Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2015

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Мукофоти буюкроқ ишни топдик!

Мукофоти буюкроқ ишни топдик!

ГВЕН ва мен беш яшар бўлганимизда, рақс тушишни ўргана бошлаганмиз. Ўшанда биз ҳали таниш эмас эдик. Лекин катта бўлганимиз сайин, ҳар биримиз балет рақси соҳасида шуҳрат қозонишни истаганмиз. Деярли шуҳрат чўққисига чиққанимизда, иккаламиз ҳам ҳаммасидан воз кечдик. Нега дейсизми?

Дейвид: Мен 1945 йили Шропширда (Англия) туғилганман. Тинчгина қишлоқ жойда отамнинг фермаси бор эди. Мактабдан келиб, товуқларга дон бериш, тухумларни йиғиш, чорва молларни боқишни жуда ёқтирардим. Таътилларда эса, ўрим-йиғим ишларида кўмаклашиб, гоҳида тракторларимизни ҳайдардим.

Аммо ҳаёт мазмунига айланган бошқа қизиқишим ҳам бор эди. Отам, мен болалигимда мусиқани эшитган ҳар жойда рақсга тушиб кетганимга эътибор берганди. Шу боис, беш ёшлигимда, отам онамга мени чечётка рақсини ўрганиш учун маҳаллий рақс мактабига олиб боришни маслаҳат берган. Устозим, балет рақсида қобилиятли эканимни пайқаб, айнан ўша йўналишда менга таълим бера бошлаган. 15 ёшлигимда эса, Лондондаги нуфузли Қироллик рақс академиясида ўқиш учун грантни қўлга киритганман. У ерда Гвен билан танишганмиз ва бирга шерик сифатида рақс туша бошлаганмиз.

Гвен: Мен 1944 йили гавжум шаҳар Лондонда туғилганман. Болалигимда Худога қаттиқ ишонганман. Муқаддас Китобни ўқишга ҳаракат қилганман, бироқ уни тушунишга қийналганман. Ундан олдин беш яшарлигимда, рақс мактабида ўқишни бошлаганман. Олти йил ўтгач, Буюк Британиянинг турли жойларидан келган раққос ва раққосалар қатнашган танловда ғолиб чиққанман. Бунинг мукофоти эса Қироллик рақс академиясининг бошланғич синфида ўқиш эди. У Уайт Лодж, кўркам Георглар саройи бўлиб, Лондон четидаги Ричмонд Паркда жойлашганди. У ерда мен балет соҳасида машҳур бўлган устозлардан таълим олганман. 16 ёшимда, Лондон марказидаги Қироллик рақс академиясининг юқори синф талабаси бўлдим ва ўша ерда Дейвидни учратдим. Бир неча ойдан кейин, Лондондаги Ковент-Гарден, Қирол опера театрида Дейвид билан бирга балет рақсига тушганмиз.

Балет туфайли бутун дунё бўйлаб саёҳат қилганмиз

Дейвид: Ҳа, Гвен айтиб ўтганидай, машҳур Қирол опера театрида ва «Лондон фестивал балле» (ҳозир Инглиз миллий балети) труппаси билан рақсга тушганмиз. Балетмейстерларимиздан бири, бизни халқаро труппанинг иккита солисти сифатида танлаб, Вуппертальга (Германия) ўзи билан бирга олиб кетган. Ўша давр мобайнида, дунё бўйлаб турли театрларда Марго Фонтейн ва Рудольф Нуриев каби машҳур кишилар билан рақс тушганмиз. Шундай рақобатга тўла ҳаёт тарзи одамни фақат ўзини ўйлайдиган қилиб  қўяди. Биз ҳам ўзимизни рақсга бутунлайин бағишлагандик.

Гвен: Мен бутун фикр-хаёл ва вужудим билан рақсга берилгандим. Дейвид иккаламиз ҳам шуҳрат чўққисига эришиш пайида эдик. Дастхат ёзиш, гуллар олиш ва гулдурос олқишлар жону дилим эди. Театр оламида атрофим ахлоқсиз, чекадиган ва ичадиган кишиларга тўла эди. Касбдошларимга ўхшаб, мен ҳам омад туморларимга ишонардим.

ҲАЁТИМИЗ БУТУНЛАЙ ЎЗГАРДИ

Тўй кунимиз

Дейвид: Кўп йиллар рақс билан банд бўлиб, доим сафарда юришдан чарчадим. Фермада катта бўлганим учун, қишлоқдаги содда ҳаётни қўмсай бошладим. Шундай қилиб, 1967 йили балетни қолдириб, ота-онам уйидан узоқ бўлмаган катта фермада ишлай бошладим. Фермер, кичик бир уйни менга ижарага берадиган бўлди. Бир куни Гвенга қўнғироқ қилдим ва менга турмушга чиқишини сўрадим. Ўшанда у, театрда донғи кетган яккахон раққоса эди ва қарор чиқариш у учун мушкул бўлган. Лекин қишлоқ ҳаёти борасида кам билса-да, Гвен таклифимни рад этмай, рози бўлди.

Гвен: Тўғри, қишлоқ ҳаётига кўникишим ниҳоятда қийин эди. Об-ҳаво қандай бўлишига қарамай сигирларни соғиш, чўчқа ва товуқларни боқиш, мен билган ҳаётдан умуман фарқ қиларди. Дейвид қишлоқ хўжалиги соҳасида тўққиз ойлик курсда ўқиганида, уйга кеч келарди ва мен ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Ўшанда катта қизим Гилли туғилган эди. Дейвиднинг таклифи билан машина ҳайдашни ўргандим. Бир сафар қўшни шаҳарчага борганимда, Гаель исмли аёлни учратдим. Гаель маҳаллий дўконда ишлаганида, у билан танишгандик.

Фермада ўтказган илк йилларимиз

Гаель мени мулойимлик ила уйига чой ичишга таклиф қилганди. Биргалашиб тўй расмларини томоша қилдик ва битта расмда одамлар Йиғилиш Зали деб номланган бино ёнида турганини кўрдим. Шунда, бу қандай черков деб сўрадим. У, эри иккиси Яҳованинг Шоҳиди эканини айтганида, хурсанд бўлдим. Сабаби, битта аммам Яҳованинг Шоҳиди эди. Отам бунинг дастидан қанчалар ғазабланиб, норози бўлгани ва адабиётларини ахлатга ташлаб юборгани эсимда эди. Ўшанда, нега одатда хушмуомала бўлган дадам меҳрибон аммамга шу қадар қаттиқ жаҳл қилганини тушунмас эдим.

Охир-оқибат, аммамнинг эътиқоди черков таълимотларидан нимаси билан фарқ қилганини билиш имкони туғилди. Гаель, аслида Муқаддас Китобда нима деб ёзилганини менга кўрсатди. Учлик ва ўлмас жон каби анчагина таълимотлар Муқаддас Ёзувларга умуман зид эканини билиб, лол қолдим (Воиз 9:5, 10; Юҳан. 14:28; 17:3). Бундан ташқари,  илк бор Муқаддас Китобдан Худонинг исми Яҳова эканини кўрдим (Чиқ. 6:3).

Дейвид: Гвен билиб олганларини менга айтиб берарди. Болалигимда, дадам менга Муқаддас Китобни ўқишим кераклигини айтгани ёдимда эди. Гвен иккаламиз Гаель ва унинг эри Деррик билан Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлдик. Олти ой ўтгач, биз Озуэстрига (Шропшир) кўчиб ўтдик, чунки у ерда кичикроқ фермани ижарага олиш имони пайдо бўлганди. У ерда Дирдрей исмли бошқа ваъзгўй сабр-тоқат ила биз билан тадқиқни давом эттирган. Бошида маънан ўсишимиз секин кечганди. Сабаби, чорва молларни боқиш билан жуда банд эдик. Бироқ ҳақиқат, секин-аста қалбларимизда илдиз ота бошлаганди.

Гвен: Ирим-сиримлардан воз кечиш мен учун ниҳоятда катта қийинчилик туғдирган. Ишаё 65:11- оят, «“омад” бути учун дастурхон» ёзадиганларга нисбатан Яҳова қандай нуқтаи назарда эканини тушунишимга кўмаклашган. Бунинг учун вақт керак эди ва омад туморларимнинг баридан қутулиш учун ибодат қилардим. «Ким ўзини юқори тутса, пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса, юксалтирилади», деган сўзларни ўқиб, Яҳова қандай инсонларни ёқтиришини тушундим (Мат. 23:12). Биз учун ҳатто ягона Ўғлини тўлов сифатида бериб, ғамхўрлик қилаётган Худога хизмат қилиш истагим ошди. Ўшанда иккинчи қизимиз туғилди ва бутун оиламиз билан ер юзидаги жаннатда абадий яшашимиз мумкинлигини билиш мени жуда завқлантирди.

Дейвид: Муқаддас Ёзувлардаги башоратлар, масалан, Матто 24- боби ва Дониёр китобида ёзилганлар ажойиб тарзда амалга ошаётганини тушунганимда, бу чиндан ҳам ҳақиқат эканида амин бўлганман. Бу дунёдаги ҳеч нарса, Тангри Яҳова билан яқин муносабатларга тенг кела олмаслигини яхши тушундим. Шу йўсин, вақт ўтгач шуҳратпарастликни ҳам енгдим. Рафиқам ва қизларимнинг эҳтиёжларини ҳам инобатга олишим кераклигини англаб етдим. Филиппиликларга 2:4 га биноан, фақатгина ўзим ва каттароқ фермага эга бўлиш ниятим ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйламаслигим кераклигини тушундим. Аксинча, Яҳовага хизмат қилишни биринчи ўринга қўйишим лозим эди. Шунингдек, чекишни ташладим. Яна бир муаммо, шанба куни кечки пайт 10 километр нарида жойлашган жамоат учрашувига бориш осон бўлмаган, боиси айнан ўша пайтда сигирларни соғиш керак эди. Лекин Гвеннинг ёрдами билан биз ҳеч қачон йиғилишларимизни қолдирмаганмиз. Ҳар якшанба куни эрталаб, сигирларни соғиб бўлгач, қизларимиз билан бирга хизматга боришни канда қилмас эдик.

Қариндош-уруғларимизга ҳам ўзгарганимиз хуш келмаган. Гвеннинг отаси у билан олти йил давомида гаплашмай юрган. Менинг ота-онам ҳам, Яҳованинг Шоҳидлари билан алоқани узишимизга ҳаракат қилишган.

Гвен: Яҳова Таоло бизга ушбу муаммоларни енгишимизга ёрдам берган. Ўша пайтда, «Озуэстри» жамоатидаги имондошларимиз янги оиламизга  айланган эди ва қийинчиликларда бизни меҳр ила қўллаб-қувватлашган (Луқо 18:29, 30). Биз ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, 1972 йили сувга чўмганмиз. Имкон қадар кўпгина кишилар ҳақиқатни билиб олишини хоҳлардим ва шу сабабли кашшофлик хизматини бошлагандим.

МУКОФОТ КЕЛТИРГАН ЯНГИ ИШ

Дейвид: Йиллар давомида фермада жисмоний оғир иш билан банд эдик. Шундай бўлса-да, Яҳовага топинишда қизларимизга яхши ўрнак кўрсатишга интилардик. Давлат пул билан таъминлашни камайтирганида, фермани қолдиришимизга тўғри келди. Уй ва ишсиз қолганимизда, кенжа қизалоғимиз бор-йўғи 1 ёшда эди. Тангри Яҳовага ибодат қилиб, ёрдам ва йўл-йўриқ сўраганмиз. Шунда, оиламизни таъминлаш ниятида рақс мактабини очиб, истеъдодимизни ишга солдик. Маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйиш қароримиз кейинчалик яхши самара келтирди. Учта қизимиз ҳам мактабни битиргач, кашшофликни бошлаганида роса хурсанд бўлганмиз. Гвен ҳам кашшоф эди. Шунинг учун, ҳар куни қизларимизни қўллаб-қувватлай оларди.

Катта қизларимиз Гилли билан Дениз турмушга чиққанларидан кейин, рақс мактабини ёпдик. Филиалга хат ёзиб, қаерда ёрдам беришимиз мумкинлигини сўрадик. Бизни Англиянинг жануби-шарқидаги шаҳарчаларга жўнатишди. Ўшанда фақат кенжа қизимиз Дебби биз билан қолгани туфайли, мен ҳам кашшофликни бошладим. Беш йилдан сўнг, бизни узоқ шарқ ҳудудидаги бошқа жамоатларга тайинлашди. Дебби ҳам оила қурди. Биз эса ўн йил мобайнида халқаро қурилиш ишида иштирок этиш шарафига муяссар бўлиб, Зимбабве, Молдавия, Венгрия ҳамда Кот-д’Ивуарда хизмат қилдик. Кейин эса Лондонда Байтил қурилишида қатнашиш учун Англияга қайтдик. Авваллари Байтилнинг ўз фермаси бўларди ва қишлоқ хўжалик ишларида тажрибага эга бўлганим учун мени у ерда ёрдам беришга таклиф қилишди. Ҳозирги кунда, биз Англиянинг шимоли-ғарбида кашшоф бўлиб хизмат қиляпмиз.

Халқаро қурилиш ишларида ҳисса қўшиш бизга қувонч келтирган

Гвен: Ўзимизни биринчи бўлиб бағишлаган ишимиз, яъни балет жуда ёқимли, аммо ўткинчи эди. Иккинчи ва муҳимроқ ишга — ўзимизни Яҳовага хизмат қилишга бағишлаганимиз улкан қувонч келтириб, абадий давом этади. Дейвид билан ҳали ҳам шерикмиз, бироқ ҳозир рақс тушишнинг ўрнига биргалашиб кашшофлик қиляпмиз. Кўп одамларга қимматбаҳо ва ҳаётбахш ҳақиқатни билиб олишларига ёрдам бериб, чинакам бахтга эришдик. Ушбу «тавсияномалар» бу дунёдаги ҳар қандай машҳурликдан ҳам афзалроқдир (2 Кор. 3:1, 2). Ҳақиқатни топмаганимизда, ҳозир фақатгина хотиралар, эски расмлар ва собиқ касбимиздан қолган театр дастурчаларига эга бўлардик, холос.

Дейвид: Яҳованинг ишида банд бўлиш, ҳаётимизга катта ўзгаришлар киритди. Бунинг бари, яхши эр ва ота бўлишимга ҳисса қўшди. Муқаддас Китобдан Марям, шоҳ Довуд ва бошқа кишилар рақсга тушиб, бахтиёрлигини ифодалашганини билиб оляпмиз. Биз ҳам, Яҳованинг янги дунёсида кўпгина бошқа инсонлар билан бирга хурсандлигимиздан рақсга тушишни орзу қиляпмиз (Чиқ. 15:20; 2 Шоҳ. 6:14).