Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Январь 2015

Нега Қутлуғ Кечликни нишонлаймиз?

Нега Қутлуғ Кечликни нишонлаймиз?

Буни мени эслаб туриш учун қилинглар. 1 КОР. 11:24

1, 2. Мил. 33 йил 14 нисон куни Исо нима қилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

КЕЧ КИРГАН, бироқ Қуддус узра тўлин ой майин нурларини сочиб турибди. Бу, мил. 33 йилнинг 14 нисон оқшоми эди. Исо ва унинг шогирдлари, бундан 15 аср олдин Исроил халқи Миср қуллигидан озод бўлганини эслаб, Фисиҳ байрамини нишонлашяпти. Исо 11 та садоқатли ҳаворийнинг кўз ўнгида ўзгача маросим уюштирди. Бу маросимнинг мақсади, шу кун тугамасидан олдин содир бўладиган ўлимини эслатиб туришдан иборат эди * (Мат. 26:1, 2).

2 Исо шукрона дуосини айтгач, хамиртурушсиз нонни ҳаворийларига узатиб: «Олинглар, енглар»,— деди. Косани олди-да, яна шукрона дуосини айтиб: «Ҳаммангиз ундан ичинг»,— деди (Мат. 26:26, 27). Исо бундан бошқа нарсаларни узатмади. Лекин шогирдларига бу кеча қанчалик муҳим эканини гапириб берди.

3. Бу мақолада қандай саволларга жавоб берилади?

3 Шундай қилиб Исо, Қутлуғ Кечлик ёки «Ҳазратимизнинг  кечлик таоми» деб номланган маросимни ташкил қилди (1 Кор. 11:20). Бу борада қуйидагича саволлар туғилиши мумкин: «Нега Исонинг ўлимини хотирлаш керак? Нон ва шароб нимани англатади? Қутлуғ Кечлик маросимига қандай тайёргарлик кўрсак бўлади? Рамзлардан ким тановул қилиши керак? Масиҳийлар Муқаддас Китобда ваъда қилинган умидга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари лозим?»

НЕГА ИСОНИНГ ЎЛИМИНИ ХОТИРЛАЙМИЗ?

4. Исонинг ўлими бизга қандай имконият берди?

4 Одаматонинг авлоди бўлганимиз учун гуноҳ ва ўлимни мерос қилиб олганмиз (Рим. 5:12). Ҳеч бир номукаммал инсон ўзи ва бошқаларнинг ҳаёти учун тўлов бера олмайди (Заб. 48:7–10). Аммо фақатгина Исонинг ўлими — мукаммал танаси ва тўкилган қони — муносиб тўлов бўла олади. У тўловнинг баҳосини Худога тақдим этиб, бизга гуноҳ ва ўлим қуллигидан халос бўлиш ҳамда абадий яшаш имконини берди (Рим. 6:23; 1 Кор. 15:21, 22).

5. а) Аллоҳ ва Исо инсониятни севишини қаердан биламиз? б) Қутлуғ Кечлик маросимига нега боришимиз керак?

5 Тўлов, Худонинг инсониятга бўлган севгисининг яққол исботидир (Юҳан. 3:16). Исонинг қурбонлиги, у ҳам бизни севишидан далолат беради. Чунки у ҳали ер юзига келмасидан олдин, Худонинг «мусаввири» бўлган пайтда, ер юзидаги одамзод учун хурсанд бўлган (Ҳик. 8:30, 31). Аллоҳ ва Исо биз учун қилганларидан жуда миннатдормиз! Шу боис, Исонинг: «Мени эслаш учун шундай қилиб туринглар»,— деган амрига қулоқ солиб, Қутлуғ Кечлик маросимига борамиз (1 Кор. 11:23–25).

ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК РАМЗЛАРИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

6. Қутлуғ Кечликдаги нон ва шароб нима сифатида хизмат қилган?

6 Исо Қутлуғ Кечлик маросимини ташкил қилганида, мўъжизавий тарзда нонни танасига, шаробни эса қонга айлантирмаган. Аксинча, у нон ҳақида шундай деган: «Бу менинг танамни билдиради». Шароб тўғрисида эса: «Бу, кўплар учун тўкиладиган қонимни — “аҳд қонини” англатади»,— деб айтган (Марк 14:22–24). Кўриниб турганидек, нон ва шароб рамз ёки белги сифатида хизмат қилган.

7. Қутлуғ Кечликдаги нон ниманинг рамзи?

7 Мил. 33 йили содир бўлган ушбу муҳим воқеада, Исо Фисиҳ таомидан қолган хамиртурушсиз нондан фойдаланган (Чиқ. 12:8). Муқаддас Китобда хамиртуруш одатда бузилиш ёки гуноҳни англатади (Мат. 16:6, 11, 12; Луқо 12:1). Демак, Исо бегуноҳ танасининг рамзи сифатида хамиртурушсиз нондан фойдалангани муҳим аҳамиятга эга бўлган (Иброн. 7:26). Шундай қилиб, хамиртурушсиз нон Қутлуғ Кечликда ишлатиладиган бўлди.

8. Қутлуғ Кечликдаги шароб ниманинг рамзи?

8 Бугунги кунда Қутлуғ Кечликда қўлланиладиган шароб, мил. 33 йил 14 нисонда Исо ишлатган шароб сингари унинг қонини билдиради. «Кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун» унинг қони Қуддуснинг ташқарисидаги Гўлгота деган жойда тўкилди (Мат. 26:28; 27:33, 34). Қутлуғ Кечликдаги нон ва шароб итоаткор инсоният учун берилган Исонинг қимматбаҳо қурбонлигининг рамзи эканини билиш ҳамда бу севги ила кўрилган чора учун миннатдорлик, бизни Қутлуғ Кечликка шахсан тайёргарлик кўришга ундайди.

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШНИНГ БАЪЗИ УСУЛЛАРИ

9. а) Нима учун Қутлуғ Кечлик арафасида ўқиладиган оятлар жадвалига риоя қилиш муҳим? б) Тўловга нисбатан қандай муносабатдасиз?

9 «Муқаддас Ёзувларни кунда ўрганамиз» рисоласидаги Қутлуғ Кечлик арафасида ўқиладиган  оятлар жадвалига риоя қилиб, Исо ўлимидан олдин нималар қилгани борасида мулоҳаза юритсак бўлади. Бу эса Ҳазратимизнинг кечлик таомига юрагимизни тайёрлашга ёрдам беради. Бир опамиз шундай деб бўлишди: «Биз Қутлуғ Кечликни сабрсизлик билан кутамиз. Бу маросим биз учун йилдан йилга ўзгача аҳамият касб этиб келмоқда. Отамнинг дафн маросими бўлган кунни эслайман. Ўшанда тўлов учун ниҳоятда миннатдор бўлдим. [...] Тўлов ҳақида кўп оятларни ва уларни қандай тушунтириб беришни билардим! Аммо ўлимнинг даҳшатини ўзимда ҳис қилганимдан кейингина, тўлов орқали эришиладиган баракалар учун юрагим миннатдорликка тўлиб-тошди». Чиндан ҳам, Қутлуғ Кечликка тайёргарлик кўраётиб, Исонинг қурбонлиги бизни гуноҳ ва ўлим исканжасидан халос этиши ҳақида мулоҳаза юритиш фойдали бўлади.

Қутлуғ Кечликка юрагингизни тайёрлаш учун адабиётларимиздан фойдаланинг (9- хатбошига қ.)

10. Қутлуғ Кечликка тайёргарлик кўриш хизматимизга қандай таъсир қилади?

10 Қутлуғ Кечликка тайёргарлик кўраётиб хизматда янада фаол иштирок этишни, эҳтимол Қутлуғ Кечлик мавсумида кўмакчи кашшоф бўлишни режалаштирармиз. Қизиқувчи ҳамда бошқаларни бу маросимга таклиф қилганимизда, уларга Яҳова, Унинг Ўғли ҳамда Уни мамнун қилиб, ҳамдлар келтираётган кишиларга ажойиб баракалар тайёрлаб қўйилгани ҳақида хурсандчилик ила гапириб берамиз (Заб. 148:12, 13).

11. Коринфдаги баъзи масиҳийлар қандай қилиб номуносиб тарзда рамзлардан қабул қилишган?

11 Қутлуғ Кечликка тайёргарлик кўраётиб, ҳаворий Павлус Коринфдаги жамоатга нималар ёзганига эътибор қилинг (1 Коринфликларга 11:27–34 ни ўқинг). Павлус, нон ва шаробни номуносиб тарзда истеъмол қилган ҳар қандай киши, «Ҳазратимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлишини» таъкидлаб ўтган. Демак, мойланган масиҳий «ўзини текшириб» кўрганидан сўнггина, рамзлардан қабул қилиши мумкин бўлган. Акс ҳолда «еб-ичган киши... ўзини ҳукмга мубтало қилади». Коринфдаги кўп масиҳийларнинг хулқи Худога номаъқул бўлгани учун улар «заиф, касал бўлиб, [маънавий] ўлим уйқусида ётганлар». Эҳтимол улардан баъзилари Қутлуғ Кечликдан олдин ёки маросим пайтида кўп еб-ичган. Бундай ҳолатда улар на маънан, на жисмонан тетик бўла олишарди. Номуносиб тарзда рамзлардан қабул қилиб, улар фақат Худонинг қаҳрини келтиришган.

12. а) Павлус Қутлуғ Кечлик маросимини нима билан солиштирган ва таомдан тановул қилганларга қандай огоҳлантириш берган? б) Рамзлардан қабул қиладиган масиҳий жиддий гуноҳ содир этганда, нима қилиши керак?

 12 Павлус Қутлуғ Кечликни бошқалар билан бир дастурхонда ўтиришга ўхшатиб, таомдан олаётганларни шундай огоҳлантирган: «Сизлар ҳам Яҳованинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар; ҳам “Яҳованинг дастурхонидан”, ҳам жинлар дастурхонидан таом ея олмайсизлар» (1 Кор. 10:16–21). Қутлуғ Кечлик рамзларидан қабул қиладиган киши жиддий гуноҳга қўл урса, маънавий ёрдам излаши даркор (Ёқуб 5:14–16 ни ўқинг). Бундай масиҳий «тавбага яраша ҳосил бергандан» сўнг, Қутлуғ Кечлик рамзларидан тановул қилса, Исонинг қурбонлигига ҳурматсизлик кўрсатмаган бўлади (Луқо 3:8).

13. Худо ато этган умид тўғрисида мулоҳаза юритиш нега фойдали?

13 Қутлуғ Кечликка шахсан тайёргарлик кўраётиб, Худо ато этган умид ҳақида ибодат ила мулоҳаза юритсак, кўп фойда оламиз. Яҳовага ҳаётини бағишлаган ҳамда Масиҳнинг садоқатли издоши бўлган ҳеч бир киши мойланган эканида амин бўлмаган ҳолда рамзлардан тановул қилиб, Исонинг қурбонлигига ҳурматсизлик кўрсатишни истамайди. Унда, рамзлардан қабул қилиш-қилмасликни киши қаердан билса бўлади?

КИМ РАМЗЛАРДАН ТАНОВУЛ ҚИЛИШИ КЕРАК?

14. Янги аҳд ва Қутлуғ Кечлик рамзларидан тановул қилишнинг орасида қандай боғлиқлик бор?

14 Қутлуғ Кечлик рамзларидан ҳақли равишда қабул қилаётганлар, янги аҳднинг иштирокчилари эканидан сира ҳам шубҳаланишмайди. Шароб борасида Исо шундай деган: «Бу коса менинг қоним асосида тузиладиган янги аҳдни англатади» (1 Кор. 11:25). Еремиё пайғамбар орқали Худованд, Исроил халқи билан тузилган аҳддан фарқ қиладиган янги бир аҳд тузишини башорат қилган эди (Еремиё 31:31–34 ни ўқинг). Худо рамзий Исроил билан янги аҳд тузди (Галат. 6:15, 16). Бу аҳд Исонинг қурбонлиги ва қони асосида кучга кирди (Луқо 22:20). Исо янги аҳд Воситачиси бўлгани учун, садоқатли мойланганлар самовий мукофотини олишга муяссар бўлишади (Иброн. 8:6; 9:15).

15. Шоҳлик тўғрисидаги аҳднинг иштирокчилари ким ва содиқ қолганларини қандай мукофот кутмоқда?

15 Қутлуғ Кечлик рамзларидан тановул қилиши керак бўлган масиҳийлар, Шоҳлик ҳақидаги аҳд иштирокчилари эканини билишади (Луқо 12:32 ни ўқинг). Исонинг мойланган издоши бўлиб, «унинг азобларида қатнашган» садоқатли масиҳийлар самода у билан бошқаришади (Филип. 3:10). Садоқатли мойланганлар Шоҳлик тўғрисидаги аҳд иштирокчилари бўлишгани учун, Масиҳ билан биргаликда абадий ҳукм суришади (Ваҳ. 22:5). Шу сабабли, улар Қутлуғ Кечлик рамзларидан ҳақли равишда қабул қилишади.

16. Римликларга 8:15–17 нинг маъносини қисқача тушунтириб беринг.

16 Аллоҳнинг фарзандлари эканлиги ҳақида муқаддас руҳнинг шоҳидлигига эга бўлган кишиларгина Қутлуғ Кечлик рамзларидан қабул қилиши керак (Римликларга 8:15–17 ни ўқинг). Эътибор берсак, Павлус оромийча «Абба» сўзини қўллаган. Бу сўз «Эй, Ота!» деган маънони англатади. Масалан, бола мана шу сўзни айтиб отасига мурожаат қилганда, бир вақтнинг ўзида «дада» сингари яқинликни ҳамда «ота» сўзидаги ҳурматни изҳор қилади. «Руҳ орқали ўғилликка қабул қилинганлар» Худонинг муқаддас руҳдан туғилган фарзандларидир. Илоҳий руҳ уларнинг қалби билан биргаликда шоҳидлик бераётгани учун, улар Яҳованинг мойланган ўғиллари эканини тушунишади. Лекин  бу, уларда шунчаки ер юзида яшаш истаги йўқолади дегани эмас. Улар ўлимигача садоқатли қолсагина, Самовий Шоҳликда Исо билан бошқара олишларига аминлар. Бугунги кунда «Муқаддас Худо тарафидан танланган» Масиҳнинг 144 000 та издошларидан оз қисмигина ер юзида қолган (1 Юҳан. 2:20; Ваҳ. 14:1). Муқаддас руҳ уларни: «Абба, Ота!» — дейишга ундамоқда. Худо билан бундай муносабатларга эга бўлиш, чинакам баракадир!

УМИДИНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ

17. Мойланганларнинг қанақа умиди бор ва улар бунга қандай муносабат билдиришади?

17 Агар сиз мойланган масиҳий бўлсангиз, самовий умид ҳақида тез-тез ибодат қиласиз. Муқаддас Китобда самовий куёв Исо Масиҳга «эрга тегиш» тўғрисида айтилганда, буни ўзингизга қўллаб, Масиҳнинг «келини» бўлишни кутасиз (2 Кор. 11:2; Юҳан. 3:27–29; Ваҳ. 21:2, 9–14). Муқаддас Китобда Худованд руҳий фарзандларига севгисини намоён қилгани ҳақида ўқиётганингизда: «Бу менга нисбатан айтилган»,— дейсиз. Шунингдек, Худонинг Каломида Яҳова мойланган фарзандларига йўл-йўриқ берганида, муқаддас руҳ итоат қилишга ундаб: «Бу менга тааллуқли»,— дейишга чорлайди. Аллоҳнинг руҳи қалбингиз билан биргаликда самода яшаш умидига эга эканингиз ҳақида шоҳидлик беради.

18. «Бошқа қўйлар»нинг қандай умиди бор ва сиз нимани сабрсизлик билан кутяпсиз?

18 Агар сиз «улкан оломон», яъни «бошқа қўйлар» сафидан бўлсангиз, Худованд сизга ер юзида яшаш умидини туҳфа қилмоқда (Ваҳ. 7:9; Юҳан. 10:16). Албатта, сиз жаннатда абадий яшашни истайсиз ҳамда Муқаддас Китобдан ер юзида бўладиган шароитлар тўғрисида ўқиб, мулоҳаза юритишдан завқ топяпсиз. Оилангиз ҳамда бошқа одил инсонлар даврасида тинч-осойишталикда яшашни интизорлик билан кутяпсиз. Озиқ-овқат етишмовчилиги, қашшоқлик, азоб-уқубат, касаллик ҳамда инсоният душмани бўлмиш ўлим йўқ бўладиган пайтни сабрсизлик ила кутяпсиз (Заб. 36:10, 11, 29; 67:6; 71:7, 16; Ишаё 33:24). Ер юзида абадий яшаш истиқболига эга бўлган тирилганларни қаршилаб олишни жуда истайсиз (Юҳан. 5:28, 29). Яҳова сизга ер юзида яшаш умидини совға қилгани учун чин юракдан миннатдорсиз, шундай эмасми?! Гарчи рамзлардан қабул қилмасангиз-да, Қутлуғ Кечликка Исонинг қурбонлиги учун миннатдорлигингизни изҳор этиш мақсадида борасиз.

СИЗ ҲАМ МАРОСИМГА КЕЛАСИЗМИ?

19, 20. а) Худо берган умидингиз амалга ошиши учун нима қилишингиз керак? б) Нега Қутлуғ Кечликка боришга қарор қилдингиз?

19 Самода ёки ер юзида яшашга умид қилаётганингизга қарамай, Аллоҳ Яҳова, Исо Масиҳ ҳамда тўлов қурбонлигига ишонсангизгина, умидингиз рўёбга чиқади. Қутлуғ Кечликка келиб, умидингиз ҳамда Исонинг ўлими қанчалик аҳамиятли экани устида мулоҳаза юритишингизга имконият бўлади. Шундай экан, ҳар йили миллионлаб инсонлар ташриф буюрадиган Қутлуғ Кечлик маросимига келишни мақсад қилинг. Бу маросим бутун дунё бўйлаб Йиғилиш Заллари ҳамда бошқа жойларда 2015 йили 3 апрель жума куни қуёш ботганидан кейин нишонланади.

20 Ушбу маросимга ташриф буюриш, Исонинг тўлов қурбонлиги учун миннатдорлигингизни оширади. Нутқни диққат билан тинглагач, сизда ўзгаларга меҳрингизни намоён этиб, Яҳованинг севгиси ҳамда инсоният учун қандай нияти борлиги ҳақида айтиб бериш истаги пайдо бўлади (Мат. 22:34–40). Нима бўлишидан қатъи назар, Қутлуғ Кечлик маросимига келишингизга тилакдошмиз.

^ 1- х.б. Ибронийларда янги кун қуёш ботиши билан бошланиб, кейинги кун қуёш ботгунча давом этарди.

Кўпроқ билиш

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Исонинг ердаги ҳаётининг охирги ҳафтаси (1- қисм)

Қуддуснинг ва атрофидаги ҳудуднинг харитаси билан ҳамда мил. 33 йил 8-11 нисон кунлари акс эттирилган даврий жадвал билан танишинг.

МУҚАДДАС КИТОБ — ЯНГИ ДУНЁ ТАРЖИМАСИ

Исонинг ердаги ҳаётининг охирги ҳафтаси (2- қисм)

Мил. 33 йил 12-16 нисон кунлари акс эттирилган даврий жадвал билан танишинг.