Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2015

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Нью-Йоркда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Нью-Йоркда

БИР НЕЧА йил олдин Сезар ва унинг хотини Росио Калифорнияда фаровон ҳаёт кечиришарди. Сезар биноларда иситиш, совитиш ва ҳавони тозалаш тизими бўйича тўлиқ кун, хотини эса шифохонада ярим кун ишларди. Уларнинг ўз уйи бўлган ва болалари йўқ эди. Аммо уларнинг ҳаётини ўзгартирган бир нарса юз берди. Қизиқ, бу нима экан?

2009 йили октябрда Қўшма Штатлардаги филиал, мамлакатдаги ҳамма жамоатларга хат юборди. Бу хатда Уолкиллдаги (Нью-Йорк) Байтилни кенгайтиришда малакали ихтиёрий ишчилар вақтинчалик хизматга таклиф қилинган эди. Ҳатто, ёшлари одатда Байтил хизмати учун мос келмайдиган имондошларимиз ҳам бундай таклифни олишган. Сезар билан Росио шундай деб бўлишди: «Ёшимиз туфайли Байтилда хизмат қилиш имкони бошқа бўлмаслигини билардик. Шунинг учун, бу фурсатни қўлдан бой бермадик!» Бу жуфтлик хизмат учун дарров ариза тўлдирди.

Уорикда ишлаётган айрим ихтиёрий хизматчилар

Бир йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, Сезар ва Росиони Байтилга таклиф қилишмади. Бунга қарамасдан, улар мақсадига эришиш йўлида, ҳаётини соддалаштириш учун қўшимча қадамлар қўйишди. Сезар шундай деб айтди: «Уйимизни яна бирон кишига ижарага бериш учун гаражимизни бир хонали уйга айлантирдик. Гап шундаки, бор-йўғи бир неча йил олдин орзуйимиздаги 200 квадрат метрлик уйни қуриб битирган эдик ва бу уйдан 25 квадрат метрлик бир хонага кўчдик. Бундай ўзгаришлар Байтилда хизмат қилиш таклифини қабул қилишимизга ёрдам берадиган бир қадам эди». Хўш, кейин нима юз берди? Росио қуйидагича деди: «Битта хонали уйчамизга кўчганимиздан бир ой ўтгач, бизни Уолкиллда вақтинча хизмат қилишга таклиф қилишди. Шуни аниқ англадикки, ҳаётимизни соддалаштириш орқали Яҳова бизга барака беришига йўл қўйдик».

Жейсон, Сезар ва Уильям

УЛАРНИНГ ФИДОЙИЛИК РУҲИ МУКОФОТЛАНДИ

Сезар ва Росио каби юзлаб имондошларимиз Нью-Йорк штатидаги қурилиш ишида иштирок  этиш учун фидойилик кўрсатишди. Уларнинг айримлари Уолкиллдаги кенгайтириш ишини қўллаб-қувватлашяпти, аксарияти эса Уорикдаги Бош идора қурилишида ёрдам бериш шарафига эга бўлишди *. Кўп жуфтликлар Яҳовага янада тўла равишда хизмат қилиш учун шинамгина уй, яхши иш ва ҳатто уй ҳайвонларини қолдиришган. Яҳова бундай фидойилик руҳини мукофотладими? Албатта!

Вей

Масалан, Вей электрик бўлиб ишлайди. Унинг ва хотини Дебранинг ёши 50 дан ошган. Улар Канзасдаги уйини ва кўпгина мулкини сотиб, уйидан қатнайдиган байтилчи * сифатида ёрдам бериш учун Уолкиллга кўчишган. Гарчи улар бунинг учун ҳаётида ўзгаришлар қилишига тўғри келган бўлса-да, бу, қурбонликларга арзишини ҳис қилишган. Дебра Байтилдаги хизмати ҳақида шундай деб бўлишди: «Баъзан ўзимни, адабиётларимизда тасвирланган жаннат лойиҳасини амалга ошираётганлар қаторида бўлгандек ҳис қиламан».

Уорикда ёрдам бера олиш учун Мелвин билан Шэрон Жанубий Каролинадаги уйини ва мулкини сотишган. Шу каби қурбонликларга бориш осон бўлмаса-да, бундай тарихий лойиҳада қатнашишни ўзлари учун шараф деб билишган. Улар шундай деб айтишди: «Умумжаҳон ташкилотга фойда келтирадиган ишда иштирок этаётганимизни билиш қувонч келтиради. Бу ажойиб туйғу!»

Кеннет

Қурувчи бўлиб нафақага чиққан Кеннет ва хотини Морин 50 ёшлар атрофида. Улар Уорикда хизмат қилиш учун Калифорниядан кўчишди. Кўчиб ўтишдан аввал, улар жамоатдаги опамиздан уйига қараб туришни, қариндошларидан эса Кеннетнинг қария отасига ғамхўрлик қилишини сўрашган. Улар Байтилдаги хизмат учун қилган қурбонликларидан афсусланишяптими? Йўқ! Кеннет: «Биз ғоят кўп фойда олдик. Бу, қийинчиликлар туғдирдими? Ҳа, албатта. Аммо биз мукофотга бой ҳаёт кечиряпмиз ва бошқаларга бу хизмат турида иштирок этишни чин кўнгилдан тавсия қиламиз»,— деди.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганларнинг кўпи муайян қийинчиликларни енгган. Мисол учун, 60 ёшлар атрофида бўлган Уильям ва Сандра Пенсильванияда ҳаётдан завқланиб яшашган. Уларнинг автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи корхонаси бўлган ва у ерда 17 киши ишларди. Улар болалигидан униб-ўсган жамоатида хизмат қилишарди ва аксарият қариндошлари ҳам ўша ҳудудда яшар эди. Уолкиллда хизмат қилиш имконияти пайдо бўлганида, қадрли бўлган деярли ҳамма нарсани ва барчани қолдириб кетишга тўғри  келишини тушунишарди. «Шубҳасизки, биз учун энг катта қийинчилик ҳар жиҳатдан қулай ҳаётимиздан воз кечиш эди»,— деб бўлишди Уильям. Бироқ кўп ибодат қилгандан кейин эр-хотин кўчишга қарор қилди ва бундан ҳеч ҳам афсусланишмаяпти. Уильям шундай деб давом этди: «Бу ишда қатнашиш ва Байтил оиласи билан ҳамкорлик қилиш хурсандчилигига ҳеч нарса тенг кела олмайди. Сандра икковимиз ҳар қачонгидан ҳам бахтиёрмиз!»

Уолкиллда ишлаётган айрим жуфтликлар

Гавайи оролида қурилиш бошқарувчиси бўлган Рикини, ўз уйидан Байтилга қатнайдиган тўла вақтли хизматчи сифатида Уорикга таклиф қилишди. Хотини Кендра, эри бу таклифга рози бўлишини хоҳлаганди. Аммо хавотирланишга жиддий сабаби, яъни ғамхўрлик қилиш керак бўлган Жейкоб исмли 11 яшар ўғли бор эди. Улар Нью-Йорк штатига оиласи билан кўчиш доно қарор бўлармиди ва ўғли бутунлай янги муҳитга мослаша оладими, деб ташвишланишган.

Рики шундай деб бўлишди: «Маънан етук ёшлар кўп бўлган жамоатни топиш муҳим мақсадларимиздан бири эди. Жейкобнинг кўп яхши дўсти бўлишини истагандик». Буни қарангки, бу оилани болалар кам, аммо бир нечта байтилчи бўлган жамоатга тайинлашибди. Рики қуйидагича деди: «Биринчи марта йиғилишдан кейин, айниқса тенгдошлари бўлмагани учун, янги жамоат ҳақида ўғлимнинг фикрини сўрадим. У бўлса менга: “Ташвишланманг дадажон, ёш байтилчи биродарлар дўстларим бўлишади”,— деди».

Жейкоб ва ота-онаси жамоатидаги байтилчилар билан мулоқот қилишдан хурсандлар

Ҳақиқатан ҳам, ёш байтилчилар Жейкоб билан дўстлашишди. Бунинг натижаси қандай бўлди? Рики шундай деб айтди: «Бир сафар кечқурун ўғлимнинг хонаси олдидан ўтиб кетаётиб, чироғи ҳали ўчирилмаганини кўрдим. Уни компьютер ўйинини ўйнаб ўтирибди десам, у Муқаддас Китобни ўқиётган экан! Жейкобдан нима қилаётганини сўраганимда, у: “Мен ёш байтилчиман ва бир йил ичида Муқаддас Китобни ўқиб чиқаман”,— деб жавоб берди». Шуни айтиш жоизки, бу жуфтлик нафақат Рики Уорикдаги қурилишда қатнашаётганидан, балки кўчиш ўғлининг маънан ўсишига ҳисса қўшаётганидан ҳам хурсанд бўлди (Ҳик. 22:6).

КЕЛАЖАК ҲАҚИДА ҚАЙҒУРМАГАНЛАР

Луис ва Дейл

Уолкилл ва Уорикдаги қурилишлар яқинда тугайди ва ёрдамга келганлар Байтилдаги хизмати вақтинча эканини тушунишади. Хўш, бу биродару опа-сингилларимиз энди қаерга борамиз ёки нима қиламиз деб ташвишланяптими? Асло! Кўплар, Флоридадан бўлган ўрта ёшли иккита жуфтликнинг фикрига қўшилади. Қурилиш бошқарувчиси Жон ва рафиқаси Кармен Уорикда вақтинчалик кўнгилли ёрдамчи сифатида хизмат қилишади.  Улар шундай деб бўлишди: «Шу пайтгача, Яҳова бизнинг турли эҳтиёжларимизга қандай ғамхўрлик қилганини кўрдик. Яҳова бизни бу ерга, кейинчалик ташлаб қўйиш учун олиб келмаганини аниқ биламиз» (Заб. 118:116). Яна бир мисол, ўт ўчириш соҳаси бўйича ишлайдиган Луис ва унинг хотини Кеня Уолкиллда хизмат қилишади. Улар шундай деб бўлишди: «Биз бундан олдин ҳам Яҳова сахийлик ила моддий эҳтиёжларимизни қондирганини кўрганмиз. У буни қандай, қачон ва қаерда қилишини билмаймиз, аммо шунда аминмизки, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишда давом этади» (Заб. 33:11; 36:25).

 «МАРҲАМАТИМНИ СЕРОБ ҚИЛИБ ЁҒДИРАМАН»

Жон ва Мелвин

Нью-Йоркдаги қурилиш ишларида қатнашганлар, ихтиёрий хизматчи бўлмаслик учун сабаб топишлари мумкин эди. Лекин Яҳова барчамизни Уни синаб кўришга таклиф қилаётган экан, улар ҳам бунга амал қилишди. Яҳова шундай демоқда: «Мени синаб кўринглар,.. шунда кўрасизлар, Мен осмон қопқаларини очаман. Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман» (Мал. 3:10).

Сиз ҳам Яҳовани синаб кўриб, Унинг мўл-кўл баракаларини ўзингизда ҳис қилишни истайсизми? Унда, қурилиш ишлари Нью-Йоркда бўладими ёки бошқа жойдами, уларда иштирок этишдан қувонч топиш учун нималар қила олишингизни ибодат ила ўйлаб кўринг ва Яҳова сизни қандай мукофотлашига шахсан амин бўлинг (Марк 10:29, 30).

Гэри

Алабамадан келган қурувчи уста Дейл ва рафиқаси Кэти бу турдаги хизматни ҳаммага тавсия қилишади. Уолкиллда ихтиёрий хизматда иштирок этаётиб, улар шундай дейишди: «Агар қулайликлардан воз кечиш учун жасорат топсангиз, Яҳованинг руҳини амалда кўриш имконига эга бўласиз». Бу турдаги хизматга ўзингизни тақдим этиш учун нималар қилиш керак? Дейл: «Ҳаётингизни соддалаштиринг, соддалаштиринг ва яна соддалаштиринг. Бундай қилсангиз ҳеч қачон афсусланмайсиз!» — деди. Шимолий Каролинадан келган Гэри 30 йил давомида қурилиш бошқармасида ишлаган. У ва хотини Мориннинг айтишича, Уорикда хизмат қилиб олган баракаларидан бири, «Яҳовага Байтилда хизмат қилиш учун ҳаётини бағишлаган кўплаб ажойиб биродару опа-сингиллар билан танишиш ва ишлаш» экан. Гэри қўшиб қўйди: «Байтилда хизмат қилиш учун содда ҳаёт кечириш керак. Бу эса, ушбу замонадаги энг яхши ҳаёт йўли». Иллинойсда электротехника билан таъминлаш соҳасида ишлаган Жейсон ва рафиқаси Женифер, Уолкиллдаги Байтилнинг қурилишида иштирок этиш ҳақида: «Янги дунёда бўладиган қурилишда иштирок этгандай бўласиз»,— дейишди. Женифер яна шуларни қўшимча қилди: «Яҳова қилаётган ҳар қандай ишингизни қадрлашини ва У ҳозирлаб қўйган келажакка ҳисса қўшаётганингизни билиш катта қувонч бағишлайди. Яҳова, сиз ниҳоятда бой бўлишингизга Ўзи ғамхўрлик қилади».

^ 6- х.б. 2014 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 12–13- саҳ. қ.

^ 7- х.б. Вақти-вақти билан ёрдам берадиган байтилчи ҳафтада бир ёки кўпроқ кун хизмат қилади ва ўзини уй-жой билан таъминлаб, харажатларини ўзи қоплайди.