Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2015

Исонинг камтарлиги ва шафқатига эргашинг

Исонинг камтарлиги ва шафқатига эргашинг

Масиҳ ҳам сизлар учун азоб чекиб, унинг изидан оғмай юришингиз учун ўрнак кўрсатди. 1 БУТР. 2:21

1. Нега Исога эргашиш Яҳовага яқинлаштиради?

ОДАТДА инсон, ўзи ёқтирган одамга ва унинг юриш-туришига тақлид қилишга мойил бўлади. Ер юзида яшаган барча инсонлар орасида айнан Исо Масиҳ тақлид қилишимизга арзигулик. Нега энди? Зеро, бир сафар Исонинг ўзи: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айтган (Юҳан. 14:9). Исо Отасининг фазилатларини шунчалик мукаммал тарзда акс эттирганки, уни кўрган Аллоҳни кўргандай бўлган. Дарҳақиқат, Исодан ибрат олганимиз сайин, коинотдаги энг улуғ Шахс Яҳовага яқинлашамиз. Исонинг фазилатлари ва юриш-туришига эргашиш мукофотлар келтиради!

2, 3. а) Нега Яҳова Ўғли ҳақида анчагина маълумот ёзилишига ғамхўрлик қилган ва У биздан нимани кутади? б) Бу ва кейинги мақолаларда нимани муҳокама қиламиз?

2 Исо қандай инсон бўлганини қаердан биламиз? Бахтимизга, Исо ҳақида илоҳий илҳом остида ёзилган анчагина маълумот мавжуд. Яҳова, биз Унинг Ўғлини таниб-билишимизни хоҳлаб, бундай маълумотни Инжил орқали тақдим этган. Шу йўсин, биз унга тақлид қила оламиз (1 Бутрус 2:21 ни ўқинг).  Муқаддас Китобда, Исо қолдирган ўрнаги «из» билан таққосланади. Тангри Яҳова биз Исога эргашиб, унинг изидан юришимизни истайди. Албатта, Исо бизга мукаммал ўрнак қолдирган ва мукаммалликка эришишимизга ҳали анча бор. Шундай бўлса-да, Яҳова Исонинг изидан мукаммал тарзда юришимизни талаб қилмайди. Аксинча, Отамиз биз гуноҳкор бандалар сифатида бор қобилиятимизни ишга солиб, Унинг Ўғлига эргашишимизни кутади.

3 Келинг, Исонинг ажойиб фазилатларининг айримларини кўриб чиқайлик. Бу мақолада, камтаринлик ва шафқат, кейингисида эса, жасорат ва ақл-идрок фазилатларини муҳокама қиламиз. Уларнинг ҳар бири ҳақида гап кетганида, қуйидаги учта саволнинг жавобини топамиз: «У нимани англатади? Исо уни қай йўсин намоён этган? Биз унга қандай тақлид қила оламиз?»

ИСОНИНГ КАМТАРИНЛИГИ

4. Камтарликни сиз қандай таърифлардингиз?

4 Камтарлик қандай фазилат? Ушбу кибр-ҳавоси баланд дунёда баъзиларнинг фикрича, камтарлик бу заифлик ёки ишончсизлик демакдир. Кўпинча, бунинг акси бўлиб чиқади. Негаки, камтарликни намоён этиш куч ва жасоратни талаб этади. Бу фазилатга «мағрурлик ва манманликнинг акси», деган таъриф берилади. Инжилда «камтаринлик» деб таржима қилинган сўз «ўй-фикрларда камтарин» бўлишни назарда тутади (Филип. 2:3). Камтаринлик, ўзимиз ҳақимизда қандай фикрда эканимиздан бошланади. Муқаддас Китобнинг бир луғатида айтилишича, «камтаринлик, Аллоҳ олдида ўзимизни қанчалик арзимас деб тан олишимиздан иборат экан». Худонинг олдида чиндан ҳам камтарин бўлсак, ўзимизни имондошларимиздан устун қўйишдан ҳам қочамиз (Рим. 12:3). Номукаммал инсонлар учун камтаринликни ривожлантириш осон эмас. Лекин Тангрининг назарида қандай инсон эканимиз ҳақида фикр юритсак ва Ўғлининг изидан юрсак, камтарин бўлишни ўрганамиз.

5, 6. а) Бош фаришта Микоил ким? б) Қай йўсин Микоил камтарин нуқтаи назарни намоён этган?

5 Хўш, Исо қай йўсин камтаринликни намоён этган? У доим, осмонда қудратли руҳий шахс бўлганда ҳам, ер юзида мукаммал инсон бўлганида ҳам, камтарин эди. Айрим мисолларга эътибор қаратайлик.

6 Нуқтаи назарида. Муқаддас Китоб ёзувчиси Яҳудо, Исонинг ер юзига келишидан олдин юз берган мисолни баён этган (Яҳудо 9 ни ўқинг). Бош фаришта Микоил, яъни Исо ёвуз шахс «Иблис билан баҳслашиб, у билан рози бўлмаган». Бу масала, «Мусонинг жасади» билан боғлиқ. Эсингизда бўлса, Мусонинг ўлимидан сўнг Яҳова унинг жасадини номаълум жойга дафн этган (Қонун. 34:5, 6). Эҳтимол, Иблис Мусонинг жасадидан фойдаланиб, сохта сиғинишни ташкил этмоқчи бўлгандир. Иблиснинг мақсади қанчалар ёвуз бўлмасин, Микоил жасоратли бўлиб қолди. Бир луғатга кўра, «баҳслашиш» ва «рози бўлмаслик» юнончада «судда бўладиган баҳс-мунозарага нисбатан ҳам қўлланилади». Демак Микоил, «Иблис Мусонинг жасадини олишга ҳаққи йўқлиги борасида баҳс-мунозара юритганига» ишора қилиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, Бош фаришта бу масалада ҳукм чиқариш унинг қўлида эмаслигини тан олган. Аксинча, мазкур масалани ечишни коинотнинг Олий Ҳаками Яҳовага қўйиб берган. Микоил ҳатто иғво қилинишига қарамай, унга берилган бошқарувнинг чегарасидан чиқмаган. Қаранг, қанчалар камтарин нуқтаи назар!

7. Қандай қилиб Исо ҳам нутқи, ҳам ҳаракатларида камтаринликни намоён этган?

7 Исо ер юзида хизмат қилган пайтда, ҳам нутқида, ҳам ҳаракатларида асл камтаринликни намоён этган. Нутқида. У ҳеч қачон ўзига ҳаддан ташқари эътибор қаратмаган. Аксинча, бутун шон-шарафни  Отасига йўллаган (Марк 10:17, 18; Юҳан. 7:16). Исо шогирдларига ўзини баланд олиб ёки уларни пастга уриб гапирмаган. У доим уларнинг ҳурматини жойига қўйган, яхши томонларини мақтаган ва уларга ишонишини таъкидлаган (Луқо 22:31, 32; Юҳан. 1:47). Ҳаракатларида. Исо, кўпдан-кўп моддий нарсалардан холи содда ҳаёт кечиришни танлаган (Мат. 8:20). У, одатда хизматкорлар қиладиган юмушларни тайёрлик ила бажарган (Юҳан. 13:3–15). Қолаверса, у итоаткорлиги билан чинакам камтаринликни намоён этган (Филиппиликларга 2:5–8 ни ўқинг). Итоаткорликдан нафратланадиган такаббур инсонлардан фарқли ўлароқ, Исо камтарлик ила ўзига нисбатан Аллоҳнинг иродасини бажариб, «ўлимигача итоатли бўлди». Ҳа, инсон Ўғли бўлмиш Исо «соддадил» бўлгани аниқ! (Мат. 11:29).

ИСОНИНГ КАМТАРИНЛИГИГА ЭРГАШИНГ

8, 9. Қандай қилиб камтарона нуқтаи назарни намоён эта оламиз?

8 Исо намоён этган камтаринликка биз қай йўсин тақлид қила оламиз? Нуқтаи назаримизда. Камтаринлик, бизга берилган ҳокимият чегарасидан ўтиб кетишимизга йўл қўймайди. Ҳукм қилиш ҳуқуқимиз йўқлигини тан олсак, ўзгаларни хатолари учун дарров танқид қилмаймиз ёки ниятларини шубҳа остига қўймаймиз (Луқо 6:37; Ёқб. 4:12). Камтаринлик шунингдек, «қонунпараст бўлма», деган маслаҳатга риоя қилишимизга кўмаклашади. Бу эса, бизда бор қобилият ёки шарафли вазифаларга эга бўлмаган кишиларга паст назар билан қарамасликка ёрдам беради (Воиз 7:16). Камтарин оқсоқоллар ҳам ўзларини имондошларидан юксак, деб ҳисоблашмайди. Бунинг ўрнига, оқсоқол бошқаларни ўзидан устун қўйиб, ўзини паст олиб юради (Филип. 2:3; Луқо 9:48).

9 Келинг, У. Ж. Торн биродаримизни эслайлик. У 1894 йилдан бошлаб пилигрим, яъни кўчма нозир бўлиб хизмат қилган. Йиллар давомида бу хизматда иштирок этгач, у Нью-Йоркнинг шимолида Гилад мактаби жойлашган фермага таклиф этилган ва товуқхонада меҳнат қилган. Акамиз шундай деб бўлишди: «Ўзимга бино қўя бошлаганимда, ҳар доим ўзимни худди бурчакка қўйгандай: “Сен бор-йўғи бир чанг зарраси бўлсанг, кеккаядиган ниманг бор ўзи?” — деб айтардим» (Ишаё 40:12–15 ни ўқинг). Қанчалар камтарона нуқтаи назар-а?!

10. Қандай қилиб камтаринликни нутқимиз ва ҳаракатларимизда намоён эта оламиз?

10 Нутқимизда. Агар соддадил бўлсак, сўзларимизда камтаринлик акс этади (Луқо 6:45). Бошқалар билан мулоқот қилаётиб, ютуқларимиз ва шарафли вазифаларимизга диққат қаратишдан йироқлашамиз (Ҳик. 27:2). Аксинча, имондошларимизнинг яхши тарафларини излаб, ижобий фазилати, қобилияти ва ютуқлари учун мақтаймиз (Ҳик. 15:23). Ҳаракатларимизда. Худонинг камтарин хизматчилари бу дунёда машҳур бўлиб кетишга интилмайдилар. Улар содда ҳаёт кечириб, бу дунёдагиларнинг фикрича одатда хизматкорлар қиладиган юмушларни ҳам бажаришади. Шу йўсин, улар имкон борича Яҳовага тўла равишда хизмат қила олишади (1 Тим. 6:6, 8). Энг муҳими эса, итоаткор бўлиб камтаринликни намоён эта оламиз. Ўй-фикрларда камтарин бўлиш, жамоатда «раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солишни» ҳамда Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган йўл-йўриққа амал қилишни ўз ичига олади (Иброн. 13:17).

ИСО ШАФҚАТЛИ БЎЛГАН

11. Шафқатли бўлишнинг маъноси қандай эканини тушунтиринг.

11 Шафқат бу қандай фазилат? Бу фазилат, «бировга ҳам мурожаат қилаётганда, ҳам жавоб бераётганда ижобий туйғуларни ифодалашда» намоён бўлади. Шунингдек, у севгининг бир қирраси бўлиб, ҳамдардлик ва ачиниш каби «ижобий туйғулар» билан  чамбарчас боғлиқ. Муқаддас Китобда бу фазилат «меҳр-шафқат», «раҳмдиллик» ва «севги» сифатида тилга олинган (Луқо 1:78; 2 Кор. 1:3; Филип. 1:8). Ҳамдардликни намоён этишга ундов борасида Муқаддас Китобнинг бир луғатида қуйидагича ёзилган: «Ушбу ундов, муҳтож бўлган инсонларнинг ёнида бўлишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу, бошқаларнинг ҳаёти яхшиланиши ва янги йўналишда давом этиши учун муайян ҳаракатларни қилиб, уларга етарлича ғамхўрлик кўрсатишимиз кераклигини англатади». Демак, шафқатли бўлиш ҳаракатга ундайдиган кучдир. Бу хислатни намоён этган одам, ўзгаларнинг ҳаётини яхшилашга интилади.

12. Исо ўзгаларга шафқатли бўлгани нимадан кўринган ва бу туфайли у қандай йўл тутган?

12 Исо шафқатни қай йўсин намоён этган? Шафқатли туйғу ва ҳаракатларида. Исо бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатни кўрсатган. Мисол учун, акаси Лазарнинг ўлими туфайли Марям ва у билан келганлар йиғлаётганини кўрганда, ҳамманинг олдида Исонинг «кўзидан ёш оқди» (Юҳанно 11:32–35 ни ўқинг). Кейин, бева аёлнинг ўғлини тирилтирганида бўлгани каби, Исо чин юракдан ачиниб Лазарни ҳам ҳаётга қайтарди (Луқо 7:11–15; Юҳан. 11:38–44). Исонинг бундай шафқатли ҳаракати туфайли, Лазар ҳам осмонда яшашга умиди бор кишиларнинг қаторига киргандир. Бундан сал аввалроқ, Исо ёнига келган халойиққа ачинган эди. Шафқатни намоён этиб, «уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади» (Марк 6:34). Унинг таълимотларини қабул қилган ҳар қандай инсон учун, бу, ҳаётни ўзгартирган воқеа бўлгани турган гап! Эътибор берган бўлсангиз, Исонинг шафқати шунчаки туйғуда эмас, ўзгаларга ёрдам беришда ташаббус кўрсатганида намоён бўлди (Мат. 15:32–38; 20:29–34; Марк 1:40–42).

13. Қандай қилиб Исо бошқаларга шафқат ила гапирган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

13 Шафқатли сўзларида. Исонинг шафқатли қалби уни бошқаларга, айниқса оёғости қилинган кишиларга шафқат ила гапиришга ундарди. Ҳаворий Матто Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги сўзларини Исога нисбатан қўллаган: «Эзилган қамишни синдирмайди, тутаётган пиликни ўчирмайди» (Ишаё 42:3; Мат. 12:20). Исо, букик қамиш ёки липиллаётган пилик сингари бўлган инсонларнинг руҳини кўтариб гапирган. Устозимиз, «хаста қалбларга шифо берадиган» умидбахш хабарни ваъз қилган (Ишаё 61:1). Қолаверса, у «заҳмат чекаётганлар ва оғир юк остида юрганларни» ҳам олдига келишга таклиф этиб, бу билан: «Жонларингиз роҳат топади»,— деб ишонтирган (Мат. 11:28–30). Исо издошларини Аллоҳ ҳар бир хизматчисига, жумладан «кичикларга», яъни дунёнинг назарида аҳамиятсиз саналган одамларга ҳам ғамхўрлик қилишига ишонтирган (Мат. 18:12–14; Луқо 12:6, 7).

ИСОНИНГ ШАФҚАТИГА ЭРГАШИНГ

14. Қандай қилиб бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатни ривожлантирса бўлади?

14 Шафқатли бўлишда Исонинг ўрнагига қандай қилиб эргаша оламиз? Шафқатли туйғуларимизда. Бундай туйғуларни намоён этиш биз учун табиий эмасдир, лекин Худонинг Каломи бизни уларни ривожлантиришга ундаяпти. Меҳр-шафқат фазилати, янги ўзликнинг бир қисми бўлиб, барча масиҳийлардан уни намоён этиш кутилади (Колосаликларга 3:9, 10, 12 ни ўқинг). Қандай қилиб бошқаларга нисбатан меҳр-шафқатни ривожлантирса бўлади? Муқаддас Китобда: «Бағрингизни кенг қилинглар»,— деган маслаҳат бор (2 Кор. 6:11–13). Бирон киши ҳис-туйғулари ва ташвиши билан бўлишаётганда, диққат ила тингланг (Ёқб. 1:19). Фараз қилиб, ўзингизга: «Шундай вазиятда бўлганимда, ўзимни қандай ҳис қилган бўлардим? Мен нимага муҳтож бўлардим?» — деган саволларни бериб кўринг (1 Бутр. 3:8).

15. Букик қамиш ёки липиллаётган пилик сингари бўлган инсонларга ёрдам бериш учун нималар қилишимиз мумкин?

 15 Шафқатли ҳаракатларимизда. Бу хислат бизни бошқаларнинг, айниқса букик қамиш ёки липиллаётган пилик сингари бўлган инсонларнинг ҳаётига ўзгариш киритишга ундайди. Хўш, уларга қандай қилиб кўмаклаша оламиз? Римликларга 12:15 да: «Йиғлаётганлар билан йиғланглар»,— деб ёзилган. Руҳи тушган одамлар сўзларимиздан кўра, ачинишимизга кўпроқ муҳтож бўлиши мумкин. Масалан, қизидан айрилиб, имондошларимиздан тасалли олган бир опамиз шундай деб бўлишди: «Дўстларим келиб, мен билан биргаликда шунчаки йиғлашгани учун ниҳоятда миннатдорман». Албатта, савоб ишларни қилиб ҳам севгимизни кўрсата оламиз. Уйини таъмирлашда бирон ёрдам керак бўлган бева опамизни биласизми? Ёки бўлмаса, жамоат учрашувларига, хизматга ёхуд шифокорга олиб боришда муҳтож бўлган қария имондошларимизни-чи? Ҳатто меҳрга тўла кичик ҳаракатлар муҳтож бўлган биродару опа-сингилларимизнинг ҳаётига катта ўзгаришлар киритишга қодир (1 Юҳан. 3:17, 18). Энг муҳими, хизматда тўла равишда қатнашиб, ўзгаларга бўлган меҳр-шафқатни намоён эта оламиз. Бу, самимий инсонларнинг ҳаётига ўзгаришлар киритишнинг энг аъло йўлидир!

Имондошларингизга чин юракдан ғамхўрлик кўрсатяпсизми? (15- хатбошига қ.)

16. Кўнгли чўккан кишига далда бериш мақсадида нима қилсак бўлади?

16 Шафқатли сўзларимизда. Бошқаларга нисбатан севги бизни «руҳи тушганларга тасалли беришга» чорлайди (1 Салон. 5:14). Шунга ўхшаш одамларга далда бериш мақсадида нима деб айтсак бўлади? Самимий ғамхўрлигимиз билан уларнинг руҳини кўтара оламиз. Шунингдек, чин юракдан мақтаб, ўзларидаги яхши фазилатлари ва қобилиятларини кўришларига кўмаклашамиз. Яҳованинг назарида қадрли бўлгани учун, уларни Ўғли орқали Ўзига жалб қилганини эслатсак бўлади (Юҳан. 6:44). Устига-устак, Яҳова Ўзининг «кўнгли чўккан» ва «руҳан эзилган» хизматчиларига бефарқ эмаслигига уларни ишонтиришимиз мумкин (Заб. 33:19). Меҳр-шафқатга бой сўзларимиз тасаллига муҳтож бўлган одамлар учун малҳамдайдир (Ҳик. 16:24).

17, 18. а) Яҳова, оқсоқоллар сурувига қандай муносабатда бўлишларини кутади? б) Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

17 Оқсоқоллар, Яҳова сизлар Унинг сурувига раҳм-шафқат ила муносабат қилишингизни кутади (Ҳавор. 20:28, 29). Унутмангки, сиз Худонинг қўзичоқларини озиқлантириш, уларга далда ва ором бериш масъулиятига эгасиз (Ишаё 32:1, 2; 1 Бутр. 5:2–4). Бундан ташқари, севгини намоён этадиган оқсоқол сурувга ҳукмронлик қилмайди, қонунлар ўрнатмайди ёки айбдорлик ҳиссини уйғотиб, шароитлари йўл қўймаётган вазиятда ҳам кўпроқ қилишга ундаб босим ўтказмайди. Аксинча, у қалбларига қувонч бахш этиб, улар Яҳовага бўлган севгиси туфайли имкон қадар тўлақонли хизмат қилишади деб ишонади (Мат. 22:37).

18 Исонинг камтаринлиги ва шафқатига эргашсак, унинг изидан оғмай юришимиз шубҳасиз. Келаси мақолада, Исога хос бўлган жасорат ва ақл-идрок фазилатларини муҳокама қиламиз.