Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2015

Талантлар ҳақидаги масалдан сабоқ олинг

Талантлар ҳақидаги масалдан сабоқ олинг

Бу одам... бирига беш, бошқасига икки, учинчисига бир талант берибди. МАТ. 25:15

1, 2. Нега Исо талантлар ҳақидаги масални айтиб берган?

ТАЛАНТЛАР ҳақидаги масалда, Исо мойланган масиҳийларнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини яққол ошкор этган. Ушбу масалнинг маъносини англаб етишимиз лозим. Сабаби у, самода ёхуд ер юзида яшаш мукофотига эга бўлишга умид қилаётган Худонинг барча хизматчиларига тааллуқли.

2 Талантлар тўғрисидаги масални Исо, шогирдлари ундан: «Ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» — деб сўрашганида, жавоб сифатида келтирган (Мат. 24:3). Демак, бу масал Исо ҳозир бўлгани ва Шоҳ сифатида бошқараётганининг белгиси бўлиб, бизнинг замонамизда амалга ошяпти.

3. Матто 24-, 25- боблардаги масаллардан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?

3 Ушбу масал, Матто 24:45–25:46 даги ўзаро боғлиқ тўртта масаллардан биридир. Қолган учтаси, яъни ишончли ва ақлли хизматкор, ўнта қиз ҳамда қўй ва эчкилар ҳақидаги масалларни ҳам Исо ҳозир бўлишининг белгиси тўғрисидаги саволга жавоб бераётиб келтирган. Уларнинг тўрттасида  ҳам, Исо асосий эътиборни ушбу охирзамонда унинг ҳақиқий издошларини ажратиб турадиган фазилатларга қаратган. Масалан, хизматкор, қизлар ва талантлар ҳақидаги масаллар орқали у мойланган издошларига йўл-йўриқ берган. Исо, ишончли хизматкор тўғрисидаги масалда, уйидагиларни охирзамон пайтида ризқ-рўз билан таъминлаш ишониб топширилган мойланганлардан иборат кичик гуруҳ ишончли ва ақлли бўлиши кераклигини таъкидлаган. Қизлар ҳақидаги масалда, мойланган масиҳийларнинг ҳаммаси тайёр ва ҳушёр бўлишга чорланишган, боиси улар Исонинг келишини билишса-да, бу қайси кун ёки соатда юз беришини билишмайди. Талантлар борасидаги масалда эса, Исо мойланганлар уларга топширилган масъулиятли вазифаларни бажаришда тиришқоқ бўлишлари кераклигини кўрсатган. Қўй ва эчкилар ҳақидаги охирги масал орқали Исо, ер юзида яшашга умид қилаётган кишиларга насиҳат берган. Исо, улар садоқатли бўлиб, унинг ер юзидаги мойланган биродарларини тўла равишда қўллаб-қувватлашлари даркорлигини таъкидлаган *. Энди келинг, талантлар ҳақидаги масални батафсил кўриб чиқайлик.

ХЎЖАЙИН ҚУЛЛАРИГА ТАЛАНТЛАРНИ ТАҚСИМЛАЙДИ

4, 5. Масалдаги одам ёки хўжайин кимнинг тимсоли ва том маънодаги талант қанчалик қимматбаҳо эди?

4 Матто 25:14–30 ни ўқинг. Кўп йиллардан бери, масалдаги бир одам ёки хўжайин Исони, одамнинг узоқ сафарга жўнаб кетиши эса, Исо мил. 33 йили осмонга кўтарилганини билдиради, деб тушунтириб келинган. Яна бошқа масалда Исо, узоқ сафарга кетишидан мақсади «шоҳликни қўлга киритишдан» иборат эканини билдирган (Луқо 19:12). Гап шундаки, Исо самога кўтарилган заҳотиёқ Шоҳ сифатида ҳукм сурмаган *. Аксинча, у «Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирди. Ўша пайтдан бошлаб, Худо унинг душманларини оёқлари остига қўйишини кутган» (Иброн. 10:12, 13).

5 Масалдаги одамнинг саккиз таланти бор эди, бу ўша замонда катта бойлик ҳисобланган *. Узоқ сафарга жўнаб кетишдан аввал, хўжайин талантларни қулларига бўлиб берган ва қайтиб келгунига қадар уларни ишга солишларини хоҳлаган. Бу одамга ўхшаб Исо осмонга кўтарилишдан олдин жуда қимматбаҳо нарсани топшириб кетган. Қизиқ, у нима эди? Бу саволнинг жавоби, Исо ер юзида қилган иш билан боғлиқ.

6, 7. Талантлар нимани тасвирлайди?

6 Исо Масиҳ учун ваъзгўйлик ва шогирд орттириш фаолияти ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган (Луқо 4:43 ни ўқинг). Шу боис, Исо серҳосил далани тайёрлаб кетган. Бундан олдин у, шогирдларига: «Кўзларингизни экинзорларга тикиб қаранглар, ҳосил етилган»,— деб айтган (Юҳан. 4:35–38). Бу билан Исо, унинг шогирди бўла оладиган кўпдан-кўп бошқа самимий инсонларни йиғиб олиш кераклигини назарда тутган. Яхши деҳқон сингари, Исо ҳосил етилган далани қаровсиз қолдирмаган. Бунинг ўрнига у, тирилганидан кўп вақт ўтмай ва самога кўтарилишидан олдин шогирдларига: «Боринглар,.. шогирд  тайёрланглар»,— деб муҳим вазифа берган (Мат. 28:18–20). Хуллас, устозимиз уларга қимматбаҳо хазина бўлмиш воизлик хизматини ишониб топширган (2 Кор. 4:7).

7 Хўш, қандай хулоса қилиш мумкин? Одам «мол-мулки» бўлган талантларни қулларга берганидай, Исо ҳам издошларига шогирд орттириш вазифасини топширган (Мат. 25:14). Оддий қилиб айтганда, талантлар ваъзгўйлик ва шогирд орттириш ишини тасвирлайди.

8. Гарчи ҳар бир қул турли миқдорда талант олган бўлса-да, хўжайин улардан нимани кутган?

8 Масалдан, хўжайин қулларининг бирига беш, бошқасига икки ва учинчисига фақатгина бир талант берганини билиб оляпмиз (Мат. 25:15). Гарчи ҳар бир қул турли миқдорда талант олган бўлса-да, хўжайин уларнинг ҳаммасидан талантларни ишга солишда тиришқоқ бўлишини, яъни энг яхши қобилиятларини хизматга бағишлашини кутган (Мат. 22:37; Колос. 3:23). Биринчи асрда, мил. 33 йил Ҳосил байрамидан буён Масиҳнинг издошлари талантларни ишга сола бошлашган. Улар ваъзгўйлик ва шогирд орттириш ишида жон куйдиргани Худонинг Каломидаги Ҳаворийлар китобида қаламга олинган * (Ҳавор. 6:7; 12:24; 19:20).

 ОХИРЗАМОНДА ТАЛАНТЛАРНИ ИШГА СОЛИШ

9. а) Иккала содиқ қул талантларини нима қилган ва бу нимани англатади? б) «Бошқа қўйларнинг» ўрни қандай?

9 Охирзамонда 1919 йилдан бошлаб, Масиҳнинг ер юзидаги садоқатли мойланган хизматкорлари Хўжайин берган талантларни ишга солишмоқда. Иккита қул каби, мойланган биродару опаларимиз ўзида бор энг яхши нарсасини ишга солишяпти. Албатта, ким беш, ким эса икки талант олгани борасида тахминларга берилишнинг ҳожати йўқ. Масалдаги, иккала қул ҳам хўжайин берган талантларни икки баробар орттиришган ва бирдай тиришқоқлик кўрсатишган. Унда, ер юзида яшашга умид қилаётганларнинг ўрни ҳақида нима деса бўлади? Шубҳасизки, уларнинг ўрни ҳам муҳим! Қўй ва эчкилар ҳақидаги Исонинг масалидан, ер юзида яшашга умид қилаётганлар унинг мойланган биродарларини ваъзгўйлик ва таълим бериш фаолиятида садоқат ила қўллаб-қувватлаш шарафига эга эканини билиб оляпмиз. Ушбу ниҳоятда оғир вақтларда иккала гуруҳ ҳам бирга ҳамкорлик қилиб, шогирд орттириш иши олға сурилишида «бир сурувдай» ғайрат кўрсатмоқда (Юҳан. 10:16).

10. Қайси белги биз охирзамонда яшаётганимизни кўрсатяпти?

10 Хўжайин натижалар бўлишини кутишга ҳақлидир. Юқорида айтилганидай, биринчи асрдаги ишончли шогирдлар унинг мол-мулкини орттиргани турган гап. Хўш, талантлар ҳақидаги масал амалга ошаётган охирзамон пайти борасида нима дейиш мумкин? Исонинг ишончли, меҳнатсевар хизматчилари тарихдаги улкан ваъзгўйлик ва шогирд орттириш фаолиятини бажаришяпти. Уларнинг ҳамжиҳат ҳаракатлари туфайли ҳар йили юз минглаб янги шогирдлар Шоҳлик хабарчилари сафига қўшилиб, воизлик ва таълим бериш ишида қатнашиб келяпти. Бу фаолият, Исо айтган охирзамон белгисининг муҳим бир қисмидир. Шак-шубҳасизки, Хўжайин хизматчиларидан мамнун!

Исо Масиҳ издошларига ваъз қилишдек бебаҳо масъулиятни ишониб топширган (10- хатбошига қ.)

ХЎЖАЙИН ҲИСОБОТ ОЛИШ УЧУН ҚАЧОН ҚАЙТАДИ?

11. Исо буюк қайғу пайтида келишини қаердан биламиз?

11 Исо буюк қайғунинг сўнгидагина келиб, хизматчиларидан ҳисобот беришларини сўрайди. Нега бундай хулосага келяпмиз? Матто 24-, 25- бобларида ёзилган башоратида Исо ўзининг келиши ҳақида  қайта-қайта айтган. У, буюк қайғу пайтида содир бўладиган ҳукмга ишора қилиб, одамлар «Инсон Ўғлининг... булутлар узра келаётганини кўришади», деб айтган. Охирзамонда яшаётган издошларини ҳушёр туришга ундаб, у қуйидагича деган: «Ҳазратингиз қайси куни келишини билмайсизлар» ва «Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади» (Мат. 24:30, 42, 44). Шундай бўлса-да, Исо: «Хўжайин сафардан қайтибди ва қулларидан ҳисобот беришларини сўрабди»,— деб айтганда, бу ёвуз дунёнинг сўнгида ҳукмни амалга ошириш учун келадиган вақтга яққол ишора қилган * (Мат. 25:19).

12, 13. а) Хўжайин иккита қулга нима деган ва нега? б) Мойланган масиҳийлар охирги муҳрни қачон олишади? (« Ўлим билан бериладиган ҳисобот» номли рамкага қ.) в) Қўйлар сифатида тан олинадиганлар қандай мукофотга эга бўлишади?

12 Масалга кўра, хўжайин қайтганда, иккита қул, яъни беш ва икки талант берилган қулларнинг ҳар бири талантларни ишга солиб, садоқатли эканини исботлашган. Хўжайин уларнинг иккаласига ҳам шундай деган: «Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ҳам топшираман» (Мат. 25:21, 23). Хўжайин бўлмиш Ҳазрати Исо келажакда ҳукмни амалга ошириш учун келганда, нима юз беради?

13 Иккита қул, жон куйдириб хизмат қилаётган мойланган шогирдларни ифодалайди. Улар буюк қайғу юз беришидан олдин охирги муҳрни олишади (Ваҳ. 7:1–3). Армагеддондан аввал, Исо уларга ваъда қилинган самовий мукофотни ато этади. Масиҳнинг биродарларини ваъзгўйлик фаолиятида қўллаб-қувватлаётган ер юзида яшашга умидвор кишилар, қўйлар сифатида тан олинишади ва Шоҳлик бошқаруви остида ер юзида яшаш мукофотига сазовор бўлишади (Мат. 25:34).

ЯРАМАС ВА ДАНГАСА ҚУЛ

14, 15. Исо мойланган издошларининг кўпи, ярамас ва дангаса бўлиб чиқишига ишора қилганми? Тушунтиринг.

14 Масалдаги охирги қул унга берилган талантни ишга солиб кўпайтиришнинг ёки фоизга беришнинг ўрнига, уни яшириб қўйган. Бу қул ёмон руҳни намоён этган ва била туриб хўжайининг фойдасига қарши йўл тутган. Хўжайин уни «ярамас, дангаса», деб хато қилмаган. У, талантни қулдан олиб, ўн таланти бор кишига берган. Оқибатда, ярамас қул зулматга ташланган. «Ўша ерда у йиғлаб, тишларини ғижирлатади» (Мат. 25:24–30; Луқо 19:22, 23).

15 Учинчи қул талантни яшириб қўйган экан, Исо мойланган издошларининг учдан бир қисми ҳам ўша қул каби ярамас ва дангаса бўлиб чиқишига ишора қилганми? Ҳеч ҳам. Келинг, буни бошқа иккита масал  билан солиштириб кўрайлик. Ишончли ва ақлли хизматкор ҳақидаги масалда Исо, шерикларини урган ёвуз хизматкорни тилга олган. Устозимиз бу билан, ёвуз хизматкор гуруҳи пайдо бўлишини башорат қилмаган. Аксинча у, ишончли хизматкорни ёвуз хизматкор каби бўлиб қолмасликдан огоҳлантирган. Шу сингари, ўнта қиз тўғрисидаги масалда Исо, мойланган издошларининг ярми бешта ақлсиз қиздек бўлишини назарда тутмаган. Бунинг ўрнига у, садоқатли биродарларига агар улар ҳушёрликни йўқотиб, тайёр туришмаса, нима бўлишини олдиндан айтган *. Ушбу маълумотни инобатга олгач, талантлар ҳақидаги масалда ҳам Исо, аксарият мойланган масиҳийлар охирзамон пайтида ярамас ва дангаса бўлиб қолишига ишора қилмаган, дея хулоса ясаш мумкин. Аксинча, устозимиз мойланган издошлари тиришқоқ бўлиб, яъни талантини ишга солишлари ҳамда ёвуз хизматкорга хос бўлган нуқтаи назар ва хатти-ҳаракатдан қочишлари кераклигини таъкидлаган (Мат. 25:16).

16. а) Талантлар ҳақидаги масалдан қандай иккита нарсани билиб олдик? б) Қандай қилиб бу мақола, талантлар ҳақидаги масал борасидаги тушунчамизни янада ойдинлаштирди? (« Талантлар ҳақидаги масалнинг тушунчаси» номли рамкага қ.)

16 Хўш, талантлар ҳақидаги масалдан қандай иккита нарсани билиб олдик? Биринчидан, Хўжайин Исо Масиҳ мойланган хизматкорларига унинг назарида жуда қимматбаҳо бўлган нарсани — ваъзгўйлик ва шогирд орттириш вазифасини ишониб топширган. Иккинчидан, устозимиз воизлик хизматида барчамиз тиришқоқ бўлишимизни кутади. Шундай йўл тутсак, Хўжайин биз намоён этган имон, ҳушёрлик ва садоқат учун бизни мукофотлашига амин бўлишимиз мумкин (Мат. 25:21, 23, 34).

^ 3- х.б. Ишончли ва ақлли хизматкор кимлиги «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонидаги 21–22- саҳ., 8–10- х.б. муҳокама қилинган. Қизлар кимни ифодалаши, бу журналнинг олдинги мақоласида тушунтирилган. Қўй ва эчкилар ҳақидаги масал «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1995 йил 15 октябрь сонидаги 23–28- саҳ. ва бу журналдаги келаси мақолада кўриб чиқилган.

^ 5- х.б. Исонинг даврида, бир талант қарийб 6 000 динорга тенг келган. Кунига бир динор ишлаб топадиган ишчи, бир талантга эга бўлиш учун деярли 20 йил меҳнат қилиши керак эди.

^ 8- х.б. Ҳаворийларнинг ўлимидан сўнг, Шайтон ҳаракат қилгани туфайли муртадлик кенг ёйилиб, асрлар давомида гуллаб-яшнаган. Ўшанда, Масиҳнинг шогирд орттириш вазифаси бажарилишига ҳеч қандай ҳаракат кузатилмаган. Аммо «ўрим-йиғим» пайтида, яъни охирзамонда ҳаммаси бошқача тус олган (Мат. 13:24–30, 36–43). «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонидаги 9–12- саҳ. қ.

^ 15- х.б. Ушбу журналдаги «Сиз ҳушёр турасизми?» номли мақоланинг 13- х.б. қ.