Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2015

Оқсоқоллар бошқаларни яроқли бўлишга қандай ўргатишади?

Оқсоқоллар бошқаларни яроқли бўлишга қандай ўргатишади?

Мендан эшитган нарсаларни... ишончли инсонларга ҳам етказ. 2 ТИМ. 2:2

1. а) Худонинг хизматчилари ўргатиш борасида нимани доим тушунишган ва бу, ҳозирги кунга қандай тегишли? б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

ХУДОНИНГ хизматчилари, таълим муваффақият гарови эканини доим тушунишган. Бобокалонимиз Ибром Лутни қутқариш учун «ҳамма қуролли одамларни», яъни жанг қилишга ўргатилган кишиларни тўплаган ва улар муваффақиятга эришишган (Ибт. 14:14–16). Шоҳ Довуднинг даврида ҳам, ўргатилган созандалар «Эгамизнинг ҳузурида юксак маҳорат билан мусиқа чалиб», Яҳовани шарафлашган (1 Сол. 25:7). Бугун биз, Шайтон ва унинг дунёсига қарши маънавий кураш олиб боряпмиз (Эфес. 6:11–13). Шунингдек, Яҳованинг исмини бошқаларга танитиб, Уни шарафлаш учун жон куйдиряпмиз (Иброн. 13:15, 16). Демак, Худонинг ўтмишдаги хизматчилари каби муваффақиятли бўлиш учун ўрганишга муҳтожмиз. Тангри Яҳова, жамоатдаги оқсоқолларга бошқаларни ўргатиш масъулиятини ишониб топширган (2 Тим. 2:2). Тажрибали оқсоқоллар, биродарларни Аллоҳнинг сурувига ғамхўрлик учун яроқли бўлишга ўргатаётиб қандай усулларни қўллашяпти?

 ШОГИРДНИ МАЪНАН МУСТАҲКАМЛАНГ

2. Таълим беришдан олдин оқсоқоллар нима қилишлари мумкин ва нега?

2 Оқсоқолларни боғбон билан солиштирса бўлади. Боғбон уруғ экишдан олдин ернинг унумдорлигини ошириш учун, уни ўғит билан бойитади. Худди шундай, тажрибасиз биродарга таълим беришдан олдин Муқаддас Китобдан у учун фойдали бўладиган фикрлар билан бўлишиш кераклигини пайқарсиз. Шунда, унинг қалби ўрганаётган нарсаларини қабул қилишга мойилроқ бўлади (1 Тим. 4:6).

3. а) Марк 12:29, 30 даги Исонинг сўзларини шогирд билан суҳбатлашаётганда қандай қўлласа бўлади? б) Оқсоқолнинг ибодати шогирдга қандай таъсир қилиши мумкин?

3 Ҳақиқат шогирднинг нуқтаи назарига ва ҳаракатларига қандай таъсир қилаётганини кўриш учун қуйидагича сўрашингиз мумкин: «Ўзингизни Яҳовага бағишлаганингиз ҳаётингизга қандай таъсир қиляпти?» Бундай савол, қандай қилиб Яҳовага бутун жонимиз билан хизмат қилишимиз мумкинлиги борасида мазмунли суҳбатга замин яратиши мумкин (Марк 12:29, 30 ни ўқинг). Балки бундай суҳбатнинг охирида, биродар ўрганишни давом этишига кўмаклашадиган муқаддас руҳни сўраб, Яҳовага ибодат қиларсиз. У самимий ибодатингизни эшитиб, қанчалар далда олишини бир тасаввур қилинг-а!

4. а) Шогирд маънан улғайишига ёрдам берадиган Муқаддас Китобда ёзилган воқеалардан мисол келтиринг. б) Бошқаларни ўргатаётганда оқсоқоллар қайси мақсадни кўзлашлари керак?

4 Ўргатишни бошлаганингизда, шогирд тайёр, ишончли ва камтарин бўлиши кераклигини тушуниши учун Муқаддас Китобдаги баъзи воқеаларни кўриб чиқсангиз яхши бўларди (3 Шоҳ. 19:19–21; Нахим. 7:2; 13:13; Ҳавор. 18:24–26). Ерга ўғит керак бўлганидай, шогирд учун ҳам бундай фазилатлар ўта муҳим. Бу, унинг маънан ўсишини тезлаштиради. Франциялик Жан-Клод исмли оқсоқол шундай дейди: «Таълим беришдан асосий мақсадим, шогирдга маънан етук бўлишига ёрдам беришдир. Шогирднинг кўзлари очилиб, Худонинг Каломидаги “ажойиботларни” кўриши учун биргаликда муайян оятларни ўқишга имкон излайман» (Заб. 118:18). Шогирдни мустаҳкамлашнинг яна қандай йўллари бор?

МАҚСАДЛАРНИ ТАКЛИФ ҚИЛИБ, САБАБЛАРИНИ КЕЛТИРИНГ

5. а) Шогирд билан маънавий мақсадлар ҳақида гаплашиш қанчалар муҳим? б) Нега оқсоқоллар биродарларни ёшлигидан ўргатишлари керак? (Изоҳга қ.)

5 Шогирддан: «Маънавий мақсадларингиз қанақа?» — деб сўранг. Агар аниқ мақсадлари бўлмаса, унга оқилона ва эришиб бўладиган мақсад қўйишига ёрдамлашинг. Шогирдга, қачонлардир муайян мақсадни қўйиб, унга эришганингизда қанчалик қувонганингизни завқ ила айтиб беринг. Бу усул оддий бўлиб кўринса-да, самаралидир. Африкада оқсоқол ва кашшоф бўлиб хизмат қилаётган Виктор қуйидагиларни эслади: «Ёшлигимда, оқсоқол бир нечта пухта танланган саволдан фойдаланиб, маънавий мақсадларим ҳақида сўраган. Ўша саволлар туфайли хизматим борасида жиддий ўйлай бошлаганман». Тажрибали оқсоқоллар, биродарларни ёшлигидан, эҳтимол ўсмирлигиданоқ ёшига мос келадиган вазифаларни топшириш орқали ўргатишни бошлаш муҳимлигига қўшилишади. Биродар ёшлигидан ўргатилса, у улғайиб, эътиборини чалғитадиган кўпгина нарсаларга дуч келганда ҳам кўзларини маънавий мақсадларга тика олади (Забур 70:5, 17 ни ўқинг) *.

Нега вазифани бажариш кераклигини тушунтиринг ва шогирдни амалга оширишда кўрсатган тиришқоқлиги учун мақтанг (5–8- хатбошиларига қ.)

6. Исонинг бошқаларни ўргатиш усули нимаси билан аҳамиятли эди?

 6 Шунингдек, нафақат нима қилишни, балки нега буни бажариш кераклигини тушунтириб, шогирдда хизмат қилиш истагини уйғота оласиз. Бундай йўл тутиб, Улуғ Устозимиз Исога тақлид қилган бўласиз. Масалан, ҳаворийларга шогирд орттириш вазифасини беришдан олдин, Исо улар нега буни қилишлари кераклигининг сабабини келтирган. У шундай деб таъкидлаган: «Аллоҳ менга еру осмондаги барча нарсани ишониб топширди». Кейин эса қуйидагиларни қўшиб қўйган: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар» (Мат. 28:18, 19). Исонинг таълим бериш усулига қандай тақлид қилишингиз мумкин?

7, 8. а) Оқсоқоллар Исонинг таълим бериш усулига қандай тақлид қилишлари мумкин? б) Шогирдни мақташ қанчалик муҳим? в) Бошқаларни ўргатишда оқсоқолларга қайси маслаҳатлар қўл келади? (« Бошқаларни қандай ўргатиш мумкин?» номли рамкага қ.)

7 Шогирдга Муқаддас Китоб асосида у қилиши керак бўлган ишнинг сабабини тушунтиринг. Шу йўсин, уни Муқаддас Китоб принциплари устида мулоҳаза юритишга ўргатасиз. Айтайлик, шогирддан Йиғилиш Залининг кираверишини тоза ва юришга хавфсиз сақлашини сўрадингиз. Сиз, Титусга 2:10 ни кўриб чиқишингиз ва унга қандай қилиб бу иш, «Қутқарувчимиз Худонинг таълимотини безашини» тушунтиришингиз мумкин. Шунингдек, шогирдни унинг бу иши жамоатдаги ёши улуғ кишиларга қандай фойда келтириши борасида ўйлашга унданг. Бу каби суҳбатлар, шогирдни ўрнатилган тартибдан кўра одамлар ҳақида кўпроқ ўйлашга чорлайди. У, биродару опа-сингиллар унинг қилаётган ишидан фойда олишаётганини кўриб, қувончга тўлади.

8 Бундан ташқари, шогирдни маслаҳатларингизни қўллашга ҳаракат қилаётгани учун мақтанг. Бундай йўл тутиш қанчалар муҳим? Шогирд учун самимий мақтов, ўсимлик учун сувдай гап. Бу, унинг равнақ топишига ёрдам беради (Матто 3:17 ни солиштиринг).

БОШҚА ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

9. а) Бой давлатлардаги баъзи оқсоқоллар ўргатиш борасида қандай қийинчиликка дуч келяпти? б) Нега Худога хизмат қилиш айрим ёшларнинг ҳаётида биринчи ўринда эмас?

9 Бой мамлакатларда оқсоқоллар бошқа бир қийинчиликка дуч келишлари мумкин. Бу ҳам бўлса, қандай қилиб 20 ёки 30 ёшли биродарларни жамоат ишларида қатнашишга ундашдир. Тахминан 20 та Ғарб мамлакатларидаги тажрибали оқсоқоллардан, нега баъзи ёш биродарлар жамоатдаги масъулиятларни олишдан қочишлари борасида фикрларини сўрадик. Жавоблардан бири шундай эди: Ёш биродарлар улғаяётганда, уларни ҳеч  ким маънавий мақсадлар қўйишга ундамаган. Баъзи ҳолларда ёшлар бундай мақсадлар қўйишни истаган тақдирда ҳам, ота-оналари уларни дунёвий мақсадлар сари интилишга чорлашган! Бу каби ёшларнинг ҳаётида Худога хизмат қилиш ҳеч қачон биринчи ўринда бўлмаган (Мат. 10:24).

10, 11. а) Қандай қилиб оқсоқоллар биродарга фикрлаш тарзини ўзгартиришга аста-секин ёрдам беришлари мумкин? б) Оқсоқол шогирд билан Муқаддас Китобдаги қайси фикрларни муҳокама қилиши мумкин ва нега? (Изоҳга қ.)

10 Агар биродар масъулиятли вазифаларни олишга бефарқ кўринса, нуқтаи назарини ўзгартиришга кўп ҳаракат ва сабр-тоқат талаб қилинади, лекин бунинг иложи бор. Баъзи ўсимликларнинг пояси тўғри ўсиши учун боғбон уни секин-аста йўналтиради. Худди шундай, сиз ҳам айрим биродарларга масъулиятли вазифаларга бўлган нуқтаи назарини ўзгартириши кераклигини кўришига аста-секин ёрдам бера оласиз. Хўш, буни қандай амалга ошириш мумкин?

11 Биродар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш учун вақт ажратинг. У жамоат учун муҳимлигини билдиринг. Вақт ўтгани сайин, у билан Муқаддас Китобдаги муайян оятларни муҳокама қилинг ва ўзини Яҳовага бағишлагани ҳақида фикр юритишига ёрдам беринг (Воиз 5:3; Ишаё 6:8; Мат. 6:24, 33; Луқо 9:57–62; 1 Кор. 15:58; 2 Кор. 5:15; 13:5). Ундан: «Яҳовага ўзингизни бағишлаганингизда, Унга қандай ваъда бергансиз?» — деб сўрасангиз бўлади. Биродарни ҳаракатга ундаш учун шундай деб сўранг: «Сизнингча, ўзингизни Яҳовага бағишлаганингизда, У нималарни ҳис қилган?» (Ҳик. 27:11) «Шайтон-чи?» (1 Бутр. 5:8) Пухта танланган Муқаддас Китоб оятлари биродарга қаттиқ таъсир қилишини унутманг (Ибронийларга 4:12 ни ўқинг) *.

ШОГИРДЛАР, САДОҚАТНИ НАМОЁН ЭТИНГ

12, 13. а) Элишай шогирд сифатида қандай нуқтаи назарни кўрсатган? б) Яҳова Элишайнинг садоқатини қай йўсин мукофотлаган?

12 Азиз ёш биродарлар, жамоат сизнинг ёрдамингизга муҳтож! Ишингиз ўнгидан келишида сизга қандай нуқтаи назар ёрдам беради? Бу саволга жавоб топиш учун келинг, ўтмишда яшаган бир шогирднинг ҳаётидаги айрим воқеаларни кўриб чиқайлик.

13 Тахминан 3 000 йил олдин, Илёс пайғамбар ёш Элишайга унинг ёрдамчиси бўлишни таклиф қилган эди. Элишай дарҳол рози бўлган ва майда-чуйда ишларни бажариб, бу ёши улуғ кишига садоқат ила хизмат қилган (4 Шоҳ. 3:11). Деярли олти йил таълим олгач, Элишай Илёснинг Исроилдаги хизмати якунига етганини билган. Шунда, Илёс шогирдига унинг изидан юрмаслигини айтган, лекин Элишай уч марта: «Сиздан ҳечам айрилмайман»,— деб жавоб берган. У устози билан иложи борича кўпроқ бирга бўлишга қарор қилган. Яҳова, Илёснинг қуюн ичида осмонга кўтарилишини кўришига ижозат бериб, Элишайнинг садоқатини муносиб тарзда мукофотлаган (4 Шоҳ. 2:1–12).

14. а) Қандай қилиб шогирдлар Элишайнинг ўрнагига тақлид қилишлари мумкин? б) Садоқатли бўлиш нега шогирд учун шунчалар муҳим?

14 Қандай қилиб Элишайнинг ўрнагига тақлид қилишингиз мумкин? Майда-чуйда топшириқларни ҳам дарҳол қабул қилинг. Устозингизга дўст сифатида қаранг ва фойдангизни кўзлаб қилаётган ҳаракатлари учун ундан миннатдор эканингизни кўрсатинг. Бундай йўл тутиб: «Сиздан ҳечам айрилмайман»,— дегандай бўласиз. Энг асосийси, сизга берилган ҳар қандай топшириққа садоқат ила ёндашинг. Бу нима учун шунчалик муҳим? Сабаби, садоқатни намоён этиб, ишончли эканингизни кўрсатганингиздан  кейингина, Яҳова сизга жамоатда кўпроқ масъулиятли вазифалар ишониб топширилишини истаётганига оқсоқоллар амин бўлишади (Заб. 100:6; 2 Тимўтийга 2:2 ни ўқинг).

ОҚСОҚОЛЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

15, 16. а) Қай йўсин Элишай устозига ҳурмат кўрсатган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нега бошқа пайғамбарлар Элишайга ишонишган?

15 Элишайнинг мисоли, биродарлар тажрибали оқсоқолларга қандай қилиб ҳурматни намоён этишлари мумкинлигини кўрсатяпти. Ерихода бир гуруҳ пайғамбарлар билан кўришгандан кейин, Илёс ва Элишай Иордан дарёсига қараб йўл олишди. Ўша ерда «Илёс чакмонини олди-да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди». Дарёнинг қуруқ еридан ўтиб олгач, «улар йўлда суҳбатлашиб кетишди». Шуниси аниқки, Элишай энди ҳамма нарсани биламан, деб ўйламаган. Илёс кетадиган вақт келмагунча, Элишай унинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглаб, юрагига жо қилган. Кейин, Илёс қуюн ичида осмонга кўтарилган. Сўнг Элишай Иордан дарёси қирғоғига қайтиб келиб, Илёснинг чакмонини сувга урди-да: «Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?» — деди. Шунда, дарё суви яна иккига бўлинган (4 Шоҳ. 2:8–14).

16 Элишайнинг биринчи мўъжизаси, Илёс кўрсатган охирги мўъжизанинг аниқ нусхаси эканига эътибор бердингизми? Бу нимаси билан қизиқ? Шубҳасизки, Элишай ўзини ҳокимиятга эга бўлгандай ҳис қилиб, ўзгаришлар киритиш керак, деб ҳисобламаган. Аксинча, Элишай хизматида худди Илёс каби йўл тутиб, устозига ҳурмат намоён этган. Бу эса бошқа пайғамбарларга, унга ишониш мумкинлигини кўрсатган (4 Шоҳ. 2:15). Пайғамбар 60 йиллик хизмати давомида Яҳованинг ёрдами билан Илёс қилгандан ҳам кўпроқ мўъжизалар яратган. Сиз шогирдлар, бундан нимани ўрганишингиз мумкин?

17. а) Шогирдлар Элишайнинг нуқтаи назарига қандай тақлид қилишса бўлади? б) Вақти келиб, Яҳова шогирдлардан қандай фойдаланиши мумкин?

17 Жамоатда айрим масъулиятли вазифаларга эга бўлибоқ ўзгаришлар киритишга, яъни бу ишларни олдин қилинганидан бутунлай бошқача бажаришга ҳаракат қилманг. Ўзгаришлар киритишга келсак, улар сиз хоҳлаганингиз учун эмас, балки жамоатнинг эҳтиёжи ва Яҳованинг ташкилоти орқали берилаётган йўл-йўриқлар бўйича киритилади. Элишай хатти-ҳаракатлари билан бошқа пайғамбарларнинг ишончини қозонган ва Илёснинг усулларини қўллаб, устозига ҳурмат кўрсатган. Шу сингари, сиз ҳам тажрибали оқсоқолларнинг Муқаддас Китобга асосланган усулларини қўллаб, уларга ҳурмат намоён этишингиз ва имондошларнинг ишончига сазовор бўлишингиз мумкин (1 Коринфликларга 4:17 ни ўқинг). Тажрибангиз ортгани сайин, жамоат Яҳованинг илғор ташкилоти билан ҳамқадам бўлишига кўмаклашадиган ўзгаришларни кирита оласиз. Элишайда бўлгани каби, вақти келиб сиз садоқатли шогирдларга ҳам, Яҳова устозларингиздан кўра кўпроқ улуғ ишлар қилишингизга кўмаклашиши ҳеч гап эмас (Юҳан. 14:12).

18. Нега жамоатдаги биродарларни ўргатиш ҳозир айниқса муҳим?

18 Бу ва олдинги мақоладаги маслаҳатлар, янада кўп оқсоқолларни бошқа биродарларни ўргатиш учун вақт ажратишга ундайди, деган умиддамиз. Илойим, муносиб биродарлар ҳам ушбу таълимни иштиёқ билан қабул қилиб, уни Яҳованинг сурувига ғамхўрлик қилиш учун донолик ила қўллашсин. Бундай йўл тутиш, барча жамоатларни мустаҳкамлайди ва ҳар биримизга келажакдаги улкан воқеалар пайтида садоқатли бўлиб қолишимизга ёрдам беради.

^ 5- х.б. Агар ёш биродар маънан етук, камтарин ҳамда Муқаддас Китоб талабларига мос экани кўринса, у 20 ёшга тўлмаган бўлса ҳам, оқсоқоллар уни жамоат хизматкори қилиб тайинлашга тавсия этишлари мумкин (1 Тим. 3:8–10, 12; «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1990 йил 1 февраль сонидаги 23- саҳ. қ.)

^ 11- х.б. Муҳокама пайтида «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 апрель сонидаги 14–16- саҳ. 8–13- х.б. ва «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобининг 16- боби 1–3- х.б. келтирилган маълумотни қўллашингиз мумкин.