Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2014

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Еремиё, Роҳила болалари учун йиғлагани ҳақида айтганда нимани назарда тутган?

Еремиё 31:15 да шундай дейилганини ўқиймиз: «Эгамиз шундай демоқда: “Рама шаҳридан бир нидо эшитилур, аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу. Болалари учун йиғлар Роҳила, овунишни хоҳламас, ахир, улар энди йўқ”».

Роҳиланинг иккита ўғли онасидан олдин вафот этмаган эди. Шунинг учун Еремиё Роҳиланинг ўлимидан 1 000 йил ўтгач айтган сўзлари мантиққа зид туюлиши мумкин.

Юсуф Роҳиланинг тўнғич ўғли бўлган (Ибт. 30:22–24). Кейинчалик, у Беняминни дунёга келтирган. Бироқ бу иккинчи ўғлини туғаётганда, у ўлиб қолган. Унда савол: нега Еремиё 31:15 да Роҳила ўғиллари «энди йўқ» дея йиғлагани ҳақида айтилган?

Роҳиланинг катта ўғли Юсуф, вақт ўтиб Манаше ҳамда Эфрайимнинг отаси бўлгани диққатга сазовор (Ибт. 41:50–52; 48:13–20). Кейинчалик Эфрайим шимолий шоҳликнинг таниқли ва нуфузли қабиласи бўлиб, ўн қабилали Исроил шоҳлигини ифодалаган. Роҳиланинг иккинчи ўғли Беняминдан келиб чиққан қабила эса Яҳудо қабиласи билан биргаликда жанубий шоҳликни ташкил этган. Шу маънода Роҳила Исроилдаги, яъни шимолий ва жанубий шоҳликдаги барча оналарнинг тимсоли сифатида тасвирланган деса бўлади.

Еремиё китоби ёзилган пайтда, ўн қабилали шимолий шоҳлик аллақачон Оссурияликлар томонидан забт этилиб, кўпчилиги асирликка олиб кетилган. Лекин Эфрайимнинг баъзи авлодлари Яҳудо ҳудудига қочиб кетган бўлиши мумкин. Мил. авв. 607 йилда бобилликлар икки қабилали жанубий Яҳудо шоҳлигини забт этиб, одамларни асирликка олишди. Асирларнинг аксарияти Қуддусдан деярли 8 км шимолда жойлашган Рама шаҳрига олиб кетилди (Ерм. 40:1). Эҳтимол асирлардан айримлари Роҳила кўмилган Бенямин ҳудудида қиличдан ўтказилгандир (1 Шоҳ. 10:2). Демак Роҳила ўғиллари учун йиғлагани, рамзий маънода беняминликлар ёки хусусан Рамада ўлдирилганлар учун аза тутганига ишора қилади. Шунингдек Еремиёнинг сўзлари, Исроил халқининг барча оналари Худонинг халқи асирликка олиб кетилгани ҳамда ўлдирилгани учун фарёд қилганини назарда тутган бўлиши мумкин.

Қандай бўлмасин, Роҳила болалари учун йиғлагани тўғрисидаги Еремиёнинг сўзлари башоратли бўлган ва бу сўзлар бир неча асрлар ўтиб юз берган воқеага, яъни Исо чақалоқ бўлиб, ҳаёти хавф остида қолган пайтга ишора қилади. Шоҳ Ҳирод Қуддусдан жанубда жойлашган Байтлаҳмдаги икки ёш ва ундан кичик бўлган ҳамма ўғил болаларни ўлдиришни амр этади. Ўлдирилган, яъни «энди йўқ» бўлган болалари учун оналар уввос тортиб йиғлаётганини бир тасаввур қилиб кўринг! Йиғи-сиғи овози, ҳатто Қуддусдан шимолда жойлашган Рамагача эшитилган бўлса керак (Мат. 2:16–18).

Кўриниб турганидек, Еремиё даврида ҳамда Исо яшаган пайтда Роҳиланинг ўғиллари учун йиғлагани рамзий ибора бўлиб, болалари нобуд бўлган яҳудий оналарнинг қайғусини жуда яхши тасвирлаб берган. Албатта, «душман юртига» кетганлар, яъни душман бўлмиш ўлим томонидан забт этилганлар, тирилганида асирликдан озод бўлишади (Ерм. 31:16; 1 Кор. 15:26).