Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2014

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Қай йўсин ҳар бир жамоатда оқсоқол ва жамоат хизматкорлари тайинланишади?

Милодий биринчи асрда ҳаворий Павлус Эфесдаги жамоатда хизмат қилган оқсоқолларга шундай деб ёзган: «Ўзингизга ва бутун сурувга диққат қилинглар. Сизлар, Худо Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган жамоатга чўпонлик қилиш учун, муқаддас руҳ орқали шу сурув ичида нозир этиб тайинлангансизлар» (Ҳавор. 20:28). Хўш, бугунги кунда оқсоқол ва жамоат хизматкорларини тайинлашда муқаддас руҳнинг аҳамияти қандай?

Биринчидан, Худо Каломининг ёзувчилари муқаддас руҳ ёрдамида оқсоқол ва жамоат хизматкорлари мос келиши керак бўлган талабларни қаламга олишган. Оқсоқоллар учун ўн олтита талаб 1 Тимўтийга 3:1–7 да санаб ўтилган. Қолаверса, Титусга 1:5–9 ҳамда Ёқуб 3:17, 18 каби оятларда ҳам шундай талабларни топсак бўлади. Жамоат хизматкорлари учун эса талаблар 1 Тимўтийга 3:8–10, 12, 13 да келтирилган. Иккинчидан, тавсия берадиган ва тайинлайдиганлар, биродар Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиш-келмаслигини аниқлаш мақсадида Яҳовага сидқидилдан ибодат қилиб, уларни тўғри йўналтиришини сўрашади. Учинчидан, биродар ўз ҳаётида муқаддас руҳ самарасини намоён этиши даркор (Галат. 5:22, 23). Шу тариқа, тайинлашнинг бутун жараёни Аллоҳнинг руҳи таъсири остида ўтади.

Бундай биродарларни ким тайинлайди? Авваллари барча тавсиялар, жумладан оқсоқол ва жамоат хизматкори этиб тайинлаш учун мўлжалланган тавсиялар маҳаллий филиалга юбориларди. Бу тавсиялар Етакчи кенгаш томонидан тайинланган биродарлар кўриб чиқишарди ва киши муайян вазифага тайинланарди. Сўнг, филиал оқсоқоллар кенгашига хабар берарди. Оқсоқоллар биродарнинг вазифага тайинлангани ҳақида айтиб, ундан хоҳиши ва топшириқни қабул қилишга лаёқати борасида сўрашарди. Натижада, бу ҳақда жамоатда эълон қилинарди.

Қизиқ, бундай тайинланиш биринчи асрда қандай юз берган? Ҳаворийлар биродарларга гоҳида ўзгача вазифаларни беришган, масалан, етти кишини тайинлаб, уларга бевалар учун кундалик ризқ-рўзни тақсимлашдек вазифани топширишган (Ҳавор. 6:1–6). Бироқ ўша кишилар, бу қўшимча вазифани олишдан олдин ҳам оқсоқол сифатида хизмат қилишарди.

Гарчи, Муқаддас Ёзувларда ҳар бир вазифа қай йўсин тайинлангани ҳақида батафсил тушунтирилмаган  бўлса-да, бу қандай қилинганининг айрим кўрсатмалари ёзилган. Мисол учун, Павлус ва Барнабо биринчи ваъзгўйлик сафаридан қайтаётиб, «ҳар бир жамоатда оқсоқолларни тайинлашди ва ибодат қилиб, рўза тутгандан кейин уларни ўзлари ишонган Яҳованинг қўлига топширишди» (Ҳавор. 14:23). Йиллар ўтгач, Павлус у билан тарғибот сафарида бирга бўлган Титусга қуйидагича ёзган: «Мен сенга буюрганимдай қолган ишларни тўғрилаб, ҳар бир шаҳарда оқсоқолларни тайинлашинг учун сени Критда қолдирдим» (Титус. 1:5). Шу сингари, Павлус у билан бирга кўп марта сафарга борган Тимўтийга ҳам шундай масъулиятни топширган (1 Тим. 5:22). Кўриб турганимиздай, ўшанда вазифаларни ҳаворийлар ва Қуддусдаги ёши улуғ кишилар эмас, балки кўчма нозирлар тайинлашган.

Муқаддас Китобдаги ушбу маълумотга асосланиб, Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши оқсоқол ва жамоат хизматкорларини тайинлаш борасида ўзгариш киритди. 2014 йил сентябрь ойидан бошлаб, тайинланиш қуйидагича амалга оширилади: ҳар бир кўчма нозир ўз туманида қилинган тавсияларни синчковлик ила кўриб чиқади. Жамоатларга ташрифи давомида, у ҳар бир тавсия қилинган биродар билан иложи борича хизматда яқиндан ҳамкорлик қилиб, у билан яхшироқ танишишга интилади. Маҳаллий оқсоқоллар кенгаши билан тавсияларни муҳокама қилгач, кўчма нозир ўз туманида оқсоқол ва жамоат хизматкорларини тайинлаш масъулиятига эга. Шу йўсин, бу биринчи асрда бўлгани каби амалга оширилади.

Оқсоқоллар, биродарнинг Муқаддас Китобдаги талабларга мос келишини туман нозири билан муҳокама қилишяпти (Малави)

Ушбу жараёнда турли вазифаларни ким тақсимлайди? Ҳар доимгидай, «ишончли ва ақлли хизматкор» уйидагиларга ризқ-рўз бериш масъулиятига эга (Мат. 24:45–47). Бунга, муқаддас руҳ ёрдамида Худонинг Каломини тадқиқ қилиш киради. Сабаби, улар жаҳон бўйлаб жамоатларни ташкиллаштириш борасида Муқаддас Китобдаги меъёрларга қандай амал қилиш мумкинлиги ҳақида йўл-йўриқ тақдим этишади. Шунингдек, ишончли хизматкор барча туман нозирларини ва Филиал қўмитаси аъзоларини ҳам тайинлайди. Ўз навбатида ҳар бир филиал, тақдим этилган йўл-йўриққа риоя қилиниши учун амалий ёрдам беради. Ҳар бир оқсоқоллар кенгаши, улар Худонинг жамоатида тайинлашга тавсия этаётган биродар Муқаддас Китобдаги талабларга мос келаётганини кўриб чиқишга бурчлидир. Ҳар бир туман нозири эса, оқсоқолларнинг тавсияларини диққат ва ибодат ила кўриб чиқиш ҳамда мос келганларни тайинлашдек жиддий масъулиятга эга.

Тайинланиш қай йўсин амалга оширилишини тушунсак, бу жараёнда муқаддас руҳнинг аҳамиятини яхшироқ англаб етамиз. Шунда, имонлилар жамоатида тайинланган кишиларга янада ишониб, уларни ҳурмат қила оламиз (Иброн. 13:7, 17).

 Ваҳий 11- бобда айтилган иккита шоҳид ким?

Ваҳий 11:3 да 1 260 кун башорат қиладиган икки шоҳид ҳақида гап боради. Кейинчалик воқеада айтилишича, йиртқич ҳайвон «ғолиб чиқиб, уларни ўлдиради». Бироқ «уч ярим кундан сўнг» иккита шоҳид ҳаётга қайтарилади ва буни кўрганлар ниҳоятда ҳайратланади (Ваҳ. 11:7, 11).

Бу икки шоҳид ким? Воқеада келтирилган тафсилотлар уларнинг кимлигини аниқлашимизга ёрдам беради. Биринчидан, улар «иккита зайтун дарахти ва иккита чироқпоя сифатида тасвирланган» (Ваҳ. 11:4). Бу, Закариёнинг башоратида келтирилган чироқпоя ва иккита зайтун дарахтини ёдимизга соляпти. Ушбу зайтун дарахтлари «бутун оламнинг Раббийси олдида хизмат қиладиган» ҳоким Зарубобил ва олий руҳоний Ёшуани тасвирлаган (Закр. 4:1–3, 14). Иккинчидан, ўша иккита шоҳид Мусо ва Илёс пайғамбар қилган мўъжизаларга ўхшаш аломатлар кўрсатишгани ҳақида ёзилган (Ваҳий 11:5, 6 ни Саҳрода 16:1–7, 28–35 ва 3 Шоҳлар 17:1; 18:41–45 билан солиштиринг).

Ваҳий ва Закариё китобларидаги иккита тафсилот умуман олганда нимани англатади? Уларнинг иккиси ҳам, қийин синов дамларида бошқарувни ўз зиммасига олган Худонинг мойланган хизматчиларига ишора қилмоқда. Ваҳий 11- бобдаги башорат амалга ошиши учун, бошқарувни зиммасига олган мойланган биродарлар 1914 йили Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилганда «жул кийимда» уч ярим йил ваъз қилишган.

Жул кийимда ваъз қилишнинг якунида, мойланганлар қисқа муддат, яъни рамзий уч ярим кунга қамалганда маънавий жиҳатдан ўлдирилган эди. Душманларнинг назарида Аллоҳ хизматчиларининг фаолияти тўхтатилди ва улар бундан жуда қувонишди (Ваҳ. 11:8–10).

Аммо башорат ҳақ бўлиб чиқяпти, зеро уч ярим кун тугагач, икки шоҳид ҳаётга қайтарилган. Мойланганлар нафақат қамоқдан озод этилган, балки садоқатни сақлаб қолган бу кишилар Ҳазрати Исо Масиҳ орқали Аллоҳдан ўзгача топшириқ олган. Улар, 1919 йили охирзамонда Худо халқининг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун «ишончли ва ақлли хизматкор» этиб тайинланганлар орасида бўлишган (Мат. 24:45–47; Ваҳ. 11:11, 12).

Қизиғи шундаки, Ваҳий 11:1, 2 да ушбу ҳодисалар рамзий маъбадни ўлчаш вақти билан боғланган. Малаки 3- бобида ҳам поклаш вақтидан сўнг юз берган шунга ўхшаш текширув ҳақида айтилган (Мал. 3:1–4). Бундай текширув ва поклаш иши қанча давом этган? У 1914 йилдан то 1919 йилнинг биринчи ярмигача давом этган. Бу давр Ваҳий 11- бобда тилга олинган 1 260 кунни (42 ой) ҳам, рамзий уч ярим кунни ҳам ўз ичига олади.

Яҳова рамзий поклаш ишини ташкил этиб, яхши ишлар учун ўзгача халқни поклаётганидан жуда ҳам бахтиёрмиз! (Титус. 2:14). Шунингдек, қийин синов дамларида бошқарувни ўз зиммасига олаётган ва рамзий икки шоҳид сифатида хизмат қилаётган садоқатли мойланганларнинг ўрнагини ниҳоятда қадрлаймиз *.