Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2014

Олган меросингизни қадрлаяпсизми?

Олган меросингизни қадрлаяпсизми?

Биз... Худодан келган руҳни олдик. Шу тариқа, Худо бизга туҳфа этган барча нарсаларни тушуниб етамиз. 1 КОР. 2:12

1. Аксарият одамлар қандай фикр билдиришади?

АКСАРИЯТ одамлар: «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ»,— деб бежиз айтмайди. Эҳтимол сиз ҳам буни бошингиздан кечиргандирсиз? Киши болалигидан нимагадир эга бўлса, буни қадрига етмасликка мойил бўлади. Масалан, бой-бадавлат оилада улғайган киши, ўзида бор нарсани табиий ҳолдек қабул қилиши мумкин. Худди шундай ёшлар ҳам ҳаётий тажрибага эга бўлмагани учун, нима асл қийматга эга эканини ажрата олмайди.

2, 3. а) Ёш масиҳийлар нимадан эҳтиёт бўлишлари лозим? б) Меросимизни ардоқлашга нима ёрдам беради?

2 Билагингиз кучга тўлиб, эндигина 20 ларга кирган бўлсангиз, сиз учун ҳаётда нима муҳимроқ? Мисол учун, бу дунёдаги инсонлар нуқул, катта маош, ҳашаматли уй ёки замонавий техник ускуналар ҳақида ўйлашади. Лекин фикр-хаёлимиз доим шу нарсалар билан банд бўлса, ҳаётимиздаги устувор нарсалар, яъни маънавий бойлик назаримиздан четда қолмайдими? Афсуски бугунги кунда миллионлаб инсонлар бунга умуман аҳамият беришмайди. Ёшлар, агар  сиз художўй ота-онангиз тарбиясини олаётган бўлсангиз, маънавий меросингизни қадрлаб, қўлдан бой бермасликка интилинг (Мат. 5:3). Меросингизни қадрламаслик, аянчли оқибатларга олиб келиб, асорати бутун ҳаётингизда акс этади.

3 Лекин сиз бунинг олдини олишингиз мумкин. Хўш, маънавий меросингизни қадрлашга нима ёрдам беради? Келинг, Муқаддас Китобдаги бир нечта мисолларни кўриб чиқиб, нега маънавий хазинамизни ардоқлаш оқилона бўлишини билиб олайлик. Бу мисоллар нафақат ёшларга, балки барча масиҳийлар учун фойдали бўлиб, меросимизни қадрлашга кўмаклашади.

МЕРОС ҚАДРИГА ЕТМАГАНЛАР

4. 1 Шоҳлар 8:1–5 дан Шомуилнинг ўғиллари ҳақида нимани билиб оляпмиз?

4 Муқаддас Китобда маънавий бойликни мерос қилиб, лекин унинг қадрини билмаган инсонларнинг мисоли бор. Шомуил пайғамбарнинг ўзи болалигиданоқ Яҳовага хизмат қилиб, Унинг назарида яхши ном орттирган (1 Шоҳ. 12:1–5). Пайғамбар, ўғиллари Йўэл ва Абиёга тақлид қилишга арзигулик ўрнак кўрсатган. Аммо улар бунинг қадрига етмай, қайтанга ёмонлик қилишган. Тавротда улар отасининг йўлидан юрмай, «бир ёқлама ҳукм чиқаришгани» ҳақида айтилган (1 Шоҳлар 8:1–5 ни ўқинг).

5, 6. Йўшиёнинг ўғиллари ва набираси билан нима содир бўлди?

5 Шоҳ Йўшиёнинг ўғиллари бундан қолишмади. Йўшиё Яҳовага топинишда аъло ўрнак кўрсатди. Таврот китоби топилиб, унда ёзилганларни ўқиб олгандан кейин, Йўшиё жон-жаҳди билан Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилди. У бутун мамлакатда бутпарастлик ва сеҳр-жодуни йўқ қилишга киришган ва халқни Яҳовага итоатли бўлишга ундаган (4 Шоҳ. 22:8; 23:2, 3, 12–15, 24, 25). Унинг ўғиллари қанчалик катта маънавий меросга эга бўлганини бир тасаввур қилинг! Вақти келиб, учала ўғли ва битта набираси кетма-кет тахтга ўтиришди, лекин уларнинг ҳеч бири олган меросига ҳурмат кўрсатмади.

6 Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз шоҳ бўлишга муваффақ бўлди, бироқ «Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди». У бор-йўғи уч ой шоҳлик қилгач, Миср фиръавини томонидан занжирбанд этилди. Шундай қилиб Ёҳухоз асирликда вафот этди (4 Шоҳ. 23:31–34). Сўнг унинг акаси Ёҳуйиқим тахтга ўтирди ва 11 йил бошқарди. У ҳам отасидан қолган мероснинг қадрига етмади. Ёҳуйиқим ёмон ишлар қилгани учун Еремиё пайғамбар у ҳақда шундай башорат қилган: «Уни ўлган эшакнинг аҳволига соладилар» (Ерм. 22:17–19). Йўшиёнинг бошқа ворисдошлари — ўғли Зидқиё ва набираси Ёҳуйхин ҳам ўзига яраша эдилар. Улардан ҳеч бири Йўшиёнинг одил йўлларидан юрмади (4 Шоҳ. 24:8, 9, 18, 19).

7, 8. а) Шоҳ Сулаймон қандай қилиб маънавий бойлигини ҳавога совурди? б) Маънавий мерос қадрига етмаган одамлар мисолидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

7 Шоҳ Сулаймонга отаси Довуддан катта мерос қолган эди. Гарчи Сулаймон ажойиб маънавий меросга эга бўлиб, ундан оқилона фойдаланишни бошлаган бўлса-да, лекин вақт ўтиб буни қадрламай қўйди. «Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади» (3 Шоҳ. 11:4). Оқибатда Сулаймон Яҳованинг марҳаматидан маҳрум бўлди.

8 Бу кишиларнинг барчаси бебаҳо хазинага эга бўла туриб, унинг қадрига етмадилар. Афсуски бу билан улар янада маънан бойиш имкониятини қўлдан бой бердилар! Лекин Муқаддас Китобда ҳамда бугунги  кунда оқилона йўл тутган ёшларнинг мисоли кам эмас. Келинг, масиҳий ёшлар тақлид қилишига арзигулик айрим ижобий мисолларни кўриб чиқайлик.

МЕРОС ҚАДРИГА ЕТГАНЛАР

9. Нуҳнинг ўғиллари қанақа ўрнак қолдиришди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

9 Нуҳнинг ўғиллари барчамизга яхши ўрнак қолдиришди. Худо уларнинг отасига кема қуришни ва оила аъзолари билан кемага киришни буюрган эди. Нуҳнинг ўғиллари Яҳованинг иродасини бажонидил бажаришган. Улар оталари билан меҳнат қилиши керак эди. Шу йўсин улар отасига кемани қуришга ёрдам бериб, ҳаммалари ичкарига киришган (Ибт. 7:1, 7). Бунинг натижаси қандай бўлди? Ибтидо 7:3 да айтилганидек, «бутун ер юзида бу жонзотларнинг турлари сақланиб қолсин» дея, улар ҳайвонларни кемага олиб киришди. Инсоният оиласи ҳам сақланиб қолди. Нуҳнинг ўғиллари отасидан олган меросни қадрлашгани учун инсоният ҳаёти сақланиб қолишида ҳамда тозаланган ерда ҳақ топиниш қайта тикланишида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдилар (Ибт. 8:20; 9:18, 19).

10. Тўртта иброний йигит болалигидан олган таълимни қадрлаганини қандай кўрсатди?

10 Асрлар ўтгач, тўртта иброний йигитлар, ҳаётда нима муҳим эканини билишларини кўрсатишди. Мил. авв. 617 йилда Ханониё, Мишаил, Озариё ва Дониёр Бобил қуллигига олиб кетилди. Хушқомат ва ақлли йигитлар бобилликлар ҳаёт тарзига осонгина мослашиши мумкин эди. Лекин улар бундай йўл тутишни истамадилар. Улар юриш-туриши билан маънавий меросини, яъни ўрганиб олган нарсаларини унутмаганини кўрсатишди. Улар болалигида олган таълимига қатъий амал қилишгани учун мўл-кўл барака олишди (Дониёр 1:8, 11–15, 20 ни ўқинг).

11. Бошқалар Исонинг маънавий меросидан қандай фойда олишлари мумкин?

11 Шунча яхши мисолларни кўриб чиқиб, Худонинг арзандаси Исонинг ўрнаги ҳақида оғиз очмаслик гуноҳ бўларди. У отасидан кўп нарсаларни ўрганиб олган ва жуда қадрлаган. Олган таълим учун миннатдорлигини унинг қуйидаги сўзларидан кўрса бўлади: «Отам қандай ўргатган бўлса, шуларни айтяпман» (Юҳан. 8:28). Исо бошқалар ҳам унинг маънавий меросидан фойда олишларини жуда истаган. У халққа қарата шундай деган: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман» (Луқо 4:18, 43). Дунёда маънавий нарсаларни қадрламаслик одатий ҳол бўлгани учун, Исо тингловчиларига «дунёга тегишли» бўлмаслик муҳимлигини тушунишга ёрдам берган (Юҳан. 15:19).

МЕРОСИНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ

12. а) 2 Тимўтийга 3:14–17 да айтилганларни бугунги ёшларга қандай қўлласа бўлади? б) Масиҳий ёшлар қайси саволлар устида мулоҳаза юритишлари керак?

12 Боя санаб ўтган ёшлар сингари, эҳтимол сиз ҳам Яҳовага садоқатли ота-она қўлида тарбия кўраётгандирсиз. Агар шундай бўлса, Муқаддас Китобда Тимўтийга қарата айтилганларни сизга ҳам қўлласа бўлади (2 Тимўтийга 3:14–17 ни ўқинг). Сиз ҳам ота-онангиздан ҳақ Худо кимлиги ва Унга қандай маъқул келиш кераклигини ўрганиб олгансиз. Эҳтимол улар кичиклигингиздан сизга таълим беришгандир. Шубҳасизки бу таълим сизни «Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган ишонч орқали доно қилиб», Худонинг хизматига «бутунлайин тайёр туришингизга» кўмаклашган. Хўш, сиз олган таълимингизни қадрлаяпсизми? Қуйидаги саволлар ёрдамида ўзингизни текшириб кўрсангиз бўлади: «Мен  ҳам бутун умр Яҳовага садоқат ила хизмат қилганлар қаторида бўлишни истайманми? Бугунги кунда Яҳова дўст деб билган озчилик орасида бўлишга қандай муносабатдаман? Ҳақиқатни билишдек ўзгача шарафни қадрлаяпманми?»

Сиз ҳам бутун умр Яҳовага садоқат ила хизмат қилганлар қаторида бўлишни истайсизми? (9-, 10-, 12- хатбошиларига қ.)

13, 14. Баъзи масиҳий ёшлар қанақа васвасаларга дуч келишмоқда, лекин уларга берилиш нега доноликдан бўлмайди? Мисол келтиринг.

13 Худотарс ота-онаси қўлида тарбия кўраётган баъзи ёшлар ҳақиқат нури ва Шайтоннинг зулматда қолган дунёси орасидаги кескин фарқни пайқамай қолишлари мумкин. Айримлар дунёвий орзу-ҳавасларга берилиш васвасасига тушишади. Бироқ ўзингиз ўйлаб кўринг: тезликда кетаётган машина олдидан югуриб ўтсам, майиб бўламанми ёки ўламанми, деб буни қилиб кўрасизми? Йўқ, албатта! Шу сингари биз ҳам, дунёнинг «ёмон ишлар гирдобида ўралашиш» қанчалик аянчли оқибатларга олиб келишини синаб кўришимиз шарт эмас (1 Бутр. 4:4).

14 Осиёлик Женер масиҳийлар оиласида улғайди. У 12 ёшида сувга чўмди. Лекин ўсмирлик чоғида дунёдаги орзу-ҳавасларга берилди. У шундай деб эслайди: «Мен дунё тақдим этаётган “эркинликни” ҳис қилиб кўргим келди». Женер икки хил ҳаёт кечиришни бошлади. 15 ёшлигида ёмон дўстларига эргашиб, уларнинг баъзи одатларини ўзлаштириб олди. Улар сингари ичадиган ҳамда сўкинадиган бўлди. Дўстлари билан бильярд ҳамда шафқатсиз компьютер ўйинларини ўйнаб, уйига кеч қайтарди. Бироқ вақт ўтиб, дунёвий орзу-ҳаваслари чинакам бахт келтирмаслигини тушуниб етди. Бундай ҳаёт тарзи фақат оғриқ келтиради. У жамоатга қайтгани ҳақида шундай деди: «Гарчи ҳозирга қадар кўп қийинчиликлар билан курашаётган бўлсам-да, аммо Яҳова устимдан минг карра кўпроқ баракалар ёғдиряпти».

15. Ота-онаси ҳақиқатда бўлмаган ёшлар нима ҳақда мулоҳаза юритишлари керак?

15 Албатта, масиҳийлар жамоатида ота-онаси ҳақиқатда бўлмаган ёшлар ҳам бор. Агар сиз ҳам улардан бири бўлсангиз, Яратувчини таниб-билиб, Унга хизмат қилиш каби ажойиб шарафга эга бўлганингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг! Ер юзидаги миллиардлаб инсонлар орасидан Яҳова айнан сизга марҳамат кўрсатиб, Ўзини танитди. Бу чинакам бахт эмасми?! (Юҳан. 6:44, 45). Бугунги кунда дунёда 1 000 та одамдан фақат 1 киши Худо тўғрисидаги ҳақиқатни билади ва сиз улардан бирисиз. Ҳақиқатни қандай билиб олганимиздан қатъи назар,  бу, қувонишимиз учун сабаб бўлиши керак эмасми?! (1 Коринфликларга 2:12 ни ўқинг). Женер шундай дейди: «Бу ҳақда ўйласам, ҳаяжон босади. Коинотдаги энг буюк Шахс томонидан тан олиниш учун мен ким бўлибман?» (Заб. 8:5). Яна бир ёш масиҳий шундай деб бўлишди: «Талабалар устознинг эътиборини қозонса фахрланиб юришади. Аммо энг буюк Устоз Яҳованинг назарига тушиш, бундан-да катта шараф эмасми?!»

НИМА ҚИЛИШГА ҚАРОР ҚИЛДИНГИЗ?

16. Бугунги ёшлар қандай доно танлов қилишлари мумкин?

16 Ажойиб шарафга эга эканингиз ҳақида кўп мулоҳаза юритгач, эҳтимол сиз ҳам ҳаётида тўғри танлов қилган озчилик орасида бўлишга қарор қиларсиз? Шундай қилиб сиз Худонинг садоқатли хизматчилари сафига қўшила оласиз ва бу энг доно қарордир. Ахир аксарият тенгдошларингиз ортидан кўр-кўрона эргашиб, зулматда қолган дунё билан ҳалок бўлишнинг нима кераги бор?! (2 Кор. 4:3, 4).

17–19. Нега дунёдан фарқ қилиш, доноликдан далолат беради?

17 Тўғри, дунёдан ажралиб туриш, доим ҳам осон эмас. Лекин илоҳий донолик бошқалардан фарқ қилиш яхшироқ эканини айтиб турибди. Фараз қилинг: атлет Олимпиада ўйинларида қатнашмоқчи. Мақсадига эришиш учун, у тенгдошларидан ажралиб туриши муҳимлигини аниқ тушунади. У вақт ҳамда эътиборини оладиган нарсалардан воз кечиб, кўпроқ машқ қилишга ҳаракат қилади. Тенгдошларидан фарқ қилишга тайёр бўлгани учун, кўпроқ машқ қилиб, қўйган мақсадига эриша олади.

18 Дунёвий инсонлар ҳаётга енгил-елпи қарашади. Аммо сиз ҳаётга жиддий нуқтаи назарда бўлиб, дунёдан ажралиб турсангиз ҳамда унинг ахлоқан ва маънан зарарли ишларидан қочсангиз, «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бермайсиз» (1 Тим. 6:19). Юқорида эслатиб ўтилган синглимиз шундай дейди: «Эътиқодингизда мустаҳкам тура олсангиз, кун охирида катта қувонч ҳис қиласиз. Чунки бу, Шайтон дунёсининг оқимига қарши туришга яна бир бор куч топа олганингизни исботлайди. Энг асосийси, Аллоҳ Яҳова сиздан мамнун эканини ҳис қиласиз! Шунда, бошқалардан ажралиб турганингиздан фахрланасиз!»

19 Беш кунлик дунёда яшаб қолай десангиз, ҳаётингиз беҳудага кетиб қолади (Воиз 9:2, 10). Ёшлик чоғингиздан ҳаётнинг маъноси ва абадий яшаш борасида жиддий ўйлаётган бўлсангиз, сиз учун «ўзга халқларнинг бемаъни ўй-фикри бўйича йўл тутгандан» кўра, мазмунли ҳаёт кечирсангиз оқилона бўлмасмиди? (Эфес. 4:17; Мал. 3:18).

20, 21. Тўғри қарор қабул қилсак, келажагимиз қандай бўлади, лекин биздан нима кутилади?

20 Тўғри танлов қилиб, ҳозирнинг ўзида бахтли ҳаёт кечира оламиз ҳамда «ер юзига эга бўламиз», яъни абадий ҳаётга эришамиз. Худованд биз учун ақл бовар қилмас мўл-кўл баракалар ҳозирлаб қўйган (Мат. 5:5; 19:29; 25:34). Бироқ Аллоҳ буларни дуч келган одамга беравермайди. Бунинг учун биздан муайян ҳаракатлар кутилади (1 Юҳанно 5:3, 4 ни ўқинг). Аммо ҳозирдан Унга садоқат ила хизмат қилиш, энг арзигулик ҳаёт йўли экани аниқ!

21 Худованд бизга улкан маънавий мерос қолдиргани, катта шараф эмасми?! Биз Унинг Каломидан аниқ билимларга эга бўлиб, У ҳақдаги ҳақиқатни ва ниятларини билиб олдик. Унинг исми билан аталиш ва Унинг Шоҳиди бўлиш шарафига муяссар бўлдик. У биз томонда бўлишни ваъда беряпти (Заб. 117:7). Ёшу қари, барчамиз, Яҳовага «абадий шон-шараф» келтиришга интилиб, ҳаёт инъоми учун миннатдорлигимизни кўрсатайлик (Рим. 11:33–36; Заб. 32:12).