Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2015

Сўнмас севгининг иложи борми?

Сўнмас севгининг иложи борми?

Севгининг учқунлари олов учқунларидай, ловуллаган алангадайдир. ҚЎШИҚ 8:6

1, 2. Гўзал қўшиқ китобини синчковлик билан муҳокама қилишдан кимлар фойда топади ва нега? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

«УЛАР бир-бирига меҳр билан қараб, қўлларини майин ушлаб туришибди! Улар бир-бирини қаттиқ севишига ким ҳам шубҳа қиларди?!» Бу фикрлар ҳозиргина никоҳ нутқини сўзлаган биродарнинг хаёлидан ўтяпти. Келин ва куёв рақс тушиш учун, назокат билан даврага чиқишяпти. Биродар уларга ёрдам бера олмайди, бироқ уни: «Уларнинг никоҳи вақт синовидан ўта олармикан? Йиллар ўтиб, севгилари янада мустаҳкамланадими ёки секин-аста сўниб қоладими?» — деган саволлар қизиқтиряпти. Агар бу севги синовларга дош берса, демак эр-хотин орасидаги муҳаббат чинакам экани шубҳасиздир! Тўғри, бугунги кунда кўп никоҳлар бузилиб кетяпти, бироқ бу, сўнмас севгининг иложи йўқ деб ўйлашга сабаб бўла олмайди.

2 Ҳатто, Исроил шоҳи Сулаймон яшаган даврда ҳам чин севги камёб бўлган. Ўз давридаги ахлоқий аҳволни тасвирлаб, Сулаймон шуларни ёзган: «Минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим. Аммо мана бу бир нарсани англадим, қаранг, Худо инсонни тўғри қилиб яратган,  лекин у ҳар хил қабиҳ режалар тузади» (Воиз 7:26–29). Асосан Баалга сиғинувчи ажнабий аёлларнинг таъсири дастидан, ўша даврда ахлоқий меъёрлар шунчалик тушиб кетган эдики, Сулаймон учун яхши ахлоқли эркагу аёлни топиш қийин бўлган *. Аммо у, деярли 20 йил илгари ёзган Гўзал қўшиқ номли шеърий асарда, эркак ва аёл ўртасидаги сўнмас севги мавжудлигини кўрсатган. Шунингдек, бу асарда севги нималиги ва қандай намоён бўлиши ёрқин тарзда тасвирланган. Ушбу китобни синчковлик билан муҳокама қилиб, Яҳованинг турмуш қурган-қурмаган хизматчилари сўнмас севги ҳақида кўп нарсани ўрганиб олишлари мумкин.

ЧИН СЕВГИ БОР!

3. Нега эркак ва аёл ўртасида чинакам севги бўлишининг иложи бор?

3 Гўзал қўшиқ 8:6 ни ўқинг. Муқаддас Китобнинг бошқа таржималарида бу оятда «Яҳнинг алангаси» ибораси ишлатилган. Бу ибора, севги кенг қамровли тушунча эканини тасвирлаш учун қўлланилган. Чин севги — «Яҳнинг алангаси», чунки унинг манбаи Яҳованинг Ўзидир. Худо одамни Ўз суратига кўра, севиш қобилияти билан яратган (Ибт. 1:26, 27). Аллоҳ илк аёл Момоҳавони Одаматонинг олдига олиб келганида, у туйғуларини қисқача шеър тарзида изҳор этган. Шубҳасиз, Момоҳаво ҳам Одаматога меҳр қўйган, ахир у эридан яратилган эди-да (Ибт. 2:21–23). Яҳова бошиданоқ инсониятга севиш қобилиятини бергани учун, эркак ва аёл ўртасида чинакам севги бўлишининг иложи бор.

4, 5. Гўзал қўшиқ китобида ёзилган ҳикояни қисқача айтиб беринг.

4 Эркак ва аёл орасида севгининг абадий ва чидамли бўлишидан ташқари, унинг бошқа қирралари ҳам мавжуд. Айнан шулар Гўзал қўшиқ китобида чиройли тарзда тасвирлаб берилган. Шунам қишлоғидан бўлган қизнинг чўпон йигитга нисбатан севгиси ҳақда ҳикоя қилувчи қўшиқ, опера матнига ўхшатиб ёзилган. Сулаймоннинг қароргоҳидан унча узоқ бўлмаган узумзорда қоровуллик қилаётган қизни унинг ёнига олиб келишади, чунки шоҳ қизнинг гўзаллигига мафтун бўлган эди. Бироқ бошиданоқ қиз чўпонни севиши равшан бўлади. Сулаймон қизнинг севгисини қозонишга қанчалик уринмасин, қиз севгилиси билан бўлишни жуда истаётганини очиқчасига айтади (Қўшиқ 1:3–13). Чўпон, қизни қароргоҳда топади ва улар бир-бирига бўлган севгисини гўзал сўзлар билан изҳор этишади (Қўшиқ 1:14–16).

5 Сулаймон қизни олиб Қуддусга қайтади, чўпон эса уларнинг ортидан боради (Қўшиқ 4:1–5, 8, 9). Сулаймон қизнинг муҳаббатига эришиш учун қилган барча ҳаракатлари бесамар кетади (Қўшиқ 6:4–7; 7:1–10). Охир-оқибат шоҳ, қиз уйига кетишига ижозат беради. Севгилиси «худди кийикдай» ёнига елиб келишини исташи ҳақидаги қизнинг сўзлари билан қўшиқ якунланади (Қўшиқ 8:14).

6. Нега асарнинг қаҳрамонларини аниқлаш қийин кечиши мумкин?

6 Маъноли ва чиройли қилиб ёзилган Сулаймоннинг «гўзал қўшиғида» келтирилган диалог, монолог ва орзулар кимга тегишли эканини аниқлаш осон эмас (Қўшиқ 1:1). Муқаддас Китобнинг бир изоҳли луғатига кўра, «бу китобда асосий эътибор сюжет, ҳикоя, воқеалар қай тартибда  ривожланиши ва қаҳрамонларга қаратилмаган» («The New Interpreter’s Dictionary of the Bible»). Китобхон лирик асарни ўқишдан баҳра олишига халақит бермаслик учун қаҳрамонларнинг исмлари ёзилмаган бўлиши мумкин. Бироқ ким гапираётганини, улар нима деяётганидан ва уларга нима деб айтилаётганидан аниқласа бўлади.

«СЕВГИНГ ШАРОБДАН ҲАМ ШИРИНРОҚДИР»

7, 8. Гўзал қўшиқдаги севги изҳорлари ҳақида нима деса бўлади? Мисол келтиринг.

7 Гўзал қўшиқ китобида қиз ва чўпоннинг бир-бирига севги изҳорлари тез-тез учрайди. Ушбу севги ифодалари 3 000 дан ошиқ йил аввал Шарқда айтилгани боис, замонавий ўқувчига бироз ғалати туюлиши мумкин. Бироқ улар маънога тўла бўлиб, изҳор этилган туйғулар ҳам бизга бегона эмас. Масалан чўпон, қизни мақтаб, унинг назокатли кўзларини «кабутар» кўзларига ўхшатган (Қўшиқ 1:14). Қиз эса йигитнинг кўзларини кабутарнинг ўзига ўхшатган (Гўзал қўшиқ 5:12 ни ўқинг). Ёрининг оқ рангли кўз соққасидаги қорачиқлари қиз учун сутда чўмилаётган кабутарлар каби чиройли кўринган.

8 Гўзал қўшиқдаги севги ифодаларининг ҳаммаси ҳам ташқи гўзалликка эътибор қаратмаган. Масалан чўпон, қизнинг тили борасида нима деганини кўриб чиқайлик (Гўзал қўшиқ 4:7, 11 ни ўқинг). У, қизга: «Лабларингдан бол томар» ҳамда «aсал ва сут тилинг остида»,— деб айтган. Бу иборалар, унинг сўзлари худди асал ва сут каби ёқимли ва яхши эканини кўрсатмоқда. Чўпон, қизга: «Ҳар жиҳатдан гўзалдирсан... сенда ҳеч қандай нуқсон йўқ»,— деганида, ташқи гўзалликдан кўра кўпроқ нарсани назарда тутган.

9. а) Эр-хотин орасидаги севги нимани ўз ичига олади? б) Нега турмуш ўртоқлар бир-бирига севгисини изҳор этишлари муҳим?

9 Никоҳ, севги ва меҳрдан холи шартнома ёки расмий келишув эмас. Севги — масиҳий оилаларни ажратиб турадиган белгидир. Аммо бу қандай турдаги севги? Бу Муқаддас Китоб меъёрларига асосланган севгими? (1 Юҳан. 4:8). У оила аъзолари бир-бирига кўрсатадиган меҳрни ўз ичига оладими? Ушбу севги яқин дўстлар орасидаги илиқ муносабатлардан иборатми? (Юҳан. 11:3). Бу, ишқий севгими? (Ҳик. 5:15–20). Аслида, эр-хотинлар ўртасидаги чин ва кучли муҳаббат севгининг ҳамма турларини ўз ичига олади. Севги изҳор этилганида, уни яхшироқ ҳис қилиш мумкин. Шундай экан, турмуш ўртоқлар бир-бирига меҳрини изҳор этишга кундалик ишлар халал қилишига йўл қўймасликлари лозим. Бундай севги изҳорлари никоҳни ҳимоя қилиб, бахтли бўлишга ҳисса қўшади. Баъзи маданиятларда йигит ва қиз бир-бирини деярли танимаса ҳам, қариндошларнинг келишуви билан турмуш қуради. Бундай вазиятда бир-бирига бўлган севгиси ўсиб, никоҳи гуллаб-яшнаши учун улар севгисини сўзда изҳор этишлари жуда муҳим.

10. Жуфтлик бир-бирига севги изҳор қилиб туришининг қандай фойдаси бор?

10 Жуфтлик бир-бирига севги изҳор қилиб туришининг бошқа фойдали томони ҳам бор. Шоҳ Сулаймон шунамлик қизга «тилладан безаклар, кумушдан тақинчоқлар» ясаттириб беришни таклиф қилган. Шоҳ қизни «тўлин ойдай гўзал, қуёшдай ёрқин» эканини айтиб, мақтовлар ёғдирган (Қўшиқ 1:8–10; 6:10). Лекин қиз ўзининг севгилиси чўпонга содиқ қолган. Ушбу айрилиқ пайтларида унга нима куч ва далда бағишлаган? Буни қизнинг сўзларидан  билса бўлади (Гўзал қўшиқ 1:1, 2 ни ўқинг). Чўпоннинг севги изҳорлари унинг ёдида эди. Қиз учун бу изҳорлар қалбни қувонтирадиган «шаробдан ҳам ширинроқ», севгилисининг исми бошга суртиладиган «атир мойларидан» ҳам ёқимлироқ бўлган (Заб. 22:5; 103:15). Ҳа, бундай ёқимли хотиралар муҳаббат ришталарини барқарор қилади. Турмуш ўртоқлар бир-бирига севгисини тез-тез айтиб туриши нақадар аҳамиятли?!

«ВАҚТ-СОАТИ КЕЛМАГУНЧА» СЕВГИНИ УЙҒОТМАНГ

11. Шунамлик қиз бошқаларга унда севгини уйғотмаслик ҳақида онт ичирганидан турмуш қурмаган масиҳийлар нимани ўрганса бўлади?

11 Гўзал қўшиқ китобида турмуш қурмаган ва айниқса умр йўлдош қидираётганлар учун ҳам сабоқлар бор. Шунамлик қиз Сулаймонни севмаган. У Қуддус қизларига онт ичириб қуйидагиларни айтган: «Вақт-соати келмагунча, севгини қўзғатманг, уйғотманг» (Қўшиқ 2:7; 3:5). Нега? Чунки дуч келган одамга нисбатан ишқий муносабатларни ривожлантириш нодонлик. Турмуш қуришни истаётган масиҳий сабр ила чиндан сева оладиган кишини кутса оқилона бўларди.

12. Шунамлик қиз чўпонни нима учун севган?

12 Шунамлик қиз чўпонни нима учун севган? Йигитнинг ўзи «оҳудай» кўркам, қўллари «тилладан ясалгандай» кучли, оёқлари эса «мармар устунлари» каби чиройли ва бақувват бўлган. Бироқ у шунчаки кучли ва барно бўлмаган. Қиз учун севгилиси «йигитлар орасида, ўрмон дарахтлари орасидаги олма дарахтидай ажралиб турган». Яҳовага садоқатли бўлган қиз, чўпоннинг маънавийлигига эътибор қаратган (Қўшиқ 2:3, 9; 5:14, 15).

13. Чўпон шунамлик қизни нега севган?

13 Шунамлик қиз ҳақида нима деса бўлади? Шоҳнинг ихтиёрида «олтмишта малика, саксонта канизак, сон-саноқсиз қизлар» бўлган бўлса-да, қизнинг гўзаллиги унинг эътиборини жалб қилган. Лекин қиз ўзини оддий гул, «Шарон атиргули» билан солиштирган. Қиз ниҳоятда содда ва камтарин бўлган. Чўпон учун эса у «тиканлар орасидаги нилуфар гулидай» ноёб бўлгани ажабланарли эмас! Қиз, Яҳовага садоқат ила хизмат қилган (Қўшиқ 2:1, 2; 6:8).

14. Турмуш қуришни истаётганлар чўпон ва шунамлик қиздан нимани ўрганишлари мумкин?

14 Муқаддас Китобда турмуш қуриш  борасида: «Фақат у киши Ҳазратимизга тегишли бўлиши керак»,— дея жиддий огоҳлантириш берилган (1 Кор. 7:39). Турмуш қуришни истаётган биродару опа-сингиллар дунёвий киши билан ишқий муносабатларни ривожлантиришдан қочиши ва жуфтини фақатгина Яҳованинг содиқ хизматчилари орасидан излашлари лозим. Бундан ташқари, ҳаётдаги қийинчиликларга қарамай оилада тинчликни ва маънавий бирликни сақлаб қолиш учун, имон ҳамда Яҳовага садоқатли бўлиш талаб этилади. Турмуш ўртоқ танлаётиб, шу фазилатларга эътибор қаратиш ўта муҳим. Чўпон ва шунамлик қиз бир-бирида айнан шу фазилатларни топишган эди.

Масиҳийлар дунёвий кишига ишқий туйғуларни ривожлантиришдан қочиши лозим (14- хатбошига қ.)

«КЕЛИНЧАГИМ ҚУЛФЛАНГАН БОҒДАЙ»

15. Нега шунамлик қиз турмуш қурмаган художўй йигиту қизларга яхши ўрнак бўла олади?

15 Гўзал қўшиқ 4:12 ни ўқинг. Нима сабабдан чўпон ёрини «қулфланган боғ» деб атаган? Мисол учун, девор билан ўралган ёки панжара билан тўсилган боққа ҳамма ҳам кира олмайди. Унга фақатгина қулфланган дарвоза орқали кириш мумкин. Шунамлик қиз худди шундай боғ сингари бўлган, чунки унинг меҳри фақатгина бўлажак эри, яъни чўпонга тегишли эди. Шоҳ қизни қанча ўзига жалб қилишга уринмасин, у барибир «девор» ёки осонликча очилмайдиган «эшик» каби бўлиб қолган (Қўшиқ 8:8–10). Бу сингари турмуш қурмаган художўй йигиту қизлар ўзининг севгиси ва меҳрини бўлажак ёрига асраб қўйишади.

16. Гўзал қўшиқ китобида учрашиб юриш борасида нима дейилган?

16 Чўпон шунамлик қизни баҳор кунларининг бирида айланиб келишга чақирганида, акалари рухсат беришмайди. Улар синглисини узумзорда ишлашга жўнатишади. Нега? Улар синглисига ишонишмайдими? Балки улар қиз ахлоқсизлик қилиб қўяди деб ўйлашгандир? Аслида, улар синглиси васвасага тушмаслиги учун эҳтиёт чораларини кўришади (Қўшиқ 1:6; 2:10–15). Бу ерда турмуш қурмаган масиҳийлар учун сабоқ бор: Учрашиб юрган пайтда муносабатларни пок сақлаш учун эҳтиёт чораларини кўриш керак. Иккалангиз ёлғиз қолишдан қочинг. Соф севги изҳорлари баъзида ўринли бўлса-да, васвасага солувчи вазиятлардан четланинг.

17, 18. Гўзал қўшиқ китобининг муҳокамасидан қандай фойда олдингиз?

17 Одатда масиҳий жуфтликлар оилавий ҳаётга қадам қўяётиб, бир-бирига чексиз севги ва меҳрни ҳис қилишади. Яҳова никоҳни доимий бўлиши учун барпо этган экан, эр-хотинлар ҳам севги алангаси ўчмаслигига бор кучини солишлари ва у янада ўсиши учун муҳит яратишлари жуда аҳамиятли (Марк 10:6–9).

18 Турмуш ўртоқ қидираётиб, сиз чиндан ҳам сева оладиган кишини топишни истайсиз. Ниятингизга эришгач эса, бу севги Гўзал қўшиқ китобида кўрсатилганидек, янада мустаҳкам ва чексиз бўлишига ҳаракат қилинг. Муносиб жуфт қидиряпсизми ёки аллақачон турмуш қурганмисиз, чин севгини — «Яҳнинг алангасини» намоён эта оласиз (Қўшиқ 8:6, ЯДТ).