Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2015

Сиз ҳушёр турасизми?

Сиз ҳушёр турасизми?

Ҳушёр туринглар, чунки аниқ кунни ҳам, соатни ҳам билмайсизлар. МАТ. 25:13

1, 2. а) Исо охирзамон ҳақида нимани ошкор этган? б) Қайси саволларни муҳокама қиламиз?

ИСО МАСИҲ башоратларидан энг ҳаяжонга солувчисини айтаётганда, Зайтун тоғидан Қуддусдаги маъбадга қараб ўтирганини тасаввур қилинг. Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно Исо узоқ келажак ҳақида гапириб бераётган башоратини диққат билан тинглашган эди. У Худонинг Шоҳлигида ҳукм сурадиган пайт, яъни бу ёвуз дунёнинг охирги кунлари тўғрисида кўп нарсаларни сўзлаб берган. Шунингдек Исо, ўша муҳим давр мобайнида «ишончли ва ақлли хизматкор» унинг ер юзидаги вакили бўлиб, издошларига керакли маънавий озуқани ўз вақтида етказишини таъкидлаган (Мат. 24:45–47).

2 Кейин, башоратининг давомида Исо ўнта қиз ҳақидаги масални ҳам сўзлаб берган (Матто 25:1–13 ни ўқинг). Келинг, ушбу мақолада қуйидаги учта саволни муҳокама қилайлик: 1) Исо бу масални қай мақсадда келтирган? 2) Мойланган масиҳийлар масалдаги маслаҳатга қандай амал  қилишяпти ва натижаси қанақа? 3) Ҳар биримиз бу масалдан қандай фойда олишимиз мумкин?

ИСО БУ МАСАЛНИ ҚАЙ МАҚСАДДА КЕЛТИРГАН?

3. Ўтмишда ўнта қиз ҳақидаги масал қандай тушунтирилган ва натижада нима бўлган?

3 Ўтган мақолада кўриб чиққанимиздай, сўнгги ўн йиллар ичида ишончли хизматкор Муқаддас Китоб оятларининг башоратли маъносини тушунтиришнинг ўрнига, кўпроқ эътиборни уларнинг амалий тарафига қаратяпти. Мисол учун авваллари, адабиётларимизда Исо ўнта қиз ҳақида айтган масалининг ҳатто майда-чуйда тафсилотлари, жумладан мойчироқ, идишлар, мой ва ҳоказоларга диққат қаратилиб, улар ҳам рамзий маънога эга деб ёзиларди. Хўш, масалнинг тафсилотларига кўп диққат қаратилгани боис, унинг асосий мақсади назардан четда қолганми? Бу саволга жавоб топиш муҳим эканини билиб оламиз.

4. а) Масалдаги куёв кимни тасвирлашини қаердан биламиз? б) Масалдаги қизлар кимни тасвирлашини-чи?

4 Келинг, Исо бу масални қай мақсадда айтганига эътибор қаратайлик. Аввало, ундаги қаҳрамонлар кимлигини муҳокама қилайлик. Масалдаги куёв ким? Исо ўзи ҳақида гапиргани аниқ. Сабаби, бошқа бир вазиятда у ўзини куёв деб атаган эди (Луқо 5:34, 35). Қизлар тўғрисида нима деса бўлади? Масалда, Исо қизларнинг зиммасига мойчироқларини ёқиб, куёвнинг келишига тайёр туриш масъулияти юклангани ҳақида айтган. Исо, «кичик пода» деб аталган мойланган издошларига шунга ўхшаш йўл-йўриқ берганини эслайлик. У, издошларига белига камар тақилган, мойчироқлари ёқилган, ўзлари эса, хўжайини никоҳ тўйидан қайтиб келишига тайёр бўлиб, кутиб турган хизматкорлардай бўлишлари кераклигини айтган (Луқо 12:32, 35, 36). Бундан ташқари, илоҳий руҳнинг таъсири остида ҳаворий Павлус ҳам Масиҳнинг мойланган издошларини пок бир бокира билан солиштирган (2 Кор. 11:2). Бундан кўриняптики, Исо Матто 25:1–13 даги масални мойланган издошларига маслаҳат ва огоҳлантириш сифатида келтирган.

5. Масал қайси вақтга тааллуқли эканини Исонинг қайси сўзларидан англаяпмиз?

5 Энди эса, Исонинг маслаҳати қайси вақтга тааллуқли эканини кўрайлик. Исо масалнинг сўнгида айтган сўзлари буни англашимизга кўмаклашади. У: «Куёв келибди»,— деб айтган (Мат. 25:10). «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 15 июль сонида муҳокама қилинганидай, Матто 24-, 25- бобларида ёзилган башоратда, Исонинг «келиши» ёки «қайтиши» тўғрисида саккиз марта айтиб ўтилган бўлиб, ҳар сафар юнонча сўзнинг ўша-ўша шакли қўлланилган. Бу сўзлар учраган ҳар бир жойда, Исо ҳукмни амалга ошириш ва бу ёвуз дунёни йўқ қилиш учун келадиган буюк қайғу пайтига ишора қилган. Хуллас, масал охирзамонга тааллуқли ва Исо буюк қайғу пайтида келади.

6. Матн таркибига эътибор қаратсак, Исо масални қай мақсадда келтирган?

6 Исо бу масални қай мақсадда келтирган? Масалнинг матн таркибини эслайлик. Матто 24- бобида Исо «ишончли ва ақлли хизматкор» тўғрисида муҳокама қилган. Бу хизматкор, охирзамонда Масиҳнинг издошлари орасида бошчиликни ўз зиммасига оладиган мойланган кишиларнинг кичик гуруҳи бўлиши керак эди. Исо уларни садоқатли қолиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди. Кейин эса, диққатини кўпроқ нарсага қаратган ва барча мойланган издошларини охирзамонда ҳушёр туриб, қимматбаҳо мукофотни йўқотмасликка ундаш учун масал айтиб берган  (Мат. 25:13). Ҳозир бўлса, масални яна бир эслаб, мойланганлар бу маслаҳатга қандай амал қилишаётганини кўриб чиқайлик.

МОЙЛАНГАНЛАР МАСАЛДАГИ МАСЛАҲАТНИ ҚАНДАЙ ҚЎЛЛАШЯПТИ?

7, 8. а) Ақлли қизлар қайси иккита фазилат туфайли шай туришган? б) Мойланган масиҳийлар тайёр турганини қандай кўрсатишмоқда?

7 Исо масалида асосий эътиборни ақлсиз қизлардан фарқли ўлароқ, ақлли қизлар куёвнинг келишига шай туришганига қаратган. Нега? Чунки улар иккита фазилатни, яъни тайёрлик ва ҳушёрликни намоён этишган. Қизлар кечаси бедор бўлиб куёвнинг келишини кутишлари, мойчироқларини ёнган ҳолда ушлаб туришлари ва ҳаяжонга солувчи воқеа содир бўлмагунича туни бўйи сергак туришлари керак эди. Ақлсиз қизларга қараганда, бешта ақлли қиз шай туриб, мойчироқлар билан бирга идишларида мой ҳам олиб келишган эди. Шунга ўхшаб, мойланган масиҳийлар ҳам шай туришибдими?

8 Албатта! Охирзамон давомида мойланган масиҳийлар ақлли қизлар каби йўл тутиб, охиригача ўз вазифасини садоқат ила бажаришга тайёрлар. Садоқат ила хизмат қилишнинг барча қирраларини инобатга олган ҳолда, вазифани бажариш учун Шайтон дунёсидаги кўпдан-кўп моддий имкониятларни рад этиш кераклигини улар яхши тушунишяпти. Бу кишилар ўзини Яҳовага ва Унга хизмат қилишга тўла бағишлаб, буни қандайдир сана ёки белгиланган муҳлат яқинлиги туфайли эмас, балки Аллоҳ ҳамда Унинг Ўғлини севиб, содиқ бўлишни истаганлари учун қилишяпти. Улар бу ёвуз дунёнинг руҳини ва унинг моддий, ахлоқсиз, худбин нуқтаи назарини рад этиб, бенуқсонликни сақлашмоқда. Улар доим ёриткичлар сингари порлаб, Куёвнинг келиши кечикаётгандай туюлса-да, жасорат ила тайёр туришибди (Филип. 2:15).

9. а) Қандай қилиб Исо мизғиш мойиллигидан огоҳлантирган? б) «Куёв келяпти!» — деган овозни эшитиб, мойланганлар қандай йўл тутишяпти? (Изоҳга қ.)

9 Қизларнинг шай туришига кўмаклашган иккинчи фазилат ҳушёрлик эди. Сергак туриш керак бўлган кечада айрим мойланган масиҳийлар ухлаб қолишлари мумкинмиди? Ҳа, мумкин эди. Исо, куёв кечикаётгандай туюлган пайтда «ҳамма қизлар мизғиб, ухлаб қолишибди», деганига эътибор қаратайлик. Одам ҳатто тайёр турса-да, заиф тана ғайратли бўлишга халақит қилишини Исо яхши тушунган. Шу боис, мойланган масиҳийлар огоҳлантиришга жиддий ёндашиб, сергак ва ҳушёр туриш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишган. Масалдаги барча қизлар ярим кечада: «Куёв келяпти!» — деган овозни эшитишган. Бироқ фақатгина ақлли қизлар ҳушёр туришган (Мат. 25:5, 6; 26:41). Замонамиздаги садоқатли мойланганлар ҳақида нима деса бўлади? Охирзамон мобайнида улар ҳам яққол янграётган: «Куёв келяпти!» — деган овозни эшитиб, унинг келишига шай туришибди *. Аммо масалнинг авж нуқтасида ўзгача вақтга диққат қаратилган. Бу қандай вақт экан?

АҚЛЛИЛАР УЧУН МУКОФОТ, АҚЛСИЗЛАР УЧУН ЖАЗО

10. Ақлсиз ва ақлли қизлар орасидаги гап борасида, қандай мураккаб савол юзага келяпти?

10 Масалнинг охирига бориб, ақлсиз  ва ақлли қизлар орасидаги гап борасида мураккаб савол юзага келяпти (Матто 25:8, 9 ни ўқинг). Қачон содиқ мойланганлар улардан кимдир ёрдам сўраганда, илтимосни рад этишган? Масал қайси вақтга тааллуқли эканини қайта кўриб чиқиш, саволнинг жавобини топишимизга кўмаклашади. Буюк қайғу якунига етай деганда, Куёв, яъни Исо ҳукм қилиш учун келиши ҳақидаги тушунчамиз ойдинлашганини эслайлик. Масалнинг бу қисми ҳукм қилиш авжига чиқмасидан олдин нимадир содир бўлишига ишора қиляпти, дейиш мумкинми? Ўша пайтда мойланганлар охирги муҳрни олади, деб тахмин қилишимиз мумкин.

11. а) Буюк қайғу бошланишидан сал олдин нима юз беради? б) Ақлли қизлар ақлсизларига бориб мой сотиб олишларини айтгани нимани англатади?

11 Демак, буюк қайғу бошланишидан олдин ер юзидаги барча содиқ мойланганларга охирги муҳр босилади (Ваҳ. 7:1–4). Бундан кейин уларнинг осмонга кетиши аниқ бўлади. Лекин буюк қайғу бошланмасидан олдинги йиллар тўғрисида бир ўйлаб кўринг. Мойланганлардан кимдир ҳушёрлик ва бенуқсонлигини сақлай олмаганида нима бўларди? Улар самовий мукофотидан маҳрум бўлишарди. Шуниси аниқки, улар буюк қайғу бошланишидан олдин қўйиладиган охирги муҳрни олиша олмасди. Ўша пайтга келиб, бошқа садоқатли кишилар уларнинг ўрнига муқаддас руҳ ила мойланишарди. Буюк қайғу бошланганида эса, ўша ақлсиз кишилар буюк Бобил яксон этилганини кўриб ҳайратда қолишлари мумкин. Эҳтимол, фақат шундагина улар Куёвнинг келишига тайёр эмасликларини тушуниб етишар. Ўша кеч бўлган пайтда, улар умидсизликдан ёрдам сўрашса нима бўлади? Исонинг масали бизга қатъий жавоб бермоқда. Ақлсиз қизлар мой сўраганида, ақлли қизлар беришмаган ва бориб сотиб олишларини айтишган. Бу воқеалар «ярим кечада» содир бўлганини эслайлик. Улар бу пайтда мой сотувчиларни топа олишармиди? Йўқ. Бунинг учун жуда кеч бўлганди.

12. а) Аввал мойланган бўлиб, охирги муҳр қўйилишидан олдин эса бенуқсонлигини йўқотган кишилар билан буюк қайғуда нима юз беради? б) Ақлсиз қизлар каби бўлиб чиққан кишиларнинг оқибати қандай бўлади?

12 Худди шундай, буюк қайғу пайтида содиқ мойланганлар садоқатни сақлай олмаган ҳар қандай кишига ёрдам бера олишмайди. Ўшанда ҳеч қандай ёрдам олишнинг иложи бўлмайди. Сабаби, жуда кеч бўлади. Охир-оқибат бундай кишилар билан нима юз беради? Исо, ақлсиз қизлар бефойда ишни бажаришга кетганларида нима бўлганини тушунтириб, шундай деган: «Куёв келибди. Тайёр турган қизлар куёв билан бирга никоҳ базмига киришлари биланоқ эшик ёпилиб қолибди». Буюк қайғу якунига етай деганида, Масиҳ ўз улуғворлигида келиб, садоқатли мойланганларни самода бирга йиғади (Мат. 24:31; 25:10; 1 Салон. 4:17). Ўшанда, ақлсиз қизлар каби бўлиб чиққан садоқатсиз кишилар учун эшик ёпилган бўлади. Натижада, улар: «Тақсир, тақсир, эшикни очинг!» — деб ёлворишади. Минг афсуски, улар ҳам эчкилар билан тенглаштирилган кишилар каби ҳукм пайтида: «Мен сизларни умуман танимайман»,— деган жавобни эшитишади (Мат. 7:21–23; 25:11, 12).

13. а) Нега Масиҳнинг кўпгина мойланган издошлари садоқатсиз бўлиб чиқади, деб хулоса қилиш нотўғри? б) Нима сабабли Исонинг огоҳлантиришини унинг аминлигидан далолат, деб билишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

13 Кўриб чиққанларимиз асосида қандай хулоса қилсак бўлади? Исо, кўпгина мойланган хизматчилари садоқатсиз чиқиб, уларнинг ўрнига бошқаларини танлаш кераклигини айтганми? Асло. У,  шунчаки «ишончли ва ақлли хизматкор» ҳеч қачон ёвуз хизматкорга айланмаслиги учун огоҳлантирган. Бироқ бу, у шундай натижани кутганини англатмайди. Демак, бу масал жиддий огоҳлантиришдан иборат бўлган. Бешта қиз ақлсиз ва бештаси ақлли бўлгани каби, ҳар бир мойланган масиҳий ё тайёр ва ҳушёр туришни, ё нодон ва садоқатсиз бўлишни танлаши мумкин. Ҳаворий Павлус ҳам мойланган имондошларига мурожаат қилиб, шунга ўхшаш огоҳлантириш берган (Ибронийларга 6:4–9 ни ўқинг; Қонунлар 30:19 ни солиштиринг). Павлуснинг огоҳлантириши жиддий бўлган, бироқ у севги ила биродару опа-сингиллари «яхшироқ» нарсаларга эришишида аминлигини билдирган. Худди шундай, Исо масали орқали огоҳлантириш бериб, севги ила аминликни изҳор қилган. Масиҳ ҳар бир мойланган хизматчиси садоқатли қолиб, ажойиб мукофотни олиши мумкинлигини билади.

МАСИҲНИНГ «БОШҚА ҚЎЙЛАРИ» ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛИШЛАРИ МУМКИН?

14. Нега «бошқа қўйлар» ҳам ўнта қиз ҳақидаги масалдан фойда олади дейиш мумкин?

14 Исо ўнта қиз ҳақидаги масални мойланган издошларига қарата айтган бўлса, «бошқа қўйлар» ундан ҳеч қандай фойда олмайди, деб ўйлашимиз керакми? (Юҳан. 10:16). Асло! Масалда оддийгина қилиб: «Ҳушёр туринглар»,— дейилган. Бу сўзлар фақатгина мойланганларга тегишлими? Бир марта Исо: «Сизларга айтаётганимни барчага айтаман: ҳушёр туринглар»,— деганди (Марк 13:37). Исо барча издошларига қалбларини садоқат ила хизмат қилишга тайёрлашларини ва ҳушёр туриш борасида ўша-ўша меъёрга амал қилишларини буюрган. Шундай қилиб, ҳамма масиҳийлар бу борада мойланганларнинг бошчилигига эргашиб, уларнинг яхши ўрнагига тақлид қилишлари ва хизматни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишлари лозим. Шунингдек, ҳар биримиз ақлсиз қизлар ақллиларидан бир оз мой беришни сўраганларини ёдда тутишимиз даркор. Уларнинг беҳуда илтимоси, ҳеч ким бизнинг ўрнимизга садоқатни сақлаб қола олмаслигини, бизнинг ўрнимизга ҳақиқатда тура олмаслигини ёки бизнинг ўрнимизга ҳушёр бўла олмаслигини эслатиб туради. Ҳар биримиз Яҳова тайинлаган адолатли Ҳакам олдида жавоб берамиз. Бунга тайёр туришимиз шарт. Зеро унинг келишига оз вақт қолди!

Бир оз мой бериш борасидаги илтимос, ҳеч ким ўрнимизга содиқ ёки ҳушёр бўла олмаслигини эслатади

15. Нега Масиҳнинг келажакдаги никоҳи Худонинг барча хизматчиларига қувонч бағишлайди?

15 Устига-устак, барча масиҳийлар Исонинг масалида келтирилган муҳим воқеадан фойда олишлари мумкин. Ахир қай биримиз келажакда кутилаётган никоҳдан қувонмаймиз? Мойланганлар самога кўтарилишади. Армагеддон жангидан сўнг улар Масиҳнинг келини бўлишади (Ваҳ. 19:7–9). Самода бўладиган бу никоҳ ер юзида яшовчи барчага фойда келтиради, чунки у ҳамма учун мукаммал ҳукумат ўрнатилишини кафолатлайди. Самода яшашга умид қиляпмизми ёки ердами келинг, ўнта қиз ҳақидаги масалдаги муҳим сабоқни ўзлаштиришга интилайлик. Илойим, қалбимизни тайёрлаш орқали шай ва ҳушёр туришга жон куйдирайлик. Шунда, Яҳова биз учун тайёрлаб қўйган ажойиб келажакдан баҳра оламиз!

^ 9- х.б. Масалда, «Куёв келяпти!» — деган (6- оят) овоз янграши билан куёв чиндан ҳам келиши ёки ҳозир бўлиши (10- оят) орасида муайян вақт ўтган. Охирзамон давомида ҳушёр турган мойланганлар Исонинг ҳозир бўлиш белгисини яққол кўришмоқда. Шунга кўра, улар Исо Самовий Шоҳликда бошқараётганини аниқ билишади. Бироқ Исо келмагунича улар ҳушёрликни сақлашлари лозим.