Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2015

Тангри Яҳова умумжаҳон таълим бериш ишини бошқармоқда

Тангри Яҳова умумжаҳон таълим бериш ишини бошқармоқда

Мен Эгангиз Худоман! Яхши бўлинг, деб сизларга йўл-йўриқ кўрсатаман, юрадиган йўлларингиздан етаклайман. ИШАЁ 48:17

1. Қайси омиллар ваъзгўйлик ишини қийинлаштирган?

МУҚАДДАС КИТОБ ТАДҚИҚОТЧИЛАРИ * 19 асрнинг охири ва 20 асрнинг бошида ниҳоятда кўп қийинчиликларга дуч келишган. Биринчи асрдаги масиҳийлар каби, улар ҳам унча таниқли бўлмаган хабарни эълон қилишган. Уларнинг сони озгина бўлиб, бу дунёдаги инсонларнинг назарида олий маълумотли бўлишмаган. Қолаверса, улар Шайтон Иблиснинг «мудҳиш қаҳр-ғазабига» дучор бўлишган (Ваҳ. 12:12). Ушбу имондошларимиз, «ниҳоятда оғир вақтлар» дея таъриф берилган «охирзамонда» ваъзгўйлик фаолиятини олиб боришган (2 Тим. 3:1).

2. Ҳозирги кунда воизлик ишини давом эттиришимизга Яҳова қандай кўмаклашмоқда?

2 Тангри Яҳова, Унинг халқи хушхабарни бизнинг кунларимизда мисли кўрилмаган даражада эълон этишини ният қилган. Бу амалга ошишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Яҳова қадимги Исроил халқини Бобилдан халос қилганидай, ҳозир ҳам сохта дин империяси бўлмиш «Буюк Бобилдан»  Ўз хизматчиларини ҳимоя қилмоқда (Ваҳ. 18:1–4). Аллоҳ, шахсан ҳар биримизга яхши бўлиши учун бизни ўргатиб, орамизда тинчлик ҳукм суришига ва Унинг таълимотларини ўзгалар билан бўлишишимизга кўмаклашмоқда (Ишаё 48:16–18 ни ўқинг). Яҳова фаолиятимизни бошқараётгани, ваъз қилишимизга ёрдам бериш учун дунёдаги ҳодисаларни доим ўзгартиришини англатмайди. Тўғри, гоҳида дунёда содир бўлаётган воқеалар шоҳидлик бериш ишимизни осонлаштиради. Бироқ Шайтоннинг ёлғон дунёси туфайли биз дуч келаётган вазиятларни, жумладан қувғин ва бошқа қийинчиликларни фақатгина Яҳованинг кўмаги билан енгиб, ваъз қила оламиз (Ишаё 41:13; 1 Юҳан. 5:19).

3. Қай йўсин Дониёр пайғамбарнинг башорати амалга ошмоқда?

3 Яҳова Дониёр пайғамбар орқали охирзамонда билим кўпайишини башорат қилган (Дониёр 12:4 ни ўқинг). Узоқ вақт мобайнида христиан олами дастидан Муқаддас Ёзувлардаги асосий таълимотлар ноаниқ бўлиб келган. Лекин Яҳова, Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларига ушбу таълимотларни тушунишга ёрдам берган. Ҳозирги замонда У, аниқ билим бутун жаҳон бўйлаб тарқалиши учун Ўз халқидан фойдаланяпти. Шубҳасизки, Дониёр пайғамбарнинг башорати амалга ошмоқда. 8 000 000 га яқин инсонлар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўзлаштириб, дунё аро уни эълон қилишмоқда. Келинг, уларга бунинг уддасидан чиқишга ёрдам бераётган баъзи омилларга диққат қаратайлик.

МУҚАДДАС КИТОБНИНГ ТАРЖИМАСИ

4. Муқаддас Китоб 19 асрда қанчалик кенг тарқалган эди?

4 Хушхабарнинг бутун дунёда шу қадар кенг тарқалишига ҳисса қўшган омиллардан бири — Муқаддас Китобнинг мавжудлиги. Асрлар давомида, христиан олами вакиллари одамлар Муқаддас Китобни ўқишини хоҳламаган, ўқиганларни эса таъқиб қилган. Ҳатто, уни таржима қилган баъзи инсонларнинг ўлимида айбдор бўлишган. Аммо 19 аср мобайнида, Муқаддас Китоб жамиятлари бу китобни тўлиқ ёки қисман деярли 400 тилда нашр этган. Ўша асрнинг охирида, кўпгина кишиларда ўзининг Муқаддас Китоби бор бўлган, бироқ у ердаги таълимотларни улар аниқ тушунишмаган.

5. Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни таржима қилиш учун қандай ишни олиб боришмоқда?

5 Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Худо Каломидаги таълимотларни ваъз қилиш кераклигини билишган ва буни жон-жаҳди билан бажаришган. Бунинг учун улар Муқаддас Китобнинг турли таржималарини қўллаб, уларни тарқатишган. 1950 йилдан эътиборан «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»ни тўлиқ ёки қисман 120 дан ошиқ тилларда нашр этишган. 2013 йилда инглиз тилида қайта кўриб чиқилган «Янги дунё таржимаси» туфайли Муқаддас Китобни бошқа тилларга ўгириш осонроқ кечяпти. Бунинг устига, аниқ ва ўқилиши осон бўлган Муқаддас Китоб таржимасини қўллаш ваъзгўйлик ишини бажаришга кўмаклашмоқда.

ТИНЧЛИК ПАЙТИ

6, 7. а) Сўнгги 100 йил мобайнида урушлар қанчалик кенг тарқалган? б) Айрим мамлакатлардаги нисбатан тинч шароит ваъзгўйлик ишимизга қандай фойда келтирди?

6 Эҳтимол сиз: «Қандай тинчлик ҳақида гап кетиши мумкин?» — деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Сабаби, 20 асрнинг ўзида урушлар, айниқса иккита жаҳон уруши мобайнида миллионлаб кишилар ҳаётидан айрилган. Лекин Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан 1942 йилда, Яҳованинг Шоҳидларига етакчилик қилган Нейтан Норр биродаримиз анжуманда «Тинчлик — қачонгача бўлади?» номли нутқ сўзлаган. Ушбу нутқда у, Ваҳий 17- бобдан яққол далиллар келтириб, айрим кишилар ўйлашганидай уруш Армагеддонга эмас, аксинча тинчлик вақтига етаклашини айтган (Ваҳ. 17:3, 11).

 7 Албатта, Иккинчи жаҳон уруши мутлақ тинчлик олиб келмади. Бир ҳисоботга кўра, 1946 ва 2013 йиллар орасида 331 та ҳарбий тўқнашув юз берган. Миллионлаб кишилар вафот этган. Лекин ўша йиллар давомида кўпгина мамлакатларда нисбатан тинчлик ҳукм сурган ва Яҳованинг халқи бундан фойдаланиб, хушхабарни эълон қилган. Қизиқ, улар қандай самарага эришди? Масалан, 1944 йили бутун дунёда бор-йўғи 110 000 ваъзгўй бўлган. Ҳозир эса, уларнинг сони деярли 8 000 000 га етди! (Ишаё 60:22 ни ўқинг). Тинч шароит остида хушхабарни ваъз қилиш имкони бўлса, бундан миннатдор бўламиз, шундай эмасми?!

САЁҲАТ ҚИЛИШДАГИ ҚУЛАЙЛИКЛАР

8, 9. Саёҳат қилиш нима туфайли осонроқ бўлган ва нега бу фаолиятимизга фойда келтирган?

8 Транспорт воситалари соҳасида кузатилган ривожланиш ваъзгўйлик фаолиятимизда қўл келди. «Қўриқчи минораси» журналининг илк сони чоп этилганидан тахминан 21 йил ўтгач, 1900 йили бутун Қўшма Штатларда бор-йўғи 8 000 та автомобиль рўйхатдан ўтган ва фақатгина бир неча юз километр йўллар қўлланилишга яроқли эди. Бугунга келиб, дунё аро бир ярим миллиарддан зиёд автомобиль рўйхатга олинган ва миллионлаб километр йўллар мавжуд. Машина ва йўллар туфайли аксариятимиз олис ҳудудларда яшовчи одамларга хушхабарни етказа оламиз. Ҳатто саёҳат қилиш осон бўлмаган ва узоқ йўл юриш керак бўлган ҳудудда яшасак ҳам, инсонларнинг ёнига бориб, ваъз қилиш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз (Мат. 28:19, 20).

9 Бошқа транспорт воситалари ҳам бизнинг ишимизга фойда келтирмоқда. Юк машиналари, кемалар ва поездлар ёрдамида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни олис ҳудудларга бир неча ҳафта ичида етказиш мумкин. Самолётлар эса, туман нозирлари, Филиал қўмитаси аъзолари, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ҳамда бошқа имондошларимиз анжуманга ёки вазифаларни бажариш учун тезда етиб боришига имкон беряпти. Устига-устак, Етакчи кенгаш аъзолари ва Бош идорамиздаги бошқа биродарлар имондошларимизга далда ва йўл-йўриқ бериш мақсадида кўпгина мамлакатларга учиб боришади. Буларнинг бари, Яҳованинг халқи орасида тинчлик ҳукм суришига кўмаклашади (Заб. 132:1–3).

ТИЛ ВА ТАРЖИМА

10. Нега инглиз тили халқаро деб ҳисобланади?

10 Биринчи асрда Рим империясида койне юнон тили кенг тарқалган эди. Хўш, бугунги кунда қайси тил кенг тарқалган? Кўпларнинг фикрича, бу инглиз тили. Бир китобда шундай  дейилган: «Дунёдаги аҳолининг тўртдан бир қисми инглиз тилини билиб, унда бемалол сўзлаша олади» («English as a Global Language»). Деярли ҳамма ерда инглиз тилини ўргатишади, боиси иқтисод, сиёсат, илм-фан ва техник соҳаларида бу тил халқаро деб ҳисобланади.

11. Яҳова Шоҳидларининг фаолиятига инглиз тилининг қандай фойдаси бор?

11 Кенг кўламда фойдаланиладиган инглиз тили соф топинишда ҳам қўл келган. Масалан, «Қўриқчи минораси» ва Муқаддас Китобга асосланган бошқа адабиётларимиз биринчи бўлиб инглиз тилида чоп этилган. Бу тил, Яҳова Шоҳидларининг Бош идорасининг расмий тилидир. Қўриқчи Минораси Жамиятининг Паттерсонда жойлашган ўқув-таълим марказида (АҚШ, Нью-Йорк) талабаларга таълим берилаётганда, асосан инглиз тили қўлланилади.

12. Адабиётларимиз нечта тилга ўгирилади ва қай йўсин компьютер соҳасидаги қулайликлар бунга ҳисса қўшмоқда?

12 Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни барча халқларга ваъз қилиш шарафига эга эканмиз, адабиётларимиз тахминан 700 тилга таржима қилинади. Компьютер соҳасидаги қулайликлар, жумладан кўп тилларда нашр этиш электрон системаси (MEPS)нинг ривожланиши улкан фаолиятимизни қўллаб-қувватламоқда. Ушбу ҳаракатлар туфайли Шоҳлик хабари тарқалиб, бутун дунёдаги имондошларимиз орасида якдиллик бўлишига ҳисса қўшмоқда. Аммо орамиздаги ҳамжиҳатликнинг асосий сабаби — Муқаддас Китобдаги ҳақиқат, яъни «соф тилда» гапираётганимиздадир (Зафаниё 3:9 ни ўқинг) *.

ҚОНУНЛАР ВА СУД ҚАРОРЛАРИ

13, 14. Қандай қилиб қонун ва суд қарорлари бизга кўмаклашмоқда?

13 Олдинги мақолада айтилганидай, илк масиҳийлар Рим империяси бўйлаб амал қилган қонундан фойда олишган. Шу сингари, ҳозирги масиҳийлар қонуний ҳуқуқлардан фойдаланишади. Мисол учун, Бош идорамиз жойлашган Қўшма Штатларнинг конституцияси дин, нутқ ва учрашувлар борасида эркинликни кафолатлайди. Бу туфайли, Қўшма Штатлардаги Яҳованинг Шоҳидлари бемалол йиғилиб, Муқаддас Китобни муҳокама қилишади ва ўрганганларини бошқалар билан баҳам кўра олишади. Лекин хушхабарни ваъз қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун гоҳида судга мурожаат қилишга эҳтиёж пайдо бўлган (Филип.  1:7). Қўшма Штатларидаги Яҳованинг Шоҳидлари ҳукумат томонидан қаршиликка дуч келганда, Шоҳлик ваъзгўйлари сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш ниятида юқори суд инстанцияларига қайта-қайта мурожаат қилишган.

14 Бошқа мамлакатлардаги судларда ҳам, Яҳовага эркин топинишимиз ҳамда ваъзгўйлик қилиш ҳуқуқимизни ҳимоялайдиган қарорлар чиқарилган. Айрим суд жараёнларида мағлубиятга дуч келганмиз, аммо халқаро судларга мурожаат қилганмиз. Масалан, 2014 йили июнь ойида инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 57 та иш бўйича бизнинг фойдамизга қарор чиқарган ва бунга, Европа Кенгаши таркибига кирган барча мамлакатларда амал қилинади. Гарчи, ҳамма халқлар биздан нафратланса-да, кўпгина мамлакатлардаги қонунлар Яҳова Таолога топинишимизга имконият яратмоқда (Мат. 24:9).

БИЗГА КЎМАКЛАШАЁТГАН КАШФИЁТЛАР

Барча одамларда Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар бўлишига ғамхўрлик қиляпмиз

15. Нашр этиш соҳасида нималар кашф этилган ва бу бизга қандай фойда келтирди?

15 Нашр этиш соҳасидаги кашфиётлар ҳам жаҳон бўйлаб хушхабарнинг ёйилишига ҳисса қўшган. Асрлар мобайнида, одамлар Иоганн Гутенберг исмли кашфиётчи тахминан 1450 йилларда ихтиро қилган чоп этиш усулидан фойдаланиб келишган. Аммо ўтган икки аср давомида, бу соҳада бир қанча ўзгаришлар юз берган. Босма машиналари янада катта, тезкор ва сифатлироқ бўлди. Қоғоз ишлаб чиқариш ва муқовалаш ишлари ҳам арзонлашди. Чоп этиш усулининг ўрнига офсет босма (текис босма усули) қўлланиладиган бўлди, шу йўсин, нашр этиш иши тезлашиб, адабиётларнинг сифати ҳам яхшиланди. Хўш, буларнинг бари фаолиятимизга қандай таъсир қилди? Қуйидагиларга аҳамият берайлик: «Қўриқчи минораси» журналининг илк сони 1879 йил июль ойида расмларсиз ва фақатгина инглиз тилида 6 000 нусхада нашр этилган эди. Ҳозир эса, 136 йил ўтгач, «Қўриқчи минораси» журналининг ҳар бир сони 50 000 000 дан ошиқ нусхада чоп этилиб, тарқатилади. Шуни айтиш жоизки, у ёрқин рангларда тасвирланган кўркам расмларга бой бўлиб, 200 дан зиёд тилда нашр этилади.

16. Жаҳон бўйлаб воизлик ишини амалга оширишимизга қайси кашфиётлар ёрдам бермоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

16 Сўнгги 200 йил мобайнида, Яҳованинг Шоҳидлари хушхабарни тарқатишига қўл келган кашфиётларга диққат қаратайлик. Масалан, поезд, машина ва самолётларни юқорида айтиб ўтдик, лекин бунинг устига велосипед, босма машина, Брайль шрифтида нашр этиш учун қўлланиладиган мослама, телеграф, телефон, камера, аудио ва видео ёзиш асбоблари, радио, телевидение, кино лавҳалар, компьютер ва Интернет ҳам мавжуд. Буларнинг ёрдамида, шогирд орттириш топшириғимизни амалга ошира оляпмиз. Муқаддас Китобда башорат этилганидай, Аллоҳнинг халқига «элатларнинг бойликлари» фойда келтиряпти. Бу дегани, замонавий техник воситаларини донолик ила қўллаб, Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни кўпгина тилларда нашр этиб келяпмиз (Ишаё 61:6 ни ўқинг).

17. а) Кўриб чиққанларимиздан қандай хулоса қилса бўлади? б) Нега Яҳова Унинг «хизматдошлари» бўлишимизга ижозат бермоқда?

17 Шуниси аниқки, Аллоҳ бизга баракаларини ёғдириб келмоқда! Тўғри, Яҳова Унинг ниятларини бажарилиши учун бизнинг ёрдамимизга муҳтож эмас. Шундай бўлса-да, меҳрибон самовий Отажонимиз биз Унинг «хизматдошлари» бўлишимизга ижозат бермоқда. Шу тариқа, Унга ҳамда яқинларимизга бўлган севгимизни намоён эта оламиз (1 Кор. 3:9; Марк 12:28–31). Шоҳлик хабарини эълон қилиш имкониятларидан фойдаланиб, ер юзидаги энг муҳим фаолиятни бажарсак бўлади. Келинг, Тангри Яҳова умумжаҳон таълим бериш ишини бошқариб, баракалар ато этаётганидан миннатдор бўлайлик!

^ 1- х.б. 1931 йилда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари, Яҳованинг Шоҳидлари деб номланадиган бўлишди (Ишаё 43:10).

^ 12- х.б. Зафаниё 3:9, ЯДТ: «Ўшанда Мен халқларга соф тил ато этаман, токи улар Яҳова исмини чақириб, Унга елкама-елка хизмат қилишсин».