Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Апрель 2015

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам» ато этилган баракалар

«Қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам» ато этилган баракалар

МЕН, 1930 йил март ойида, ҳозир Малави деб аталадиган мамлакатнинг Лилонгве шаҳри ёнидаги Намкумба қишлоғида, Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётган оилада дунёга келганман. 1942 йили эса, ҳаётимни Худога бағишлаб, бунинг рамзи сифатида чиройли дарёларимизнинг бирида сувга чўмганман. Кейинги 70 йилдан кўпроқ вақт мобайнида, мен ҳам ҳаворий Павлус Тимўтийни ундаган ушбу сўзларга амал қилганман: «Қулай пайтда ҳам, ноқулай пайтда ҳам каломни ваъз эт. Буни зудлик билан бажар» (2 Тим. 4:2).

Нейтан Норр ва Милтон Ҳеншель биродарларимиз 1948 йилнинг бошларида Малавига илк бор ташриф буюришганида, қалбимда Яҳовага тўла вақт хизмат қилиш истаги аланга олган. Яҳова Шоҳидларининг Бруклиндаги (Нью-Йорк) Бош идораси вакиллари бўлмиш бу акаларимизнинг севги ила айтган далдали сўзлари ҳали ҳам ёдимда. Лой далада, деярли 6 000 тингловчи ичида биродаримиз Норр «Барча халқлар учун абадий ҳукмдор» номли дадиллик бахш этувчи нутқ сўзлаган.

Кейинчалик, Лидази исмли хушрўй бир синглимиз билан танишиб қолдим. У ҳам Яҳованинг Шоҳидлари оиласида катта бўлган ва мен сингари тўла вақтли хизмат қилиш мақсади борлигини билиб олдим. 1950 йили биз турмуш қурдик ва 1953 йилга келиб иккита фарзандли бўлдик. Уларни катта қилиш масъулиятига эга бўлсак-да, доимий кашшоф бўлишимга қарор қилдик. Икки йил ўтгач, мен махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишга таклиф этилдим.

Бундан сўнг, туман нозири сифатида жамоатларга ташриф буюриш масъулиятига эга бўлдим. Лидази қўллаб-қувватлагани туфайли, ушбу ишимни оиламизга ҳам моддий, ҳам маънан ғамхўрлик қилиб, давом эттира олганман *. Бироқ иккимиз ҳам тўла вақтли хизматда қатнашишимиз азалий истагимиз эди. Ҳаммасини яхшилаб режалаштириш ва бешта боламизнинг ҳамкорлиги туфайли, Лидази ҳам 1960 йили тўла вақтли хизматни бошлади.

Анжуманлар, бўлажак синовлар учун бизни мустаҳкамлаган

Ўша қулай пайтда турли жамоатлардаги имондошларимизга хизмат қилишдан хурсанд эдик. Хизматимиз туфайли, мамлакатнинг деярли бутун шарқ томони бўйлаб чўзилган Муланже тоғларининг чиройли қияликларидан то жанубидаги тинчгина Малави кўлининг соҳилларигача борганмиз. Биз хизмат қилган ҳудудларда ваъзгўйлар ва жамоатлар сони кўпайганининг шоҳиди бўлганмиз.

1962 йилда, «Жасур хизматчилар» номли вилоят анжуманидан завқ олганмиз. Ҳозир ортга қараб шуни айтиш мумкинки, ўша маънавий тадбир Малавида  яшовчи барчамизни келажакдаги мудҳиш дамларни бошдан кечиришга тайёрлаган. Кейинги йил эса, Ҳеншель акамиз Малавига яна бир бор келган ва Блантайр шаҳри ташқарисида бўлиб ўтган махсус анжуманга тахминан 10 000 киши ташриф буюрган. Ушбу ҳаяжонли анжуман, келаётган қийинчиликларни қарши олишимизга куч бағишлаган кўмак эди.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАР ГИРДОБИ

Биродарларимиз сиёсатга аралашмагани боис, уйлари ёқиб юборилган

1964 йили Яҳованинг Шоҳидлари даҳшатли таъқибларга дуч келишди, чунки улар сиёсатга аралашишдан бош тортишган. 100 дан ошиқ Йиғилиш Заллари ва имондошларимизнинг 1 000 дан зиёд уйлари қувғинлар дастидан яксон этилган. Шундай бўлса-да, 1967 йили Малави ҳукумати фаолиятимизни тақиқламагунига қадар, кўчма нозирлик ишини давом эттирганмиз. Блантайрдаги филиал мол-мулки мусодара қилинган, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар мамлакатдан ҳайдаб чиқарилган ва маҳаллий ваъзгўйлар, жумладан мен ва Лидази қамалганмиз. Озод этилгач, биз эҳтиёткорлик ила кўчма нозирлик фаолиятимизни давом эттирганмиз.

1972 йил октябрь ойида, «Малави ёшлар лигаси» деб номланган жанговар сиёсий ҳаракатнинг қарийб юзта аъзоси уйимизга бостириб келаётган эди. Улардан бири бизникига югуриб келди-да, бизни ўлдирмоқчи эканларини ва яширинишимиз кераклигини айтди. Хотиним ва болаларимга яқин орадаги банан дарахтлари орасига беркинишларини айтдим. Ўзим эса, катта манго дарахтига чиқиб олдим. У ердан, уйимиз ва бор нарсамиз тор-мор қилинаётганини кузатиб турардим.

Ҳукумат фаолиятимизни тақиқлаб, филиал мол-мулкини мусодара қилган

Малавида қувғинлар жадаллашгани сайин, минглаб имондошларимиз мамлакатни тарк этишган. Оиламиз билан 1974 йил июнь ойигача Мозамбик ғарбидаги қочоқлар лагерида бўлганмиз. Ўшанда, Лидази билан мендан Малави чегараси яқинидаги Домуэ шаҳарчасида (Мозамбик) махсус кашшофлар бўлиб хизмат қилишимизни сўрашган. 1975 йили Мозамбик Португалиядан мустақил бўлиб чиққанига қадар, у ерда хизмат қилганмиз. Кейин эса, бошқа ваъзгўйлар билан бирга Малавига ва биз қочиб кетган таъқибчилар ёнига қайтишга мажбур бўлдик.

Малавига қайтгач, бизга пойтахт шаҳар Лилонгведаги жамоатларга ташриф буюриш вазифаси топширилган. Таъқиб ва барча қийинчиликларга қарамай, биз хизмат қилиш шарафига эга бўлган ҳудудда жамоатлар сони кўпайган.

ЯҲОВАНИНГ МЕҲР ИЛА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИ

Бир куни, сиёсий мажлис бўлаётган бир қишлоққа бориб қолганмиз. У ердагилардан баъзилари биз Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни билиб қолишган ва «Малави ёш пионерлари» номли ёшлар сиёсий ҳаракати аъзолари орасида ўтиришга бизни мажбурлашган. Ўшанда, Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиб, бу жиддий вазиятда ёрдам ва йўл-йўриқ беришини сўраганмиз. Мажлис тугагач, улар бизни ура бошлашган. Бир кекса аёл эса югуриб келиб: «Илтимос! Уларни қўйиб юборинглар. Бу, акамнинг ўғли. Кетишига рухсат  беринглар!» — деб ёлворган. Мажлис бошлиқларидан бири: «Уларни қўйиб юборинглар!» — деган. Бу аёлнинг хаёлида нима бўлганини билмаймиз, у қариндошимиз эмаслиги аниқ. Бироқ Яҳова ибодатларимизни эшитганини ҳис қилганмиз.

Сиёсий партия билети

1981 йили, ўша ҳаракат аъзоларини тағин учратганмиз. Улар велосипед, буюм, коробкалардаги китоб ва ҳудудимиздаги биродарларга оид ҳужжатларни тортиб олишган. Ўзимиз эса битта оқсоқолнинг уйига қочиб кетганмиз. Бу вазиятда ҳам ибодат қилганмиз. Биздан олиб қўйилган ҳужжатлардаги маълумот борасида хавотирланганмиз. Улар ҳужжатларни кўздан кечиришганда, бутун Малавидан биродарларимиз менга юборган хатларни кўришган. Улар бундан қўрқиб кетиб, мени давлат ходими деб ўйлашган. Шунинг учун, ҳужжатларни дарров маҳаллий оқсоқолларга қайтаришган.

Бошқа сафар, қайиқда дарёдан сузиб ўтмоқчи бўлганмиз. Қайиқнинг эгаси ўша ҳудуднинг сиёсий раҳбари эди. Шу боис, у ҳамма йўловчиларнинг сиёсий партия билетини текширмоқчи бўлган. Навбатимиз яқинлашиб қолганида, у қидирувда бўлган ўғрини аниқлаган. Барча йўловчилар қий-чув қилиб юборгани учун, қайиқ эгаси текширувни тўхтатган эди. Ўшанда, яна бир бор Яҳованинг меҳр ила қўллаб-қувватлашини ўзимизда ҳис қилганмиз.

ҲИБСГА ОЛИНИШИМ ВА ҚАМОҚДА ЎТИРГАНИМ

1984 йил февраль ойида, Замбиядаги филиалга ваъзгўйлик ҳисоботларини юбориш ниятида Лилонгвега қараб йўл олганман. Полициячи мени тўхтатиб, сумкамни тинтиб чиққан. Муқаддас Китобга асосланган айрим адабиётларни топгани учун, полиция маҳкамасига олиб бориб, мени урган. Кейин, мени арқон билан боғлаган ва ўғирланган буюмлар билан қўлга тушган маҳбуслар ўтирган хонага ташлаган.

Эртасига, полиция бошлиғи мени чақиртириб, қуйидагилар ёзилган қоғозга қўл қўйишимни талаб қилган: «Мен, Трофим Нсомба озод бўлишим учун Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан воз кечаман». Мен жавобан: «Биласизми, мен нафақат қамалишга, балки ўлишга ҳам тайёрман. Барибир Яҳованинг Шоҳиди бўлиб қоламан»,— деб, имзо чекишдан бош тортганман. Полиция бошлиғи ғазабга миниб, мушти билан столга шунчалик қаттиқ урганки, ҳатто қўшни хонадаги полициячи нима юз берганини кўриш учун чопиб келган. Бошлиқ эса шундай деган: «Бу, ваъз қилишни тўхтатиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйишни рад этяпти. Яҳованинг Шоҳидиман деб имзо чексин. Уни Лилонгвега жўнатамиз». Бу вақт ичида, рафиқам мен билан нима бўлган экан деб хавотирланган. Тўрт кун ўтгач, баъзи акаларимиз қаердалигимни унга айтишган.

Лилонгведаги полиция маҳкамасида менга яхши муносабат кўрсатишган. Полиция бошлиғи: «Мана бу гуруч сизга, чунки сиз бу ерга Худонинг Каломи туфайли тушгансиз. Қолганларнинг бари ўғри»,— деб айтган. Сўнг, Качер қамоқхонасига юборган. У ерда мен беш ой ўтирганман.

Қамоқхона назоратчиси мени кўриб қувонган эди, негаки қамоқда «руҳоний» бўлишимни хоҳлаган.  Олдинги руҳонийни бу ишдан четлатиб, унга шундай деган экан: «Маҳбусларни Худонинг Каломига ўргатишингизни бошқа истамайман, чунки черковингизда ўғрилик қилгансиз». Шундай қилиб, ҳар ҳафта маҳбуслар учун ўтказиладиган учрашувларда Муқаддас Китоб асосида таълим беришга тайинланганман.

Кейин эса, ҳаммаси ёмон томонга ўзгарган. Қамоқхона ходимлари, Малавида қанча Яҳованинг Шоҳидлари борлигини аниқлаш учун мени сўроққа тутишган. Истаган маълумотни айтмаганимда эса, ҳушимдан кетгунимча дўппослашган. Бошқа сафар, Бош идорамиз қаерда жойлашганини билмоқчи бўлишган. Мен: «Жавоби оддий, сизларга айтаман»,— деганман. Полициячи хурсанд бўлиб, диктофонни ёққан. Яҳова Шоҳидларининг Бош идораси қаердалиги Муқаддас Китобда ёзилганини айтганман. Улар қойил қолиб: «Қаерида?» — деб сўрашган.

Мен: «Ишаё 43:12 да»,— деганман. Улар ўша жойни очиб, диққат билан қуйидагиларни ўқишган: «Эгамизнинг каломи шудир: “Мен Худоман, сизлар Менинг шоҳидимсиз”». Буни улар уч маротаба ўқишган. Кейин: «Яҳова Шоҳидларининг Бош идораси қандай қилиб Америкада эмас, Муқаддас Китобнинг бу ерида бўлиши мумкин?» — деб сўрашган. Жавоб бериб, шундай деганман: «Америкадаги Яҳованинг Шоҳидлари ҳам, буни Бош идора қаердалигини кўрсатувчи оят деб билишади». Улар эшитмоқчи бўлганларини айтмаганимдан сўнг, мени Лилонгве шимолида жойлашган Дзалека қамоқхонасига кўчиришган.

ҚИЙИН ДАМЛАРДАГИ ҚУТ-БАРАКАЛАР

1984 йил июлда мени Дзалека қамоқхонасидаги 81 та Яҳованинг Шоҳидига қўшиб қўйишган. У ерда жами бўлиб, 300 та маҳбусни бирга тўплашарди ва ҳаммамиз полда елкама-елка зич ёпишиб ухлардик. Биз Шоҳидлар кичик гуруҳларга бўлиниб, орамиздан кимдир таклиф этган бир оятни ҳар куни муҳокама қилардик. Бу, бизга жуда ҳам катта далда бағишларди.

Қамоқхона назоратчиси бизни бошқа маҳбуслардан бўлак қилиб қўйган. Битта қўриқчи бизга яширинча шундай деган: «Ҳукумат сизлардан нафратланмайди. Биз сизларни бу ерда иккита сабабга кўра ушлаб турибмиз. Биринчидан, улар ёш пионерлар ҳаракати аъзолари сизларни ўлдириб қўйишларидан қўрқишади. Иккинчидан, сизлар уруш ҳақида ваъз қиляпсизлар, ҳукумат аъзолари эса, аскарлари уруш пайтида тарқалиб кетишидан ҳайқишади».

Биродарларимизни суддан кейин олиб чиқишяпти

1984 йил октябрда барчамиз суд қилиндик. Ҳар биримизга икки йил муддат берилди. Олдингидай, бизни Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган одамлар билан бирга жойлаштиришди. Аммо қамоқхона назоратчиси ҳаммага қуйидагиларни эълон қилди: «Яҳованинг Шоҳидлари сигарет чекишмайди. Шунинг учун, қўриқчилар, улардан сигарет сўраманглар ва сигаретни ёндириб келишларини буюриб, уларни қийнаманглар. Улар Худонинг халқи! Яҳова Шоҳидларининг барига кунда икки маҳал овқат берилсин. Улар бу ерда, жиноят содир этишгани учун эмас, Муқаддас Китобга эътиқод қилишгани туфайли ўтиришибди».

 Бошқа пайтларда ҳам, орттирган яхши номимиз бизга фойда келтирган. Қоронғида ёки ёмғир ёққанда, маҳбуслар бирон жойга чиқиши ман этилган эди. Бизга эса, қаерда хоҳласак, ўша ерда юришимизга рухсат берилганди. Қўриқчилар, биз қочиб кетишга ҳаракат қилмаслигимизни билишарди. Бир сафар, далада ишлаётганимизни назорат қилаётган қўриқчининг мазаси қочиб қолди ва унга ғамхўрлик қилиб, даволаниши учун қамоқхона биносига олиб борганмиз. Қамоқхона ходимлари бизга ишониш мумкинлигини билишарди. Яхши хулқни намоён этганимиз учун, Яҳованинг исми қўриқчиларимиз оғзи билан улуғланаётганини кўришдай баракага эга бўлдик (1 Бутр. 2:12) *.

ҲОЗИР, ЯНА ҚУЛАЙ ПАЙТ

1985 йил май ойида Дзалека қамоқхонасидан озод этилдим. Оиламиз билан яна бирга бўлишдан беҳад хурсанд эдик! Ўша жуда қийин дамларда бенуқсонликни сақлашимизга кўмаклашгани учун Яҳовадан ниҳоятда миннатдормиз. Бу даврда ўзимизни, мана шуларни ёзган ҳаворий Павлусдай ҳис қилганмиз: «Биродарлар,.. бошимизга тушган қайғудан бехабар қолишингизни хоҳламаймиз. Биз... ҳатто тирик қолишга умидимизни йўқотган эдик. Чиндан ҳам, биз ўзимизни ўлимга маҳкум этилгандай ҳис этдик. Бу эса ўзимизга эмас, аксинча ўлганларни тирилтирадиган Аллоҳга таянишимиз учун содир бўлди. У бизни ўлим хавфидан қутқарди ва яна қутқаради. Бундан буён ҳам бизни қутқаришига умид қиламиз» (2 Кор. 1:8–10).

Биродаримиз Нсомба рафиқаси Лидази билан Йиғилиш Залининг олдида, 2004 йил

Ҳа, ўша пайтда тирик қолишни тасаввур қилиш ҳам амри маҳол эди. Лекин доим камтарин бўлиб қолишимизга ёрдам бериши учун, Яҳова бизга жасорат ва донолик ато этишини сўрардик. Шу йўсин, Унинг улуғ исмига шарафлар келтира олганмиз.

Яҳова, ҳам қулай, ҳам ноқулай пайтда Унга хизмат қилаётганимизда, бизга баракаларини ёғдирган. Ҳозир, Лилонгведа 2000 йилда битказилган филиални, жумладан бутун Малави бўйлаб қурилган 1 000 дан ошиқ янги Йиғилиш Залларини кўриш ғоят завқлантиради! Тангри Яҳованинг бу баракалари Лидази ва мени шу қадар ҳайратлантирадики, улар худди тушга ўхшайди! *

^ 7- х.б. Ҳозир, ёш болалари бор биродарлар туман нозири этиб тайинланмайди.

^ 30- х.б. Малавидаги қувғинлар ҳақида батафсил билиш учун, 1999 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 171–223- саҳ. қ.

^ 34- х.б. Ушбу мақола чоп этилишга тайёрланаётганида, Нсомба биродаримиз 83 ёшида ҳаётдан кўз юмди.