Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2015

«Сен буни маъқул кўрдинг»

«Сен буни маъқул кўрдинг»

Сен буларни доною зукколардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг. ЛУҚО 10:21

1. Нима сабабли Исо «қувончга ва муқаддас руҳга» тўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

ИСО МАСИҲ «қувончга ва муқаддас руҳга тўлиб» ўтирганини бир тасаввур қилинг. Хўш, у қандай кўринишда? Эҳтимол у кулиб, кўзлари хурсандчиликдан порлаб тургандир. Қизиқ, у нима учун ўзини бундай ҳис қиляпти? Сабаби, у яқинда 70 та шогирдини Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш учун юборган эди. Ҳозир эса, улар ушбу вазифани қай йўсин амалга оширгани билан қизиқяпти. Улар, хушхабарга ниҳоятда қарши бўлган кўп душманларга, жумладан зукко ва олий маълумотли уламою фарзийларга рўбарў келишган. Ушбу кишилар, кўпчилик Исони шунчаки дурадгор, унинг шогирдларини эса «ўқимаган, оддий одамлар» деб билишини хоҳлашган (Ҳавор. 4:13; Марк 6:3). Бироқ шогирдлар топширилган вазифани бажариб қайтишганида, жуда бахтиёр эдилар. Улар қаршиликларга ва ҳатто жинларнинг тўсқинлигига қарамай ваъз қилишган! Нега улар хурсанд ва жасоратли бўлишган? (Луқо 10:1, 17–21 ни ўқинг).

2. а) Қайси маънода Исонинг шогирдлари болалардай бўлишган? б) Исонинг издошлари нима туфайли муҳим ҳақиқатларни тушунишган?

2 Исо Яҳовага нима деганига эътибор берайлик: «Эй Ота, еру осмоннинг Рабби, ҳамманинг олдида Сени улуғлайман. Чунки Сен буларни доною зукколардан яшириб, гўдакларга очиб бердинг. Ҳа, Ота, зеро Сен шуни маъқул топдинг» (Мат. 11:25, 26). Албатта, Исо шогирдларини том маънода  болалар демоқчи эмас эди. Аксинча, ўша даврдаги зукко, олий маълумотга эга ва ўз нуқтаи назарида доно бўлган кишилар билан солиштирганда, шогирдлар болалардай бўлишганини Исо яхши билган. Энг муҳими эса, Исо ўз издошларини болалардай камтарин ва таълим олишга тайёр бўлишга ўргатган (Мат. 18:1–4). Улар камтарин бўлиб қандай фойда кўришган? Шогирдларни назар-писанд қилмай, Шайтоннинг таъсири ва ўз ғурурига берилган доною зукколар кўр бўлиб юрган бир пайтда, Яҳова Таоло муқаддас руҳ орқали уларга муҳим ҳақиқатларни тушунишга кўмаклашган.

3. Ушбу мақолада нима ҳақида гап боради?

3 Исо шунчалик мамнун бўлгани ажабланарли эмас! Зеро у, Тангри Яҳова илоҳий ҳақиқатларни ҳар турли камтарин инсонларга, қай даражада ўқимишли ёки зукко бўлишидан қатъи назар аён қилганини кўриб, хурсанд бўлган. Отасига айнан бу таълим бериш йўли маъқул бўлгани Исога қувонч бахш этган. Хўш, Яҳова ўзгарганми? Таълим беришнинг бундай йўлини У ҳали ҳам маъқуллаётганини қандай кўрсатмоқда? Мақолада бу саволларнинг жавоби устида мулоҳаза қилиш, Исо билан бўлганидай, бизга ҳам катта завқ бағишлайди.

ЧУҚУР ҲАҚИҚАТЛАР БАРЧАГА ОЙДИНЛАШМОҚДА

4. Қайси маънода «Қўриқчи минораси»нинг соддалаштирилган нашри совға каби бўлди?

4 Сўнгги йилларда Яҳованинг ташкилоти маънавий йўл-йўриқларни янада содда ва аниқ тарзда етказишга интиляпти. Келинг, бунинг учта мисолини кўрайлик. Биринчиси, «Қўриқчи минораси»нинг соддалаштирилган нашридир *. Ушбу нашр, тилни ўрганишга ёки ўқишга қийналаётган кишилар учун меҳр ила берилган совғадай бўлди. У туфайли оила бошлари учун, маънан озиқланишимизда асосий манба бўлмиш бу журнални тадқиқ қилишга болаларини жалб қилиш осонроқ кечмоқда. Кўплар чин юракдан миннатдорчилик изҳор этиб, Етакчи кенгашга хатлар ёзди. «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасида шарҳ беришдан қўрққан бир опамиз шундай деб бўлишди: «Мен жуда ҳам уятчан эдим. Энди ҳаммаси ўзгарди!» У соддалаштирилган нашрни қўллагандан сўнг: «Ҳозир кўпроқ жавоб берадиган бўлдим, қўрқувни енгдим! Отажонимиз Яҳова ҳамда сизларга катта раҳмат»,— деб ёзди.

5. Қайта кўриб чиқилган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг айрим афзал томонлари қандай?

5 Иккинчиси, 2013 йил 5 октябрда ўтган йилги мажлисда, қайта кўриб чиқилган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг инглиз тилидаги нашри ҳақида эълон қилинди *. Кўпгина оятлардаги сўзлар камайтирилган, бироқ маъноси ўзгармай, аксинча янада тушунарлироқ бўлган. Масалан, Аюб 10:1 даги 27 та сўз 19 тага, Ҳикматлар 8:6 даги 20 та сўз 13 тага камайтирилган. Бу иккита оят ҳам янги нашрда аниқ ифодаланган. Дарҳақиқат, ўнлаб йиллар давомида садоқат ила хизмат қилаётган мойланган биродаримиз қуйидагича деди: «Янги нашрдаги Аюб китобини ҳозиргина ўқиб, гўё уни биринчи марта тушунаётгандай бўлдим!» Кўпчилик шунга ўхшаш фикр билдирган.

6. Матто 24:45–47 дагилар ойдинлашганидан ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

6 Учинчиси, яқинда муайян оятларнинг тушунчаси ойдинлашгани борасида бир ўйлаб кўринг. Мисол учун, «Қўриқчи минораси» журналининг 2013 йил 15 июль сонида  «ишончли ва ақлли хизматкор» ким эканлигига ойдинлик киритилгани бизни ҳаяжонга солди (Мат. 24:45–47). У ерда тушунтирилганидай, ишончли хизматкор Етакчи кенгашни, маънан озиқланаётган «уйидагилар» эса ҳам мойланган, ҳам «бошқа қўйларни» ифодалайди (Юҳан. 10:16). Шу каби ҳақиқатларни билиш ва буларни самимий кишиларга ўргатиш нақадар зўр-а?! Яҳова, таълим беришнинг ушбу содда ва аниқ йўлидан мамнун эканини яна қандай кўрсатмоқда?

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲИКОЯЛАРНИНГ СОДДА ВА АНИҚ ТУШУНТИРИЛИШИ

7, 8. Муқаддас Китобда ёзилган баъзи бир башоратли тимсоллар қанақа?

7 Яҳовага анча йиллардан бери хизмат қилаётган бўлсангиз, адабиётларимизда Муқаддас Китобдаги айрим ҳодисаларни тушунтириш услубига секин-аста ўзгариш киритилганига эътибор бергандирсиз. Олдинлари адабиётларимизда, тимсол ва у келажакда нимани тасвирлашини тушунтириш услуби қўлланган. Хўш, ҳикояларнинг айнан шу тарзда тушунтирилиши Муқаддас Китобга асосланганми? Ҳа. Масалан, Исо Масиҳ «Юнус пайғамбарнинг» аломати ҳақида гапирганини олайлик (Матто 12:39, 40 ни ўқинг). Яҳова Юнуснинг ҳаётини сақлаб қолмаганида эди, балиқнинг қорни у учун қабрга айланиб қоларди. Исо тушунтирганидай, Юнус катта балиқнинг қорнида бўлгани, унинг ўзи қабрда ўтказиши керак бўлган вақтнинг башоратли рамзи эди.

8 Муқаддас Китобда бошқа башоратли тимсоллар ҳам қаламга олинган. Ҳаворий Павлус уларнинг баъзиларини муҳокама қилган. Мисол учун, Иброҳимнинг Ҳожар ва Сора билан бўлган муносабатлари, Яҳованинг Исроил халқи ва ташкилотининг самодаги қисми билан муносабатларини тасвирлайди (Галат. 4:22–26). Шу сингари, муқаддас чодир ва маъбад, Покланиш куни, олий руҳоний ва «келажакдаги баракаларнинг ўзи эмас, сояси» бўлмиш Таврот қонунининг бошқа қирралари билан ҳам худди шундай (Иброн. 9:23–25; 10:1). Бундай башоратли тимсолларни тадқиқ қилиш ҳам ёқимли, ҳам имонимизга имон қўшади. Шундай экан, Муқаддас Китобда ёзилган ҳар бир қаҳрамон, воқеа ва нарса кимнингдир ёки ниманингдир рамзи деб хулоса қилиш тўғрими?

9. Ўтмишда Навўт ҳақидаги ҳикоя қандай тушунтирилган эди?

9 Ўтмишда, тез-тез бундай услуб қўлланиб келинган. Келинг, Навўт ҳақидаги ҳикояни мисол қилиб олайлик. У ёвуз малика Изабел томонидан ноҳақ айбланиб, ўлимга маҳкум этилган эди. Натижада, маликанинг эри Ахаб Навўтнинг узумзорини қўлга киритган (3 Шоҳ. 21:1–16). 1932 йилдаги «Қўриқчи минораси»да бу ҳикоя башоратли маънога эга деб тушунтирилган эди. У ерда ёзилганидай, Ахаб билан Изабел Шайтон ва унинг ташкилотини, Навўт эса Исони ифодаларди. Унинг ўлими, Исонинг ноҳақ айбланиб, ўлдирилишининг башоратли тимсоли дея айтилган. Ўнлаб йиллар ўтгач, 1961 йили нашр этилган «Исминг муқаддас бўлсин» номли китобда Навўт мойланган масиҳийлар, Изабел бўлса христиан олами деб тасвирланган. Шунга кўра, Навўт Изабелнинг қўлидан азоб чеккани, мойланганлар охирзамонда қувғин қилинишининг тимсоли бўлган. Муқаддас Китобдаги ушбу ҳикоянинг бундай тушунтирилиши кўп йиллар давомида Аллоҳ халқининг имонини мустаҳкамлаб келган. Унда, нега ҳозир тушунтириш услуби ўзгартирилган?

10. а) Қай йўсин ишончли хизматкор Муқаддас Китоб ҳикояларини тушунтиришда эҳтиёткорликни намоён этяпти? б) Ҳозирги кунда адабиётларимизда кўпроқ нимага эътибор қаратиляпти?

10 Йиллар оша, Яҳова «ишончли ва ақлли хизматкор» янада ақлли ёки узоқни ўйлаб  иш тутадиган бўлишига кўмаклашмоқда. Ҳа, ишончли хизматкор Муқаддас Китобдаги ҳикоя чиндан ҳам ниманидир ифодалайди деб айтишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, жиддий сабабларсиз бундай йўл тутмайди. Қолаверса, айрим ҳикояларнинг эски услубда тушунтирилишини илғаб олиш кўпчилик учун қийинчилик туғдирарди. Бу каби таълимотларнинг тафсилотлари, яъни ким кимни ва нима учун тасвирлашини англаш, эслаб қолиш ҳамда буни қўллаш қийин бўларди. Энг асосийси эса, Муқаддас Китобдаги ҳикоянинг кенгроқ кўламда амалга ошишига ҳаддан ташқари диққат қаратилганда, ундан олиш мумкин бўлган ахлоқий ва амалий сабоқлар назардан четда қолиб кетарди. Шу боис, ҳозирги кунда адабиётларимизда Муқаддас Китобдаги ҳикоялардан ўрганишимиз мумкин бўлган имон, чидам, художўйлик ва бошқа муҳим фазилатлар борасидаги оддий ҳамда амалий сабоқларга кўпроқ эътибор қаратилади *.

Навўтнинг мисоли биз учун муҳим сабоқ бўла олади (11- хатбошига қ.)

11. а) Ҳозир Навўт ҳақидаги ҳикояни қандай тушунамиз ва нега у барчамизга яхши ўрнак бўла олади? б) Нега сўнгги йиллардаги адабиётларимизда, тимсол ва у келажакда нимани тасвирлашини тушунтириш услуби камдан-кам учрайди? (Ушбу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қ.)

11 Хўш, ҳозир Навўт ҳақидаги ҳикояни қандай тушунамиз? Тушунчамиз ойидинлашиб, анча осонроқ бўлган. Ушбу содиқ киши Исони ёки мойланганларни ифодалагани учун эмас, балки бенуқсонлигини сақлаб қолгани учун ўлган. У қудратли ҳукмдорларнинг шиддатли таъқибларига қарамай, Яҳованинг Қонунига бўйсунган эди (Саҳ. 36:7; 3 Шоҳ. 21:3). Унинг ўрнаги шунга ўхшаш қаршиликларга дуч келганимизда, ҳар биримиз учун сабоқ бўла олади (2 Тимўтийга 3:12 ни ўқинг). Барчамиз, имонимизга имон қўшадиган шу каби сабоқларни осонгина тушунишимиз, эслаб қолишимиз ва амалда қўллашимиз мумкин.

12. а) Муқаддас Китобдаги ҳикоялар борасида қандай хулосага бормаслигимиз даркор? б) Нима туфайли ҳатто чуқур ҳақиқатларни аниқ тушуна оляпмиз? (Изоҳга қ.)

12 Муқаддас Китобдаги ҳикоялар фақатгина амалий сабоқларга эга ва бошқа ҳеч  қандай маъноси йўқ деб хулоса қилишимиз керакми? Асло. Гап шундаки, адабиётларимизда ўтмишдаги услубга эмас, балки Муқаддас Китобдаги бир ҳикоя бошқаси билан қандай боғлиқ эканига кўпроқ эътибор қаратилади. Масалан, қаршиликларга дуч келганда, Навўтнинг бенуқсон бўлиб қолгани ва унинг ўлими Масиҳ ҳамда мойланганларнинг бенуқсонлигини ёдимизга солади. Шунингдек, «бошқа қўйлар» қаторига кирганлар ҳам садоқатли бўлиб қолганини эслатади. Бундай содда ва аниқ тарзда таққослаш, илоҳий таълимотларнинг фарқловчи белгисидир *.

ИСО МАСАЛЛАРИНИНГ СОДДАРОҚ ТУШУНТИРИЛИШИ

13. Исонинг масаллари содда ва аниқроқ тушунтириб берилаётгани нимадан кўриняпти?

13 Исо Масиҳ ер юзида яшаган энг улуғ Устоздир. У, масалларни қўллаб таълим беришни афзал деб билган (Мат. 13:34). Масаллар одамларнинг онгида ёрқин тасвирларни уйғотиб, қалбларини забт этади. Йиллар ўтиб адабиётларимизда, Исонинг масаллари ҳам содда ва аниқроқ тарзда тушунтирилиб келяптими? Албатта! Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2008 йил 15 июль сонида Исонинг хамиртуруш, хантал дони ва тўр ҳақидаги масалларига ойдинлик киритилгани бизга завқ келтирди. Бугунги кунда, ушбу масаллар Худонинг Шоҳлигига тегишли эканини ва у, ёвуз дунёдан Масиҳнинг ҳақиқий издошларини йиғиб олишда катта муваффақиятга эришаётганини яққол кўряпмиз.

14. а) Раҳмдил самариялик киши тўғрисидаги масал олдин қай йўсин тушунтирилган? б) Ҳозир-чи, уни қандай тушунамиз?

14 Исонинг янада батафсил қилиб айтган ҳикоялари ёки масаллари ҳақида нима дейиш мумкин? Тўғри, айримлари рамзий ва башоратли маънога эга бўлса, бошқаларидан амалий сабоқлар олсак бўлади. Бироқ қайси бири қандай маънога эга эканини қаердан биламиз? Йиллар ўтиб, бунинг жавоби аниқланиб келяпти. Мисол учун, Исонинг раҳмдил самариялик киши тўғрисидаги масали қандай тушунтирилганига эътибор беринг (Луқо 10:30–37). 1924 йилда чиққан «Қўриқчи минораси»да, самариялик киши Исо, тепаликда бўлган Қуддусдан Ерихога қараб тушадиган йўл Адан боғидаги исён дастидан одамзоднинг ёмонлашиб бораётган аҳволидек тасвирланган. Йўлдаги қароқчилар улкан бир уюшма ва тадбиркорларни, руҳоний ва леви христиан дин оламини англатади дейилган. Бугунги кунда адабиётларимизда бу масал орқали, муҳтож ва айниқса маънан чанқоқ бўлган кишиларга юзхотирчилик қилмаслик кераклиги ҳамма масиҳийларга эслатиб турилади. Тангри Яҳова таълимотларини биз учун бора-бора аниқ қилаётганини кўриш бизни қувонтирмоқда!

15. Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

15 Келаси мақолада Исонинг бошқа масалини, яъни ўнта қиз ҳақидаги масални муҳокама қиламиз (Мат. 25:1–13). Исо, охирзамонда издошлари ушбу чуқур маъноли масални қандай тушунишларини хоҳлаган? Масалдаги ҳар бир қаҳрамон, воқеа ва нарса башоратли маънога эгами? Ёки Исо, издошлари охирзамонда бу масалдан йўл-йўриқ сифатида хизмат қиладиган сабоқ олишларини истаганми? Келинг, буни билиб оламиз.

^ 4- х.б. Ушбу журналнинг инглиз тилидаги соддалаштирилган нашри 2011 йил июль ойидан эътиборан чоп этила бошлади. Ўшандан кейин, соддалаштирилган нашр бошқа бир неча тилда ҳам чиқадиган бўлди.

^ 5- х.б. Қайта кўриб чиқилган нашр бошқа тилларда ҳам чоп этилишига ғамхўрлик қилиняпти.

^ 10- х.б. Масалан, «Қўриқчи минораси»да чоп этилган «Имонларига эргашинглар» туркумида Муқаддас Китобдаги қаҳрамонларнинг ҳаёти муҳокама қилинган. У ерда асосий эътибор, улар нимани ифодалашига ёки башоратли маъносига эмас, балки қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига қаратилган.

^ 12- х.б. Чиндан ҳам, Худонинг Каломида бир қарашда «тушуниш қийин бўлиб» туюладиган маълумот бор. Павлус йўллаган мактубларининг баъзи парчалари ҳам шу жумладандир. Лекин Муқаддас Китоб ёзувчиларининг бари муқаддас руҳ ила илҳомлантирилган. Ўша руҳ бугун ҳам масиҳийларга чуқур илоҳий ҳақиқатларни илғаб олишга ва онгимиз чегараланган бўлса-да, «ҳатто Худонинг чуқур донолигини» тўғри англашимизга ёрдам беряпти (2 Бутр. 3:16, 17; 1 Кор. 2:10).