши табиий ҳол. Шунга ўхшаб, фикр юритиш қобилиятини Яҳовага эргашиш учун қўлласак, у бизга фойда келтиради. Аммо ахлоқсиз истаклар ҳақида гап кетганда, бу қобилиятни қўллаш хавфли бўлиши мумкин. Масалан, гуноҳли ишлар ҳақида ўйлашга одатланиб қолсак, охир-оқибат уларни қилиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Ахлоқсиз ўй-хаёлларга берилиш маънавийлигимизга зиён етказиши мумкин (Ёқуб 1:14, 15 ни ўқинг).

13. Момоҳаво ҳаёти қандай бўлишини тасаввур қилган?

13 Илк аёл бўлмиш Момоҳавонинг мисолини олайлик. Унга «яхшилик ва ёмонликни билиш дарахти мевасидан» ейиш ман этилган бўлса-да, бу амрни бузиш истаги қандай ривожланганини кўриб чиқайлик (Ибт. 2:16, 17). «Илон хотинга: “Йўқ, ўлмайсизлар”,— деди. “Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есаларингиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога ўхшаб қоласизлар”. Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан». Оқибатда нима бўлди? «У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди» (Ибт. 3:1–6). Шайтон берган фикр Момоҳавони қизиқтириб қўйган. Нима яхши ва нима ёмон эканини кимдир унга уқтирганидан кўра, ўзи ҳал қилса, ҳаёти қанчалар  яхшироқ бўлишини тасаввур қилган. Бундай фикрлар нақадар хавфли эди-я?! Унинг гуноҳкор эри, Одамато «дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим» (Рим. 5:12).

14. Қай йўсин Муқаддас Китоб ахлоқсизликдан қочишимизга кўмаклашяпти?

14 Тўғри, Момоҳавонинг Адан боғида қилган гуноҳи жинсий ахлоқсизликни ўз ичига олмаган. Шундай бўлса-да, Исо ахлоқсиз қилмишларни хаёлга келтиришдан огоҳлантирган. У қуйидагини айтган: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади» (Мат. 5:28). Устига-устак Павлус ҳам: «Асло тана истакларингизни қандай қондиришни ўйламанглар»,— дея таъкидлаган (Рим. 13:14).

15. Қандай хазинани тўплашимиз керак ва нега?

15 Хаёлга берилишнинг яна бир хавфли томони, Худога эътиборсиз бўлиб, жуда ҳам бойиб кетганимизни тасаввур қилишдир. Бой одамнинг давлати «унинг назарида шаҳарнинг баланд девори» кабидир (Ҳик. 18:11). Исо, «ўзи учун мол-мулк тўплаб, Худо назарида бойимаган одамнинг» аҳволи қанчалик аянчли эканини тасвирлайдиган масал келтирган (Луқо 12:16–21). Яҳовага маъқул ишларни қилсак, У жуда қувонади (Ҳик. 27:11). «Хазинани осмонда» тўплаганимиз боис, Яҳованинг марҳаматига сазовор бўлаётганимиздан бахтиёрмиз! (Мат. 6:20). Шаксиз, Яҳова билан бўлган дўстона муносабатимиз, энг қимматбаҳо хазинадир.

ХАВОТИРЛИ ФИКРЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИНГ

16. Ҳаддан ташқари ташвишланмасликка нима ёрдам беради?

16 «Ер юзида хазина» тўплашга ҳаддан ташқари берилиб кетсак, бу бизга қанчалик ташвиш келтиришини бир ўйлаб кўринг (Мат. 6:19). Исо, «замонанинг ташвишлари ва алдамчи бойлик» Шоҳлик хабарини бўғиб қўйишини кўрсатувчи масал келтирган (Мат. 13:18, 19, 22). Пул ҳақида ташвишланадими ёки йўқми, баъзилар юз бериш эҳтимоли бўлган ёмон нарсалар ҳақида тинимсиз ўйлашади. Ҳадеб хавотирланиш, жисмоний ва маънавий ҳолатимизга зиён етказиши мумкин. Шундай экан, келинг, Яҳовага таяниб, қуйидаги сўзларни ёдда тутайлик: «Юракдаги қайғу-алам одамни эзади, ширин сўз эса юракни шод этади» (Ҳик. 12:25). Бизни тушунадиган одамнинг далдали сўзлари қалбимизни қувончга тўлдиради. Нарсаларга Худонинг нуқтаи назари билан қарайдиган ота-онамиз, умр йўлдошимиз ёки яқин дўстимиз билан дилдан суҳбатлашиш ташвишларимизни енгишга ёрдам беради.

17. Ташвишларимизни енгишга Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти?

17 Ҳеч ким ташвишларимизни Яҳовадан яхшироқ тушунмайди. Павлус шундай деган: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни Исо Масиҳ орқали ҳимоя қилади» (Филип. 4:6, 7). Бизни маънавий зарардан ҳимоя қилишга жон куйдираётган имондошларимиз, оқсоқоллар, ишончли хизматкор, фаришталар, Исо ҳамда Яҳованинг Ўзи ҳақида ўйлаб кўринг.

18. Фикр юритиш қобилияти бизга қандай ёрдам беради?

18 Кўриб чиққанимиздай, фикр юритиш қобилияти Яҳованинг севги каби фазилатига тақлид қилишга ёрдам беради (1 Тим. 1:11; 1 Юҳан. 4:8). Самимий севгини намоён этсак, хатти-ҳаракатларимизнинг оқибатини олдиндан кўришга интилсак ва қувончимизни ўғирлайдиган хавотирлардан қочсак бахтиёр бўламиз. Келинг, бундан буён ҳам Аллоҳ инъом этган қобилиятни келажакка бўлган умидимизни тасаввур қилиш учун қўллаб, Яҳованинг севгиси, меҳрибонлиги, донолиги ҳамда бахтиёрлигига тақлид қилайлик (Рим. 12:12).