Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2015

Масиҳнинг биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватланг

Масиҳнинг биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватланг

Энг кичик биродарларимдан бирига нима қилган бўлсангиз, менга ҳам қилган бўласизлар. МАТ. 25:40

1, 2. а) Исо яқин дўстлари билан қайси масалларни муҳокама қилган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масал тўғрисида нимани билишимиз лозим?

ИСО МАСИҲ яқин дўстлари Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно билан суҳбатлашяпти. Улар, Исо ҳозиргина ишончли ва ақлли хизматкор, ўнта қиз ва талантлар ҳақидаги ўзаро боғлиқ масалларни айтиб берганини эшитишди. Исо бу суҳбатни яна бир масал билан якунлади. У «Инсон Ўғли» барча халқларни ҳукм қиладиган вақт тўғрисида тушунтирди. Бу масал шогирдларни роса ҳаяжонга солгандир! Ушбу масалда Исо эътиборини қўйлар ва эчкилардан иборат иккита гуруҳга қаратган. У, Шоҳнинг «биродарлари» деб аталган янада муҳимроқ учинчи гуруҳ борлигини ҳам таъкидлаб ўтган (Матто 25:31–46 ни ўқинг).

2 Кўп йиллар давомида, бу масалнинг маъноси Яҳованинг хизматчиларини қизиқтириб келган. Бу чиндан ҳам қизиқ, ахир уни айтаётганда, Исо инсониятнинг келажаги ҳақида гапирганди-ку. Устозимиз, нега айрим кишилар абадий ҳаётга эга бўлишини, бошқалар эса абадий йўқ қилинишини ошкор этган. Ҳаётимиз, масални тушунишимизга ва Исо етказмоқчи бўлган ҳақиқат асосида йўл тутишимизга боғлиқ. Бу  ҳаёт-мамот масаласи экан, ўзимизга шундай саволларни берайлик: «Яҳова бу масал борасидаги тушунчамизни қай йўсин ойдинлаштириб келган? Нима учун бу масалда эътибор воизлик ишининг муҳимлигига қаратилган, деб айта оламиз? Ваъз қилиш топшириғи кимга берилган? Нега ҳозир “Шоҳга” ва у “биродарларим” деб атаган кишиларга садоқат намоён этишнинг айни пайти?»

ТУШУНЧАМИЗ ҚАЙ ЙЎСИН ОЙДИНЛАШИБ КЕЛГАН?

3, 4. а) Бу масални тушуниш учун қайси асосий нарсаларни аниқлаб олишимиз керак? б) «Сион қўриқчи минораси»нинг 1881 йилги сонида бу масал қандай тушунтирилган?

3 Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масални тўғри тушуниш учун учта асосий нарсани аниқлаб олишимиз керак: унда тилга олинганлар кимни тасвирлайди, ҳукм қилиш вақти қачон бўлади ҳамда ниманинг асосида қўй ва эчкиларга ажратилиш содир бўлади?

4 «Сион қўриқчи минораси»нинг 1881 йилги сонида «Инсон Ўғли» шунингдек «Шоҳ» деб аталиб, Исони тасвирлайди дейилган. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари, «биродарларим» сўзи остида Масиҳ билан самода бошқарадиганлар каби мукаммалликка эришиб ер юзида яшайдиганларни ҳам англатади, деб тушунишган. Улар қўйларни эчкилардан ажратиш Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви пайтида юз беради, деган фикрда бўлишган. Шунингдек улар, инсонлар Худонинг меҳрга тўла қонуни бўйича яшаганига қараб, қўйлар қаторига киритилишига ишонишган.

5. Қандай қилиб 1920 йилларнинг бошларида масалнинг тушунчаси янада ойдинлашди?

5 Тангри Яҳова, 1920 йилларнинг бошларида бу масалнинг тушунчасини янада ойдинлаштирди. «Қўриқчи минораси»нинг 1923 йил 15 октябрь сонида (ингл.) «Инсон Ўғли» Исо экани тасдиқланди. Бироқ у ерда, бир нечта оят келтирилган бўлиб, Масиҳнинг биродарлари кимлиги, яъни улар қаторига фақат у билан самода бошқарадиганлар, қўйларга эса Масиҳий Шоҳлик бошқаруви остида ер юзида яшашга умид қилаётганлар кириши ёзилган эди. Қўйларни эчкилардан ажратишнинг вақти қачон келиши тўғрисида нима дейилган? Ўша мақолада, Масиҳнинг биродарлари Минг йиллик бошқарув давомида у билан бирга самода ҳукмронлик қилиши айтилган. Шунинг учун, ер юзида яшайдиганлар уларга на ёрдам бера олишади, на ёрдам беришдан бош торта олишади. Демак, қўйларни эчкилардан ажратиш Минг йиллик бошқарув бошланишидан олдин юз беради. Ниманинг асосида киши қўй деб тан олинишига келсак, ўша мақолада хулоса қилинганидай, одам Исони Ҳазрат деб ва фақат Шоҳлик яхши шароитлар келтиришини тан олишига қараб қўйлар қаторида саналади.

6. Қай йўсин 1990 йилларнинг ўрталарида тушунчамиз янада ойдинлашди?

6 Тушунча бу тарзда ўзгаргани натижасида, Яҳованинг халқи ҳар бир инсон қўй ёки эчки сифатида тан олиниши замонанинг охири давомида Шоҳлик ҳақидаги хабарга қандай муносабат билдирганига қараб аниқланади, деган хулосага келган. Аммо 1990 йилларнинг ўрталарида бу борадаги тушунчамиз янада ойдинлашди. «Қўриқчи минораси»нинг 1995 йил 15 октябрь сонида чоп этилган иккита мақолада Исонинг Матто 24:29–31 (ўқинг) ва Матто 25:31, 32 даги (ўқинг) сўзлари орасидаги ўхшашликларга диққат қаратилган эди *. Хўш, хулоса қандай бўлган? Биринчи мақолада: «Қўй ва эчкиларга ажратилиш келажакда содир бўлади»,— дейилган эди. Қизиқ, айнан қачон? «Бу, Матто 24:29, 30 да айтилган “қайғу” бошланганидан сўнг ва Инсон  Ўғли “шон-шуҳрат” билан келганида содир бўлади... Ўшанда бу ёвуз дунёга чек қўйилганда, Исо ҳакамлик курсисига ўтириб, ҳукм чиқаради ва уни амалга оширади».

7. Бугунги кунга келиб қандай аниқ тушунчага эгамиз?

7 Бугунги кунга келиб, қўй ва эчкилар ҳақидаги масал борасида аниқ тушунчага эгамиз. Масалда тилга олинган «Инсон Ўғли» ва «Шоҳ» кимни тасвирлашига келадиган бўлсак, бу Исодир. «Биродарларим» деб аталганлар, самода Масиҳ билан бошқарадиган муқаддас руҳ ила мойланган эркагу аёллардир (Рим. 8:16, 17). «Қўйлар» ва «эчкилар» эса барча халқлардан бўлган кишиларни билдиради. Улар муқаддас руҳ билан мойланмаган. Ҳукм қилиш вақти қачон бўлиши ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳукм буюк қайғунинг сўнгида амалга оширилади. Одамлар ниманинг асосида қўй ёки эчки деб тан олинади? Бу, улар Масиҳнинг ер юзидаги мойланган биродарларига қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Бу ёвуз дунёнинг сўнгги шунчалик яқин экан, Яҳова бу ва Матто 24-, 25- бобларидаги ўзаро боғлиқ масалларнинг мазмунини янада равшан қилганидан ниҳоятда миннатдормиз!

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МАСАЛ ВОИЗЛИК ИШИ МУҲИМЛИГИНИ КЎРСАТМОҚДА?

8, 9. Нега қўйлар «одил кишилар» деб аталган?

8 Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масалда Исо ваъзгўйлик ишини тўғридан-тўғри эслатиб ўтмаган. Унда, нега бу масалда асосий эътибор воизлик ишининг муҳимлигига қаратилган, деб айтиш мумкин?

9 Биринчидан, Исо масал ёрдамида таълим берганига эътибор қаратайлик. Шуниси аниқки, у том маънодаги қўйларни эчкилардан ажратишни назарда тутмаган. Шунингдек у, қўй деб тан олиниш учун киши том маънода Исонинг биродарларини тўйдириши, кийинтириши, ғамхўрлик қилиши ёки қамоқда бўлганларини кўргани бориши кераклигини айтмаган. Аксинча, Исо рамзий қўйлар унинг биродарларига нисбатан кўрсатган муносабатини тасвирлаган. У қўйларни «одил кишилар» деб атаяпти, чунки улар ер юзида Масиҳнинг мойланган биродарларидан иборат гуруҳ борлигини тан олиб, бу ниҳоятда оғир вақтлар давомида мойланганларни садоқат ила қўллаб-қувватлашмоқда (Мат. 10:40–42; 25:40, 46; 2 Тим. 3:1–5).

10. Қўйлар Масиҳнинг биродарларига қандай қилиб меҳрибонлик кўрсата олишади?

10 Иккинчидан, Исонинг сўзлари келтирилган матн таркибини кўриб чиқайлик. У ўзининг ҳозир бўлиши ва замона охирлаб бораётганининг белгисини муҳокама қилаётган эди (Мат. 24:3). Суҳбатининг бошида, Исо белги ўзгача бир нарсани, яъни Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни «бутун дунё бўйлаб ваъз қилишни» ўз ичига олишини айтган (Мат. 24:14). Қўй ва эчкилар тўғрисидаги масални келтиришдан сал аввал у талантлар ҳақидаги масални сўзлаб берган. Ўтган мақолада муҳокама қилганимиздай, Исо бу масал орқали асосан «биродарлари», яъни мойланган издошлари ваъзгўйлик ишига ғайрат ила ёндашишлари кераклигини таъкидлаган. Лекин Исонинг ҳозир бўлиш вақтида ер юзида қолган мойланганларнинг кичик гуруҳи осон бўлмаган вазифани — охират бўлишидан аввал «ҳамма халқларга» ваъз қилиш ишини бажаряпти. Қўйлар ва эчкилар ҳақидаги масал, мойланганлар кўмаксиз қолмасликларини кўрсатмоқда. Шу боис, қўй деб тан олинадиганлар энг аввало Масиҳнинг биродарларини ваъзгўйлик ишида қўллаб-қувватлаб, меҳрибонлик кўрсатишлари керак. Бундай қўллаб-қувватлашга нималар киради? Моддий кўмак ва далда беришнинг ўзи етарлими?

 КИМ ВАЪЗ ҚИЛИШИ КЕРАК?

11. Қандай савол юзага келяпти ва нега?

11 Бугунги кунда, Исонинг саккиз миллион издошларининг катта қисми муқаддас руҳ билан мойланмаганлардир. Улар Исо мойланган хизматкорларига берган талантларни ҳам олишмаган (Мат. 25:14–18). Шундай экан, қуйидаги савол юзага келяпти: «Ваъз қилиш топшириғи мойланмаганларга ҳам тегишлими?» Нега ҳа, деб жавоб беришимиз мумкинлигининг айрим сабабларини кўриб чиқайлик.

12. Исонинг Матто 28:19, 20 даги сўзларидан нимани билиб оляпмиз?

12 Исо ваъз қилишни барча шогирдларига топширган. Тирилгач, Исо издошларига шогирд орттиришни ва у амр этган «ҳамма нарсага» амал қилишни уларга ўргатишлари кераклигини айтган. Унинг амрларига ваъз қилиш ҳам кирган (Матто 28:19, 20 ни ўқинг). Шунинг учун, Исонинг барча шогирдлари, ҳам самода бошқаришга, ҳам ер юзида яшашга умид қилаётганлар ваъз қилишади (Ҳавор. 10:42).

13. Юҳанно кўрган ваҳий нимани очиб беряпти ва нега бундай дея оламиз?

13 Ваҳий китоби, ваъзгўйлик иши ҳам мойланганларга, ҳам бошқаларга берилганини очиб бермоқда. Исо ҳаворий Юҳаннога «келин», яъни Масиҳ билан самода бошқарадиган 144 000 мойланганлар одамларни «ҳаёт сувини текинга олишга» таклиф қилишаётгани ҳақида ваҳий берган (Ваҳ. 14:1, 3; 22:17). Ушбу сув, Яҳова инсониятни Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида гуноҳ ва ўлимдан озод этиш учун ташкил этган тадбирининг рамзидир (Мат. 20:28; Юҳан. 3:16; 1 Юҳан. 4:9, 10). Тўлов биз эълон қилаётган хабарнинг ўзагидир ва мойланганлар одамлар бу ҳақида билиб, фойда олишларига ёрдам беришяпти (1 Кор. 1:23). Аммо ваҳийда Юҳанно келин гуруҳидан бўлмаганларни ҳам кўрган эди. Улар ҳам: «Кел!» — деб айтишмоқда ва итоаткор бўлиб, ўзгаларни ҳаёт сувини олишга  чорлашмоқда. Ушбу иккинчи гуруҳ ер юзида яшашга умидвор бўлганлардан иборат. Бу ваҳийдан аниқ кўриняптики, «кел» деган таклифни қабул қилганларнинг барчаси бошқаларга ваъз қилиш масъулиятига эга.

14. «Масиҳнинг қонунига» бўйсуниш нимани ўз ичига олади?

14 «Масиҳнинг қонуни» остида бўлган ҳамма ваъз қилиши лозим (Галат. 6:2). Яҳова, ўша-ўша қонунларга бўйсуниб, Унга топинадиганларни қабул қилади. Мисол учун, У Исроил халқига шундай деган: «Шу ернинг туб аҳолиси учун ҳам, ораларингизда яшаётган мусофир учун ҳам қонун ўшадир» (Чиқ. 12:49; Лев. 24:22). Масиҳийлар Таврот қонуни остида эмаслар. Бироқ ҳаммамиз, мойланганмизми ёки йўқми, «Масиҳнинг қонунига» бўйсунамиз. Бу қонун Исо ўргатган барча нарсани ўз ичига олади. Уларнинг энг муҳими издошлари севгини намоён этиши кераклигидан иборат (Юҳан. 13:35; Ёқб. 2:8). Аллоҳга, Масиҳга ва яқинларимизга севгимизни намоён этишнинг энг аъло йўли Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишдир (Юҳан. 15:10; Ҳавор. 1:8).

15. Нима сабабли Исонинг сўзлари барча издошларига тегишли дея оламиз?

15 Исо кичик гуруҳга айтганлари катта гуруҳга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Масалан, Исо Шоҳлик ҳақидаги аҳдни бор-йўғи 11 та шогирди билан тузган бўлса-да, у 144 000 мойланганларнинг ҳаммасига тааллуқли (Луқо 22:29, 30; Ваҳ. 5:10; 7:4–8). Шу каби, Исо ваъз қилиш топшириғини фақатгина кичик гуруҳ, яъни тирилганида ёнида бўлган издошларигагина берган эди (Ҳавор. 10:40–42; 1 Кор. 15:6). Аммо биринчи асрдаги садоқатли барча шогирдлар Исонинг гапирганини шахсан эшитмаган бўлишса-да, бу топшириқ уларга ҳам тегишли эканини тушунишган (Ҳавор. 8:4; 1 Бутр. 1:8). Бугун ҳам худди шундай, Исо саккиз миллион ғайратли Шоҳлик воизларининг ҳар бирига шахсан гапирмаяпти. Лекин уларнинг барчаси Масиҳга ишониши ва бу ишончни шоҳидлик бериш ишида қатнашиб, изҳор этишлари кераклигини тушунишади (Ёқб. 2:18).

ҲОЗИР СОДИҚ БЎЛИШНИНГ АЙНИ ПАЙТИ

16–18. Қандай қилиб самимий кишилар Масиҳнинг биродарларини қўллаб-қувватлашяпти ва нега ҳозир бунинг айни пайти?

16 Шайтон Масиҳнинг ер юзидаги мойланган биродарларига қарши жанг олиб боряпти ва «вақти оз қолгани» сайин ҳужумини янада жадаллаштиряпти (Ваҳ. 12:9, 12, 17). Бу шиддатли синовларга қарамай, мойланганлар тарихдаги энг улкан ваъзгўйлик фаолиятини бошқаришмоқда. Шубҳасизки, Исо улар билан бўлиб, уринишларига кўз-қулоқ бўлиб турибди (Мат. 28:20).

17 Сон жиҳатидан кўпайиб бораётган самимий кишилар Масиҳнинг биродарларини нафақат ваъзгўйликда қатнашиш, балки бошқа амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳам қўллаб-қувватлашни шараф деб билишади. Масалан, улар моддий томондан қўллаб-қувватлаб, Йиғилиш ва Анжуман Заллари ҳамда филиалларнинг қурилишида кўмаклашишади. Шунингдек, улар «ишончли ва ақлли хизматкор» томонидан тайинланган кишиларга садоқат ила бўйсунишади (Мат. 24:45–47; Иброн. 13:17).

Самимий кишилар Масиҳнинг биродарларини турли йўллар билан қўллаб-қувватлашяпти (17- хатбошига қ.)

18 Яқинда фаришталар буюк қайғунинг вайронагарчилик келтирадиган шамолларини қўйиб юборишади. Бу, Масиҳнинг ер юзида қолган барча биродарлари охирги муҳрни олгач содир бўлади (Ваҳ. 7:1–3). Армагеддон бошланишидан олдин мойланганлар осмонга олинишади (Мат. 13:41–43). Шундай экан, қўй деб тан олинишга умид қилаётган кишилар учун ҳозир Масиҳнинг биродарларини садоқат ила қўллаб-қувватлашнинг айни пайтидир.

^ 6- х.б. Бу масални батафсил кўриб чиқиш учун «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1995 йил 15 октябрь сонидаги 18–28- саҳ. қ.