Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2014

Фикрингизни ўзгартиришингиз керакми?

Фикрингизни ўзгартиришингиз керакми?

БИР ГУРУҲ ёш масиҳийлар кино томоша қилгани боришга қарор қилишибди. Кўп синфдошларига бу фильм жуда ёққан экан. Кинотеатрга боришганида, афишаларда катта қилич ва ярим яланғоч аёл тасвирланганини кўришибди. Энди улар нима қилишади? Нима бўлганда ҳам кинони томоша қилишадими?

Ушбу вазият, чиқараётган қарорларимиз маънавий ҳолатимизга ва Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ё ижобий ё салбий таъсир қилишини тасвирламоқда. Баъзан бирон иш қилмоқчи бўламиз, бироқ вазиятни қайтадан кўриб чиққач, фикримиз ўзгарар. Бундай қилиш доим ҳам тўғрими?

Фикрингизни ўзгартириш нотўғри бўлган пайт

Яҳовага бўлган севги ҳаётимизни Унга бағишлаб, сувга чўмишга ундаган. Чунки Худога содиқ қолишни чин дилдан истаймиз. Аммо душманимиз Шайтон Иблис бенуқсонлигимизни синдирмоқчи (Ваҳ. 12:17). Яҳовага хизмат қилишни ва амрларига бўйсунишни хоҳлаймиз. Бағишловимизга мувофиқ йўл тутмай, фикримизни ўзгартирсак қанчалик ачинарли бўларди?! Бу туфайли ҳаётимиздан маҳрум бўлишимиз ҳам ҳеч гап эмас.

26 асрдан зиёд вақт аввал, Бобил шоҳи Навухадназар олтиндан улкан бут ясаб, барча унга сажда қилишини буюрган. Кимдир буни қилишдан бош тортса, оловли чуқурликка ташланиши эълон қилинган. Яҳованинг учта худотарс топинувчилари, яъни Шадрах, Мешах ва Абеднаху бу фармонга бўйсунишмаган. Бутга сажда қилмаганлари учун уларни оловли чуқурга ташлашган. Тангри Яҳова уларни мўъжизавий тарзда қутқариб қолган, бироқ улар ҳаётидан маҳрум бўлиш хавфига қарамай, Худога хизмат қилиш қарорларидан қайтишмаган (Дон. 3:1–27).

 Кейинчалик, Дониёр пайғамбар шерлар уясига ташланиш хавфи остида бўлса ҳам, ибодат қилиш одатидан воз кечмаган. У уч маҳал мунтазам равишда Яҳовага ибодат қилган. Дониёр ҳақ Худога топиниш қароридан қайтмаган. Натижада Яҳова, «Дониёрни шерлардан қутқариб олган» (Дон. 6:1–27).

Аллоҳнинг замонавий хизматчилари ҳам бағишловига мувофиқ ҳаёт кечиришади. Африкадаги бир мактабда ўқийдиган Яҳованинг Шоҳидлари давлат рамзини шарафлаш маросимида иштирок этишдан бош тортишди. Бошқа ўқувчиларга қўшилиб маросимда иштирок этишмаса, уларга мактабдан ҳайдаласизлар, деб таҳдид қилишди. Ўша орада шаҳарга таълим вазири ташриф буюрди ва айрим ёш масиҳийлар билан гаплашди. Хушмуомалалик ила, аммо қатъий тарзда улар ўз эътиқодларини тушунтириб беришди. Ўшандан бери бу масала бошқа кўтарилмади. Ёш биродару сингилларимиз Яҳова билан бўлган муносабатларидан воз кечиш босимидан халос бўлишди. Энди улар бемалол мактабга бориб келишяпти.

Шунингдек, Жозефнинг мисолини олайлик. Унинг рафиқаси саратон касаллигидан азият чеккан ва кутилмаганда оламдан ўтган. Оиласи унинг дафн маросимига бўлган нуқтаи назарини тушуниб, ҳурмат қилган. Бироқ хотинининг қариндошлари ҳақиқатда эмас эди ва улар дафн маросимини Худога номаъқул урф-одатларни қўшиб ўтказмоқчи бўлишди. Жозеф шундай деб бўлишди: «Рози бўлмаётганимни кўриб, қариндошлар болаларимга босим ўтказишга тушишди, аммо улар ҳам қатъий туришди. Қолаверса, қариндошларим удумга мувофиқ кечаси билан ухламай, аза тутиб йиғлаб чиқишмоқчи эди. Лекин улар ўзиникида туриб олишса, бу урф-одатлар менинг уйимда ўтказилмаслигини айтдим. Улар, бундай удумлар на менинг, на хотинимнинг эътиқодига мос келмаслигини билишарди. Охири кўп баҳс-мунозаралардан кейин маросимни бошқа жойда ўтказишди».

«Ўша қайғули пайтларда Яҳовага илтижо қилиб, оиламиз Унинг қонунларини бузмаслиги учун ёрдам беришини сўрадим. У ибодатларимни эшитди ва босимларга қарамай, маҳкам туришимизга ёрдам берди». Жозеф ва фарзандлари Яҳовага содиқ қолиш борасида фикрларини ўзгартиришни хаёлларига ҳам келтирмади.

Фикрингизни ўзгартириш керак бўлган пайт

Милодий 32 йили Фисиҳ байрамидан кўп ўтмай, Исонинг ёнига бошқа халқдан бўлган бир аёл келади. У Исодан қизини жиндан халос этишни бир неча марта ёлвориб сўрайди. Аввалига Исо, бу аёлга бир оғиз ҳам сўз айтмайди. У шогирдларига шундай дейди: «Худо мени адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқигагина юборган». Ўша аёл тинмай сўраганида эса Исо: «Нонни болалардан олиб, кучукларга бериш яхши эмас»,— деб жавоб беради. Аёл кучли имонни намоён этиб, қуйидагиларни айтади: «Сиз ҳақсиз, Ҳазратим. Аммо кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейишади-ку». Исо фикрини ўзгартириб, аёлнинг қизини соғайтиради (Мат. 15:21–28).

Вазият йўл қўйганда фикрини ўзгартиришга тайёр бўлиб, Исо Отаси Яҳовага тақлид қилаётганини кўрсатди. Масалан, исроилликлар олтин буқачани ясашганида, Худо уларни йўқ қилишга қарор қилганди. Бироқ Мусо бундай қилмасликни ёлворганида, Яҳова фикрини ўзгартирди (Чиқ. 32:7–14).

Ҳаворий Павлус, Яҳова билан Исога тақлид қилган. У Маркни ўзлари билан тарғибот сафарига олмоқчи эмас эди, чунки биринчи сафари пайтида Марк Павлус билан Барнабони ташлаб кетган. Кейинчалик, Павлус Маркнинг ўзгарганини ва унга кўп фойда келтиришини тан олган. Шунинг учун, у Тимўтийга: «Маркни эса ўзинг билан  бирга олиб кел, у менга хизмат учун фойдали бўлади»,— деб ёзган (2 Тим. 4:11).

Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Раҳмдил, сабрли ва севгига тўла самовий Отамизга тақлид қилиб, фикримизни ўзгартириш кераклигини тан оламиз. Мисол учун, бошқалар ҳақидаги фикримизни ўзгартиришимиз мумкин. Агар Яҳова ва Исодек мукаммал шахслар нуқтаи назарини ўзгартиришга тайёр бўлишса, унда биз бошқаларнинг ўзгача вазиятини эътиборга олиб, фикримизни ўзгартиришимиз керак эмасми?

Баъзан маънавий мақсадларга нисбатан фикримизни ўзгартириш айни муддао бўлиши мумкин. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ва жамоат учрашувларига қатнаётган киши сувга чўмишни кейинга сураётгандир. Ёки шароити хизматини кенгайтиришга йўл қўядиган биродарлар кашшофликни бошлашдан иккиланаётгандир. Айрим биродарларнинг эса жамоатда масъулиятли вазифаларга интилишга хоҳиши йўқдек туюлаётгандир (1 Тим. 3:1). Сиз ҳам шу каби туйғуларни бошдан кечиряпсизми? Яҳованинг Ўзи бундай қадамларни қўйиб, Унга ва бошқаларга хизмат қилишдан қувонч ҳис қилишингизга меҳр ила таклиф этяпти.

Фикрни ўзгартириш баракалар келтиради

Яҳова Шоҳидларининг Африкадаги филиалида хизмат қилаётган Элла шундай деб бўлишди: «Илк бор Байтилга келганимда, бу ерда қанча қолишимни билмасдим. Яҳовага бор кучим билан хизмат қилишни жуда истардим, бироқ оиламга роса боғланиб қолгандим. Бошида оиламни ниҳоятда соғинардим! Лекин хонадошим далда берди ва мен қолишга қарор қилдим. Байтилда ўн йил хизмат қилгач, шу ерда қолиб биродару опа-сингилларим билан иложи борича узоқ хизмат қилишни истаётганимни тушуниб етдим».

 Фикрингизни ўзгартириш шарт бўлган пайт

Қобил укасига ҳасад қилиб, қаттиқ хафа бўлганида нима юз бергани ёдингиздами? Худо, дарғазаб Қобилга Унинг назарида тўғри иш қилсагина, ўртадаги дўстликни тиклаши мумкинлигини айтди. Аллоҳ унга эшик олдида пойлаб турган гуноҳни мағлуб қилишни маслаҳат берди. Қобил муносабатини ва фикрини ўзгартириши мумкин эди, аммо у Худонинг маслаҳатига қулоқ солишни истамади. Афсуски, у укасини ўлдирди ва илк қотилга айланди! (Ибт. 4:2–8).

Қобил фикрини ўзгартирганида нима бўларди?

Шоҳ Уззиёнинг мисолини ҳам кўриб чиқайлик. Аввалига, у Яҳованинг олдида тўғри ишлар қилиб, Худо билан яхши муносабатларга эга эди. Минг афсуски, Уззиё манманликка берилиб, ўз номига доғ туширди. У руҳоний бўлмаса ҳам, маъбадга тутатқи куйдириш учун кирди. Руҳонийлар унга танбеҳ беришганида, у фикрини ўзгартирдими? Йўқ. Уззиё «қаттиқ ғазабланди» ва огоҳлантиришни қабул қилмади. Оқибатда, Яҳова уни мохов касаллигига дучор қилди (2 Сол. 26:3–5, 16–20).

Ҳа, шундай пайтлар бўладики, фикримизни ўзгартиришимиз шарт. Мана замонавий бир мисол. Йўаким 1955 йили сувга чўмган, бироқ 1978 йили жамоатдан четлатилган. 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, у тавба қилган ва Яҳованинг Шоҳиди сифатида қайта тикланган. Яқинда оқсоқоллар ундан нега қайта тикланишни шунча ортга сурганини сўрашди. Йўаким шундай жавоб берди: «Мен баджаҳл ва мағрур эдим. Бу ишни ортга сурганимдан афсусдаман. Жамоатдан четлатилган пайтимда ҳам Яҳованинг Шоҳидлари ҳақиқатни ўргатишларини билардим». У муносабатини ўзгартириб, тавба қилиши керак эди.

Ҳар биримиз фикр ва хатти-ҳаракатларимизни ўзгартиришни талаб этадиган вазиятларга дуч келамиз. Шундай қилишга тайёр бўлсак, Яҳовага маъқул кела оламиз (Заб. 33:9).